Эзгулик уруғлари

Халқимизда “Яхшидан боғ қолади” деган ҳикматли мақол бор.
Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан Сергели тумани, “Хонтепа” маҳалласида “Ватан боғлари” шиори остида ҳашар-семинар уюштирилди. Ҳашар-семинарда вазирликлар, идора ва ташкилотлар ҳамда туман ҳокимликларининг давлат тили бўйича маслаҳатчилари иштирок этди.
— Образли зайлда айтсак, бугун эзгулик уруғини тупроққа экаяпмиз. Зеро, кун келиб бу ниҳоллар шовуллаб барг ёзганида, ўсиб келаётган авлод бу боғни кўриб ибрат олса, эзгу ишлар қилишга руҳланса, биз мақсадимизга етган бўламиз. Бу боғнинг номини “Ўзбек тили” боғи деб номлашни ҳам ният қилдик. Бу боғ тафаккур боғи бўлади! Чунки биз биламизки, биргина сўзнинг сеҳри қалбларни ўзгартиришга қодир. Айниқса, ёшларимизда она тилимизни асраб-авайлаш туйғусини шакллантиришни долзарб масала деб биламан, — деди Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Жонузоқов.
“Кимки ерга умид билан бир ниҳол қадабди, ўзига бардавом яхшилик қилибди”, дейди машо­йихлар. Бу экилган ниҳоллар билан бирга қилинган эзгу дуолар, ёруғ ниятлар ҳам тобора кўкка бўй чўзаверади.
— Кун келиб фарзандларимиз “Ўзбек тили” боғига борамиз, дея қўл ушлашиб келишса, қандай бахт! Бу боғда миллий тилимизни улуғловчи иқтибосларни кўришса, атоқли ўзбек адиб ва шоирларининг жонажон Ватанимизга, она тилимизга аталган ҳикматли шеърларини ўқишса, бу уларнинг қалбида Ватанга, она халқимизга, миллий тилимизга бўлган садоқат, муҳаббат туйғуларини ҳам тарбиялаши шубҳасиз, — деди ҳашар-семинарда фаол иштирок этган Тошкент шаҳар ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Акмалжон Рўзитоев.
Ватан тупроғига экилган эзгулик уруғлари эртага маънавият, маърифат боғига айланиб, яшиллик асносида тафаккур зиёсини ҳам таратишига ишонамиз.

Озода БЕКМУРОДОВА,
журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + sixteen =