У бугун 10 ёшда, лекин чемпион!

Қадим-қадимдан қаҳрамонлар ҳақида эртаклар, афсона ва ривоятлар тўқилган. Элларда, тилларда машҳур бўлган эртак қаҳрамонларига ҳамма ҳавас қилган. Ёшлар улардек бўлишга интилган…
…Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, жисмоний тарбия ва спорт соҳасига қаратилаётган эътибор Янги Ўзбекистон келажагини юксалтириш, миллат генофондини янада соғломлаштиришга қаратилган, десак, муболаға бўлмайди.
Ҳозирги кунга келиб эртак қаҳрамонлари гўё эртаклардан чиқиб, ҳаётий қаҳрамонларга айланиб улгурди. Дунёда дўстлик элчиси бўлмиш спорт шиддат билан ривожланиб миллатлар, элатларни бир-бири билан оға-ини, дўст-биродар бўлишларига, мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Спортчиларнинг кўрсатган натижалари ва ўрнатган рекордлари тилларда достон бўлиб бормоқда. Ҳар бир миллат ўзининг чемпион фарзандлари билан фахрланмоқда, улар эса Ватани номини дунёга янада машҳур қилмоқдалар.
Айниқса, спортнинг яккакураш турларига қизиқувчилар сони жуда кўп. Каратэ WKF бўйича мунтазам шуғулланиб, профессионал спортчи бўлиш истагидагилар сони ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда.
Таъкидлаш керакки, каратэ WKF дунёнинг энг нуфузли спорт мусобақалари ҳисобланган Олимпиада ва Осиё ўйинлари дастурларига киритилган. Ушбу спорт тури бўйича ҳам мамлакатимизда маҳоратли спортчилар етишиб чиқмоқда ва улар юқори ўринларни эгаллашмоқда.
Ана шундай ёш, умидли спортчилардан бири, эндигина 10 ёшда бўлишига қарамай, кўплаб республика ҳамда нуфузли мусобақалар ғолиби бўлган Алиризо Шуҳратовдир. 2015 йилда Тошкент шаҳрида туғилган бўлажак чемпион ҳозирда Яккасарой туманидаги 91-мактабда ўқийди. 3 ёшидан бошлаб каратэнинг WKF тури билан шуғулланиб келади. У “Билол каратэ” клубининг тарбияланувчиси. Устози юртимизнинг машҳур каратэчиларидан бири, каратэ WKF бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, қора белбоғ соҳиби Ворисхон Зайниддинов.
— Ёшлар ўртасидаги мусобақаларни кузатган пайтларимда Алиризо қолган тенгдошларидан кўра истеъдодлироқ эканига гувоҳ бўлдим ва шундан сўнг бу йигит билан алоҳида машғулотлар олиб боришга ва уни янада ўз устида кўпроқ ишлаб, тажриба орттиришига ҳаракат қилиб келмоқдаман. У ёш бўлишига қарамасдан жуда ҳам тиришқоқ ва меҳнатсевар. Ҳар бир машғулотга жиддий ёндашади. Оила аъзоларининг кўмаги, айниқса, унга яхши спортчи бўлиб етишишида муҳим роль ўйнамоқда. Умид қиламанки, келажакда Алиризо ҳам устозлари каби дунё ареналарини забт этиб, Ватанимиз байроғини кўкларга кўтаришдан чекинмайди, фақат ва фақат ғалаба билан келади, – деди устози Ворисхон Зайниддинов.
10 ёшли спортчи каратэнинг WKF тури бўйича ўтказилган бир қатор республика ҳамда халқаро мусобақалар ғолиби. Жумладан: “Keles open” халқаро турнири (Қозоғистон), “Li da metal technology-cup 2022” (Ўзбекистон), “International karate championship UMID OPEN” (Ўзбекистон), “Кубок деда мороза-2021” (Ўзбекистон), “XV International karate-do tournament BISHKEK OPEN 2023” (Қирғизистон), “Legion club birinchiligi” (Ўзбекистон) мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллаган бўлса, яқинда, шу йилнинг 4-5 май кунлари Канаданинг Монреаль шаҳрида ўтказилган “Kanada international open” халқаро мусобақасида Ватанимиздан якка ўзи иштирок этиб, тенгқур ёш тоифаси бўйича биринчи ўринни эгаллаб келгани ҳам алоҳида эътирофга лойиқ.
