Ўзбекмисан, Ўзбек бўл!

21 октябрь — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун

Биринчи учрашув

Бу воқеага чорак асрдан ошди. Вилоят ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаётганимнинг биринчи йили эди. Ҳокимликнинг погонли эшикбонидан тортиб, бинонинг ўн иккинчи қаватида ўтирадиган биринчи раҳбаригача ўзаро бошқа тилда, мен билан эса  бинойидек ўзбек тилида гаплашарди. Ўтказиладиган катта-кичик мажлислар давлат тилида бошланса-да, бироздан сўнг икки тилда давом этарди. Долзарб масалаларга бағишланган бундай йиғилиш­ларда баъзан ҳукумат идораларининг раҳбарлари, вазирлар, Олий Мажлис депутатлари қатнашар, аммо лом-мим демасдан кетишарди.

Бунинг устига, худди қонунда белгилаб қўйилгандек, ҳокимият раҳбарлари пойтахтдан борган меҳмонлар олдида ҳеч бир истиҳоласиз ўз ходимлари билан ўзга тилда сўзлашар, бундан заррача бўлсин, хижолат чекмасдилар. Вилоят маркази ва унинг атрофидаги туманлардан қабулга келган фуқаролар ҳам фикрини нодавлат тилида баён этар, мен уларни тўла-тўкис тушунаётгандек жимгина эшитиб ўтирардим. Икки тилда ижод қилган буюк ёзувчи ва олим Сад­риддин Айний туғилган қўшни “Соктари” қишлоғидаги адиб номи билан аталган ўзбек тилидаги ўрта мактабда (ўқитувчи ва синфдош­ларимнинг анчагинаси шу қишлоқлик бўлиб, улар бир-бирлари билан тожикча мулоқот қилардилар) ўқиганимнинг таъсиримикан, суҳбатдошимнинг муддаосини англагандек бўлардим. Бу борада менга узоқ йиллар газетанинг иссиқ-совуғини тотган, кейинчалик обкомда ишлаб, тизимнинг икир-чикиригача ўзлаштириб олган котибиятимиз мудири, журналист Беҳбуд Жумаев кўмакдош бўлар, у ҳам тожик тилини билмаса-да, умри шаҳарда ўтгани учунми, мақсад нима эканлигини дарров билиб оларди. Мен ишни шу тарзда давом эттириш, давлат тили тўғрисидаги қонунга зид эканлигини билатуриб жим ўтиришим мумкин эмаслигини бутун вужудим билан ҳис этар, бундан тезроқ қутулиш йўлини излардим. Бир куни қабулга биринчи бўлиб кирган ўттиз-ўттиз беш ёшдаги оқ-сариқдан келган, хушбичим, дид билан кийинган, қадди-қомати ҳавасли жувон саломлашиб, тожикча гапира бош­лаши билан узр сўраб тўхтатдим. Фуқаронинг исми-шарифи, қаерда ким бўлиб ишлаши, манзили ва қандай масала билан келганлигини ёзиб турадиган ёрдамчим Бобур Саидов ва унинг ёнида ўтирган Беҳбуд ака менга ярқ этиб қарашди. Мен ҳеч нарса бўлмагандек, аспирантурага кириб ўқишга ёрдам сўраб келган университетнинг ёш ўқитувчисига юзландим:

— Университет давлатга қарашли бўлган таълим муассасаси. Тўғрими?

— Тўғри, — деди ёш ўқитувчи хиёл ҳушёр тортиб.

— Ҳокимият-чи?

— Ҳокимият ҳам давлат идораси.

— Ҳа, ҳокимият ҳам давлат ташкилоти, — давом этдим мен. — 1989 йилнинг 21 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш тўғрисида”ги Қонунга асосан давлат тилида гаплашсак, эътирозингиз йўқми?

Паспортида миллати ўзбек деб ёзилган ёш ўқитувчи уялдими,“йўқ” маъносида бошини хам қилганча оҳистагина тебратиб қўяқолди.

— Бу бошқа гап,  — дедим мен уни хижолатликдан чиқармоқни истаб. — Ахир, биз зиё­лимиз-ку. Иккимиз ҳам ўз ўрнимизда нафақат давлат тилида гапиришда, балки ўқиш, ёзиш, иш юритишда ҳам бошқаларга ибрат бўлмасак, она тилимизнинг софлиги ва равнақи учун жон куйдирмасак, бу эзгу ишни бизга биров четдан келиб қилиб бермайди-ку, синглим. Шундай эмасми?!

Суҳбатдошим фикримни маъқуллагач, илтимосини ўзбек тилида амал-тақал қилиб тушунтирди. Унинг масаласини белгиланган тартиб-қоида бўйича кўриб чиқишга келишиб, хайрлашдик. Эшик ёпилиши билан Беҳбуд ака лабини тишлаганча бошини сарак-сарак қилди.

— Тинчликми, ака? — ажабланиб сўрадим ундан.

