Илм масканида баҳор шукуҳи

Апрель ойи охирлаб қолаётган бўлса-да, юртимизда Наврўз шукуҳи, завқи ҳануз сезилиб турибди. Табиат гўё янги нафас олгандек, кўкаламзорлар яна гул-гул яшнаб, кун-кунора табиат ўзининг баҳорий ёмғирлари ила сийламоқда. Баҳор — яшиллик, яшнаш, эзгулик, меҳр-оқибат ва бирлик фасли. Ана шундай чиройли ва жўшқин кайфиятда куни кеча пойтахтимиздаги Тошкент менежмент ва иқтисодиёт институтида Наврўз шодиёнаси юқори савияда, ўзига хос тарзда нишонланди.

Байрам тадбири Президентимизнинг 2025 йил 21 февралдаги “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилди. Олий таълим масканидаги тадбир “Наврўз байрами — баҳорий завқ ва анъаналар бирлашуви” шиори остида ўтказилди.

Гўзал баҳорий тантанани институт ректори Ҳожиакбархон Аҳмедов очиб, Наврўзнинг тарихи ва мазмунига қисқача тўхталди. Барча устозлар, талабалар ва меҳмонларни шукуҳли байрам билан қутлади. Эзгу тилаклар қатнашчиларда кўтаринки руҳ, ифтихор ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғусини янада оширди.

Байрам дастури давомида таниқли санъаткорлар ва институтнинг иқтидорли талабалари томонидан тайёрланган миллий рақслар, куй-қўшиқлар, саҳна кўринишлари тақдим этилди. Бу чиқишлар орқали юртимизнинг турли ҳудудларига хос миллий урф-одатлар, либослар, қадриятлар, ранг-баранг таомлар ва халқ анъаналари намойиш этилди.

Тадбирда турли вазирлик ва ташкилотлардан нуфузли меҳмонлар ҳам иштирок этди. Хусусан, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Аюповнинг ташрифи институт педагогик жамоасини, талаба-ёшларни тўлқинлантириб юборди. Бу эътибор барча иштирокчиларга чуқур руҳий кўтаринкилик бахш этди.

Эътиборлиси, байрам доирасида талабалар ўртасида турли соҳалар бўйича танловлар ташкил этилган бўлиб, ғолиблар институт ректори томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бу талабаларни янада фаол ва билимли бўлишга, ўз устида ишлашга ундашига шубҳа йўқ.

Наврўз — бу фақат байрамгина эмас, у юртга, инсонга, табиатга бўлган ҳурмат ва муҳаббатни янада оширувчи қадрият. У эзгуликка, дўстликка, яхшиликка чорлайди. Ана шу боис ҳам бу айём юртимизда йилдан-йилга кенг нишонланмоқда, унинг руҳи ва моҳияти халқимиз ҳаётида тобора чуқурроқ ўрин эгаллаб бормоқда.

Институт жамоаси, талаба-ёшлар, меҳр-оқибат ва эзгулик айёмини нишонлаш баҳонасида мириқиб дам олишди, бир-бирларига энг эзгу тилаклар, ёруғ ниятларини билдирдилар.

Дарҳақиқат, нафосат ва янгиланиш шодиёнаси — Наврўз фақат баҳорни севиниб қарши олиш эмас, балки, бирдамлик ва ҳамжиҳатликни янада оширувчи мўътабар мерос. Шундай гўзал кайфият, шоду хуррамлик ила айтиладиган покиза ниятлар юртимиздаги ҳар бир хонадонга, ҳар бир инсон қалбига юз тутаверсин!

Содиржон ЯКУБОВ,

Тошкент менежмент ва иқтисодиёт

институти профессори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 2 =