Устозининг айтишича, Алиризо ҳозирда яна бир нуфузли мусобақага тайёргарлик кўрмоқда. Мазкур мусобақа жорий йилнинг август ойида АҚШнинг Орландо штатида бўлиб ўтади. Ишонамиз, у мазкур мамлакатда ҳам Ватанимиз байроғини баландларга кўтаради.
— Спортга кириб келишимда дадамнинг ҳиссаси катта. Айнан шу инсон мени илк бор каратэ залига олиб келган ва ҳозиргача қўллаб–қувватлаб, ҳар томонлама кўмак бериб келмоқда. Агар дадам менга бундай шароитлар яратиб бермаганларида бугунги ютуқларимга, ғалабаларимга эришмаган бўлардим. Каратэ орқали дунёнинг кўплаб давлатларида бўлдим ва у ерда кўплаб дўстлар орттирдим. Бу ҳам менинг энг яхши ютуқларимдан бири. Хорижлик дўстларим билан доим гаплашиб тураман. Тўғри, улар билан жанг майдонида рақибмиз, аммо ҳаётда эса дўстмиз, – деди Алиризо худди катталардек кенг фикрлаб.
Ҳаваси келади одамнинг…
Биз ёш спортчининг отасини ҳам суҳбатга тортдик. Табиатан камтарин, камсуқум Дилмурод аканинг 4 қизи ва бир ўғли бор экан. “Энг яхши сармоя бу фарзандга тикилган сармоядир”, дейди у мен билан суҳбатида.
— Ўғлим ҳар сафар халқаро мусобақаларда ғолиб бўлиб, юртимиз мадҳияси янграганида беихтиёр кўзимга ёш келади. Баданларим жимирлаб кетади. Ишонасизми, шундай пайтда Ўзбекистонда туғилганимдан, шу она юртнинг бир ўғлони сифатида фахрланаман. Қолаверса, ўғлим нафақат отасининг балки устозларининг, она Ватаннинг шаънини ҳимоя қилаётганидан ғурурланаман, – деди Дилмурод ака. — Муҳтарам Президентимиз томонидан ёшларга, айниқса, спортга яратиб берилаётган имконият ва шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда биз ҳам бор эътиборимизни машғулотларга қаратиб, мураббийларнинг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда тинимсиз шуғулланиб келмоқдамиз. Умуман эринмайман. Мен ҳам ўғлим билан машғулотларга бораман. Кузатаман. Камчиликлари бўлса, устида биргаликда ишлаймиз. Ўғлимнинг энг олий мақсадим битта – Олимпиада ўйинлари ва Жаҳон чемпионатларида ғолиб бўлиш ва она юртимизга сидқидилдан хизмат қилиш.
Халқимизда “Бўладиган бола бошидан” деган гап бор. Кўз тегмасин, Алиризо Шуҳратовда иқтидор бор, спортга қизиқиш, меҳр катта. Энг муҳими, фарзандининг ана шу қобилиятини кўриб қўллаб-қувватлаётган ота-онаси унинг учун жонфидо.
Шундай экан, эндигина 10 ёшга тўлаётган йигитчанинг келажаги ҳам олдинда. Катта-катта муваффақиятлар, ютуқлар, медаллар… Фақат бунинг учун тинимсиз меҳнат, изланиш, чиниқиш, машқ ва тобланиш талаб этилади. Алиризо билан суҳбатлашиб, спортнинг машаққатли довонларидан у секин-аста ошиб ўта олишига шубҳа қилмадик.
Албатта, у ҳали ёш ниҳол. Уни парваришлаб, бақувват, шамоллару довулларга бардошли қилиб ўстириш учун вақт ва эътибор керак. Ёш чемпионнинг отаси Дилмурод Раҳимов фарзанди учун жамики зарур шароит ва имкониятларни яратиб бермоқчи.
– Ўғлим Ўзбекистонимиз байроғини жаҳон спорт шоҳсупаларида баланд кўтариб туришини, эл-юртимизни дунёга янада танитишда ўз ҳиссасини қўшишини истайман, – деди у.
Эзгу ниятлар ижобат бўлсин, келажагинг ёруғ ва омадли бўлсин, Алиризо – ёш дўстим!
Ислом АСИЛБЕКОВ.