Инсон қалбининг муҳандислари

15 апрель — Маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди

Дунёда касблар кўп. Ҳар бири ҳаётда ўз ўрни ва аҳамиятига эга. Шифокор беморни ширин сўз ва малҳами ила даволаса, маданият ва санъат ходимлари инсон қалбини ўз санъати ижоди билан даволайди. Бежизга Президентимиз ижод аҳлини “Инсон қалбининг муҳандислари”, дея таърифламаганлар.

Зеро, маданият ва санъат аҳли одамларни инсонийлик ва эзгуликка чорлаб, улар қалбида олижаноб фазилатлар, гўзал ҳис-туйғуларни камол топтиришга, жамият ҳаётида тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, юксак ахлоқ ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам азал-азалдан халқимиз ижодкорларга, санъаткорларга жуда катта ҳурмат ва ишонч билан қарайди. Айниқса, сўнгги йилларда соҳа вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳар қачонгидан ҳам юксак, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

15 апрель — Маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан “Зўр-ТВ”нинг  “Ренессанс ҳолл” залида соҳа ходимлари учун байрамона дастур бўлиб ўтди. Унда Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов ҳамда Маданият вазири Озодбек Назарбеков соҳа ходимларини байрам билан таб­риклади.

“Барча соҳалар қатори маданият соҳасида ҳам рақобат тобора кучайиб бормоқда. Инсон онги, ҳиссиётлари учун кураш кетмоқда. Қадриятларга таъсир ўтказишга, уни ўзгартиришга уринишлар бўлмоқда. Шундай мураккаб бир даврда айнан маданият ва санъат соҳаси қалб ҳимоячиси, тафаккур ҳимоячиси, қадриятлар ҳимоячиси бўлиб катта майдонда ўзини кўрсата олиши керак. Бошқача айтганда, халқнинг уйғоқлиги бевосита маданиятга, маънавиятга боғлиқ. Шу маънода, жамиятимизда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларимизни ватанпарвар ва фидойи қилиб тарбиялаш масалалари барчамиз учун долзарб вазифадир”, – деди маданият вазири Озодбек Назарбеков ўз нутқида.

Маданият вазирлиги томонидан жабҳада фидокорона меҳнат қилаётганларни рағбатлантириш мақсадида “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони ҳам таъсис этилган бўлиб, 2023 йил давомида (йил давомидаги байрамлар арафасида) 250 нафарга яқин соҳа фидокорлари ушбу кўкрак нишони билан тақдирланган.

– Маълумки, маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган алоҳида эътиборнинг ёрқин ифодаси ўлароқ, 2021 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат  ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қарорга имзо чекилди. Яъни, халқимиз ҳаётининг янада файзли, мароқли ўтиши йўлидаги саъй-ҳаракатларда энг фаол, фидойи, касбига садоқатли инсонлар муносиб эътироф, эъзозга сазовор  бўлишди. Хусусан, турли шодиёналарда, касб байрамларида ҳамда халқимизнинг бўш вақти мазмунли ўтишини таъминлайдиган турфа хил маданий-маърифий тадбирларда хизматда турадиган маданият ва санъат ходимларининг ҳам ўз байрамларини нишонлашларига шарт-шароит яратилди, – деди Ўзбекис­тон халқ артисти Фаррух Зокиров.

Бу йил учинчи бор нишонланаётган мазкур сана муносабати билан  50 нафарга яқин маданият ва санъат фидойилари “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирланди. Тадбир давомида байрамона концерт дастурида таниқли маданият ва санъат ходимлари ўз чиқишлари билан йиғилганларга маданий ҳордиқ ва байрамона кайфият улашди.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − two =