Ўзбек миллий рақс санъати: Янгиланаётган таълим ва истиқболли лойиҳалар

Мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини ҳамда янги жамият асосларини барпо этишнинг энг муҳим таркибий қисми — маънавият ва маърифат, маданият ва санъат соҳасида шахсни мунтазам камол топтириш борасида узлуксиз иш олиб бориш ва бундай тарбиявий тизим марказида халқимизнинг азалий қадриятларига садоқат руҳини шакллантириш устувор масалага айланди. Мустақилликни мустаҳкамлаш, интеграция ва глобаллашув жараёнида маданий мерос ҳақидаги тарих ҳақиқатлари юзага чиқмоқда. Ёшлар эртанги кунига ишонч билан яшаши, миллий маданият муҳитида ўзини эркин ҳис қилиши учун Ватан тарихини, улуғ алломалардан қолган маданий меросни билиши шарт. Ўзбек халқининг қадимий маданияти жуда бой анъаналарга эга. У ўз илдизлари билан узоқ асрлар тарихига туташган.

Истиқлол шарофати билан тарих ҳақиқатлари тикланди. Маданий мерос — ота маконнинг шонли ўтмиши, миллат ва халқнинг ҳаёт фалсафасидир. Буюк ипак йўли устида жойлашган Ўзбекистонимиз қадим замонлардан буён Шарқ билан Ғарб халқлари ўртасида савдо ва маданий алоқалар равнақида муҳим аҳамият касб этган.

Муҳтарам Президентимиз ўтган йили 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида “Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими?” деган долзарб саволни кун тартибига қўйди. Дарҳақиқат, тафаккури юксак, қалби маънавият ва маърифат нурлари билан ёғдуланган ёшлар фақат яратувчиликка, яшнатувчиликка, бунёдкорликка интилади. Санъат эса инсон қалбида эзгулик ва гўзаллик туйғуларини уйғотади, жамият воқеликлари ва ҳаёт мазмунини чуқурроқ англашга ўргатади.

Маълумингизки, кўп асрлик бой анъаналарга эга бўлган ўзбек миллий рақс санъати ўзининг миллий қадриятлар билан уйғунлашган чуқур мазмундорлиги, ҳаракат ва ҳолатларнинг нафис­лиги, нозиклиги, ички кечинмалар ҳамда гўзал ҳис-туйғуларга бойлиги, шарқона фазилатлар замирида юзага келганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Ҳозирги даврда дунё янгиланмоқда. Ўзбекистон давлат хореография академиясининг Марказий Осиёдаги энг яқин ҳамкори Қозоғистон Республикаси Жумабек Ташенев номли университетдир. Ўтган 2023 йилда мазкур университет билан учта халқаро илмий-амалий анжуман, иккита халқаро илмий семинар, иккита олимпиада, ўндан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Хусусан, иккала олий ўқув юртининг ташаббуси билан Қозоғистон халқи Ассамблеяси, Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмаларининг “Дўстлик” ҳамжамияти ҳамкорлигида 2023 йил 18 ноябрь куни Чимкент шаҳрида “Илм-фан, таълим ва санъат интеграцияси: истиқболли режалар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ва анжуман доирасида Ўзбекистон халқ артисти, профессор Гавҳар Матёқубова номидаги халқаро рақс кўрик-танлови ўтказилди. Илмий анжуманда Ўзбекистон давлат хореография академияси проректори, профессор Н.Қосимов, “Санъат назарияси ва тарихи” кафедраси мудири, доцент в. б. Ш.Умаров ҳамда санъатшунослик йўналиши талабалари С.Исматова, Р.Карамова, З.Ўроқов, Р.Ҳожиев, Ж.Мирсолиев, Ш.Қодировлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Ўзбекистон халқ артисти, Америка Қўшма штатларидаги Евроосиё рақс академиясининг академиги, профессор Гавҳар Матёқубова номидаги халқаро рақс кўрик-танловида ЎзДХА хореография йўналиши кундузги бўлим талабаси Ислом Ҳайдаров, сиртқи бўлим талабалари Дилноза Мавлонова, Дилноза Артиқовалар ўзларининг жозибали рақслари билан томошабинларнинг муҳаббати ва эътирофига сазовор бўлишди. Халқаро танловнинг Гран-при соврини Ж.Ташенев номли университетнинг 1-курс талабаси Д.Атажоновага, 1-ўрин ЎзДХА Урганч филиали 2-курс талабаси Р.Сапаевага насиб қилди. Халқаро анжуман якунида ғолиблар “Алғыс хати”, фестиваль статуэткалари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Илмий анжуман доирасида китоблар кўргазмаси ва конференция илмий тўпламининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Тўпламдан ЎзДХА профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг мақолалари ўрин олган.

