Огоҳлантириш қўнғироғи
—Жасур, бу йил ҳам “пақилдоқ”ни зўридан топиб бероласанми?
—Майли, пулинг бўлса, муаммо йўқ.
Бу суҳбат қай зайлда тугаганини тусмоллаш қийин эмас. Аёнки, хайрли тугамаган. Бири куйган, бирининг эса кўзи…
Ҳа, Янги йил эшик қоқиб турибди… Эл-улус байрамни кўтаринки кайфиятда кутиб олишга тараддуд кўрмоқда. Афсуски, мана шундай шодиёнада гоҳо кайфиятга соя тушади. Бунга кўпинча пиротехника воситалари сабабчи бўлади.
Шукуҳли айём бўсағасида пиротехника воситаларини мамлакатимиз ҳудудига олиб киришга уринишлар кўпаяди. Баъзи бир кимсалар ҳаётимизга хавф соладиган пиротехника воситаларини ёш болаларга сотмоқчи бўлган ҳолатларини учратамиз. Ижтимоий тармоқлар орқали пиротехникадан фойдаланиш жабҳасида аянчли оқибатлар акс этган видео ва аудио хабарлар эса кўпаймоқда. Бу — огоҳлантириш қўнғироғи.
Алҳол, бу нарсаларнинг “ташрифи”га доир ҳолатлар кам эмас. Маълумотларга эътибор қаратинг-а: Тошкент вилоятининг “Чинор” йўл-патруль хизмати масканида олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида “Kia” русумли юк машинада 9 дона қутиларга жойлаштирилган кўкатлар орасига яширилган ҳар хил пиротехника воситалари аниқланди… Ангрендан Тошкентга келаётган “Mercedes-Benz” ичидан 250 минг дона пиротехника воситалари топилди…
Бизнингча, божхона постларида ҳушёрлик янада оширилиши даркор. Сабаби, портловчи моддалар, асосан, юртимизга четдан кириб келади.
Гарчи, Ўзбекистон қонунчилигида ҳам пиротехника воситаларини мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, ушбу турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш, савдоси билан шуғулланиш каби ҳолатларга тегишли тартибда жавобгарлик белгиланган. Хусусан, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185(1)-моддаси ҳамда жиноят кодексининг 250(1)-моддаси орқали тегишли жазо чоралари кўрилади. Бироқ… нафс қутқуси чоралар, жазолардан ҳам ҳайиқмасликка олиб келмоқда. Қанча гапирилмасин, чора-тадбир белгиланмасин, барибир бозорлар шундай “пақилдоқ”лар-у, салют отадиган матоҳларга тўлиб кетаверади!
Ахир, ўйлаб кўринг, пиротехника воситалари оқибатида қанча болалар, ҳатто катталар ҳам ҳар йили жабр кўради. Биров куйиш жароҳати олса, бировнинг кўзи кўрмай қолади.
Наҳотки байрам, ўткинчи завқ-шавқ учун “қурбонлик” талаб қилинса, наҳот нафси учун кимларнингдир жабр кўриши, ҳатто ногирон бўлиб қолишини ўйламаса айрим ўзини “тадбиркор” деб билувчи кимсалар?!
Ана шундай қилиб, кимнидир қақшатишга сабабчи бўлган бойлик татийдими? Бизнингча, бу нарсаларнинг жавоби барибир қаттиқ бўлади.
Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ.