Мозийдан сўзловчи маскан

Одамзод ўз келажагига қанчалик қизиқса, ўтмишга ҳам шунчалик ҳайрат ва иштиёқ ила мурожаат қилади. Зеро, мозий қатларида қолиб кетган ҳар бир воқеа-ҳодисани ўз тасаввуримизда жонлантиришга уринамиз. Тарихда йўл қўйилган хатолар, эришилган муваффақиятлардан хулосалар чиқариб, келажак сари дадил қадам ташлаймиз. Ўтмиш кўзгуси сифатида инсонни тарбиялашга хизмат қилувчи масканлар — музейлар ана шунинг учун ҳам қадрлидир.

Бугунги кунда Фарғона вилоятида ўндан ортиқ музей ва уй-музейлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар орасида отахон муассаса — Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи мукаммал лойиҳа асосида қурилгани, экспонатлар сони ва сифати, ташриф буюрувчилар кўплиги, ноёб топилмалари асносида ажралиб туради.

Мазкур музей 1895-1896 йилларда ташкил этилган. Дастлаб маҳаллий аҳоли ва фидойи инсонлар ташаббуси билан қадимий ашёлар коллекцияси яратилган. Ўша даврда экспонатлар сони 2 мингтани ташкил қилган бўлса, йиллар давомида музей фонди ҳар жиҳатдан бо­йитиб борилган. Ҳозир музейда 100 мингдан ортиқ экспонатлар мавжуд.

— Музейимиз водийда ягона ҳисобланади. Ҳар йили 1,5-2 минг нафар хорижий сайёҳлар, шунингдек, республикамиз вилоят-туманларидан қизиқувчилар ташриф буюришади. Ке­йинги даврда музейларга эътибор ошишига монанд равишда келувчилар сони ҳам ортиб бормоқда, — дейди музей директори Хайрулло Зокиров. — Экспонатлар сифатига, уларни бойитиб боришга, замонавий технологияларни жорий қилишга эътибор қаратганмиз. Мисол учун, бугунги кунда еттита тилда “сўзловчи” 30 та аудиогид яратдик, экспонатлар ҳақида батафсил маълумот берувчи электрон иловалар, масофадан танишиб бориш учун махсус веб-сайт, 3D форматидаги электрон кўргазмалар халқимиз хизматида. Шунинг­дек, “Фарғона: кеча ва бугун” деб номланган янги галереяни ташкил қилдик.

Ўтган йили Фарғона туманидан топилган қадимий тош кели жамоатчилик ўртасида шов-шувга сабаб бўлди. Музей мутасаддилари дарҳол тарихчи-археологлар, олимлар билан топилмани ўрганишга киришишди ва унинг беш минг йиллик тарихга эгалигини исботлашди.

Музей бўлимларининг ҳар бири, улардаги ноёб буюм ва ашёлар ҳайратга сабаб бўла олади. Эрамиздан аввалги 1-минг йилликка оид бронза қозон, 150-200 минг йиллик тарих қаъридан сўзловчи тош қуроллар, ўша давр­­да аждодларимиз томонидан тошга ўйиб ишланган ҳайвон суратлари, юртимизнинг олис ва яқин ўтмишидан сўзловчи экспонатлар, миллий ҳунармандчилик намуналари шулар жумласидан. Айниқса, ўзбек матбуотига тамал тоши қўйилишида алоҳида ўрин тутган Фарғона журналистикаси, жадидларнинг чиқишлари акс этган дастлабки газета ва журналларнинг нусхалари, газетачилик ашёлари, мақолаларда баён қилинган ўша даврга хос долзарб муаммолар билан танишиш кишига завқ бағишлайди.

— Бизда мавжуд қадимги қўлёзмалар, фотонегативларни ўрганиш борасида ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Бу худди игна билан қудуқ қазишга ўхшайди. Баъзи топилмаларни изчил ўрганиб, эксперт-олимлар билан кенгашиб, хулоса қилиш учун йиллаб вақт талаб этилади, — дейди музей директорининг ўринбосари Элёржон Раҳимов. — Вилоят ҳокимлиги томонидан музейни капитал таъмирлаш учун 4 миллиард сўм ажратилгани барчамизни қувонтирди. Кўплаб лойиҳалар, инновацион ёндашувларни амалга ошириш, ишни янгича ташкил қилишда бу бизга куч беради. Эътиборлиси, айни кунларда Шоҳимардон тарихи ва табиати музейи (собиқ Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий мемориал музейи)да ҳам капитал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.

Бугун қўшни ва хорижий республикалардаги ҳамкасблари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келаётган мазкур музей ходимлари ишига тасанно айтгинг келади.

Шерзод ҚОРАБОЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =