Оналарга эҳтиром

Фарғона шаҳридаги “Бешбола” маҳалла фуқаролар йиғинида бу йил вилоятда тўртинчи бор ўтказилаётган “Оналарга эҳтиром” фестивалининг маҳалла босқичи бўлиб ўтди. Маҳаллада яшовчи 500 нафардан зиёд онахонларни, жамоатчилик вакилларини ўзида жамлаган тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.

Маҳаллада Нуронийлар маскани очилиши билан боғланиб ўтказилган ушбу тадбирда йилдан-йилга анъанавий тус олаётган, оналардек улуғ зотларга бўлган юксак эҳтиромни намоён этишни мақсад қилган фестивалнинг жорий йилги мавсумига старт берилди.

Байрамга айланиб кетган тадбирда сўз олган вилоят ҳокими барча онахонларни, опа-сингилларни самимий қутлаб, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг туб замирида мўътабар оналаримиз, меҳрибон аёлларимизни эъзозлаш, розилигини олиш, бахтли яшашларини таъминлаш мақсадлари мужассам эканини қайд этди.

Хусусан, “Бешбола” маҳалласининг ҳар соҳадаги кўрсаткичлари яхшиланиб бораётгани, амалга оширилаётган ишлар кўлами кенглигини қайд этган вилоят раҳбари маҳалла аҳли, тадбиркорларнинг саъй-ҳаракатлари ва маблағлари ҳисобига ҳашар йўли билан барпо этилган янги нуронийлар маскани маҳаллага янада кўрк бағишлашини таъкидлади.

Кўплаб соҳаларда эл-юртга танилган инсонлар етишиб чиққан “Бешбола” маҳалласи келажакда нафақат вилоятда, балки республикада ҳам энг намунали маҳаллалардан бирига айланишига тилак билдирилди. Шунингдек, Бешбола билан Қувасой чегарасидан ўтган Исфайрамсой ҳудудида туризм маркази ташкил этиш режалаштирилаётгани, бу лойиҳа маҳалланинг янада ривожланишида муҳим омил бўлиши алоҳида таъкид­ланди.

Маҳалла ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган бир гуруҳ аёллар ҳамда 100 ёшни қаршилаган онахонлар вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда совғалари билан тақдирланди.

Эл суйган санъаткорлар Зулайҳо Бойхонова ва Абдуҳошим Исмоиловнинг мусиқий чиқишлари эса тадбирга кўтаринки кайфият бағишлади.

Шерзод ҚОРАБОЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − eight =