Чорвоқ чўллаб қолмайди…ми?
Чорвоқ сув омбори ва Бўзсув бўйидаги ўйлар
Тошкент шаҳрига файз киритиб лиммо-лим оқаётган Анҳор сувларига боқиб, ҳам завқланаман, ҳам хавотирга тушаман. Бу ажиб манзарадан нечун завқланишимизни изоҳлашга ҳожат йўқ. Бироқ сўнгги пайтларда Чорвоқ сув омборида қанча сув қолди экан, деган ўй тинчлик бермай қўйди.
Пойтахтимиз ва Тошкент вилоятини обиҳаёт билан таъминлаб турган Чорвоқ сув омборида сув захираси кескин камайиб кетаётганига бефарқ қараб бўлмайди. Бўстонлиқ тоғларини 30-40 йиллар илгари ҳатто ёз ойларида ҳам одам бўйи, том бўйи қор ва муз қатламлари қоплаб ётарди. Сўнгги ўн йилликлар мобайнида ёлчитиб қор ёғмади, афсуски, тоғлар ҳам деярли шип-шийдам бўлиб қолди.
Худо кўрсатмасин, сув захирамиз камайиб қолса, ҳолимиз не кечади?
Маълумотларга кўра, Чорвоқ сув омбори — Чирчиқ дарёсининг бошланиш қисмида қурилган (1963-1970) гидротехника иншооти. Қишлоқ хўжалигини бир меъёрда сув билан таъминлаш, тошқинларнинг олдини олиш ва гидротехника мақсадларида барпо этилган. Дарё сувини мавсумий тартибга солади. Сув омбори Чотқол ва Угом тоғлари орасига қурилган. Тош-тупроқли тўғони узунлиги 768 метр, баландлиги 168 метр, юқори қисмининг эни 12 метр. Тўғонда Чорвоқ ГЭСни сув билан таъминлаш учун узунлиги 800 метр ва диаметри 11 метр бўлган 2 та туннель бор. Чорвоқ сув омборининг тўла сиғими 2006 миллион куб метр, шундан фойдали сув ҳажми 1580 миллион куб метр, сув юзаси сатҳи 40,1 квадрат км, эни айрим жойларда 10 км, узунлиги 19 км, максимал чуқурлиги 131 метр, ўртача чуқурлиги 55 метр. Сув омборига Писком, Кўксув, Чотқол дарёлари қуйилади.
Сув оқими кўпайиб, хатарли даражага етганда, сувни чиқариб юборадиган шахтали (1200 куб м/с) ва 2 та поғонали (450 куб м/с ва 500 куб м/с) сув ташлагичлар билан жиҳозланган.
Чорвоқ сув омбори Чирчиқ-Бўзсув сув-энергетика трактини бир меъёрда сув билан таъминлайди. Унинг барпо этилиши асносида сув кам бўлган йиллари Тошкент воҳасидаги ва Қозоғистон Республикаси Жанубий Қозоғистон вилоятидаги 355 минг гектардан ортиқ ерни барқарор сув билан таъминлаш (шундан янги ўзлаштирилган ерлар 150 минг гектар), Чирчиқ дарёсининг юқори оқимида рўй берадиган сув тошқинларига барҳам бериш имкониятлари яратилди.
2000 йил бошларидан Чорвоқ сув омбори соҳилларида халқаро андозаларга мос бўлган йирик дам олиш мажмуалари барпо этилди.
Яна бир муҳим маълумот интернет тармоғида атрофлича ёритилган. Яъни, Бўзсув иншооти 1932 йилда ишга туширилган. Шунда суткасига 3,8 минг куб метр қувватда сув етказиб берган. Кейинчалик иншоот қуввати ошириб борилган. Айни кунда бу иншоот орқали қўшимча равишда талабга қараб бир суткада 10 минг куб метрдан 30 минг куб метргача ичимлик суви етказиб берилмоқда.
Пойтахт аҳолисининг асосий қисмини “Қодирия” бош сув иншооти ичимлик суви билан таъминлайди. Ушбу иншоот 1969 йилда суткасига 225 минг куб метр ичимлик суви етказиб бериш қуввати асносида ишга туширилган.
