Рўйи замин сайқали таассуротлари

Мустақил диёримиз тарихий шаҳарлари дунё аҳолисининг қизиқишини тобора оширмоқда. Азим ва боқий Самарқанд ҳам келиб, кўриш шарт бўлган дунёдаги 50 та шаҳарлардан бири сифатида эътироф этилган. Баайни, юртимизда туризм салоҳиятини ошириш, ички ва ташқи туризм саёҳатини ташкил этишга  етарлича имкон яратилмоқда. Биргина Самарқанд мисолида ушбу қадим шаҳарга ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилаётгани ҳамда хизмат кўрсатиш олдингиларга нисбатан яхшиланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.

Жорий йилнинг 20-21 июнь кунлари Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими ташаббуси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳомийлигида вилоятимизнинг бир гуруҳ журналистлари, ахборот хизмати вакиллари Самарқандда икки кунлик медиа-тур саёҳатида бўлишди.

Медиа-тур давомида иштирокчилар Самарқанднинг такрорланмас тарихи, меъморий маданий мерос обидалари билан яқиндан танишиш мақсадида Мирзо Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Регистон ансамбли (Шердор, Тиллакори, Мирзо Улуғбек мадрасалари)га ташриф буюришди.

— Гўзаллик инсонга завқ бағишлайди. Самарқанднинг бетакрор мадрасаю мақбаралари, сўлим хиёбонлари, қолаверса, шаҳар кўчалари бизни ўзига ром этди, – деди Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Ўткир Матқурбонов. — Медиа­тур саёҳати учун бежиз Самарқандни танламадик. Ушбу саёҳат воҳа журналистларига турли мавзуларда мақолалар ва телекўрсатувлар тайёрлашга замин яратади деб ўйлаймиз.

Дарҳақиқат, Хўжа Дониёр зиёратгоҳидаги ер қаъридан табиий отилиб чиқаётган чашма саё­ҳатчилар диққатини тортган бўлса, Регистон майдонининг гўзаллиги, бу ердаги бетакрор тарихий обидалар ҳайрат ва иштиёқни янада оширди.

— Самарқандга олдин бир маротаба келган эдим. Бу сафар икки кун давомида шунга амин бўлдимки, Шарқ гавҳари ҳисобланган очиқ осмон остидаги музей шаҳар — Хивани бир ҳафтада айланиб бўлмаганидек, боқий Самарқандни ҳам икки кун мобайнида айланиб чиқиш мушкул экан,  – деди ижтимоий тармоқларда “Ҳазораспликлар” канали масъули Давронбек Раҳмонов. — Бу ердан тезкор лавҳалар тайёрлаб, кузатувчиларимиз учун қизиқарли тарихий маълумотларни жойладим.

Шунингдек, хоразмлик журналист-ижодкорлар Самарқанд вилояти Матбуот уйида ҳам бўлдилар. Иштирокчилар дастлаб бу ерда вилоят таҳририятлари фаолияти, ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишишди. “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд” газеталари ижодий ходимлари билан ўзаро мулоқотда бўлишди.

Сўнгра Самарқанд матбуоти тарихи музе­йини кўздан кечириб, маскандаги экспонатлар ҳақида қизиқарли маълумотлар олишди. Шу ернинг ўзида “Журналист ижодий мулоқотда тобланади” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

— Газета олдинги сафда бўлмаса, маънавият оқсоқланади. Одамларни ўқитиш ҳам муаммолигича қолаверади. Босма нашрлар фаолияти қўллаб-қувватлансагина, нашрлар анча яхшиланади, – деди суҳбат чоғида Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев. — Бунинг учун, аввало, ижтимоий муҳит яратилиши керак. Газетамиз вилоятимизнинг юзи ҳисобланади.

Вилоят матбуот марказидаги Самарқанд ва Хоразм вилояти ижодкорларининг ўзаро фикр ва тажриба алмашувларидан сўнг, шаҳарга оқшом тушган маҳал замонавий лойиҳалар асосида барпо этилган “Samarkand city” мажмуаси сайр қилинди. Европа ва Хитой андозалари уйғунлашган мажмуада журналистлар ҳунарманд­чилик маҳсулотлари, сув транспорти саёҳати, экологик боғларни томоша қилишди.

Анъанавий касб байрами арафасидаги медиа-тур кўтаринки руҳ бағишлади.

Дилмурод МАШАРИПОВ,

“Хива тонги” газетаси мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − five =