Адабий дўстлик — абадий дўстлик

Олмаотанинг оромбахш сўз хиёбонида…

Марказий Осиё заминида минг йиллик азим чинор ва бақувват бойтерак бўлиб бирга униб-ўсиб келаётган ўзбек ва қозоқ халқлари муштарак тарихга, мураккаб, шарафли тақдирга эгадирлар. Мамлакатларимизнинг ўзаро манфаатли муносабатлари минтақамизда вужудга келган мутлақо янги сиёсий муҳит шароитида фаол ривожланяпти. Оташнафас шоиримиз лутф этганидек, “дўст дўстнинг эътиқоди, иймони, саодат боғининг боғбони, кашф этиб қўйган улуғ имкони, асраган арслони, кулса гар хандони” ҳисобланади. 1998 йилнинг 31 октябрида кучга кирган Абадий дўстлик шартномаси янгиланаётган мустақил Ўзбекистон ва янгиланаётган Қозоғистон томонидан мустаҳкамланиб бормоқда. Икки халқнинг адабий дўстлиги ҳам асрлар синовидан мардона ўтган абадий бирдамликка айланиб кетди.

Қардош Қозоғистонга сафарга отланар эканмиз, жаҳон мумтоз адабиётининг буюк даҳоларидан бирига, ғазал мулкининг султонига айланган Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сатрлари ёдга тушди:

Олибмен тахти фармонимға осон,

Черик чекмай Хитодин то Хуросон.

Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,

Муайян турк улуси худ менингдур.

Бизларнинг адабий муштараклигимиз Лутфий ва Навоий давридан анча аввал, яъни Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Сайфи Саройи, Сўппосли Сипира жиров замонларидан бошланган. Йигирманчи асрда ўзбек-қозоқ адабий алоқалари савия жиҳатидан янада янги босқичга кўтарилди. Бу борада Исҳоқхон Ибрат билан Жамбул Жабаев, Абдулла Авлоний билан Жусупбек Аймаутов, Абдулла Қодирий билан Аҳмад Бойтурсунов, Абдурауф Фитрат билан Сакен Сайфуллин, Абдулҳамид Чўлпон билан Илёс Жонсуғуров, Ҳамза билан Султонмаҳмуд Тўрайғиров, Ойбек билан Мухтор Авезов, Ғафур Ғулом билан Собит Муқонов, Абдулла Қаҳҳор билан Ғабит Мусрепов, Зулфия билан Фариза Ўнғорсинова, Одил Ёқубов билан Илёс Есенберлин, Носир Фозилов билан Абдижамил Нурпеисов, Эркин Воҳидов билан Жўбон Мўлдағалиев, Абдулла Орипов билан Ўлжас Сулаймонов ва бошқа ўнлаб адибларимиз ўрталаридаги биродарлик ришталари муҳим аҳамият касб этган эди.

Улар даъваткор сўзлари, дурдона асарлари билан иккала халқ адабиётлари хазинасини бойитдилар, бир қанчаларининг гўзал асарлари жаҳон адабиёти саҳифаларидан ўрин олди. Бугун ўзбек адабиёти ҳам, қозоқ адабиёти ҳам жадал равнақ топмоқда. Иккала халқ адибларининг дўстона ҳамкорлиги эса янада кенг қулоч ёзмоқда.

2025 йилнинг апрель ойида ижодий сафар билан қардош Қозоғистон диёрига отландик. Нега айнан апрелда? Бунинг ўзига яраша тарихи бор. Менда навқирон чоғимдан қизиқ китоб кўрсам, имкон бўлса, ўн-ўн бешта харид қилиб, дўстларимга тарқатиш одати бор. 1997 йили “Маънавият” нашриёти Ўзбекистон халқ шоири Асқад Мухторнинг “Тундалик”ларини 10 минг нусхада, таниқли адиб Носир Фозиловнинг “Мунаввар лаҳзалар” китобини 5 минг нусхада чоп этди. Икки китобдан ҳам йигирма нусхадан олиб Дўрмон ижод уйида тарқатдим.

Шундан кейин Носир ака мени ёнига чақириб: “Нега бойваччалик қилиб юрибсан, шоир? Нима бало, янги боймисан?” деб дўқ урди. Мен индамасдан паспортимни узатдим. Кўзойнагини тақиб, исмимни ўқиди-да, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. “Майли, янги бой экансан, хоҳлаганингча тарқатавер китобларимни. Айтганча, болам, тўғрисини айтсам, “Мунаввар лаҳзалар”дан ўзимда бир дона ҳам қолмабди. Иккита топиб бергин!” деди. Топиб бердим. Бу ишим устозга мойдек ёқди.

