Таълим тизимидаги муаммолар илдизи қаерда?

Мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур! Келажак авлодимиз тақдири, бутун миллатимиз, халқимиз, давлатимиз тақдири муҳтарам муаллимларга боғлиқ.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Ўтган асрнинг бошида 72 кун яшаган Туркистон Мухторияти ҳукумати аъзоси, маориф вазири Носирхон тўранинг бир неча бор қамоққа олиниши ва сургун қилиниши қисматини эслайлик. 1925 йил Носирхон тўра “советларга қарши сиёсий фаолият олиб боргани учун” деган сохта айблов ва туҳматлар билан (1928 йилгача) Оренбургга сургун қилинганини инкор этиб бўлмайди. Шўро ҳукумати томонидан қўлга олинган Носирхон тўра 1930 йил 27 ноябрда СССРнинг давлат хавфсизлиги бў­йича махсус органи қарори билан отишга ҳукм қилинади. Шунингдек, Носирхон тўра билан бирга кўплаб унинг сафдошлари ва шогирдларига ҳам ўлим жазоси берилган. Чунки Носирхон тўрадан таълим олган кўплаб ёшлар улғайгач, ўзлари ҳам мактаблар очиб, ёш авлодни илмли қилиб тарбиялашга уринишган.

Носирхон тўранинг шогирди, ҳаёти давомида ислом фиқҳи ва тарихига оид 47 та асар ёзган Мубашширхон тўра (1896-1977) мактаблар очган, таъқиб кучайгач, 1930 йили Ватанни тарк этган. Носирхон тўранинг шогирдларидан яна бири, йирик олим, адиб ва таржимон Олтинхон тўра (1894-1992) 1932 йил советлар тузуми тазйиқи сабаб ватанни тарк этишга мажбур бўлади. “Масжид ул-ҳаром” ва “Масжид ан-набавий”да мударрислик қилган Олтинхон тўра Қуръони карим маъноларини илк бор ўзбек тилига таржима ва тафсир қилган зот эди.

Носирхон тўра билан бир қаторда, ундан олдин ва кейинги даврларда жадид-мураббийларимиз ва миллий озодлик учун курашган зиёлиларимизни қатағон қилган совет ҳокимиятининг таълим сиёсати Россиядан ташқари бошқа ҳудудларда, асосан, “арзон ишчи қатлами”ни шакл­лаштириш бўлган. “Ўтган йилларда мактаблар ҳар турли қўлларга ўтган эди. Икки йил-уч йил боласини мактабга қўйган ҳар ким боласининг ҳеч бир нарса ўрганмаганини кўриб, қайтариб олди. Бу мактаблардан бир фойда йўқ экан, деган бир фикр туғилди. Бир мактабга талаба ҳар қанча давом этмак истамаса ҳам, кийимлик ёки озуқа бериб туриш йўли билан, ҳар ҳолда, оз-моз сақланиб турғон эди. Бу кун эса булар битирилганидан мактаблар ёпилди. На у ерда, на шаҳарда мактаблар қолмади”, деб ёзади Вадуд Маҳмуд “Маорифимиз” номли мақоласида (“Камбағаллар товуши” газетаси, 1922 йил 29 июнь ва 4 июль сонлари).

Совет ҳокимияти даврида умумтаълим тизимида маълум вақтгача (1956 йил 15 июндаги қарор қабул қилингунига қадар) мактаб таълими ҳам пулли бўлган. Ўзбекистон ССР Халқ комиссариатининг 1926 йил 7 декабрдаги 46-сонли қарори билан бепул таълимга чек қўйилиб, болаларнинг мактабларда ёки болалар боғчаларида ўқишлари учун ҳақ тўловчи ота-оналарнинг ижтимоий аҳволи тоифаларга ажратилган ҳолда пул миқдорлари белгиланган. Марказнинг бу сиёсатдан кўзлаган асосий мақсади — мактабларни пулли қилиб, бюджетни тўлдирибгина қолмасдан, ўша даврда арзон ишчи кучини ишлатаётган совет ҳокимияти яхши билардики, ота-оналар фарзандларини ўқитиш учун ҳам янада кўпроқ ишлашга рози бўлар ва бунга мажбур ҳам эдилар.

