Юксалишдан завқ олиб…

Ватан сўзини, каломини тилга олиш биланоқ ҳар қандай кишининг қалбида илиқлик, меҳр ҳисси уйғонади. Бу табиий, албатта. Одам боласининг қалби, юраги ҳамиша талпинадиган мўътабар даргоҳ бу — она Ватандир. Аслида, сайроқи булбул ўз тиканзорида яйраб, эмин-эркин қўшиқ куйлаганидек, одамзод ҳам ўз тупроғида, ота маконида бахтга чулғаниб яшайди. Шу боис не-не улуғ боболаримиз ҳам она юрт соғинчи билан яшаб, уни қўмсаб асарлар битгани бежиз эмас. Шундай экан, ҳар бир инсонда, фарзандларимизда Ватанга бўлган меҳру садоқатни янада ўстириш, унга ҳамиша камарбаста бўлиш иштиёқини қалбга сингдириш нафақат устоз-муаллимларнинг, тарбиячиларнинг, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам, катта-кичик ҳар бир раҳбарнинг ҳам муқаддас бурчи бўлмоғи керак.
1
Яхши биламизки, бугун юртимизда улкан янгиланишлар, ислоҳотлар рўёбга чиқарилмоқда. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш, Янги Ўзбекистонни дунёда ҳеч қайси юртдан кам бўлмаган мамлакатга айлантиришдек буюк мақсад йўлида Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида тарихий ўзгаришларга асос солинмоқда.
Мана яқинда барчамизга маълумки, Тошкентда ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида жаҳонда ўз ўрнига, салоҳиятига эга ўнга яқин давлат раҳбарлари иштирок этди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Айниқса, “Бугунги олий даражадаги учрашувимиз бизнинг умумий тараққиёт йўлида кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган қатъий интилишимизнинг яққол далилидир. Ташкилотни ислоҳ қилиш ва унинг самарадорлигини ошириш, халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, транспорт вазирлигимиз қабул қилган Тошкент декларациясининг муҳим аҳамиятини алоҳида қайд этмоқчиман. Боку шаҳрида Тоза энергия марказини ташкил этиш ва минтақавий электр энергияси бозорини яратиш масаласи бўйича амалий ишлар қилинмоқда”, деган қанотли сўзлари давлат раҳбарлари томонидан илиқ қабул қилинди. Буларнинг бари Ватанимизнинг тобора юксалиб бораётганини кўрсатади.
Ўтган етти йил мамлакатимиз тараққиётида улкан ўзгаришлар, маҳобатли бунёдкорлик, яратувчилик босқичлари бўлди. Янги Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида мустаҳкам ўрин эгаллади. Эгалладигина эмас, кўп жабҳаларда етакчи давлатлар сафида бўлишга тиришиб-тирмашди. Ғалла, нефть ва бошқа энг муҳим стратегик маҳсулотлар ишлаб чиқаришда том маънода мустақилликка эришди, шу билан кифояланмасдан, ана шу маҳсулотларни экспорт қилиш борасидаги салоҳиятини узлуксиз ошириш, автомобиль саноати, нефть ва газни қайта ишлаш мажмуаларини бунёд этиш, пахта толасини ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш, унинг асосий қисмини ўзимизда қайта ишлашга эришиш, бунинг учун замонавий технологияларга асосланган улкан миқёсдаги саноат тизимининг яратилиши, ишлаб чиқаришнинг бошқа жабҳаларида ҳам туб ўзгаришларга қўл урилиши, бунда хорижий инвестициялар жалб қилишга урғу берилиши ва яна кўплаб ислоҳотлар бунга мустаҳкам асос бўлди. Нафақат иқтисодиёт, балки инфраструктура, фан, олий ва ўрта-махсус таълим, спорт жабҳаларидаги туб ўзгаришлар Янги Ўзбекистонимиз истиқболининг ҳаётбахш куч-қудратини, озод юрт аҳлининг беназир азму шижоатини ёрқин намоён этмоқда. Зотан, “Янги Ўзбекистон стратегияси, олижаноб ниятларни амалга ошириш, янги ҳаёт қуриш йўлидаги беқиёс ўзгаришлар энг катта жонбозликни талаб этади”, деб ўзининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида айтганларида, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев минг бор ҳақлар десак хато бўлмайди.