Бора-бора Носир оға билан иккимиз бир-биримизнинг фикрларимизни сўзсиз уқадиган бўлдик. Бир гал Дўрмон ижод уйида ёшлар билан суҳбатлашаётганларида: “Сизда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” унвони бор. Театрга бирор алоқангиз борми?” деб сўрашди. Устоз қувлик билан: “Бу саволга шогирдим Янгибой Қўчқоров жавоб беради!” деб юборди.

Мен ҳам бўш келмадим: “Азизлар! Устозим Носир Фозиловнинг театрга тўғридан-тўғри алоқаси бор. Чунки у қозоқ драматургларидан Мухтор Авезовнинг “Абай”, Қолтой Муҳаммаджоновнинг “Биз фариштамизми?”, Тахави Ахтановнинг “Ичкуёв”, Олтинчоч Жаганованинг “Ҳазрати аёл”, Шакен Аймановнинг “Бой — эл фарзанди”, Дулат Исабековнинг “Бир ҳайкал можароси” драмаларини таржима қилиб, театрлар саҳнасига жўнатди”, дедим.

Бу гапга йиғилганларнинг ҳаммаси қарсак чалиб юборди. Бундан янада руҳланиб: “Устоз бизнинг қорақалпоқ адабиёти ривожи учун ҳам енг шимариб меҳнат қилдилар. Хусусан, 1957 йилда бирданига беш қорақалпоқ адибининг қисса ва ҳикояларини алоҳида китоблар қилиб чиқарган. Устоз қозоқ адабиётидан 31 та асар таржима қилган. Етуклик палласига келганида ёш қорақалпоқ адибларининг сатирик қиссаларини меҳр билан ўгирдилар. Ҳаммага манзур бўлган “Танка” фильми ҳам устознинг қўллаб-қувватлаши орқали дунёга келди. Ўз китоблари ҳозирча 36 та. Бошқа тилларга таржима қилинган китоблари 14 та. Таржималари 43 та. Ҳаммасини қўшсангиз, 83 та китоб бўлади. У киши икки марта Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби”, — дедим. Ўшанда адибнинг мамнун жилмайиб қўйгани кечагидек кўз олдимда турибди.

2017 йилнинг охирги кунларида устоз Носир Фозиловнинг тоби қочиб қолди. У 2-ҳукумат шифохонасининг терапия бўлимига жойлашди. Адибнинг турмуш ўртоғи Муборак янга доим ёнида. Ўғли Хондамир, келини Маҳбубахон, неваралари Озодбек ва Маржона бир кунда икки-уч марта хабар олишади. Бир борганимда устоз: “Олмаотага, Абдижамил Нурпеисовнинг олдига бориб келасан. “Сенг” (“Музкўчки”) романини таржима қилмасанг бўлмайди. Кўп кундан буён ошқозоним таом қабул қилмаяпти. Тошкент билан Туркистоннинг тупроғи бир. Шуни ён дафтарчангга ёзиб қўй. Тузалсам, апрелда Олмаотага борамиз. 13 апрель туғилган кунида Собит оғанинг уй-музейида бўламиз. Ўша айиқ териси устида ўтириб, устознинг руҳи учун оят ўқиймиз. 18 апрель куни Кенгсойга бориб, қабрини зиёрат қиламиз. Беш кун Олмаотада, беш кун Туркистонда бўламиз. Буни ҳам ён дафтарингга ёзиб қўй!” деди. Кейин “Сен қишлоғингга қайтавер. Ҳожибека қизимга, икки ўғил, икки келинимга, невараларимга салом айт. Худо хоҳласа, дийдорлашармиз!” деб маъюс хайрлашдилар.

Бу устоз билан сўнгги кўришувимиз бўлиб, дийдор қиёматга қолган экан. 2018 йилнинг 13 январь куни кечқурун шоир оғам Абдунаби Бойқўзиев уйимга қўнғироқ қилиб, Носир оқсоқол оламдан ўтганини хабар қилди. Кўз ўнгим қоронғилашиб кетди, бошимни чангаллаб қолдим. Ўзимга келганимдан сўнг “Алвидо, ўзбегимнинг қозоғи, қирғизи, қорақалпоғи…” номли дардли мақола ёздим.

…Шу йилнинг 17 апрель кунги учрашувимизда унга китобларимиздан тортиқ қилдик. Улуғ шоир, Қозоғистон Қаҳрамони Ўлжас Сулаймоновга аталган китобларимизни Мереке оғанинг шахсан ўзи устозга етказиб берадиган бўлди. Раис Қозоғистонда давлат томонидан адибларга берилаётган эътибор, ёш истеъдодларга ғамхўрлик, жойларда ёзувчиларга яратилаётган шарт-шароитлар тўғрисида гапириб берди. Биз ўз навбатимизда қозоқ адабиётидан қилаётган таржималаримизни янада кенгайтириш борасидаги режаларимиз билан ўртоқлашдик. “Туркий адабиёт дурдоналари” юз жилдлигининг қозоқ шеъриятига бағишланган 79-жилдини нашрга тайёрлаганимиз, сўзбоши ёзганимизни эшитиб, биродаримиз жуда хурсанд бўлдилар.

Ёзувчи ҳам Яратганнинг бандаси. Ҳамма қатори у ҳам нон ва сувга эҳтиёжманд. Аммо у ҳаммасидан аввал қадр сўрайди. 1945 йилнинг сентябрида Олмаотада, Абай юбилейида сўзга чиққан академик шоиримиз Ғафур Ғулом буюк оқиннинг:

Ким айтар: ёмон бўлдим, йўлдан қайтдим?

Қозоққа ширин-ширин ўлан айтдим.

Ўланда ҳеч ким менга тенг келмади,

Лекин қадрим тополмай, йиғлайман жим.

деган дардли сатрларини ўқиган ва: “Абай — чинакам ҳурматга арзигулик алп шоир. Унинг ўланлари қозоқ саҳросидай бепоён, Олатовнинг атлас қирларидай жимжимадор, Чингизтоғ шаршараларидай суронли, Қозиғурт қояларидай баланддир”, деб таъриф берганлар.

Юқорида айтганимдек, Қозоғистон Ёзувчилар иттифоқи Олмаотанинг Аблайхон кўчасидаги муҳташам бинода жойлашган. Иттифоқ тўроғасининг кабинети бинонинг иккинчи қаватида. Бу хонада Ойбек ва Ғабит Мусрепов, Ғафур Ғулом ва Собит Муқонов, Уйғун ва Муҳаммаджон Қоратоев, Сарвар Азимов ва Жўбон Мўлдоғалиевлар дилдан суҳбат қуришган.

Ҳашаматли бинонинг биринчи қаватига кириб, ўнгга бурилсангиз, “Жулдиз” журнали таҳририятига борасиз. Журнал 1922 йилдан буён чоп этилмоқда. Турли йилларда “Янги адабиёт”, “Адабиёт майдони”, “Адабиёт ва санъат” номлари билан чиққан. 1957 йилдан буён ҳозирги номда ўқувчиларга етиб бормоқда. 1972 йилда журналнинг адади 180 минг нусхага етган. Илк бош муҳаррири атоқли жадид ёзувчиси Сакен Сайфуллин эди. Дастлабки даврда журналга оқсоқол адиблардан Ғабиден Мустафин, Тахави Ахтанов, кейинги йилларда Б.Тилегенов, М.Мағауин, У.Есдавлет раҳбарлик қилишди. Айни кунда Даурен Қуат бош муҳаррир лавозимида ишламоқда.

— Журналимизнинг жорий йилги илк сони ҳозирги замон қозоқ адабиётининг забардаст вакилларидан Илёс Есенберлин ва Қодир Мирза Алиларнинг таваллуд саналарига бағишланди, — дейди журнал ходимаси Зубайда Сахий қизи. — Улкан адибимиз Анвар Алимжоновнинг И.Есенберлин адабий мероси ҳақидаги фикрлари ўқувчиларни лоқайд қолдирмайди. Шеърият рукнида Қодир Мирза Алининг “Ўз тарихин ўзига бер халқнинг” номли туркумини эълон қилдик. Шунингдек, саксон ёшнинг эшигини қоққан атоқли шоир Жуматой Жақипбоевнинг янги шеърларида лиризм кучли. Биз бу сонда Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раевнинг бир неча бақувват ҳикояларини бердик. Сиз келтирган “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналларининг сонлари учун биродаримиз Сирожиддин Рауфга миннатдорчилигимизни етказинг. Кейинги сонларимиздан ўзбек адибларининг асарлари ҳам муносиб ўрин олади!

Абай ворислари бугун бахтли турмуш шарбатидан сармастлар. Тушлик чоғи китобхон дўстимиз, пешқадам тадбиркор Муратбой Ўтениёзов бир пиёла чойга таклиф қилди. Қўй гўштидан тайёрланган бешбармоқ еб, ота-боболаримиз анъаналари асосида тайёрланган қимиз ичдик. Таом ва қимиз солинган идишларнинг барчаси ўн тўққизинчи асрга хос. Официант йигит ва қизлар ҳам хушбичим миллий либослар кийишган. Қурмонғозининг дилтортар куйлари енгил янграб, никель чойнакка дамланган чойнинг тагида чўғлар милтираб турибди.

