Таълимга эътибор — келажакка эътибор

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги олдидан

Мустақиллик туфайли таълим соҳасида миллий қадриятларимиз, ўзлигимизга мутаносиб миллий таълим тизими яратилди. Энг аввало, фарзандларимиз халқимизнинг асл тарихини ўрганиб, илмфанда дунёни забт этган бобокалонларимизнинг улкан меросига муносиб авлод бўлишга интила бошлади.

Халқаро фан олимпиадаларида фарзандларимиз аниқ фанлар бўйича мустаҳкам пойдевори бор халқ вакили сифатида ўзларини намоён қилиб келмоқда.

Айниқса, кейинги йилларда таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Фар­зандларимиз таълимтарбия оладиган масканларда, энг аввало, шартшароитни яхшилаш йўлида изчил ишлар амалга оширилгани туфайли мамлакатимизда кўплаб янги боғчалар, мактаб ва олийгоҳлар барпо этилди. Таълимтарбия ва илмфан муассасаларининг моддийтехник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда. Дарслик ва ўқув қўлланмаларининг янги авлоди яратилмоқда. Энг муҳими, бу йўналишдаги қамров даражаси кескин ўсди. Бу нафақат мактабгача таълим, мактаб, балки олий таълимда ҳам яққол сезилди.

Айниқса, олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг аввалги йилларга нисбатан бир неча баробарга кўпайтирилиши, кириш имтиҳонлари бўйича тест саволлари ва синовларининг соддалаштирилиши, абитуриентларнинг тест топшириш жараёни шаффофлик, холислик, ташқи аралашувларсиз, адолатли тарзда ўтказилиши ҳам халқимизнинг таълим ривожига бўлган ишончини янада оширди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бизнинг асосий мақсадимиз — ёшларнинг сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлишига эришиш, уларнинг ўз қобилияти ва истеъдодини рўёбга чиқариш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб беришдан иборат”. Ушбу фикрлар тасдиғи ўлароқ, 2020 йил 23 cентябрда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонунда яқин йиллардаги таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ўз аксини топди. Қонун ло­йиҳасини такомиллаштириш давомида 238 та норма ва қоидалар қайта кўриб чиқилди, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қисқартириш мақсадида 123 та норма ло­йиҳа таркибидан чиқарилди ва шу билан биргаликда 54 та тўғридан-тўғри амал қилувчи модда билан алмаштирилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан кенг жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда 2022 йилга “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”, 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, 2024 йилга эса “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилди. Ушбу йилларда янги ислоҳотлар олиб бориш учун ижтимоий соҳалар, жумладан, таълим-тарбия ва илм-фанни ривожлантиришга барча ресурслар жалб этилиши мақсад қилинди.

“Инсон қадри” тамойилини илгари сурувчи Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва беш йил мобайнида амалга ошириладиган бир қатор лойиҳалар тайёрланди. Айниқса, таълим соҳасида амалга ошувчи лойиҳалар, шубҳасиз, ушбу соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшади.

Президентимиз томонидан сўнгги 7 йил ичида ветеринария хизматининг долзарб масалаларига, шу жумладан, ветеринария соҳаси учун кадрлар тайёрлаш масалаларига бағишланган бир қатор қарор, фармон ва фармо­йишлар қабул қилинди ҳамда ушбу меъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифалар амалиётда ўз ижросини топмоқда.

Жумладан, Президентимизнинг 2022 йил 31 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори айнан ветеринария таълимини тубдан ислоҳ қилиш, уни илмий ва инновацион ёндашув асосида ташкил этиш ҳамда соҳада фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлашга хуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур қарор ва Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концеп­циясига мувофиқ белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд ветеринария медицинаси инс­титути Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетига айлантирилиб, мазкур олий таълим муассасаси ҳузурида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи Ветеринария клиникаси ва касалликлар диагностикаси технопарки ташкил этилди, университет таркибига 2 та филиал, 5 та техникум, 1 та академик лицей ва 4 та илмий тадқиқот институтлари киритилди ҳамда университетнинг мамлакатимиз ҳудудидаги мавжуд барча чорвачилик кластерлари билан илмий-амалий ҳамкорлиги йўлга қўйилди.

Натижада мамлакатимизда ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича “таълим клас­тери” ташкил этилиб, ушбу кластер соҳага янгича фикрлайдиган, халқаро ва миллий талабларга жавоб берадиган, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш тизими сифатида фаолият кўрсата бошлади.

