“Беозор” муштумзўрлар
қилмишига яраша жазога тортилди
Инсон ўзини ўзи тарбияламас экан, уни четдан туриб тарбиялашга уриниш эски, ҳилвираб қолган деворни янгидан сувоқ қилишдай гап. Бир аксириш қуввати йўқ. Фрейд таълимотига суянсак, ген бирламчи, тарбия иккиламчи тамойилдир. Одамнинг руҳий тажовузкорлиги турфа жиноятларнинг негизида ҳақиқий кўриниш ҳосил қилгани каби шахснинг шахсиятпарастликка қуллиги унинг “мен”ида чуқур илдиз отади. “Қулларнинг тарихи бўлмайди”, деган гап бор. Демак, инсоннинг таназзули унинг шахсининг емирилишида яққол гавдаланади.
Нима демоқчимиз? Айтайлик, бир одам уч ёки ундан кўп марта судланиб, такрор-такрор жиноятлар содир этиб, атрофдагиларнинг, айнан ўз оиласи ва маҳалладошларининг ор-ғурурини тупроққа қормоқда. У содир этган жинояти учун яна тиканли сим ортига йўл олиши мумкин, аммо унга “уқтирилган” тарбиявий соатлар таъсири тўғридаги нишонни орқа тарафдан излаётган меров мерган ҳолати каби мазмун-моҳиятини йўқотмайдими? Менимча, тарбияда ҳам тартиб ва интизом мезони бўлиши, тўғрироғи, англатиш туйғуси ўзак-ядрога айланиши лозим. Нега дейсизми? Муқаддам судланганларга нисбатан доимий назорат ўрнатилган. Аммо жиноят таҳлилига назар ташласак, жиноятларнинг асосий иштирокчилари муқаддам судланганлар бўлиб чиқмоқда.
Жавоҳир Ж. хавфли рецидивист бўлгани ҳолда такроран судланиб ҳам ўзига хулоса чиқармади. Тўғрироғи, безорилик ҳунарини ташламади. 2023 йилнинг 12 сентябрь куни соат 23:10 ларда Қарши туманидаги “Керайит” маҳалласи ҳудудида жойлашган “НУРБЕК АВТО ТРАНС” МЧЖга қарашли меҳмонхона ресторанига бир нечта танишлари билан биргаликда келиб, олдиндан жиноий тил бириктирган ҳолда эски ҳунарини такрорлашга уринди. Меҳмонхона ресторанида мижозларга хизмат кўрсатувчи ошпаз Аҳмаджон Р.ни ҳеч бир сабабсиз туйқусдан дўппослашга тушди. Шериклари уни жиловлаш ўрнига бирга қўшилиб, ошпазга мушт тушира кетишди. Калтаклар зарбидан ошпаз мувозанатини йўқотиб, деворга урилди. Ресторан иш юритувчиси И.Тўйевнинг таниши И.Чориев ҳам муштлашувдан бенасиб қолмади. Унинг жағига ҳам мушт тушириб, тан жароҳати етказишди. Бунга ҳам қаноат қилмаган муштумзўрлар ошпаз Аҳмаджоннинг танобини тортиб қўйиш учун яна уни дўппослаб, безорилик жиноятини қасддан содир этишди.
Жиноятга жазо муқаррар. Аммо судланувчи ўз айбига иқрор бўлмай, адвокати орқали вилоят судига кассацион шикоят билан мурожаат қилиб, енгил жазо беришни сўради. Аммо кассация инстанцияси суди ҳимоячи-адвокат Х.Хидировнинг шикоятидаги: “Жавоҳир Ж.га нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо турига алмаштириш” ҳақидаги важларини асосли деб топмади. Унга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.
Яна бир муштумзўрлардан бири Шоҳруҳ Э. 2023 йил 2 сентябрь куни соат 22:45 ларда Деҳқонобод тумани, “Аэродром” маҳалласи ҳудудида жойлашган жамоат назорат маскани олдида маст ҳолда беўхшов қилиқ кўрсатди. Аввалига жангга кирмоқчи хоқондек баланд овозда бўкирди, бу ҳам етмагандай, оғзидан ҳақоратли сўзлар чиқа бошлади. Уни тартибга чақирган туман ИИБ ХПБ профилактика инспектори Аҳрор Ёқубовга фаол қаршилик кўрсатди. А.Ёқубовнинг юз қисмига мушт тушириб, унга енгил тан жароҳати етказди. Можаро устига етиб келган “Аэродром” маҳалла фуқаролар йиғини раиси У.Б.нинг ҳам юзига шапалоқ тортиб, мушт билан “сийлади”.
Кайф устида жамоат жойида ўзгаларнинг обрўсини тўкиб, хурмача қилиқлар қилган безори судда ҳам айбини тан олгиси келмади. Суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти берди. Бироқ унинг шикояти қаноатлантирилмай, суд ҳукми асл ҳолича қолдирилди.
Ўйламай қилинган иш ҳамиша кишига панд бериши муқаррар. Ўзганинг соғлиғига путур етказганини тан олгиси келмай, ўзини мусичадек беозор тутиб, жазодан қутулиб қолмоқчи бўлганлар адашади. Қонун ҳимоячилари жиноят ишларини холис кўриб чиқиб, муштумзўрлар қилмишига яраша жазоланишини, мамлакатимизда доимо адолат тантана қилишини таъминлайдилар.
Ҳамид БОБОҚУЛОВ,
Қашқадарё вилоят судининг
жиноят ишлари бўйича
судьяси.