— Бу қизнинг кимлигини биласизми? — саволга савол билан жавоб берди у.

— Буларни сиз яхши биласиз, —  дедим,  менга қизиғи йўқ дегандек, — мен эса энди кўриб турибман.

— Бу машҳур шикоятчи фалончининг қизи, — деди Беҳбуд ака хавотир билан. — Сиз билан менинг устимдан мағзава ағдариш учун онаси атайлаб юборганга ўхшайди. Уч киши ўтирганимиз учун жанжалга баҳона тополмади, шекилли. Ёлғиз бўлганингизда, сиз билан ёқа вайрон бўлишдан ҳам қайтмасди. Учовимизга бас келолмаслигини билди, шекилли, индамайгина кетди. Лекин онаси тинч ўтирмайди. Барибир ёзади…

— Чумчуқдан қўрққан тариқ экмас экан, — дедим кимларнингдир ноғорасига ўйнаб, юқори идораларга узоқ йиллардан буён тинимсиз “думалоқ хат”лар йўллаб, университетни лойқалатиб келаётган кекса ўқитувчи аёлни эслаб, — парво қилманг, вақти-соати билан бунга ҳам чек қўйилади.

Шу куни қабулга келганларнинг паспортларида “миллати ўзбек” деб ёзилган бўлса-да, давлат тилида мулоқот қилишга тоблари йўқ эди. Мен эса уларнинг ҳар бирига ёш ўқитувчига айтганларимни такрорлаб, давлат тилида сўзлашга ундардим.

— Бизнинг она тилимиз тожик тили, акамулло, — деди касалхона бош ҳакимидан шикоят қилиб келган узун бўйли, озғин, ёши бир жойга бориб қолган шифокор. — Бу шаҳарда ҳамма уйида ҳам, кўча-кўйда ҳам, ишда ҳам шу тилда гаплашади. Сиз ҳам бир муаллим олиб, ўргансангиз зарар қилмайсиз…

— Сиз ва шаҳар халқининг уйда, кўча-кўйда нафақат тожик тилида, хоҳлаган тилда гапиришга ҳаққи бор. Бунга ҳеч ким монелик қилмайди. Лекин, мана бу ерда, умуман, давлат идораларида давлат тили ҳисобланган ўзбек тилида гапириш, иш юритиш — бу қонун талаби. Қонун эса барчага баробар. Бунинг устига, паспортингизда миллати ўзбек, деб ёзилган. Демак, муаллим менга эмас, сизга керак, “акамулло!”.

Бу гаплар ўша куниёқ яшин тезлигида бутун вилоятга тарқалганини, менга қарашли бўлган таълим, фан, тиббиёт, маданият ва санъат, дин, оммавий ахборот воситалари, ёшлар, ҳарбий, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, спорт, туризм соҳаларининг раҳбар ва ходимлари давлат тилида иш юритишга киришган­ликларини одамлар ҳалигача мамнуният билан эслашларини эшитганимда, дил-дилимдан қувонаман.

Иккинчи учрашув

Қизим мактабга чиқадиган бўлганда шаҳар халқ таълими бўлими мудири билан маслаҳатлашиб, яшаётган жойимизга яқин бўлган Алишер Навоий номли мактабга тўхталдик. Бу мактабни шаҳар ҳокими ҳам мақтаб, ўқитувчилари билимдон ва тажрибали эканлигини эътироф этди. Қизим биринчи синфда ўқий бошлади. Синфдош дугоналари ҳокимият меҳмонхонаси ва уйларига туташ маҳаллада яшар, уларни уйимизга таклиф қилиб, бирга дарс қилар эди. Мен ундан мактабдаги тартиб-интизом, ўқитувчиларнинг дарсларни яхши ўтиши ҳақида илиқ фикрлар эшитиб, хурсанд бўлардим.

Бир куни тушликка кечроқ келдим. Қизимнинг дугоналаридан бири уй вазифаси қилиб берилган шеърни ёд айтаётган экан. Яқинроқ бориб қулоқ тутдим. У шеърни тожик тилида бурро ва равон айтди. Навбат қизимга келганда у ҳам ёдлаган шеърини тутила-тутила тожикча ирод этди. Бундан ҳайрон бўлиб, қизалоқлар даврасига қўшилдим. Уларни шеър­­ни яхши ўқиганликлари билан табрик­лаб, устоз­ларининг исми-шарифини, нималарни ўргатаётганлигини сўраб-суриштириб, ҳақиқий аҳволни билиб олдим. Буни қарангки, биринчи синф ўқувчиларининг қизимдан бош­­қа ҳаммаси тожик тилида гаплашар, шуни асос қилибми ёки ўқувчилар “дарсни яхши ўзлаштириши” учунми, ўзбек тилида ўтилиши керак бўлган дарс бошқа тилда ўтилаётган экан. Қизим қанчалик қийналмасин ва ўқитувчидан юмшоққина дакки эшитмасин, онасига ҳам, менга ҳам оғиз очмай, синфдош дугоналари ёрдамида тожик тилини ўрганаётган экан. Бундан хурсанд бўлдим. Аммо бу “ҳиммат” ўзбек тилидаги мактабда билибми-билмайми қилинаётганлиги мени қаттиқ ташвишлантириб қўйди. Бундан, вилоят халқ таълими бошқармаси бош­лиғини огоҳ этиб, масалани шов-шувсиз ойдинлаштиришни сўрадим.