Ўзбекистон давлат хореография академиясида амалга оширилаётган “Мусиқа ва санъат ўқув муассасалари учун “Болалар рақслари” фанидан интерактив ўқув-методик қўлланмалар яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа доирасида 2023 йилнинг январь ва ноябрь ойларида Аградаги Ж.Сити коллежи, Деҳли шаҳридаги Жавоҳарлаъл Неру, Мирзо Ғолиб университетлари билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ва Ҳиндис­тон: янги илмий-маданий алоқалар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда санъат ва маданият тарихи, миллий рақс, ҳинд-ўзбек халқлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, янги алоқалар ўрнатиш каби мавзулар кўтарилди. Конференция материаллари инглиз ва ҳинд тилларида чоп этилди. Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубованинг ҳинд ва инглиз тилларида чоп этилган “Хоразм “Лазги” рақсининг тарихи”, Ҳ.Ҳамроеванинг “Ўзбек болалар фольклор рақслари: анъанавийлик ва замонавийлик” номли монографиясининг тақдимоти ўтказилди. Монография Нью-Деҳли университети илмий кенгашининг қарори билан нашрга тавсия этилган. Уларни инглиз тилига А.Аллаёров, ҳинд тилига доктор Шаменаз таржима қилган. Профессор Ҳ.Ҳамроева Ж.Неру университети ҳамда Жамия миллий исломия университети талабалари учун ўзбек тилидан маҳорат дарси ўтди, ўзбек ва ҳинд халқлари маданиятининг муштарак жиҳатлари ҳақида маъруза қилди. Конференция, ижодий учрашувлар ва китоб тақдимотлари Ҳиндистон матбуотида кенг ёритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 февралдаги “Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари маданият ва санъат тараққиётида ўзига хос тарихий воқеа бўлди ва хореография таълимида асосий дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Айни қарорлар асосида Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби негизида давлат олий таълим муассасаси шаклида Маданият вазирлиги тизимида Ўзбекис­тон давлат хореография академияси ҳамда хореография мактаби негизида Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди. Бухоро, Қарши, Наманган ва Урганч шаҳарларида Академия ҳузурида ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатлари иш бошлади. Ўқув жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида, академияга янги бино ажратилиб, бу ерда талабаларнинг ижод қилиши ва қулай шароитларда яшаши учун барча имкониятлар яратилди.

Хореография таълим тизимини такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлашга бўлган эҳтиёжни тўла қамраб олиш, янги авлод дарс­ликларини ҳамда миллий рақс санъати соҳасида “Устоз-шогирд” анъаналарига асосланган рақс мактабларини яратиш, халқаро стандартларга мувофиқ юқори малакали мутахассислар ва кадрларни тайёрлаш, илмий тадқиқотларни жадал ривожлантириш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу мақсадларга эришиш учун ўқитишнинг замонавий ва илғор услубларидан кенг фойдаланиш, ўқувчилар иқтидорини ҳар томонлама ривожлантириш таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни тат­биқ этиш ҳамда илмий тадқиқотлар натижалари бўйича маънавий-маърифий ва илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш бугунги куннинг муҳим масалалари саналади.

2021-2023 йилларда академияда “Мусиқа ва санъат ўқув муассасалари учун “Болалар рақслари” фанидан интерактив ўқув-методик қўлланмалар яратиш” мавзусида амалий ло­йиҳа амалга оширилди. Лойиҳа доирасида “Ўзбек болалар рақслари, рақс либослари ва тақинчоқлари номларининг ўзбекча-русча-инглизча-французча қисқача изоҳли луғати”, “Ўзбек болалар фольклор рақслари” номли китоб-альбом, 7 та илмий мақолалар тўплами, 2 та моног­рафия, 193 та илмий мақола эълон қилинди, 5 та дастурий маҳсулот яратилди ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигидан гувоҳнома олинди. “Ўзбек болалар фольк­лор рақслари” ўқув қўлланмасида (муаллифлар Ҳ.Ҳамроева, Ш.Тохтасимов) биринчи марта 35 та болалар рақсларининг хореографик тавсифи яратилди. Шунингдек, Туркия, Россия, Миср, Ҳиндистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Индонезия, Таиланд давлатларининг ТОП мингталикка кирган нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда халқаро илмий-амалий конференциялар ўтказилди, анжуман материалларининг илмий тўплами нашр қилинди. Болалар фольклор рақсларини тўплаш мақсадида Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд, Сирдарё вилоятларига илмий экспедициялар уюштирилди. Мазкур анжуманлар ва илмий экспедицияларда талабалар ҳам фаол иштирок этди. Амалга оширилаётган илмий тадқиқотларни, “Маҳорат дарслари”ни, хориждаги ўзбек болалар рақс марказлари билан ҳамкорликни кенг кўламда тарғиб қилиш мақсадида лойиҳанинг расмий веб-сайти ҳамда телег­рам канали яратилди. Лойиҳа раҳбари, филология фанлари доктори (DSc) Ҳ.Ҳамроеванинг “Ўзбек болалар фольклор рақс санъати: анъанавийлик ва замонавийлик” номли монографияси Индонезияда индонез ва инглиз, Ҳиндистонда ҳинд ва инглиз тилларида чоп этилди.

