Одам қўшганга совға бериладими?

Бугун ижтимоий тармоқларда турли гуруҳлар кўпайгандан-кўпайган. Шундай гуруҳларнинг айримларида кузатувчилар, обуначилар сонини ошириш мақсадида ҳар хил совғалар қўйилган. Яқинда жияним бир гуруҳга айтилган одамларни қўшган экан. Аммо улар ваъда қилган телефонни беришмабди. Талаб қилиб ёзган экан, гуруҳдан чиқариб юборишибди.

Телеграмда  “UZUM MARKET UZ 85 K” номли гуруҳга кимдир мени ҳам қўшган экан. Унда 120 та одам контактини қўшганга “SAMSUNG Note 20” телефони, 70 кишининг контактини қўшганга газ плитаси, смартфон, телефонлар берилиши ёзилган. Ҳаттоки гуруҳ админи “Одам қўшган барчага телефонлар етиб боряпти. Бу мижозимиз 2 та телефон ютиб олдилар. Таб­риклаймиз. ОДАМ ҚЎШИШДА ДАВОМ ЭТИНГ. Шошилинглар! Ҳаммага омад”, дея ёзишдан эринмайди.

“KURTKA AKSIYA” номли гуруҳдаги телефонлар тагидаги қуйидаги ёзувни ўқиб қолдим: “…А 72 телефонлар келди 30 та одам қўшиб ютиб олинг шошиламиз дўстлар, совғалар сони 80 та қолди, одам қўшиб, админга ёзинг”.

30 та одам қўшиб телефонли бўлиш ҳеч ҳам мантиққа тўғри келмайди. Ишламасдан, пул тўламасдан гуруҳдагилар айтган одамларнинг контактларини қўшиб, телефон ёки бошқа қимматбаҳо совға олиш мумкинми?

Айрим юристларнинг гуруҳида эса саволларингизга жавоб олишни истасангиз, одам қўшишни талаб қилишади. Айтилган одамларнинг контактини қўшсангиз, гуруҳ админи тан олмасдан яна қўшинг, дея талаб қилади. Шунда эътироз билдириб ёзсангиз, сизни гуруҳдан чиқариб юборишади.

Энг ёмони, айримлар совғалар, мукофотларни деб та­йини йўқ, фақат вақтни беҳудага совурадиган хар хил гуруҳларга, баъзида фақат фисқу фасод ва бузғунчи ғояларни тарғиб қиладиган гуруҳларга қўшилиб қолаётганини билмай қолишмоқда. Билмасдан жиноятга аралашиб қолиш айбсизлик ҳисобланмайди. Шундай экан, интернет, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини ҳам билиш керак.

Кўпчиликни алдаб, норози қилиб гуруҳлари обуначиларини кўпайтираётганларнинг аксариятида эса инсоф йўқ. Ахир осонлик билан бирор нимага эришиб бўлмайди. Бунинг учун фақат ҳалол меҳнат қилиш даркор.

Хонбиби ҲИММАТ қизи,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + sixteen =