Эркин Воҳидов дарахти

Бу мактаб боғида ҳар бир ўқувчининг ўз дарахти бор. Муҳаммад дарахти, Севара дарахти… Улар ўз дарахтини йил бўйи парваришлайдилар. Лекин мактаб ҳовлисида яна бир дарахт борки, у барча ўқувчиларга тегишли. Уни мактаб жамоаси ўзларининг хос дарахтидек эъзозлашади. Бу дарахт Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ўтқазган ниҳолдир. Кўкка бўй чўзган азим дарахтнинг шундоқ ёнига “Эркин Воҳидов эккан шумтол” деган лавҳа ўрнатиб қўйилган.

Биз мактаб директори Мухторжон Султоновдан бу қадрли дарахтнинг тарихини сўраб-суриштирамиз.

— Юринг, хонамга кирайлик. Мактабимиз тарихи ҳақида альбом тутганмиз. Унда барча воқеа-ҳодисалар қисқача ёзиб қўйилган, – деди у.

Ёстиқдай келадиган альбомни варақлаймиз. Унинг бешинчими-олтинчи саҳифасида анчагина униқиб қолган сурат кўзга ташланади. Суратда севимли шоиримиз Эркин Воҳидов ниҳол учун қазилган чуқурга тупроқ тортмоқда. Суратнинг остига қисқагина тагёзув битилган: “1981 йил Наврўз байрами арафасида бизнинг Сайхунобод туманидаги 11-умумтаълим мактабига севимли шоиримиз Эркин Воҳидов ташриф буюрди. У киши мактабимиз директори Абдураим Ўлжабоев билан боғимизга шумтол кўчати ўтқаздилар”.

Кейин мактаб залида катта мушоира бўлиб ўтибди. Ўшанда тадбирда қатнаш­ган ўқувчилардан икки нафари айни пайтда мактабда ўқитувчилик қилишаркан.

— Кечагидек эсимда, – деди Шоира Шомуродова. — Ўша кезлар Эркин аканинг ижоди тўлишган палла экан, шекилли, бирин-кетин ёддан шеърлар ўқий бошладилар. Айниқса, менга “Гўзаллик” деган шеъри жуда ёққан эди. Майин овозда ўқилган шеър ҳали-ҳамон қулоғим тагида жаранглагандай бўлаверади:

 

Мулки борлиқ ичра бир маҳал

Кўрксизгина олам яралган.

Бермоқ учун дунёга сайқал

Олам аро одам яралган.

Шундан бери инсон тинмайин

Шу ер узра тер тўкар ҳамон.

Ерни гўзал қилгани сайин

Гўзал бўлар ўзи ҳам инсон…

 

Ҳозиргача ана шу сатрларни давраларда ўқиб юришни канда қилмайман.

— Эркин ака биз, ўқувчиларни кўпроқ китоб мутолаа қилишга чорладилар, – деди Муқаддасхон Раҳмонова. — Сўнг­­ра миллий адабиётимизда муносиб баҳосини олган “Камтарлик ҳақида”, “Пўлат”, “Йўқ, ҳаловат истамайман”, “Ўлка” каби шеърларини ўқиб, барчамизни мафтун қилгандилар.

Ўзбекистон Қахрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ўтқазган шумтол дарахти бу йил 43 ёшга тўлди. Бу бир нав­қирон йигитнинг умри. Дарахт кўкка бўй чўзиб, ёз ойларида майин шаббодада барглари худди улуғ шоиримиз каби маҳзун овозда шеър ўқигандай таассурот уйғотади кишида. Ўтган йили дарахт ёнида мўъжазгина кўркам айвон қад ростлади. Саҳннинг четларига ўриндиқлар ўрнатилди. Бу айвонга ўқувчилар “Назм бўстони”, дея ном қўйиб олишган. Ўқув йили давомида мазкур айвонда мунтазам равишда шеърхонликлар ўтказиб турилади.

— Бу йил баҳорда мактабимиз боғига “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида 144 туп мевали ва манзарали кўчатлар, 1500 туп мирзатерак қаламчалари қададик, – деди Мухтор Султонов. — Аввал эккан мевали дарахтларимизнинг бир қисми шиғил ҳосилга кирди. Ҳамкасбларимиз боғимизга Эркин аканинг машҳур мазкур сатрларини ёзиб қўйиш таклифини берди.

 

Сендан фарзандингга боғ қолсин,

                                                        эй дўст,

Боғинг Ватан деган ном олсин,

                                                 эй дўст…

 

Мактабда ҳар ойда шоир ўтқазган дарахт ёнидаги айвонда Эркин Воҳидов шеърияти бўйича адабий кеча ўтказилади. Унда ўқувчилар ҳассос шоиримизнинг шеърларини тўлиб-тошиб ўқийдилар. Бадиий ижодга қизиққан ўғил-қизлар ўз битикларини тенгдошларига пешкаш қилишади. Адабиёт ўқитувчилари эса ҳаваскор қаламкашларнинг шеър ва ҳикояларига баҳо беришади. Ғолиблар қаҳрамон шоиримизнинг китоблари билан сийланади.

Ҳа, ўлкамизда улуғларимиз ўтқазган дарахтлар бисёр. Фақат уларни сайхунободлик устозлар каби эъзоз­лаб, ёш авлоднинг маънавияти ва маърифатини ўстиришга хизмат қилдирсак, қад­риятларимиз сони яна биттага кўпаяди.

Муҳаммадали АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Суратларда: Эркин Воҳидов мактаб боғига кўчат ўтқазмоқда; шоир эккан дарахт кўкка бўй чўзган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − one =