— Сизнинг қизингиз ўқиётган биринчи синф­­да ўзбек тилида ўтилиши керак бўлган дарслар тожик тилида ўтилаётганлигига ўзим гувоҳ бўлдим, — деди эртаси куни бошқарма бошлиғи қўнғироқ қилиб. — Ҳозир сабабини ўрганаяпмиз. Бир қарорга келгач, сизга хабар бераман.

Ўша куни кечқурун шаҳар ҳокими, “облоно” ва “гороно” мудирлари ҳамда мактаб директорини таклиф қилиб, таълим тизимида давлат тили тўғрисидаги қонун талаблари очиқдан-­очиқ бузилаётганлиги чуқур таҳлил қилиниб, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи билан шаҳар ҳокими жиддий огоҳлантирилди. Ўз вазифасига лоқайд қарагани ва қонун  бузилишига йўл қўйгани учун шаҳар халқ таълими бўлими мудири, мактаб директори ва ўқитувчи эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Бундан тегишли хулоса чиқариб олиш учун тизимдаги барча мактабларни воқиф этиш вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғига топширилди. Қизим эса ўқишни бошқа мактабда давом эттирди.

Учинчи учрашув

Яқинда нуфузли олий ўқув юртларидан бирининг таклифи билан “Ўзбек тилининг кечаги ва бугунги куни” мавзусида маъруза қилгани бордим. Профессор-ўқитувчилару талабалар билан лиқ тўлган ҳашамдор залга киришим билан нигоҳим буюк алломаларимиз, шоир ва ёзувчиларимизнинг она тилимизни мадҳ этган гўзал фикрлари битилган ранг-баранг шиорларга тушиб, дил-дилимдан қувондим. Саҳна пештоқида Навоий бобомизнинг чиройли ёзилган машҳур “Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз” ҳикмати кўзга ёрқин ташланиб, кошонага ўзгача бир улуғворлик, байрамона кайфият бахш  этиб турар, тадбир иштирокчилари руҳиятида ғурур, фахру ифтихор уйғотмай қолмасди. Бу шубҳасизки, менинг ҳам қалбимдаги туйғуларни жўштириб, она тилимиз ҳақида айт­моқчи бўлган фикр-мулоҳазаларимга қанот бўлди.

Ёшлар масалалари ва маънавият ишлари бўйича олий таълим даргоҳидаги масъул тадбирни очиб, менга сўз берди. Она тилимизнинг ўтмишдаги қисмати ва мустақиллик йилларидаги равнақи ҳақида ўзим шоҳиди бўлган воқеалар, китоблару газета-журналларда ўқиганларимдан мисоллар келтириб, қабул қилинган қонун ва қарорлар ижроси ҳақида тўхталиб, ютуқ ва камчиликларимизни ҳам ўртага ташладим. Савол-жавобга келганимизда айрим нуқсонларимиз “манаман”, деб яққол бўй кўрсатди. Айниқса, нафақат талабалар, балки профессор-ўқитувчилар ҳам саккиз-ўн сўздан иборат ўзбек тилидаги саволга русча сўз қўшиб гапиришлари, уларнинг ўз она тилларига бўлган ҳурмат ва муҳаббатлари нечоғли эканлигини кўрсатди. Бунинг устига, китобдан шеър ва матн ўқиган талабалар ҳам сўзларни талаффуз қилишда қийналиб, проректорни чуқур хўрсинишга ундадилар. Мен уларнинг бундай камчиликлардан қутулишлари учун кўпроқ бадиий адабиёт ўқишларини тавсия қилиб, севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг мана бу тўртлигини мисол келтирдим:

 

Парвоз чоғи тайёранинг дилбар келини

Кўк тоқини бизга тахти Сулаймон қилди.

Лекин эълон ўқиганда ўзбек тилини,

Давлат тили бўлганига пушаймон қилди.

 

Ўзбегим, ўзи ўзига бегим! Ўзингни, ўзлигингни теран англамоқ истасанг, она тилингни онангни севгандек севгин! Ҳар бир сўзини ардоқла, асра! Бойлигига бойлик, кучига куч қўшгин! Унинг қаддини, қадрини ҳамиша ва ҳамма жойда юксак тут! Токи ҳазрат Навоий бобомизнинг руҳлари доимо шод бўлсин!

Нуриддин ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон Миллий университетининг

журналистика факультети ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 3 =