Қайд этилишича, “Бўзсув” иншооти бир суткада ўртача 1 миллион 700 минг куб метр атрофида сувни тозалаб, пойтахтимизнинг 6 та туманига узатиб бермоқда. Булардан ташқари, Қибрай, Қорасув, Жанубий ерости суви иншоотлари ҳам талабга қараб қўшимча равишда сув етказиб беради. Ҳозирда пойтахт аҳолисига мавсумга қараб бир суткада 1 миллион 800 минг кубдан 2 миллион 300 минг куб метргача ичимлик суви етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, Тошкент шаҳридан чиққан оқова сувлари (канализация) 3 та иншоот — “Бўзсув”, “Салар” ҳамда “Бектемир” оқова сув иншоотларида тозаланиб, табиатга қайтарилмоқда. Бу тозаланган оқова сувларидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмоқда.
Мавжуд ичимлик ҳамда оқова сув иншоотларининг бир нечтаси сўнгги йилларда халқаро молия ташкилотларининг кредитлари ҳисобидан реконструкция қилинди.
Айни кунда сув таъминоти тизимини рақамлаштиришга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, сув тармоқлари гидродинамикаси, яъни босимини назорат қилиш автоматлаштирилди. Бунинг учун Кореянинг “К-wатер” компанияси билан амалга оширилган қатор лойиҳалар доирасида Чилонзор тумани сув тақсимлаш бўлимида сув тармоқларини онлайн назорат қилиш диспетчерлик маркази ташкил этилди.
Бу ерда пойтахт бўйлаб тортилган тармоқлардаги сув босими доимий назорат қилиб борилади. Бунинг учун қарийб 700 га яқин нуқтадан босим ҳақидаги маълумотлар марказга онлайн тарзда узатилади.
Сув ва кўрсатилган оқова сув хизматлари учун тўловлар ҳамда у билан боғлиқ биллинг маълумотлар базасида истеъмолчилар ўзларига тегишли бўлган қисмини кузатиб бориш имкониятига эга бўлдилар. Бунинг учун https://cabinet.uzsuv.uz/ шахсий кабинет платформаси яратилди.
Таъкидланишича, бугунги кунда ичимлик суви сифатини янада яхшилаш, рақамлаштириш билан боғлиқ лойиҳалар давом эттирилмоқда. Бунинг учун хорижий компаниялар билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда.
Ҳаётимизни сувсиз тасаввур қила олмаймиз. Маълумотларга кўра, Ер юзасининг 70 фоизидан кўпроқ қисми сув билан қопланган бўлса, унинг бор-йўғи 3 фоизигина чучук (ичимлик) сув ҳисобланар экан. Инсон танасининг ҳам 3/2 қисми, яъни 60-70 фоизи сувдан иборат. Сув нафақат инсоният, балки бутун ҳайвонот ва ўсимликларнинг ҳам тириклик манбаидир. Сувни исроф қилиш кечирилмас гуноҳ ва ўнгланмас йўқотиш ҳисобланади.
Сўнгги йилларда бутун мамлакатимизда сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида қатор лойиҳалар жорий қилинмоқда. Шу билан бирга юртимиз бўйлаб “Яшил макон” яратиш ҳаракати кенг тус олмоқда. Бу, аслида, қадим қадриятларни қайтадан ҳаётга жорий этишдир, албатта.
Ҳар бир ҳаракатнинг акси ҳам бўлади. Шу жумладан, чўлқуварликнинг ҳам. Собиқ шўро даврида Мирзачўл ва Ёзёвон даштларини ўзлаштириш, Катта Фарғона канали ва Фарҳод каналларини қазиб, қақраб ётган ерларга сув чиқарилиши, Толлимаржон, Кампирравот, Чорвоқ, Қайроққум сув омборлари қурилиши ҳазрат Навоийнинг “Хамса” асарида тасвирланган Фарҳоднинг жасоратини реал воқеликда такрорлашнинг ўзи бўлиб чиқди. Иккинчи минг йилликнинг тимсоли табиатдаги дашт ерларни экинзор воҳаларга айлантириш бўлса, учинчи минг йилликка келиб бунинг акси кўзга ташланмоқда.
