Жамият “қаҳрамонлари”

Бугунги кунда кўча-кўйда, бозорларда, метро кириш-чиқиш қисмларида, умуман олганда, одамлар гавжум ҳудудларда тиланчилар, ногиронлиги бўлган шахслар ёки муҳтожларга беихтиёр кўзимиз тушади. Уларга ачиниш кўзи билан қараймиз. Афсуски, уларнинг сони тобора кўпайиб бораётганга ўхшайди. Бу жамиятимизнинг маълум қатлами камбағаллашиб бораётганидан далолатми ёки пул ишлашнинг осонгина усулимикан?! Менимча, ҳунар ўрганишлари учун шароитлар яратиб берилса рад этишмаса керак. Ахир уларнинг аксариятининг қўлидан иш келади. Бироқ, улар ростдан ҳам ишга муҳтож бўлса, нега мутасадди ташкилотлар бунга бефарқ бўлиб қолмоқда… 

Яқинда кўчада кетаётиб бир ҳолатга гувоҳ бўлдим. 8-9 ёшлар чамаси ака-сингиллар метрога кириш зиналари четки қисмида “Онам касал, дориларига пул керак. Ёрдам қилинглар…” дея бот-бот так­рорлар эдилар. Ўтган-қайтганлар кўнгилларидан чиқариб пул ташлаб кетишарди. Яна бир ҳолат. Метро вагони ичига бир ёш бола кирди. Қўлида биз билган ўша нам салфеткалар эди. “Ёрдам қилинг­лар. Салфетка олинглар” деб қўлидагиларни сотишга ҳаракат қилар, атрофдагилар беш, ўн минг сўм эвазига уларни харид қилишар эди. Уларни суҳбатга тортишга ҳаракат қилсак-да, бироқ аниқ бир жавоб беришмас, ерга қараааб турган кўйи сўзларини такрорлаб туришарди.

Энди ўйлаб кўринг. Бу ёшгина болаларнинг муҳтожликда кун кечиришига (ким? нега?) нима сабаб бўлмоқда? Ҳойнаҳой, баъзилари мактаб ёшига етган бўлса-да, ҳали мактабга чиқишмаган. Уларнинг сони тобора ортаётгани эса дилни хира қилади. Мен бундай ҳолатларнинг баъзиларини келтириб ўтдим. Ҳали пойтахтимизнинг “Бек Барака” ва “Абу Сахий” бозорларини боғловчи ер ости йўлидаги ҳолат ҳақида-ку сўз очмадик…

Мутасадди ташкилотлардан бу ҳолат одатий тусга кириб қолмасидан олдини олишларини, чуқурроқ ўрганишларини, жамиятимизнинг ривожланиши таъминланишига янада ҳисса қўшишларини сўраб қолган бўлар эдик.

Севара ҚАЙИМОВА,

ЎзДЖТУ халқаро журналистика факултети

биринчи босқич талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 2 =