Мулк дахлсизлиги — давлат ҳимоясида

Ўз уй-жойига эга бўлиш мустақил ҳаётга қадам қўйган ҳар бир ёш оиланинг орзуси ҳисобланади. Қадим-қадимдан ўзбек оиласида ўғил фарзанд туғилса, келажакда унга иморат қилишни ният қилиб, 20-30 туп терак экилиши ҳам гўзал одатларимиздан бўлган.
Мустақиллик йилларида аҳолини уй-жой билан таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, охирги етти йил мобайнида бу борада оламшумул натижаларга эришилмоқда. Жумладан, ўтган йили янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига уй-жой ҳуқуқига алоқадор алоҳида бандлар киритилиб, кўчмас мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 47-моддасида шундай белгиланган:
“Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади”.
Мазкур модда билан уй-жой мулкдорларига нисбатан икки турдаги муҳим конституциявий кафолат белгиланган. Яъни, суд кафолати ва уй-жой учун компенсация олиш кафолати.
Бунда суд кафолати деганда, уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқидан суд қарорисиз маҳрум этилишига йўл қўйилмаслиги назарда тутилади. Мазкур тартиб мулкдор ҳар қандай ҳолатда ҳам асоссиз равишда уй-жойидан маҳрум этилмаслигини кафолатлайди.
Уй-жой учун компенсация олиш кафолати эса мулкдорнинг иқтисодий манфаатлари ҳимоясига йўналтирилганлиги билан эътиборга молик. Мазкур норма қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорнинг шу уй-жой ва унга етказилган зарар учун тенг қийматда компенсация олишини кафолатлайди.
Хўш, тенг қийматда компенсация олиш нима дегани? Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 206-моддасига мувофиқ мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг қимматли мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида берилиши ва у кўрган бошқа зарарлари тўланиши ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда қопланиши белгиланган.
Судлар томонидан ўтган даврда мулкдорларга етказилган зарар учун 34 млрд. 586 млн. сўм компенсация ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарорлари билан 60 дан ортиқ мулкдорларнинг ҳуқуқлари тикланган.
Ўтган йили янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига уй-жой ҳуқуқига алоқадор алоҳида бандлар киритилиши уй-жой мулкдори ҳуқуқларини кафолатли таъминлашга, уй-жойларнинг ноқонуний олиб қўйилиши билан боғлиқ низоли ҳолатларнинг олдини олишга, суд ҳимоясини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Х. ИБРАГИМХОДЖАЕВ,
Жиноят ишлари бўйича
Учкўприк туман судининг судьяси.