Шўролар давлатининг 1930 йил 14 августда қабул қилинган “Умумий мажбурий бошланғич таълим ҳақида”ги қонунига кўра, 8-10 ёшли болаларни бошланғич мактабларнинг камида 4 йиллик курси ҳажмида умумий мажбурий ўқишга жалб этиш, 11-15 ёшли меҳнат мактабининг 4 йиллик босқичида ўқимаганлар учун тезлаштирилган 1-2 йиллик ўқишлар ташкил этиш, саноат шаҳарларида эса 1930 — 1931 ўқув йилидан 7 йиллик мажбурий мактабга болаларни тортиш масалалари кўрсатилган эди.

Совет ҳокимияти бу замин таълим тизимини назорат қилмаган даврда “жадид” зиёлиларимиз ўз миллий таълим андозалари ва яратган дарсликлари асосида қисқа фурсат ичида халқнинг ҳатто ҳарф танимайдиган асосий қисмини зиёли қила олди. Ҳатто уларни ўз ҳисобларидан чет давлатларга ўқишга жўнатишди. Бу ишларнинг натижаларини кўрган Совет ҳокимияти яхши билардики, таълим тизими ислоҳ қилиниб, ўз натижаларини берадиган бўлса, бу замин ривожланиб, мустақиллик учун курашиб, унга, албатта, эришиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам ҳокимият маориф тизимида қатағон сиёсатини амалга оширди. Биргина мисол, 1933 йил 27 мартда ВКП (б) МК Ўрта Осиё бюроси ўқитувчи кадрлар сафини тозалаш ҳақидаги махсус қарор қабул қилади. Тозалаш деб аталган бўлса-да, амалда таълим тизимининг фидойи ходимлари, сифатли таълим бераётган ўқитувчилар соҳадан четлатилади, яъни қатағон қилинади. Совет тузуми андозасидаги таълим тизимини ўрнатиш учун ҳам маориф тизимида миллий кадрларни йўқотиш амалга оширилди. Совет ҳокимияти ҳаттоки чет элга (Туркия, Германия ва ҳоказо) ўқишга жўнатилган талабалардан совет давлати фойдасига айғоқчилик қилишни талаб қилиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Бош тортган талабалар эса таътил вақтида уйларига қайтгач, сиёсий айбловлар қўйилиб, қамоққа олинган ёки ўқишга қайтиб боришини чеклаб қўйишган. Ўз Ватанидаги бундай қатағон сиёсатидан хабар топган айрим талабалар эса Ватанига қайтмасдан, ўша давлатларда қолишга мажбур бўлишган.

Иккинчи жаҳон уруши даврида эркак ўқитувчиларнинг армияга чақирилиши ва кўплаб мактаб биноларининг госпиталларга айлантирилиши сабаб дарслар 3 сменада олиб бориладиган ва ҳар бир дарс 40 дақиқадан давом этадиган бўлди. Мусиқа ва расм дарслари эса олиб ташланади. Энг катта муаммо — уруш бошланишидан олдин, 1940 йил май ойида ЎзССР Олий совети томонидан “Ўзбек ёзувини лотинлаштирилган алфавитдан рус графикаси асосидаги янги ўзбек алфавитига кўчириш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганидан сўнг юзага келди. Аввалги дарсликлар йиғиб олингани, янги ёзувдагиларини чоп этишга улгурилмаганлиги сабабли ҳам дарсликлар етишмаслиги муаммоси пайдо бўлди. Уруш йилларида Ўзбекистонга уруш бўлаётган ҳудудлардан миллиондан ортиқ болалар эвакуация қилинганлиги сабабли, болалар уйлари очилиб (1943 йил 154 та, 1945 йили 242 та), уларни ўқитиш масаласи ҳам кўрилди ва бу даврда бутун совет давлатлари ҳудудида энг катта муаммо — ўқитувчиларнинг етишмаслиги кузатилди. Ушбу муаммо кейинги 10-15 йилликда ҳам давом этди.