Энди туманимизда олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталсак. Алоҳида таъкидлашни истардимки, кўҳна Иштихоннинг бугунги кўрки забардаст Самарқанд вилоятига ҳусну малоҳат бўлиб турибди. Иштихон Буюк ипак йўли бўйидаги бекат манзилгоҳлардан ҳисобланган. Қадимий ва ҳамиша навқирон Иштихон ўтган вақтлар мобайнида шуҳрат топиб келган. Айниқса, у Мустақиллик даврида, Янги Ўзбекистонни қуриш замонида тамоман янгидан чирой очиб, гуллаб-яшнаётир. Ҳа, Иштихон тумани улуғ ва азиз Истиқлол билан ҳамқадам гуркираб, ўсиб, улғайиб бормоқда. Бу гўшада амалга оширилаётган ҳар бир бунёдкорлик, яратувчилик меҳнатида юртдошларимизнинг саховати, ҳиммати, меҳнати мужассам. Зеро, озодлик ва ҳурлик инсонга берилган бебаҳо неъмат, бахт-саодат эканлигини қалбдан ҳис этган ҳар бир иштихонликлар руҳланиб меҳнат қилмоқдалар.
2
“Дўппидеккина, сўлим ва мафтункор қишлоқлар… Қишлоқ одамлари дидига мос, вобаста қурилган баланд-паст уйлар. Инсоннинг баҳри-дилини очувчи манзара. Бу манзара қишлоққа илк бор келган кишини яна ҳам келишга чорлаб туради. Дарҳақиқат, анвойи гулларнинг ажиб таровати, шарқираб оқаётган зилол сувдаги жўшқинлик, баланд-паст, туяларнинг ўркачларини эслатувчи эгри-бугри қир-адирлар, дов-дарахтларнинг, токларнинг яшилликка буркангани кўнгилга илиқ туйғулар бағишлайди. Ҳар гал ажойиб одамлар, такрорланмас манзараларга сероб бўлган Иштихон қишлоқлари ҳақида ўйлаганимда, кўз олдимда ана шу табиат инъом этган манзара бот-бот намоён бўлаверади. Рости, оғир синовларни елкасида мардонавор кўтариб, ҳаёт дарёсининг қил кўприкларидан букилмай, ўзларини ғоз тутиб ўтган, ўзларидан ёниқ таассурот қолдирадиган иштихонликларга қанча таъзим қилсак, шунча оз. Очиғи, тупроқ сиқимлаган одамларнинг умри ҳам турфа ҳаётда ўз ўрнига, мавқеига эга бўлиши, оилада, жамиятда, меҳнат жамоасида масъулиятни ҳис этиши, улар умрининг мазмунини белгилаб берган экан. Уларнинг дунёда кечаётган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдиришдаги журъати тўғри сўзлиги асносида изоҳланади. Жонкуярликлари ва бошқа талай фазилатлари билан ажралиб турадилар. Дарҳақиқат, Иштихон қадимий маскан. Кечмиши, тарихи узоқ мозийдан сўзлайди. Шу боисдан туманнинг бир қисми Нурота тоғ тизмаларининг ажралмас тармоғига, бир қисми қир-адирли лалмикор ерларга уланган бўлса, яна бир қисми адоқсиз пахтазору ғаллазорларга, боғу чорбоғларга, ям-яшил ўсган токзорларга бурканган. Янги Ўзбекистонни барпо этиш йилларида ривожланиш яққол кўзга ташлана бошлади. Фермерлик кенг қулоч ёзди, тадбиркорлик ривожланмоқда. Янгиланишлар натижасини ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳалла, меҳнат жамоасида кўриш мумкин. Муйтан, Шайхлар ва бошқа қишлоқлар Иштихоннинг энг обод, кўркам манзилларидандир. Уларнинг қадимий туркий номлар билан аталиши қишлоқларнинг кўп йиллик тарихга эга эканлигидан далолат беради. Айниқса, Муйтан уруғи ҳақида тарихий манбаларда кўплаб бир-биридан қизиқ маълумотлар учрайди. Тумандаги қишлоқларнинг барчаси Янги Ўзбекистонни қуриш, тиклаш йилларида тубдан ўзгарди. Аслида, бу янгиланишлар кишилар қалбида, онгида акс этаётгани қувончлидир. Кишиларни қадрлаш, меҳр-муҳаббат, мурувват кўрсатиш каби фазилатларимиз қайтадан шаклланиб, бўй кўрсатмоқда. Боя айтганимдек, қишлоқларда, соддадил, бағри кенг одамлар орасида ўсганимдан, дилимда ғурур, қалбимда фахр туйғусини туяман.
3
Самарқанд вилоятининг барча манзилларида “Шу азиз Ватан, Янги Ўзбекистон барчамизники, унинг истиқболи, фаровон келажаги учун яшаш ҳар бир инсон учун катта бахтдир” деб ёзиб қўйилган катта панноларни учратасиз. Иштихонликлар бу каби пурмаъно сўзлар мақсад ва интилишларнинг, бунёдкорликларнинг олий ўлчови эканлигини яхши билишади, кўнгилдан англашади. Шу мезон билан яшаб, меҳнат қилишмоқда.
