Яшил табиат — соғлом ҳаёт тимсоли
Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг энг муҳим вазифаларидан бири инсон ҳаёт сифати ва фаровонлигини оширишдан иборат бўлиб, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланди. Бунга эришиш учун аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлашни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Аҳоли ҳаёт сифати — умумлаштирувчи ижтимоий-иқтисодий категория бўлиб, нафақат моддий неъматлар ва хизматларни истеъмол қилиш даражасини ошириш, маънавий эҳтиёжларни қондириш, саломатлик, умр кўриш давомийлигини таъминлаш, атроф-муҳит экологик шароитларини ўз ичига олади. Ўзбекистонда аҳоли ҳаёти сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар қаторида мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни таъкидлаб ўтиш керак.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги фармони билан тасдиқланган “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси”, Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида татбиқ этилиши белгиланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси дастурларида атроф-муҳит объектларини (ҳаво, сув, ер, тупроқ, ер қаъри, биохилмахиллик, қўриқланадиган табиий ҳудудлар) инсон таъсири ҳамда бошқа салбий таъсир қилувчи омиллардан сақлаш ва сифатини таъминлаш ҳамда саноат ишлаб чиқариши, урбанизация кўлами кескин кенгайиши ва аҳоли пунктларига тушаётган экологик юкни камайтириш механизмларини такомиллаштириш режалари ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда.
Инсон нега бу қадар яшилликка интилади? Тириклик учун яшил оламнинг аҳамияти нимада? Келинг, бу саволга жавоб бериш учун қуйидаги маълумотларга эътибор қаратайлик: катта ёшдаги дарахт бир мавсумда йил бўйи ўн киши истеъмол қиладиган миқдорда кислород ишлаб чиқаради. Бир гектар дарахтзор бир кунда 220-280 килограмм карбонат ангидрид ютади ва 180-220 килограмм кислород беради. Дарахтзорлар ҳаводаги чанг миқдорини камайтиради ва шовқинни пасайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Манзарали дарахт экилган боғда ярим соатлик сайр қилиш бир неча турдаги дори воситалари ўрнини босади.
Кучли санитар сифатида дарахт ва буталарнинг яшил юзаси ис газини ютиб, инсон ҳаёти учун зарур бўлган кислород чиқаради. Дарахтлар ҳам барча тирик мавжудотлар каби ўзига хос қувват манбаига эга. Чунки инсон дарахтлардан таралаётган ифордан баҳраманд бўлиб, кайфияти кўтарилади. Хуллас, дарахт инсоннинг тўлақонли яшаши учун муҳим ҳаётий аҳамиятга эга ва табиатга, инсонга бемисл наф келтиради, ҳаёт давомийлигини таъминлайди. Шу боис, ота-боболаримиз дарахтнинг сояси жонга, меваси танга дармон, дея эъзозлайди. Бирни кессанг, ўнни эк, дея табиатни асрашга, яратувчиликка даъват этади.
2021 йил куз мавсумида бошланган “Яшил макон” лойиҳаси ва “долзарб 40 кунлик” тадбири натижалари бўйича мамлакат миқёсида миллионлаб дона дарахт ва бута кўчатлари экилди. Кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари жараёнида кўплаб янги ташаббус ва ҳаракатлар бўй кўрсатди. Бу халқимизнинг азалий қадриятларга садоқати, табиатга бўлган меҳр-муҳаббати ифодасидир. Хусусан, республикамиз бўйича барча маҳаллаларда “каштан кўчаси”, “эман кўчаси”, “чинор кўчаси” ва бошқа турдаги намунавий кўчалар ташкил этилиб, мингдан ортиқ манзарали ва мевали кўчат экилди.
Хусусан, Фарғона вилоятида ҳам ушбу амалий ишларнинг давоми сезиларли даражада ўсиб бормоқда. 2023 йилда “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасида вилоятда жами 16,7 млн дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экилиб, режа 104,9 фоизга бажарилди. Шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан 11,2 гектар ер майдонига 13,54 минг туп манзарали ва мевали кўчатлар экилиб, “Ҳокимлик боғлари”, 34,6 гектар ер майдонига 13,46 минг туп кўчатлар экилиб, 12 та шаҳар ва туманларда 21 та “Яшил боғ”лар барпо этилди, 26 та саноат корхонаси атрофида 150 минг дона кўчат экилди.
Вилоятимизда 2024 йилда 15,2 млн дона (шундан, баҳор мавсумида 9,5 млн дона ва куз мавсумида 5,7 млн дона) кўчат экилиши режалаштирилган. Шаҳар ва туманларда “Яшил жамоат парклари”, “Ҳокимлик боғлари” барпо этиш ҳам кўзда тутилган бўлиб, бу борада сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, мавсум давомида 27 км суғориш тизими, 19 та сув чиқариш қудуқлари ўрнатиш ва 7 дона махсус техника харид қилиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий этилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида юртимиздаги олий таълим муассасалари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, Фарғона политехника институтида амалий ишлар изчил ташкил қилинмоқда. Институтга туташ махсус ажратилган ҳудудларда “Яшил майдонлар” бунёд этиляпти. Таълим муассасаси томонидан 2024 йил февраль-март ойларида лойиҳа асосида жами 3 минг 429 туп манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари ўтқазилди.
Институтда илк бор “Ректорлар боғи” ҳам ташкил этилиб, ушбу боғга Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов бошчилигида 40 дан зиёд олий таълим муассасаси раҳбарлари манзарали кўчатлар экишди. Таълим муассасасида йил давомида яна миллионлаб манзарали дарахтлар экилиши ва бу билан экологик тоза ҳудуд барпо этилиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси — бу бир йиллик тадбир эмас”. Дарҳақиқат, яшаб турган жойимизни озода сақлаб, биздан кейинги авлод ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши учун бугун биз табиатга меҳр ва эътибор берсак, келажак авлод ҳам биздан миннатдор бўлади. Бунинг учун биз ер ва сув ресурсларини, экологик тизимни асрашимиз ҳамда дарахт кўчатларини экиб, боғ яратишимиз зарурдир.
Абдумажид САЛИМОВ,
Фарғона политехника институти
молиявий-иқтисодий ишлар бўйича проректори.