Миллат камолотидан муҳимроқ ишнинг ўзи йўқ!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан бошланади”, деган эзгу ғоя асосида бу соҳада катта ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда юзлаб замонавий мактаблар барпо этилди. Президент мактаблари, ижод мактаблари ҳаётимизга кириб келди, ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгайтирилди. Янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилди.

Ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган даврда муаллимларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 2,5 баравар ошди.

Жумладан, чет тили, ахборот технологиялари, математика, кимё, биология бўйича миллий ва халқаро сертификати бор ўқитувчиларга устама, чекка ҳудудга бориб ишлаган муаллимларга алоҳида тўлов жорий этилди.

Мактаблар юкламасини камайтириш мақсадида янги ўқувчи ўринлари яратилди. Олий таълимда ҳам қамров 4 баробар оширилиб, ёшлар учун имкониятлар кенгайтирилди.

Маълумки, Президентимиз раислигида 2023 йил 28 август куни мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Давлатимиз раҳбари томонидан мактабларни ҳам мазмун, ҳам шароит жиҳатидан яхшилаш бўйича қатор топшириқлар берилган эди.

Жумладан, касб-ҳунар эгаллаш истагидаги ўқувчиларга мактабнинг ўзида тайёр мутахассис бўлиб етишиш имкониятини яратиш, дарсларнинг мазмунини тубдан ўзгартириш, 1-синфдан компьютер саводхонлиги, юқори синфларда молиявий саводхонлик дарсларини жорий этиш белгиланганди. Шунингдек, мактаб таълимида бошқарув тизимини ҳам ўзгартириш ташаббуси илгари сурилганди. Унга кўра, энди директорликка номзодлар фақат сертификати бор ва захирага киритилган кадрлар орасидан танланади ва муддатли шартнома асосида ишга олинади. Директорлар ва унинг ўринбосарлари ҳар беш йилда бир марта сертификациядан ўтади.

Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Жиззах вилояти Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига қарашли 558 та таълим маскани, 14 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолият олиб бормоқда. Айни кунда вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларида 266 796 нафар ўқувчи таълим оляпти.

Таълим 5 тилда ўқитилмоқда. 539 та мактаб ўзбек тилида, 21 та мактаб рус тилида, 3 та мактаб қозоқ тилида, 15 та мактаб қирғиз тилида, 6 та мактаб тожик тилида таълим беради.

Бундан ташқари, 954 нафар ўқувчи уйда якка тартибда таълим олади. Улар ақлий ривожланишдан орқада қолган, таянч ҳаракатида нуқсони бор ва бошқа турдаги касаллиги мавжуд болалардир.

Вилоятимизда 13 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари, Президент мактаби, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаблари фаолият юритади.

Мазкур таълим муассасаларида таълим олаётган ўқувчиларга малакали ўқитувчилар ҳамда хорижий халқаро тоифали мутахассислар сабоқ беряпти.

2023 йилда жами 141 та таълим муассасасида қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилди. Шундан 2 та янги қурилиш, 14 та реконструкция ва 85 та мукаммал таъмирлаш ва 19 та жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунда 9 458 нафар ўқувчи ўрни учун шарт-шароитлар яратилди. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан 105,0 млрд сўм маб­лағ йўналтирилган.

2023 йилда таълим муассасаларида ўқувчиларнинг илғор технологиялар асосида сифатли билим олишлари учун умумий ўрта таълим мактабларига 3 557 дона энг замонавий компьютер техникаси етказиб берилди.

Бундан ташқари, кўплаб умумий ўрта таълим мактаблари электрон доска, ўндан ортиқ ўқув даргоҳлари эса робототехника воситалари билан таъминланди. Вилоятда жами 558 та умумий ўрта таълим мактаблари доимий интернет тармоғига уланган.

2023 йилда жами 9 та мактабгача таълим ташкилотларида янги қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан 40,3 млрд сўм маблағ ажратилди.