Бугунги кунда университет ва унинг филиалларида ветеринария ва чорвачилик соҳасида 5 та таълим йўналиши ҳамда 17 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Соҳада узлуксиз таълим таъминланиб, бўлажак ветеринарларга техникумдан бош­лаб то олий таълимдан кейинги таълимгача билим олиш имкониятлари яратилган. Мамлакатда соҳанинг кадрлар буюртмачиси — Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан қабул параметрлари ҳар йили кўриб чиқилиб, кадрлар етишмовчилиги кузатилган айрим ҳудудларга имтиёзлар берилмоқда, Қўмита томонидан ўрта махсус маълумотга эга бўлган, соҳада 5 йилдан зиёд ишлаган мутахассисларни университет ва унинг филиалларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш амалга оширилмоқда.

Ветеринария медицинаси таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати халқаро талаблар ва стандартлар асосида 4 йилдан 5 йилга узайтирилди. Айни пайтда, соҳада амалиётга асосланган таълимни жорий этиш имконияти яратилди. Қўмита ташаббуси билан соҳа бўйича битирувчиларнинг асосий иш ўрни бўлган объектлар билан талабалар амалиётини ташкил этиш ва келгусида уларни иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида тўғридан-тўғри узоқ муддатли шартномалар тузилди. Жойларда ветеринария хизматининг “маҳаллабай” иш тизимига университет талабаларининг жалб этилиши йўлга қўйилди ва бу ўз самарасини бериб келмоқда.

Профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти 50,8 фоизни ташкил этади. Ҳар йили дунёнинг топ 1000 талик нуфузли университетларининг профессор-ўқитувчилари ўқув жараёнларига жалб қилиниб, талабалар илғор халқаро педагогик ва ветеринария таълими технологияларини қўллаган ҳолда ўқитиб келинмоқда.

Университетда 21 та замонавий ускуналар билан жиҳозланган ўқув лабораториялари, ҳайвонлар клиникаси, ҳайвонлар виварийси ва шаҳар ташқарисида жойлашган ўқув-тажриба хўжалиги мавжуд бўлиб, барча амалий ва лаборатория дарсларининг ушбу объектларда амалга оширилиши, шунингдек, кафедраларда талабалар илмий тўгараклари фаолиятининг юқори даражада ташкил этилганлиги ҳамда уларда талабаларнинг биринчи босқичдан бошлаб илмий фаолиятга жалб этилиши натижасида юқори босқич талабаларининг ветеринария врачи ва тадқиқотчи сифатида тўлиқ шаклланиши, барча даволаш ва профилактик тадбирларни мустақил бажара олиш, яъни “биринчи кун” кўникмасига ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш ва баҳолаш қобилиятларига эга бўлган, соҳада илғор халқаро амалиётни қўллай оладиган, касбдошлари ва аҳоли билан хизмат юзасидан муомала қилиш маданиятига эга бўлган ёш мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилди.

Университет “Jizzax organik” МЧЖ, “Siyob-Shavkat-Orzu” кластери, “Buxoro qorako‘l” кластери, “Buxoro agroklasteri”, “Navoiy yangi asr” кластери, “Zarafshon parranda Lomann” МЧЖ, “Bog‘bon IN-VITRO” биотехнология лабораторияси, “AgroMIR” МЧЖ, “Meva-Marakand” МЧЖ, “Qorako‘lchilik uyushma”, “Chorvanasl” агентлиги, Республика ва вилоятлар “Agromashservis” МТП МЧЖ, Республика ва вилоятлар “Dehqon, fermer va xususiy yer egalari uyushma”лари Кенгаши, туманларнинг “Mashina-traktor parklari”, “RASH-MILK” чорвачилик кластери, “O‘zbiokombinat” қўшма корхонаси, “UzTest” ДМнинг Самарқанд филиали, “Baxt imkon rivoj” МЧЖ, “Yevro ekxin” МЧЖ, “Guliston Nurli istiqbol” МЧЖ, “Inter agroklasteri” МЧЖ, Тошкент шаҳар ҳайвонот боғи, “Jomboy don” АЖ, “Samarqand don” АЖ, “Juma elevator” АЖ, “Intelekt hisob” МЧЖ, “Kamalak invest” кластери ва бош­­қа давлат ташкилотлари, уюшмалари билан ҳамкорлиги натижасида талабалар амалиёти соҳа хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда мукаммал тарзда ташкил этилган бўлиб, битирувчиларнинг иш билан таъминлаши 90 фоизни ташкил этади.