Урушдан сўнг совет ҳукумати таълим сифати юқори натижа бераётган Швеция таълим тизимини ўзида жорий этишни бошлади. Швеция мактабларида ўқиш 1930 йилдан 7 йил, 1950 йилдан эса 8 йил мажбурий деб эълон қилинган. Совет ҳокимияти томонидан 1949 йилда қабул қилинган қонунга биноан умумий мажбурий 7 йиллик таълим тизимига ўтилди. 1962-63 ўқув йилидан бошлаб эса 7 йиллик мактаблар қайта ташкил этилиб, 8 йиллик мактабларга айлантирилди. Уруш йилларида ва ундан кейинги даврда Ўзбекистон ҳудудига кўп­лаб корхоналар кўчириб келинганлиги, янги заводларнинг очилиши натижасида арзон ишчи кучига катта эҳтиёж пайдо бўлди. Шу сабабли ҳам, касбга ўргатиш мақсадида янги техникумлар сони кўпайтирилди.

Мактаб ёшидаги ёшларни ўн йиллик умумий ўрта таълимга ўтказишга 1975 йили, яъни совет ҳокимияти ўрнатилганидан деярли 60 йил ўтибгина эришилган, холос. Ваҳоланки, АҚШ ХХ асрнинг бошларига қадар 8 йиллик таълимдан фойдаланган бўлса, 1930 йилдан тўлақонли 12 йиллик таълим тизимига ўтган.

Ўзбекистон ССР, асосан, пахта етиштиришга йўналтирилган бўлиб, мустақиллик эълон қилингунига қадар, 75 йил давомида эрта баҳорда далаларда пахта чигити экилишидан тортиб, декабрь ойида энг сўнгги пахта ҳосилини териб олишгача бўлган барча меҳнат жараёнларида мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар балогардон эди. Улар пахтадан ташқари, бош­­қа дала меҳнатларига ҳам жалб қилинарди. Пахтага нисбатан “марказ сиёсати” ўрнатилган бўлиб, белгиланган режа бажарилмагунча далалардан қайтиш ман этилган. 75 йил давомида ва ҳатто 1990 йилларда ҳам: “Ўқитувчилар ва ўқувчиларни мажбурий меҳнатдан озод қилиш, уларни фақатгина таълим беришга йўналтириш лозим”, деган фикрни билдирган ҳар қайси педагог ёки таълим тизими мутасаддиси бутунлай бадарға қилинган. Совет ҳукуматининг бу сиёсати таълим тизимига алоқадор ҳар бир шахсда жазодан қўрқиш ҳиссини тарбиялаб, марказнинг ҳар қандай топшириғи муҳокама қилинмасдан бажарилиши шарт деган тушунча шаклланишига хизмат қилди.

Мустақиллик арафасида Ўзбекистон мактаб­ларидаги фанларда миллий жиҳатларга эътибор анча орқада эди. Яъни, совет ҳукумати мустамлака ҳудудларнинг таълим тизимида ҳатто фанларга ажратилган дарс соатларида ҳам халқаро тажрибалардан фарқли ўлароқ, “марказ”нинг режаларига амал қилинишини қаттиқ назорат қилган. Фикримиз исботини география фани дарси мисолида кўришимиз мумкин. География дарсига ажратилган дарс соатлари ўқув йили давомида СССР Халқ таълими давлат комитетининг буйруғига биноан 12 соат билан чекланган. Аммо Латвия, Литва, Эсто­нияда 68 соат, Украина ва Гру­зияда 34 соат, Қозоғистонда 24 соат ажратилишига уларнинг ўзлари эришган. Биз эса бошқа республикалар сингари миллий жасорат кўрсатиш ўрнига, комитетнинг 12 соатлик белгиланган “режа”сини бажарганмиз. Бошқа жумҳуриятларнинг маориф соҳаси мутасаддилари дарс соатларини кўпайтиришга эришган бир пайтда, бизда комитет буйруғини “аъло” даражада бажаряпмиз, деб марказга ҳисоботлар бериб, бошқа республикалар сингари тизимни мустақил ислоҳ қилмадик.

