Икки қутб

ёки репетитор мактабдан муҳимми?

Инсон доимо фойда келадиган, натижали ишни қилишга интилади. Тўғри-да, бефойда ишдан не наф? Сифат бўлмаган жойда натижа ҳам бўлмайди! Ҳаётда бирор натижага эриша олмасангиз, ўз ўрнингизга ҳам, яхшироқ лавозимга ҳам эгалик қилолмайсиз. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак? Улуғ алломалар бу саволга: “Нажот илмда, таълим-тарбияда”, деб жавоб берганлар.

Шубҳасизки, илмнинг илдизи мактабдадир. Аммо ҳозирги кунда кўпчилик ёшлар мактабда ўқиш ўрнига қўшимча дарсларни, хусусий ўқув марказларини ва яна… репетиторларни танлашмоқда. Қизиқ, ўқийман, чуқур билим оламан деган ёшлар учун мактабнинг ўзи кифоя эмасми?

Гарчи, яхши мактабларимиз кўп, яхши устоз­лар ҳам. Аммо аҳвол ҳамма жойда бир хил эмас. Муаммолар сероб. Қайсидир мактабда дарслар ўқувчиларни қониқтирмаслиги, қайсидир мактабда  шароит йўқлиги, синфда ўқувчилар сонининг кўплиги дарс сифатига салбий таъсир кўрсатаётгани ва албатта, айрим жойларда малакали кадрлар етишмаслиги бор гап ва буни ҳеч ким инкор этолмайди. Шундай бўлса-да, айбни фақат мактабга ағдариш адолатданми? Чунки билимни ўқитувчи беради, уни ўзлаштириш ўқувчининг хоҳиш-истагига боғлиқ. Ўқув марказлари, репетиторларни танлаб, мактабни ташлаб қўйишга ҳам шундай баҳо бериш керак. У ерларда сиз мактабда ўқиб-ўрганишингиз шарт бўлган дарслар ўтилади. “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”, деганларидек, мактаблардаги фидойи устозларни менсимай, қандай дарс бериши, нимани ўргатиши гоҳо номаълум “устоз”ларга эргашиш баъзан кутилмаган натижа бериши ҳам мумкин.

Репетитор, асосан, кўп вазифа беради, нима қилиб бўлса-да, уни ўзлаштиришингиз керак. Мактабда бир-икки соатда ўтиладиган мавзуни ўрганиш учун репетиторга икки-уч марта қатнашингиз, вақт йўқотишингиз ва анча-мунча пул сарфлашингизга тўғри келади. Бу икки йўлнинг қайси бири тўғри?

Шу саволга жавоб топиш, аниқроғи, мактаб ҳаётини яқиндан ўрганиш   учун Зангиота туманидаги 9-умумий ўрта таълим мактабига бордим, бир неча ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашдим. Мени қизиқтираётган масала бўйича ҳамма суҳбатдошларимнинг ўз фикри бор.

Мактаб психологи Дилобар Исҳоқхўжаева:

— Мактаб дарсликлари тубдан ўзгарди, ўқувчилар маълум маънода шошиб қолишди ҳам, баъзи мавзулар  ўзлаштирилмай қолмоқда. Психолог сифатида шуни айтоламанки, болани ўқишга қизиқтириш, аввало, оиладан бош­ланади.

Суҳбатни мактаб директорининг маданий-маънавий ишлар бўйича ўринбосари Шихназар Қўзиев билан давом эттирдим. Унинг фикрича, синфларда ўқувчи сонининг кўплиги дарс сифатининг пасайишига сабаб бўлмоқда. “Таклиф сифатида, дарс вақтини 45 дақиқадан 30 дақиқага тушириш тарафдориман”, деди у. Бу таклифни бошқа мактабларда бўлганимда, тажрибали ўқитувчилардан ҳам эшитганман.

Мактабдан чиқиб, “Бўстон” ва Аҳмад Яссавий номли маҳаллаларида ҳам бўлдим. Чунки шу маҳаллаларда яшайдиган болалар мен бўлган мактабда ўқишар экан. Бўстон МФЙ идорасида ёшлар билан ишлаш агентлиги вакили Абдужалил Акмалов билан суҳбатлашдим. Ёшлар етакчиси мактабда турли маънавий муҳитда тарбия олган болаларнинг бир синфда ўқишини айтиб: “Биз уларни ажратиб ўқитмаймиз, ҳаммаларига бир хил муносабатда бўламиз, аммо бундай ҳолатда бир хил натижага эришиш фақат бизнинг мактабда эмас, бошқа мактабларда ҳам қийин. Узоқ йиллар давомида мактабда узлуксиз дарс бериб,  катта педагогик тажриба тўплаган устозларгина бу муаммонинг ечимини топа оладилар. Бугун мактаб ҳаёти тубдан ислоҳ қилинаётгани бу борада янада яхши натижа бериши мумкин”, деди. Мен билан мулоқот қилган бошқа суҳбатдошларим ҳам шундай дейишди.

Хўш, қачон мактабларимиз хусусий тайёрлов курслари каби болаларга тўлақонли билим бера олади? Бунинг учун нима қилмоқ керак? Ахир бир пайтлар, айтайлик, мустақилликдан олдин ўрта мактабларда ўқиган ота-оналаримиз қўшимча репетиторларга боришмасдан ҳам пухта билим олишган-ку!

Албатта, ўша пайтларда ҳам 3га ва ёинки фақат 4-5га ўқийдиганлар бўлишган.

Демак, ҳамма гап ҳар бир боланинг ўзида, билим олишга бўлган қизиқиш ва интилишида экан. Қолаверса, юқорида айтилганидек, биринчи мактаб бу, аввало – оила. Оилада ўқишга рағбат йўқми, барибир бола ўқишга қизиқмайди. Мактаб ва оила эса ҳозирча бизда икки қутблигича қолмоқда.

Малика МИРЖАЛОЛОВА,

Ўзбекистон Миллий университети

талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + thirteen =