Абдулла Қодирий — миллат ойдини

Дарҳақиқат, адиб шахсияти биз учун ибрат мактаби. Унинг асарларида тарихимизнинг оғриқли кунлари акс этган. Бугун биз миллат сифатида янада юксалишимиз учун ҳам унинг ижодини тинмай ўрганишимиз керак, унинг издошларини тарбиялашимиз зарур. Шунда юртимизнинг қаддини ҳеч ким бука олмайди, халқимизнинг қадри ҳамиша баланд бўлаверади.

Шу боис юртимизда кейинги йилларда Абдулла Қодирий ижодини кенг тарғиб қилиш, адиб номини абадийлаштириш бўйича кўплаб хайрли ишлар қилиняпти. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва юксак эътибори туфайли Абдулла Қодирий ижод мактаби, мемориал ва уй-музейлари ташкил этилди, Адиблар хиёбонида адиб ҳайкали қад кўтарди. Ушбу ёдгорлик Тошкент давлат техника университетига бириктирилди. Университет жамоаси адиб ижодини кенг тарғиб қилиш бўйича хайрли ишларни бажариб келяпти.

Бу йил Абдулла Қодирий таваллудига 130 йил тўлди. Сана муносабати билан юртимизда кўплаб тадбирлар, кечалар бўлиб ўтмоқда. Хусусан, куни кеча Шайхонтоҳур тумани “Самарқанд дарвоза” маҳалласи Термиз тор кўчаси 35-уйда жойлашган Абдулла Қодирий уй-музейида университет, музей ҳамда ижод мактаби жамоалари ташаббуси билан “Ўтмишга айланмаган “Ўткан кунлар” номли адабий-маърифий кеча ташкил этилди.

Тадбирни Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробжонов очди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Нурали Қобил, Зуҳриддин Исомиддинов, Узоқбой Жўрақулов, Абдулла Қодирий набираси, уй-музейи директори Хондамир Қодирий сўзга чиқиб, адиб ҳаёти ва ижодига оид қимматли маълумотларни тақдим қилди.

Шунингдек, кечада Ўзбекистон давлат рус академик драма театри актёрлари ижросида Абдулла Қодирийнинг “Улоқда” асаридан саҳна кўриниши ва Абдулла Қодирий ижод мактаби ўқувчилари ижросида “Қатағон” спектаклидан парча намойиш этилди. Кўпайсин Деҳқонов, Миллий чолғу ашулачилар ансамбли, Республика мусиқа ва санъат коллежи ўқувчилари ижросида мумтоз куй ва рақслар намойиш қилинди. Актриса Рухшона Абдуллаева ижросида “Зайнаб ноласи”, университет талабаси Дилдора Қурбонова ижросида “Кумуш ноласи” қўшиқлари, актёр Достон Бобохонов ижросида “Ўткан кунлар” романидан Юсуфбек ҳожи монологи” намойиш этилди.

Кечада Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи илк марта араб тилига ўгирилиб, Мисрда “Ўткан кунлар: Туркистондаги аччиқ севги қиссаси” номи остида тақдим этилгани ҳақида маълумот берилди.

— Яқинда “Ўткан кунлар” романининг Қоҳирада бўлиб ўтган тақдимотида қатнашдим, — деди Хондамир Қодирий. — Асар таниқли таржимонлар Айн-Шамс ва Луксор университети профессори Муҳаммад ал-Жибали томонидан араб тилига ўгирилди. Таржимада асарнинг эски ўзбек ёзувидаги илк нусхасидан ҳамда рус ва инг­лиз тилларидаги таржималаридан фойдаланилди. Тақдимотда Мисрдаги бутун университет ва институт вакиллари келди. Олий ўқув юртлари кутубхоналарига китоб тақдим қилинди. Улар Мисрдаги талабаларига китобни ўқитишмоқчи экан. Айни пайтда ушбу таржима Саудия Арабистонида ҳам нашр қилиниш арафасида. Яқинда музейга Корея элчихонаси вакиллари келишди. Улар “Ўткан кунлар” романини корейс тилига ўгиришмоқчи. Ижодий алоқалар олиб боряпмиз.

Тадбир давомида Адҳам Раҳматуллаев бошчилигидаги “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари томонидан кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги бўйича маҳорат дарслари намойиш этилди. Меҳмонларга эҳсон дастурхони ёзилди. Марҳум адиб хотирасига Қуръон тиловат қилинди.

Фозил ФАРҲОД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − eight =