Ҳар қандай бўҳрон, аввало, инсонлар онгида юз беради ва бунинг натижаси ташқи оламда акс эта бошлайди. Ўтган асрда халқимиз менталитетида боғбонлик, миришкорлик олд ўринга чиққан бўлса, учинчи минг йилликка келиб, асосан, истеъмолчилик руҳияти биринчи ўринга чиқа бошлади. Натижаси эса тезда кўзга ташланди — илгари бу ҳудудларга ёт бўлган қум ва чанг бўронлари, қуюнлар йилдан-йилга мунтазам такрорланадиган табиат ҳодисасига айланмоқда. Булар нафақат юртимизда, балки, бутун сайёрамизда ўз аксини кўрсатмоқда. Табиатни, сув захираларини асраш долзарб муаммога айланди. Тежаб-томчилатиб суғориш технологиялари ишлаб чиқилмоқда.
Тома-тома кўл бўлур, деганларидек, ҳар томчи сувнинг қадрига етиш, уни асло исроф қилмаслик фурсати етди.
Ижтимоий тармоқларда бир ажиб видеолавҳа тарқалган эди. Унда кўзи кўр ва бир қўли йўқ икки хитойлик адирларда уч минг туп дарахт кўчати экиб, каттагина боғ яратишгани тасвирланган. Видеоролик оммалашиб кетди. Кўр ва ногирон икки азаматнинг жасорати бутун Хитойда олиб борилаётган “Яшил макон” ҳаракатидан бир шингил экан. Боғ-роғлар кўпайган жойда сув захиралари ҳам пайдо бўлаверади, тоза ҳаво (кислород) кўпаяди.
Таҳлилчилар фикрича, хитойликлар ҳар йили ҳеч бўлмаганда ўнтадан турли дарахт ниҳоллари экишлари ва парваришлашлари шарт экан. Натижаси ҳам кўзга яққол ташланмоқда. Адирларда кўм-кўк ўрмонлар, тўқайлар пайдо бўлмоқда. Бундай дарахту буталарнинг илдизлари тупроқ емирилишининг олдини олмоқда, сояларида қор йиғилиши ва секинлик билан эриганча ерга сингиши, бир йиллик ва кўп йиллик майсаларнинг унишига замин яратмоқда. Шу аснода ҳавонинг кислородга тўйиниши, муқим ва кўчманчи қушлар, майда ва йирик ҳайвонларга бошпана бўлиши диққатга сазовор. Хитой девори зиёратбоп қадамжо сифатида дунёнинг етти мўъжизалари қаторидан жой олган бўлса, Яшил Хитой девори инсон қўли билан яратилган табиат мўъжизасига айланиб бормоқда. Очиғи, хитойликлар, корейс ва японларнинг меҳнаткашлигига ҳавас қилса арзийди. Аслида, қадимда ўзбеклар ҳам меҳнатсеварлиги асносида донг таратгани сир эмас. Буюк аждодларимизнинг ана шу фазилатини изчил давом эттириб, келгуси авлодларимизни ҳам меҳнатсеварликка ўргатишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.
Сувни тежаш ва эъзозлаш бобида жаҳон тажрибасини ўрганиб бориш мақсадга мувофиқдир. Чунончи, Саудия Арабистони ҳам қумли саҳроларни “яшил макон”га айлантириш лойиҳаларини жорий этмоқда. Саҳроларда қум кўчишини тўсиш учун сунъий хурмозорлар барпо қилинмоқда. Бу дарахтлар томчилатиб суғориш технологияси асосида парвариш қилинар экан. Қизиғи шундаки, Саудия Арабистонида бирорта оқар дарё йўқ. Ерости сувларига ҳам бой эмас. Денгизнинг шўр сувини қайта ишлаб, чучук сув ҳосил қилишга ҳаракатлар қилинмоқда. Улар табиий қуёш ва шамол энергияларидан кўпроқ фойдаланиш лойиҳасини амалга оширмоқдалар.