Университетда ўқитиш кредит-модуль тизими асосида ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Hemis” тизимида барча босқич бакалавриатининг кундузги ва сиртқи шакл таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассис­ликлари талабаларига дарс жараёни ташкил этилган, барча фанлардан маълумотлар тест саволлари ва тақдимотлар билан биргаликда жойланган бўлиб, улардан тўлиқ фойдаланилмоқда.

Ахборот-ресурс марказида 589433 нусха адабиёт мавжуд. QR-код асосида 600 га яқин ўқув адабиётининг электрон базаси, ARMAT дастурида 10500 номда адабиётнинг электрон каталоги яратилган. Ҳар бир талаба учун алоҳида логин ва пароль берилган. Лицей, техникумлар ва филиаллар аъзо қилинган. “SamDVMCHBU_ARM_EKM” телеграмм бот канали, http://resurs.SamDVMCHBU.uz веб-сайти мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 мартда қабул қилинган “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–187-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида ветеринария, чорвачилик ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида етук, малакали кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, ветеринария таълимини жаҳон стандартлари даражасида ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ушбу режага асосан университет бир қатор хорижий нуфузли олий таълим муассасалари, компания ва ташкилотлар билан таълим, илм-фан ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликда лойиҳалар амалга ошириб келмоқда.

Шундай лойиҳалардан бири Америка Қўшма Штатларининг Миннесота университети билан ҳамкорликда бажарилаётган “Твиннинг дастури” лойиҳаси бўлиб, лойиҳанинг асосий мақсади: Ўзбекистонда ветеринария таълимини Жаҳон Ҳайвонлар Саломатлиги Ташкилоти (ЖҲСТ) талаблари асосида ташкил этиш, “Ветеринария медицинаси” таълим йўналиши бўйича фан дастурларини такомиллаштириш ҳамда профессор-ўқитувчилар малакасини оширишни таъминлашдан иборат.

Лойиҳа бўйича хорижий ҳамкорларимиз Миннесота университети қошида ташкил этилган Ҳайвонлар саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги маркази ҳисобланиб, ушбу марказ ЖҲСТнинг буюртмаси асосида ривожланаётган давлатларда ветеринария таълимини халқаро талаб­лар даражасида ташкил этиш ҳамда профессор-ўқитувчиларининг малакасини оширишга ёрдам бериб келади.

Лойиҳа Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ташаббуси билан 2021 йилда бошланган бўлиб, дастлаб хорижий делегация вакиллари: марказ директори ўринбосари Мария Сол Перез ҳамда таълим бўйича мутахассис Кетрин Обрайнлар университетга ташриф буюриб, университетда “Ветеринария медицинаси” таълим йўналиши бўйича ўқитишнинг ҳолати, тасдиқланган меъёрий ҳужжатлар ҳамда талабалар билимини баҳолаш бўйича тўлиқ танишиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдирган.

Шундан сўнг қўмита ва университет профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, хорижий ҳамкорларнинг таклифлари асосида ветеринария таълими бўйича амалдаги 4 йиллик ўқиш муддати жаҳон ветеринария таълими талабларига кўра, 5 йиллик муддатга узайтирилди. Шунингдек, АҚШ ветеринария таълими ассоциация­­си (AVMA), Европа ветеринария муассасалари ассоциацияси (EAEVE) талаблари ҳамда бошқа нуфузли хорижий ветеринария университетлари таж­рибалари асосида “Ветеринария медицинаси” таълим йўналишининг янги, такомиллаштирилган 5 йилликка мўлжалланган ўқув режаси ишлаб чиқилди ҳамда 2022 йилдан бошлаб таълим жараёнига татбиқ этилди.