Энди бир тасаввур қилиб кўринг, эрта баҳордан мавсумий тарзда далаларга жалб қилинган ўқувчи ва ўқитувчилар ёзги таътил-каникулгача мактабларда сифатли таълим ололмасди, назорат бутунлай йўқ эди. Сентябрь ойида янги ўқув йили билан бир қаторда пахта йиғим-терим мавсуми ҳам бошланар ва бу жараён декабрь-январь ойигача давом этар эди. Қиш фаслидагина таълимда бироз эркинлик бўлар, бироқ қаттиқ совуқ сабаб қатор муаммолар юзага келар эди. 80-90-йилларда мактабларда дарс берган ўқитувчилар ҳозирги кунда: “Ўша даврда ойлик маошлар кўп бўлмаса-да, ўқитувчиларга кўплаб имтиёзлар берилган”, дейиши табиий ҳол. Чунки совет ҳукумати ўқитувчилар ва улар ёрдамида ўқувчилардан ҳам текин ишчи кучи сифатида фойдаланиб, далалардаги ва ҳатто заводлардаги меҳнат унумига эришган. Миллион-миллион тонна олтин сингари, далалардан йиғиб олинган ҳосиллар, уларнинг фойдалари фақат ва фақат марказга, Москвага жўнатилар эди. Ўқитувчиларга берилган айрим имтиёзлар баҳонасида халқаро майдонда совет ҳукуматининг таълим тизимига ва ўқитувчиларга муносабатини ижобий кўрсатиш амалиёти шаклланган бўлса-да, таълим тизими ич-ичидан емирилган эди. Совет давридаги 75 йиллик вақт мобайнида шаклланган муаммолар 90-йилларда ҳам давом этгани тарихдан яхши маълум. Биргина мисол, 1994 йилда республикадаги 2214 та мактаб ихтиёрида 3541 гектар экин майдони, 518 гектар боғ мавжуд бўлган. Айни шу йилнинг ўзида бу майдонлардан 2500 тонна пахта, 630 тонна ғалла ва 282 тонна дон маҳсулотлари етиштирилиши билан бир қаторда, 25190 тонна полиз маҳсулотлари ва мева, 50 тонна ер ёнғоқ, 516, 5 тонна шоли ҳосили олинган бўлиб, бу экин майдонларидаги барча меҳнат жараёнларига (экин экилганидан то ҳосил йиғиб олингунига қадар) мактаб ходимлари, ўқитувчи ва ўқувчилар жалб қилинган. Мустақилликдан олдинги совет тузуми даврида эса юқоридаги рақамлар бундан бир неча баробар юқори бўлган.

Ёшларга таълим-тарбия беришнинг аҳволи олий таълим тизимида ҳам қарийб бир хил эди. Чунки барча олий таълим муассасалари талабалари, ўқитувчилари сентябрдан то декабрь ойининг охиригача пахта далаларида “жавлон уриши” ҳеч кимга сир эмас эди.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда мактаб таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган янги қонун ва қарорлар, уларнинг ижроси асосида йиллар давомида жар ёқасига келиб қолган миллий таълим тизими тикланмоқда. Айтайлик, ҳозирги бир йилда халқаро фан олимпиадаларида эришаётган натижаларимизга совет даврида ҳар 10 йилликда ҳам эриша олмаганмиз. Яқин йилларгача давом этган ўқитувчи ва ўқувчиларнинг мажбурий меҳнатга доимий жалб қилиниши шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий иродаси туфайли бартараф этилди. Бугунги кунда барча турдаги мажбурий меҳнатга чек қўйилиб, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг асосий вазифаси синфхоналарда ўтириб “сифатли таълим — миллий тарбия” муҳитини шакллантириш эканлиги қатъий белгиланди. Айниқса, 2016-2017 йилларда ойлик маошларни электронлаштириш тизими йўлга қўйилиши ўқитувчиларнинг ойлиги билан боғлиқ неча йиллардан буён республика миқёсида давом этиб келаётган турли коррупцион ҳолатлар бартараф этилмоқда. Ўз устида ишлаб, юқори натижаларга эришган, юксак таълим-тарбия ва билимга эга, республика ва халқаро фан олимпиадаларида ва турли кўрик-танловларда юқори ўринларни эгаллаган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчиларини доимий рағбатлантириб бориш механизми йўлга қўйилди. Бунинг натижасида ўқитувчилар орасида ҳам, ўқувчилар орасида ҳам эркин рақобат муҳити яратилди.

Завқибек МАҲМУДОВ,

ЎзФА Тарих институти

кичик илмий ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × five =