Адолат мезони устувор бўлиши шарт!

Мамлакатимизда кейинги йилларда барча соҳаларда сезиларли ислоҳотлар амалга оширилаётгани сир эмас. Жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар, янгиланишлар соҳада туб бурилишларнинг рўёбга чиқишига замин яратди, десак, асло муболаға бўлмайди.

Айтиш керакки, бундан 8-9 йил аввалги даврни эслайдиган бўлсак, қайсики иш судга келиб тушадиган бўлса, очиғи, аксарият ҳолларда ўша “дело”, албатта, айби исбот қилинган ёки қилинмаган бўлса ҳам, шаксиз жазо чораси қўлланишига судларнинг ўзи мажбур эди. Чунки ҳатто адолат ва ҳақиқат мезонини ҳал қиладиган, оқни-оқ, қорани-қора дейдиган тизим ҳам кимларнингдир “қош-қовоғи”га қарашга маҳкумлиги ғоят ачинарли ҳол эди, албатта. Шу боис  одамларнинг судларга ишончи сўниб бўлган, бу маҳкамада деярли оқлов ҳукмлари чиқарилмас эди.

Ҳамма нарсага вақт ҳакам бўлганидек, Президент Шавкат Мирзиёев Давлатимиз раҳбари этиб сайланганидан кейин Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида мисли кўрилмаган ислоҳотларга юз тутди. Айрим “нозик” идораларнинг судларга аралашувига чек қўйилди. Бу эса биринчи навбатда адолат мезонининг судлар фаолиятида бош мезон бўлишига имкон берди.

Шу йилнинг 10 июнь куни Президентимизнинг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Ушбу муҳим ҳужжатга кўра инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини “Инсон қадри учун” тамо­йили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида аввало шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, одамларнинг ҳуқуқ тизимларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Фармонда ҳамон суд-тергов амалиётида инсон ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш кафолатларининг етарлича таъминланмаганлиги, бу борада самарали механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлиги, шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқлари суд орқали ишончли таъминланиши чораларини кучайтириш зарурати мавжудлиги таъкидланди. Шунга кўра 2025 йил 1 январдан бош­лаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар-тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши  тартибини жорий этиш, жиноят ишлари бўйича туман-шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш ва бошқа тегишли масалалар жорий қилинган ҳолда суд вакилларининг жавобгарлиги янада оширилди.

Демак, бошқа ҳуқуқ идоралари билан бир қаторда, судлар фаолияти янада такомиллаштирилаётгани, биринчи навбатда ҳар бир суд вакилида инсон ҳақ-ҳуқуқини поймол қилишга йўл қўймаслик масъулиятини оширган ҳолда, жиноятга жазо муқаррарлигини холисона ва қонунда белгиланган тартибда кўриш масъулияти ҳам оширилмоқда. Зеро, инсон эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқини олий қадрият сифатида билиш – давр талаби.

А.ОМОНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судининг раиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + 12 =