Шу куни ҳамиша жаҳон адибларининг ҳавасини келтирадиган адабиёт хиёбони — Муқон Тўлебоев кўчасига бордик. Олмаота метрополитенининг “Абай” бекатидан чиқсангиз, шундоқ олдингиздан Муқон Тўлебоевнинг ҳайкали ва икки томони муҳташам турар-жойлардан, ўртаси гулзор билан ўралган йўлакдан иборат кўча келади. Ҳайкал кўчанинг охирида ўрнатилган. Чунки ундан сўл томондаги хонадонда 1951-1961 йилларда нафақат қозоқ прозаси ва драматургияси, балки жаҳон адабиётининг кўзга кўринган классикларидан бири, академик Мухтор Авезов яшаган. У машаққатли умри давомида Чингизтов, Семипалатинск, Оренбург, Тошкент, Ленинград, Москва, Қизил Ўрда, Олмаотада умргузаронлик қилди.

Адиб бутун ҳаётини буюк Абай меросини тадқиқ ва тарғиб этишга бағишлади. “Абай” ва “Абай йўли” дилогиясини ёзиб, ушбу монументал асари учун 1959 йили собиқ СССРнинг олий мукофотини олди. 1963 йилнинг ноябридан буён фаолият кўрсатиб келаётган икки иморатдан иборат уй-музейда Мухтор Умархонович ва унинг даврига оид минглаб ноёб экспонатлар бор. У ХХ аср бошида қозоқ миллий озодлиги учун курашган Аҳмад Бойтурсунов, Алихон Букейхонов, Мустафо Чўқаев, Муҳаммаджон Тинишбоев, Мағжон Жумабоев, Мирёқуб Дулатов, Турор Рисқуловлар билан сафдош эди. Музейдан ўша даврга оид муҳим ашёлар ҳам ўрин олган.

Хуллас, атоқли адибнинг уй-музейида дунёга танилган сўз санъаткорининг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ юзлаб экспонатларни ҳаяжон билан томоша қилдик. Айниқса, Собит оға ўз асарларини чиройли ҳуснихати билан ёзган қалами бизда ёрқин таассурот қолдирди. Музей хонасида бир вақтлар устозимиз Носир Фозилов асар қилиб ёзган айиқ териси устида ўтиришга таклиф қилишди. Узоқ Учқудуқдаги чўпон йигит томонидан Собит оғага берилган ва мураккаб воқеаларга сабаб бўлган айиқ териси устида ўтирганимизда, беихтиёр кўнглимизда бир-икки сатрлар туғилди:

Улуғ Собит Муқон уйида,

Секин силаб айиқ терисин.

Эшитгандек бўлдим бу ерда

Устоз Носир Фозил кулгисин.

 

Апрель ёддан чиқмайдиган ой,

Келган эдим иккисин йўқлаб.

Бири Кенгсой, бири Чиғатой

Ичра ётар абадий ухлаб…

Собит оғанинг уй-музейидан кейин шу кўчада жойлашган Қозоғистон Бастакорлар уюшмаси, Қурмонғози кўчасидаги Мухтор Авезов номидаги Адабиёт ва санъат институти, Абай кўчасидаги “Жазуши” нашриёти, Гоголь кўчасидаги маданият ва истироҳат боғини айландик. Кенгсойга бориб, Собит оғанинг сўнгги манзилини зиёрат қилдик. Мен Зулфияхонимга бағишланган “Ой теграсида юлдузлар” китобимга таниқли қозоқ шоираси Фариза опа Ўнғорсинова асарларини киритган эдим. Опанинг сўнгги манзилини зиёрат қилишни кейинги сафарга қолдирдик. Чунки у Остонада дафн этилган экан. Учқўнғир тоғига чиқдик. Мангу қорлар бағридан, булутлар устидан Олмаота шаҳрини томоша қилдик. Баҳайбат телеминора кичкинагина бўлиб турарди. Сафаримиз баракали ўтди. Туркистонлик азиз устозимиз, атоқли адиб Абдураҳим Пратов қўнғироқ қилиб, “Биз томонларни четлаб ўтмоқчимисиз?” деб сўради. Поезд чиптасини “Манкент” бекатигача харид қилдик. Авлиёлар эли Сайрамда, азиз оғамиз Мирпўлат Мирзо туғилган хонадонда бўлдик. Аллоҳ изн берса, серзавқ сафаримизнинг бу қисми ҳақида кейинги мақолаларимизда сўз юритармиз. Энг муҳими эса, бетакрор Олмаота сафаридан олам-олам таассуротлар билан қайтаётганимизда радиоприёмникдан мафтункор қозоқ ўланларини эшиттиришди. Беихтиёр хаёлимизда икки элнинг атоқли куйчиси, устоз Миртемир мисраси янгради:

Ўлан авжларида гул очади дашт,

Ўлан авжларида замон уйғонур!

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 10 =