Шунингдек, “Хореография санъати орқали имконияти чекланган болаларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилган мультимедиа маҳсулотини яратиш” мавзусидаги иккинчи ло­йиҳа (раҳбари Ш.Худойназарова) доирасида республикамиздаги инклюзив таълим мактабларида амалий машғулотлар, ўқув семинарлар ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Оммавий ахборот воситаларида имконияти чекланган болаларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишда рақс санъатининг ўрни мавзусида чиқиш­лар қилинди. 93 та илмий мақола, “Инклюзив таълимда хореография” номли ўқув-услубий қўлланма нашр этилди.

Бакалавриат таълим йўналишларида “Хорео­г­­­­­­ра­фия жамоалари раҳбари”, “Хореограф-педагог”, “Балетмейстер-режиссёр”, “Замонавий рақс” ҳамда “Санъатшунослик (хореография)” бўйича олий маълумотли мутахассислар тайёрланади. 2023 — 2024 ўқув йилидан олий таълимдан кейинги таълим учун “Рақс санъати” ихтисос­лиги бўйича академияда докторантура очилди.

Ўзбекистон давлат хореография академияси ташкил этилганининг биринчи кунлариданоқ, унинг олдидаги асосий вазифалардан бири — хореография санъати соҳасида халқаро алмашувни янада кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Хореография таълими соҳасидаги халқаро тажрибани ўзлаштириш, инновацион услуб­ларни жорий этиш, ўқитувчилар малакасини замонавий талабларга мос даражада ошириш мақсадида, Ўзбекистон давлат хореография академияси Россия Федерациясининг Москва шаҳридаги давлат хореография академияси, Санкт-Петербург шаҳридаги А.Я.Ваганова номидаги Рус балет академияси, шунингдек, Астана шаҳридаги Қозоғистон миллий хореография академияси, Хитойдаги Пекин хореография академияси билан илмий-маданий-маърифий алоқаларимиз мустаҳкамланиб бормоқда. Ҳамкорлик шартномаларида Ўзбекистон давлат хореография академиясининг профессор-ўқитувчилари малакасини ошириш ҳамда стажировкага юбориш, хореография соҳасида мутахассислар алмашувини ташкил этиш, қўшма ижодий лойиҳаларни амалга ошириш, бирга илмий-амалий конференциялар ташкил этиш каби бир қатор муҳим вазифалар белгиланган. Академия профессор-ўқитувчилари томонидан 2023 йилда 5 та ўқув қўлланма, 10 дан ортиқ монография, 263 та илмий мақола эълон қилинди. Шулардан халқаро журналларда 27 та, юқори “impact factor” (“Web of Science”, “Scopus”) журналларида 7 та мақоланинг чоп этилиши илмий салоҳиятнинг кучайиши учун муҳим аҳамият касб этади.

Сўнгги беш йил мобайнида академиянинг йигирмадан ортиқ ёш ўқитувчилари Москва давлат хореография академиясида ўз малакаларини ошириб, назарий билим ва амалий тажрибаларини бойитиб келдилар. Шунингдек, мазкур олий даргоҳда ҳар йили ташкил этиладиган “Хореография таълими ва балет санъати ривожланишининг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференцияларда академиямиз профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар ва талабалар иштирок этиб келишмоқда.

Академиямизнинг иқтидорли талабалари миллий рақс санъатини хорижий мамлакатларда катта муваффақият билан намойиш этмоқдалар. Москва, Санкт-Петербург, Сочи, Астрахань, Уфа, Астана, Олмаота, Душанбе, Чимкент каби шаҳарларда ўтказилган нуфузли халқаро фестиваль ва кўрик-танловларда иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллашди. “Замонавий рақс” йўналиши талабалари Тоҳиржон Аббосов, Сергей Казинлар Қозоғистонда ўтказилган халқаро рақслар танловида олий ўринларни эгаллашди. “Хореография жамоалари раҳбари” таълим йўналиши 4-курс талабаси Элчин Юсуповнинг 2023–2024 ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясига, 3-курс талабамиз Рухшона Расулованинг Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлганлиги илм масканимиз учун қувончли натижа, албатта.

Таъкидлаш жоизки, академиямиз талабалари учун хорижий мамлакатлардан келган рақс усталари, моҳир хореограф-педагоглар билан ижодий учрашувлар ташкил этиш ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Ёшларимиз келажакда миллий рақс санъати ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб, ўзбек санъатини янги ижодий ютуқлар, илмий тадқиқотлар билан бойитиб, янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий фидойилари бўлиб камол топсинлар!

Шуҳрат ТОХТАСИМОВ,

Ўзбекистон давлат хореография

академияси ректори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × one =