Қорақалпоғистонда ҳам кейинги йилларда янги-янги саксовулзорлар, боғ-роғлар яратиш ҳаракатлари изчил давом этмоқда. Сўнгги ўттиз йил мобайнида очилиб қолган шўрхок замин яшил либосини кия бошлади. Саксовуллар жуда секин ўсишига қарамай, анча-мунча бўй кўрсатаётгани умид уйғотади. Орол бўйида саксовулзорлар яратишга япониялик мутахассислар ва волонтёрлар қўшилаётгани, бу ишлар учун 150 миллион долларлик маблағ ажратганлари ҳақидаги хушхабар барчамизга хушнудлик бахш этиши тайин, албатта. Балки, келгусида Орол денгизини сувга тўлдириш лойиҳалари ҳам ишлаб чиқилиб, юртимиз ҳаётида туб бурилишлар даври бошланар!
Ёшлик пайтларимизда кенг пахта майдонлари ва йўллар четига жийда ва иморатбоп дарахтлар кўп экиларди. Улар тагида анча-мунча қорлар тўпланиб қолиши асносида деҳқончилигимиз ривожига, она-табиатни асрашга баракали ҳисса қўшилишини кўп кузатганмиз.
Исроф, увол, тежамкорлик ҳақида муқаддас китобларда, ҳадисларда ўқисак, амри маъруфларда тингласак, жисму жонимиз билан қўшиламиз. Аммо бундай савобли ишларга ҳукумат ёки тегишли идоралар ундаганида, тежамкорликка оид қоидалар жорий қилганида, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳақидаги моддалар эсимизга тушиб қолади: “Мен эркин шахсман, нимани қанча ишлатишда эркинман, бу ҳуқуқимни чеклашга уринманглар!” қабилидаги иддаолар пайдо бўлади. Рўзғорда электр энергия, сувдан фойдаланишда аҳоли жон бошига белгиланган лимитлар охир-оқибатда табиий захираларни тежаш ниятида жорий қилинади. Уйимизга етиб келаётган газ, электр қуввати, сувнинг олиниш жойи табиатга бориб тақалади. Уларни кимёвий ишлаб чиқариш корхоналарида ишлаб чиқаришмайди. Ётиб еганга эса тоғ чидамайди… Дунёда шундай давлатлар борки, аҳолиси қоқ тоғ-тош устида ёки қип-қизил саҳроларда яшайди. Ичадиган сувидан то ёнилғисигача хориждан олиб келишади. Кўпинча буям бўлмай қолса, борига барака, деганча қаноат қилиб кун кечираверади. Улар, албатта, бизнинг юртимизга қанчалик ҳавас билан қарашини изоҳлашга ҳожат йўқ.
Ўтган ўттиз йил ичида Орол муаммоси юзага келиши ортидан Марказий Осиё ҳудудида сув тақчиллиги пайдо бўлди. Бу ҳолат, айниқса, пойтахтимиз шарқидаги Чотқол тизмаларида яққол намоён бўлмоқда. Асрий музликлари, қорли қалпоқлари кўзни яшнатадиган Чотқол тизмаларида иқлим ўзгариб кетди. Аввалгидек қор ёғмай қўйди. Тап-тақир тоғлар бағридан чиқадиган булоқлари ҳам қуриб бормоқда. Шу тариқа Чорвоқ сув омборида сув захираси кескин камайиб бораётгани ғоят ташвишли ҳолдир. Шунга қарамай, сув омборидан чиқаётган бир неча каналлар, хусусан, Бўзсувда кеч куз ва қиш ойларида сувлар лиммо-лим қилиб оқизилаётганига бефарқ қараб бўладими? “Борида қадрламай, йўқотганда йиғлаймиз”, “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” каби ҳикматлар замирида улкан маъно мужассам. Ҳам маънавият, ҳам моддият олами учун аҳамиятли бўлмиш ушбу огоҳлантиришлар сув захираларини асраб-авайлашга ҳам қаратилганини энди-энди англаяпмиз.
Бу билан эртага сувни бутунлай тўхтатиб қўйиш керак, деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Фикримиз ва таклифимиз шуки, шундай паллада Бўзсувда кун-у тун лиммо-лим оқаётган сувларни бироз камайтириб, Чорвоқ сув омборидаги обиҳаётимизни тежашга ҳаракат қилсак, қандоқ бўларкин?
Бу борада, аввало, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчиликнинг ҳам фикрлари ўрганилиб, оқилона қарорга келинса, нур устига аъло нур бўлур эди.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.