2023 йилда 490 қувватга эга 4 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 995 қувватга эга 7 та давлат хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилоти ва 5 125 қувватга эга 205 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди.

Умумий ўрта таълим муассасаларида таълим сифатини оширишда биринчи навбатда педагог кадрлар билан таъминлаш ва уларнинг сифат таркиби алоҳида аҳамиятга эга.

2023 йилда умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган жами 1 943 нафар чет тили фани ўқитувчилардан 904 нафари (50 фоиз) халқаро тил билиш сертификатини қўлга киритган.

2023-2024 ўқув йилидан бошлаб вилоятдаги ҳар бир туман (шаҳар)да 1 тадан жами 13 та мактабда иккинчи хорижий тил ўқитилиши йўлга қўйилди. Шундан 4 та мактабда француз тили, 6 та мактабда немис тили, 2 та мактабда хитой тили ва 1 та мактабда корейс тили иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, жорий йилда умумий ўрта таълим мактабларини битирган битирувчиларнинг 543 нафари халқаро чет тили сертификатини қўлга киритган. Бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 329 нафарга ошди.

2023-2024 ўқув йилидан бошлаб ўнлаб умумтаълим мактабларида касб-ҳунарга ўргатиш амалиётини жорий этиш ишлари бош­ланди. Ушбу мактабларда ҳудудларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб ҳудудга мос касблар ва тадбиркорликка ўргатилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириққа асосан, 2024 йил 1 январдан бошлаб 24 та умумий ўрта таълим мактабида касб-ҳунарга ўргатиш амалиётини жорий этишга киришилди.

Вилоятдаги умумтаълим мактабларида юқори синф ўқувчиларининг қобилияти ва танлови асосида таълим жараёнларини ташкил этиш йўлга қўйилди.

Танлов фанлари жорий этилишидан асосий мақсад таълим жараёнини ташкил этишда замонавий ёндашувларни ва илғор хорижий тажрибаларни қўллаш, ўқувчиларнинг қизиқиш­ларини инобатга олган ҳолда таълим бериш ҳамда юқори синф ўқувчиларининг фанларга ихтисослашувини кенгайтириш ва уларни олий ўқув юртларига йўналтириш учун кенг имкониятлар яратишдан иборат.

Жорий ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида ихтисослаштирилган мактаб­ларнинг ўқитиш методикаси ва баҳолаш тизимлари жорий этилди ва ушбу мактабларга вилоятдаги мавжуд 13 та ихтисослаштирилган мактаблар бириктирилди.

2023-2024 ўқув йилидан янги ташкил этилган 3 та умумий ўрта таълим мактабларининг раҳбар ва педагог ходимларини танлов асосида ишга қабул қилиш тизими жорий этилди. Ушбу таълим муассасаларига вилоятдаги мавжуд олий таълим муассасалари таълим сифатини ошириш бўйича бириктирилди.

2022-2023 ўқув йилининг якунлари бўйича мактаб битирувчиларининг 6 752 нафари (41 фоиз) олий таълим муассасаларига қабул қилинди.

Сўнгги беш йилда умумий ўрта таълим мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари 40,0 фоизга ошди.

Битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари билан бир қаторда давлат тест синовлари асосида тест топширган битирувчиларнинг ўртача балл кўрсаткичлари ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (собиқ Давлат Тест маркази) томонидан ўтказилган тест синовлари асосида Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари 2020 йилда 9,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб 27,1 фоизга ошди.

Жорий йилда Президент ва ихтисослаштирилган мактабларнинг илғор иш тажрибали хорижлик мутахассислари томонидан ҳафтанинг ҳар шанба куни умумтаълим мактаблари ўқитувчилари учун мастер класслар ўтказиш тизими йўлга қўйилди. Бу тажриба Бахмал, Ғаллаорол туманларида ўтказилди.

Жиззах давлат педагогика университети билан ҳамкорликда талабаларнинг ҳафталик ўқув машғулотлари “4+2” тартибида умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ тартибида олиб борилиши тизими йўлга қўйилди.

Вилоятдаги мавжуд ихтисослаштирилган мактабларга рейтинг кўрсаткичлари энг охирида қолиб кетган ва қизил тоифадаги умумий ўрта таълим мактабларини бириктириш амалиёти жорий этилди. Режа асосида барча йўналишлар бўйича ушбу мактабларга методик ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилди.

Вазир жамғармаси ҳисобидан 2023 йил давомида вилоятдаги илғор иш тажрибасига эга малакали педагог ходимлар рағбатлантирилди. Бунда ҳар бир ўқитувчига 9 ой давомида 5 млн сўмдан устамалар тўлаб берилди.

Жорий ўқув йилида “Зўр” (“Класс!”) ло­йиҳаси доирасида 5 нафар хорижлик мутахассис вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларида таълим бериб келмоқда.

Хуллас, таълим тизимига жорий этилаётган ислоҳотлар ўз натижасини беряпти. Бошланиш арафасида турган янги ўқув йилидаги режаларимиз янада катта.

Масалан, умумий ўрта таълим муассасалари директорларини менежерлик ўқув курс­ларида ўқитиш ташкил этилади, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ва ўқувчилари маҳаллий ва халқаро оммавий очиқ онлайн курсларда (“Ёш дастурчи” (code.org), “Бир миллион ўзбек дастурчилари” ва бошқалар) ўқитилади. 2024 йилда республика маблағлари ҳисобидан 70 та умумтаълим мактабига 1 190 та, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 35 та умумтаълим мактабига 595 дона замонавий компьютер етказиб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиали ташкил этилади. Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда мактабни тамомлагандан сўнг уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан ҳоким, ота-она ва мактаб директори ўртасида уч томонлама шартнома тузиш жорий этилади.

Шу билан бирга Мактабгача ва мактаб таълими тизимида малака ошириш жараёни мувофиқлаштирилиб, ўқитувчилар малакасини табақалашган ҳолда ошириш тизимини жорий этиш;

— умумтаълим муассасалари педагогларига малака тоифасини беришнинг янги тизимини йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

Мақсадимиз — ягона таълим сифатини йилдан-йилга ошириш. Янги Ўзбекистонимизга муносиб фарзандларни тарбиялаб, таълим бериб вояга етказиш. Мана шу эзгу ниятни амалга ошириш учун астойдил ҳаракат қилмоқдамиз.

Албатта, келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларни билимдон, закий, тарбияси, одоб-аҳлоқи мустаҳкам, ҳавас қиладиган даражада камолга етказиш осон иш эмас. Бу ҳамиша машаққатли меҳнат, тинимсиз ўқиб-изланишни тақозо этади. Бу борада қанча муаммолар, камчиликлар борлиги ҳам сир эмас. Хусусан, педагог-кадрларнинг бугунги давр талабларига жавоб бера олиши, билими, савияси, керак бўлса маънавий даражаси қай аҳволда? Муаллимларимизнинг ҳаммаси ҳам юксак талаб даражасидами? Афсуски, бу саволларга тўла-тўкис “ҳа” деб айта олмаймиз. Чунки ўқитувчининг ўзи ҳурматга сазовор бўлмоғи учун шунга муносиб бўлиши лозим. Зеро, миллат тарбияси, камолотидан муҳимроқ вазифанинг ўзи йўқ. Ҳар битта бола — битта ниҳол. У тўғри ўсиши, кўкка адл бўй чўзиши, эртага кутилган ҳосилни бериши ушбу ниҳолга ўз вақтида парваришни, эътиборни талаб этади. Ана шу йўлда жамики ишларни, юмушларни, ҳаракатларни бажариш — бизнинг бурчимиз.

Санобар СУЯРОВА,

Жиззах вилояти Мактабгача ва

мактаб таълими бошқармаси бошлиғи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + 2 =