Ёшларга чин дўст керак

Маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилганлиги уларнинг мурожаатларини ҳудуднинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда. Ҳозирда маҳаллаларда фаолият олиб бораётган етакчилар ўзларининг ташаббус­лари ва лидерлик қобилиятлари билан ёшларни бир мақсад йўлида жипс­лаштириш учун бор имкониятларини ишга соляптилар.

Жумладан, Наманган шаҳридаги Амир Темур номли маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Довудхон Сулаймонов ҳам ўз фаолиятига янгича усулда фидойилик билан ёндашаётган вакиллардан бири.

Ҳозирда мазкур маҳаллада 2597 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шулардан 30 ёшгача бўлганлар 1359 нафар бўлиб, унда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 577 нафарни ташкил этади. 2023 йилда маҳаллада ёшлар етакчиси томонидан ўз ваколати доирасида самарали ишлар амалга оширилди. Хусусан, ижтимоий ёрдамга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган “Ёшлар дафтари”даги 6 нафар оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Олий таълим муассасаларида ўқиётган икки нафар талабанинг контракт пули тўлаб берилган бўлса, уч нафар ўспиринга фуқаролик паспорти олишига кўмаклашилди.

Бундан ташқари, ёшларнинг мурожаатлари бўйича даволаниш давомидаги жарроҳлик амалиёти учун харажатларининг бир қисми қаноатлантирилди. Шунингдек, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва спорт турларини оммалаштириш доирасида ўтказилаётган “Беш ташаббус” олимпиада мусобақасида ўтган йили спортнинг кураш тури бўйича 90 кг вазн тоифасида қатнашган Билолхон Содиқов шаҳар босқичида биринчи ўринни эгаллаб, вилоят мусобақасида ҳам муносиб иштирок этди.

Бу каби ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда. Жумладан, маҳаллада жойлашган 22-мактабда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида кечки вақтда спортнинг волейбол ва стол тенниси турлари бўйича ўйинлар ташкил этилиб, режа асосида давом эттирилмоқда. Оғир тоифадаги ёшлар тарбияси бў­йича ҳам амалий ишларга киришилган. Жумладан, шу тоифага киритилган ёшлардан Иброҳим Қодировнинг даромадини ошириш мақсадида икки бош қўй, Фатҳиддин Маҳмудовнинг қизиқишидан келиб чиқиб, унга 20 дона товуқ олиб берилди.

Ҳудудда 141 нафар оталиққа олинган ёшлар бор. Улар билан ҳам алоҳида назорат ишлари йўлга қў­йилган бўлиб, тарбиявий-ахлоқий суҳбатлар олиб борилади. Маҳаллага бириктирилган ИИО ФМБ ТҚХТҚКБ бошлиғи Музаффар Маҳмудов билан хонадонларга кириб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилиб, ечимларини биргаликда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, ҳозирда чет элга ишлаш учун кетган ёшлар билан онлайн мулоқотлар ташкил этилиб, уларнинг оилавий ва бандлик масалалари билан яқиндан танишилмоқда. Улар учун шаҳримиздаги мавжуд иш ўринлари таклиф этилмоқда.

Маҳалла ёшлар етакчиси Довудхон Сулаймонов вазифасига жонкуярлиги ва тиришқоқлиги туфайли 2023 йили “Энг намунали ёшлар етакчиси” деб топилиб, шаҳар ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Умуман олганда, маҳаллаларда ёшлар етакчилари ўз ваколатлари доирасида бор куч ва имкониятларини ишга солиб, жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилмоқда. Давлатимиз томонидан улар юрт келажагини таъминловчи катта куч, мамлакатнинг стратегик ресурси сифатида қаралмоқда. Бугун юксак билимли, теран фикрлайдиган, ўзининг қатъий позициясига эга бўлган ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб боришига шак-шубҳа йўқ.

Аҳрор ЗОКИРОВ,

“Наманган садоси” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + sixteen =