Туманда турли миллат вакиллари яшашади. Уларнинг уйлари ҳам, тўйлари ҳам, орзу-ҳаваслари, удум-анъаналари ҳам уйғунлашиб кетган. Ўтган йиллар иштихонликларнинг маънавий-маърифий ҳаётида эсда қоларли кун бўлди, десак муболаға бўлмаса керак. Чунки худди шу санада туманнинг бир қатор иқтидорли ёшлари юксак натижаларни қўлга киритишди. Булар сафига АҚШнинг Жанубий Флорида университетида ўқиётган Тимур Абдалимов, Россиядаги Глазов давлат педагогика институтида ўқиётган Барно Хушвақтова, Жаҳонгир Зубайдуллаевни бемалол айтсак бўлади. Биргина 2022 йилнинг ўзида туманимиздаги 3117 нафар битирувчининг 830 нафари турли олий ўқув юртларига талабаликка қабул қилинди. Уларнинг 76 нафари мактабни олтин, 10 нафари кумуш медаль билан тамомлаганди. Чиндан ҳам, иштихонлик йигит-қизлар истиқлолимизнинг ширин ва тотли мевасини шодон ва бахтиёр ҳолда кутиб оладилар. Ҳаётда фақатгина соғлом вужуд, тиниқ ақл соҳибларигина ўз олдиларига қўйган вазифани уддалашга, илму урфон эгаллашга қодир бўлади. Бу нарса умид ниҳоллари дея эътироф этилган ёшларнинг ҳар доим диққат марказида туради, дегинг келади. Дарҳақиқат, мактабсиз, маорифсиз, илмсиз, ҳунарсиз тараққиёт йўқ. Шунинг учун бутун ҳаётини ёш авлод тарбиясига бағишлаган жонкуяр ўқитувчилар, устоз-мураббийлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг иш ва турмуш шароитини яхшилаш, жамиятдаги обрў-эътиборини оширишга муҳим аҳамият қаратилмоқда. Бугунги кунда туманимизда 99 та таълим муассасаси мавжуд бўлиб, мактабгача ва мактаб таълими бўлими тизимида 48959 нафар ўқувчига 4604 нафар педагог-ўқитувчи таълим-тарбия бериб келмоқда. Албатта, инсоннинг камолотга етишида китобнинг ўрни бўлакча. Ана шу ҳолат инобатга олиниб, тумандаги ахборот-кутубхона марказида 10 минг дона китоб жойлаштирилган. Ҳозирда бу манзил ёшу кексанинг севимли манзилига айланиб улгурган. Шу билан бирга жорий йилнинг ўзида “Устозлар хиёбони”да яна 10 минг китоб фондига мўлжалланган хусусий кутубхона иш бошлади.
Халқимизда “Саломатлик туман бойлик” деган нақл бор. Бунда соғликнинг нақадар аҳамиятли эканлигига ишора мавжуд. Ҳозирги пайтда Иштихон тумани тиббиёт бирлашмаси 263279 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Бирлашмада “2023-2025 йилларга мўлжалланган “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” деб номланувчи умуммиллий ҳаракатни рўёбга чиқариш борасида аниқ ва режали ишлар амалга оширилмоқда. Мақсад — “Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, репродуктив маданиятни юксалтириш, зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг тиббий маданиятини ривожлантириш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ҳаракати тиббиёт профилактикаси” оммавий тадбирлари ўтказишдир. Масалан, шу йил 7 апрель куни туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли поликлиникада ташкил этилган “Саломатлик соати”да республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 20 нафар, вилоят шифохоналарининг 20 нафар ва туман тиббиёт бирлашмасининг 70 нафар шифокорлари тиббий кўрик ўтказдилар. Шу билан бирга, Иштихон тумани умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларида жами 20 чақирим йўлда 2.97 млрд сўмлик картали ва ямоқли таъмирлаш ишлари бажарилди.
4
Пахта қадимдан мўмай даромад келтирувчи хомашё. Шу боис уни етиштиришга йил сайин кўпроқ аҳамият қаратилмоқда. Сўнгги йилларда миллий бойлигимизнинг қадри дунё бозорида янада ортди. Бу халқнинг турмуш даражасини оширишга, юрт ободлигини яхшилашга ва Ватан куч-қудратини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Самарқандда Иштихон туманининг ўзига хос ўрни ва салоҳияти бор. Негаки, азал-азалдан бу ерда замин билан тиллаша оладиган тажрибали деҳқонлар, уста пахтакорлару боғбонлар, моҳир чорвадорлар етишиб чиққан. Улар бугунги кунда юзлаб фермер хўжалиги раҳбарларига яқиндан кўмаклашмоқдалар. Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йилларида туманда чинакам эврилишлар рўй бермоқда. Бундай ижобий ўзгаришлар нафақат марказда кўзга ташланади, балки чекка-чекка қишлоқларда ҳам бўй кўрсатмоқда. Фермеру тадбиркорларнинг қўлга киритаётган муваффақиятлари натижасида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар шитоб билан ривожланмоқда. Фидойи ва жонкуяр иштихонликлар ташаббуси билан кенг кўламли бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
5
Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонларга турли имтиёзлар бериш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга, қулочини кенг ёйишга етарлича шарт-шароит яратиб берилган, десак, муболаға қилмаган бўламан. Ўз ўрнида тадбиркорлар ҳам давлатимизнинг ғамхўрлигидан етарлича фойдаланмоқдалар. Айниқса, улар янги-янги ташаббуслар булоғининг кўз очишида, қўшимча иш ўринлари яратиб беришда, ҳудудларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишда, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашда керагича тажрибага эга бўлдилар. Бундай аҳди қатъий, ташаббускор тадбиркор ва ишбилармонлар Иштихонда ҳам кўплаб топилади. Бу эса янги куртакларнинг япроқ ёзишига туртки бермоқда. Аёнки, умр дафтарининг ҳар бир новдасида орзу-умид ғунчалари юз очади. У тўрт фасл асносида бутун борлиқни ўз кўрки-таровати билан зийнатлайди, гуркираб гуллайди, япроқ ёзади, мева беради. Сафохўжа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи якка тартибдаги тадбиркор Замира Мухторова мана шундай инсонлардан. Иш фаолиятини 2016 йилда бошлаган Замира опа 2019 йили янги бинога кўчиб ўтди. У ҳозирда тадбиркорлик фаолиятини давом эттирмоқда. Кўплаб ишчи ўринлари яратилди. Айни пайтда “Нодирхон агро люкс нур” МЧЖ оилавий корхонасида қирқ нафар хотин-қиз ва ёшлар меҳнат қилишмоқда. Корхонага Маҳбуба Исломова раҳбарлик қилмоқда. У “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Биласизми, одамлар билан кўнгилдан мулоқот қилишнинг ҳеч ҳам ёмон томони йўқ. Негаки, уларнинг ичига кириб очиқ ва самимий сўзлашиш, дардини эшитиш фаолиятимизнинг туб негизини ташкил этиши керак. Ахир биз, нима бўлганда ҳам, эл-юрт тақдирига масъулмиз. Жойлардаги тўртта секторга мурожаат қилаётган кўплаб ватандошларимизнинг кундалик турмушига дахлдор саволлари, муаммолари, шикоят ва аризаларини имкон қадар жойида ҳал этишга, ечимини топишга ҳаракат қилаяпмиз. Бу борада ўрта бўғин раҳбарларининг масъулияти ҳам катта. Улар халқ ва унинг манфаатларидан йироқ бўлиб қолмасликлари бот-бот қулоқларига қуйилмоқда.
Сўзим аввалида таъкидлаганимдек, Иштихон — Самарқанд вилоятининг яшнаган бўстони. Бу муаззам масканда кўп сонли аҳоли истиқомат қилиши ҳам бежиз эмас. Улар ҳам янги йилни яхши ниятлар ила қарши олмоқдалар. Ислоҳотлар, янгиланишлар, тараққиёт ҳам бу заминда бўй-бастини кўрсатмоқда. Меҳнатда мўъжизалар яратаётган ижодкор, танти, лафзи ҳалол иштихонликлар Ватан осмонининг мусаффолиги, эл дастурхонининг тўкинлиги йўлида жасорат ва ҳиммат кўрсатиб келмоқдалар. Бугун Иштихон юксалмоқда, қаддини кермоқда. Меҳнат аҳли янги йил байрамига катта орзу-ҳаваслар, ажойиб меҳнат туҳфалари асносида ҳозирлик кўришмоқда. Насиб этса, барча соҳалар янада ривожланиши турган гап. Чунки одамларнинг ғайрат-шижоати шундан далолат бериб турибди. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” номли китобида ёзганидек: “Инсон ҳар томонлама эркин ва фаровон яшайдиган янги давлатни барпо этишдек буюк халқ ҳаракати тобора кенгаймоқда. Бундай қудратли сафда бўлишнинг ўзи катта бахт, катта шарафдир”.
Фазлиддин РЎЗИЕВ,
Иштихон тумани ҳокими.