Сўнгра лойиҳанинг кейинги босқичида режалаштирилган ишлар, яъни университетнинг “Ветеринария медицинаси” таълим йўналиши талабаларига дарс берадиган профессор-ўқитувчилардан 20 нафари сараланиб, ушбу ўқитувчиларга Миннесота университетининг малакали мутахассислари томонидан “Ветеринария медицинаси” таълим йўналишида талабаларга дарс бериш, фанлар бў­йича ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича 3 ойлик онлайн дарслар ташкил этилди ҳамда ушбу курс якунида иштирокчилар Миннесота университетининг сертификати билан тақдирланди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида 2022 йил январь ойида Қўмита ва университет вакилларидан иборат 10 кишилик делегация, 2023 йилнинг март ойидан июнь ойигача 1 нафар ўқитувчи, 2023 йилнинг октябр ойида 8 кишилик делегация Миннесота унверситетида хизмат сафарида бўлишди. Хизмат сафари давомида Миннесота университетида таълим жараёнини ташкил этиш ва бош­қариш, талабаларга яратилган имкониятлар, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини йўлга қўйиш ҳамда кафед­ра ва лабораторияларда ўтиладиган дарс жараёнлари билан танишдилар. Шу билан биргаликда, университет проректорлари ва ветеринария медицинаси факультети декани ҳамда бўлим бошлиқлари билан учрашувлар ўтказилиб, келгусида ҳамкорликда қилинадиган ишлар режаси ва уларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Ташриф давомида Миннесота университети ва университетимиз ўртасида 5 йиллик ҳамкорликка мўлжалланган ўзаро англашинув меморандуми имзоланди. Унга кўра ҳамкорликда талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини ташкил этиш, қўшма дастурларни амалга ошириш ва илмий соҳада лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.

Бугунги кунда лойиҳа доирасида ҳамкорликда битирувчиларнинг мутахассисликка оид билим, малака ва кўникмаларини баҳолаш бўйича дастур ишлаб чиқилиб, ушбу дастур бўйича университет профессор-ўқитувчиларининг онлайн сўровномада иштирок этиши таъминланди.

Олий таълим битирувчиси бўлиш нафақат битирувчилар, балки ота-оналар, устозлар учун ҳам ғоят қувончли ва ҳаяжонли воқеадир. Чунки илмнинг машаққатли пиллапоясининг иккинчи поғонасини забт этган ёшлар тимсолида саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий натижасини, халқимиз ва Ватанимизнинг келажагини кўрамиз. Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида ҳам кўп йиллик таълим-тарбия жараёнидаги фаолият туфайли устозлар томонидан берилган баҳо орқали ёшлар бакалаврлик ва магистрлик даражасига эришди.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда ёшларнинг олий таълим билан қамраб олинишини янада кенгайтириш ва шу асосда битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича қатор тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Яратилаётган имкониятлар эгаларининг эркин билим олиш­лари, Янги Ўзбекистон тараққиёти учун давлат ва жамиятнинг турли соҳаларига муносиб ҳисса қўшишлари учун сафарбар этилаётгани бежиз эмас. Бунинг замирида фаровон ҳаёт, озод ва обод Ватан, соғлом келажак, бахтли турмуш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Шу ўринда Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 4 март куни бўлиб ўтган олий ўқув юрти талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ишлаш ва қўшимча даромад топишга эҳтиёжи бор талабаларнинг бандлигини таъминлаш муҳим вазифалардан этиб белгиланганини айтиб ўтиш жоиз.

Мазкур вазифани бажариш борасида университетимизда ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2022-2023 ўқув йилида университетни 1067 минг нафар талаба тамомлади. Уларнинг 911 нафарининг бандлиги таъминланди. Бандлиги таъминланган талабаларнинг 825 нафари ўз мутахассисликлари бўйича ишга қабул қилинган бўлса, 2023-2024 ўқув йилида университетдаги 19 та таълим йўналишининг кундузги шаклида жами 1309 нафар талаба бакалавр, 4 та мутахассислик бўйича 5 нафар магистр ўқишни тамомлади. 4 нафар талаба аъло баҳоларга ўқиб, имтиёзли дипломларга эга бўлди.

Эътиборлиси, университетда талабаларнинг малакавий амалиётларини барқарор фаолият кўрсатаётган йирик корхона, ташкилот, кластерларда, 2022 йилдан бошлаб хориж давлатларининг илғор компанияларида ўташни ташкил этиш йўлга қўйилган бўлиб, битирувчи талабалар ўзлари истаган касб ва ҳаёт йўлини танлашида бу муҳим омил бўлмоқда. Қайд этиш жоизки, университет томонидан 60 дан ортиқ йирик компания, кластер ва бошқа корхоналар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, йил якунига қадар 1500 нафар талабанинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, университетимизда “Ўзбекистонда ветеринария, биотехнология ва чорвачилик соҳасини ривожлантириш учун кадрларни интенсив тайёрлаш илмий бизнес инкубатори” мега-лойиҳасига старт берилган эди. Ушбу лойиҳа илмий кадрлар етиштиришнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, илмий изланишларни тижоратлаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш, талабалар амалиётини ташкил этиш ҳамда тўлиқ ўз-ўзини молиялаштириш механизмини яратиш мақсадида барча имкониятларни ўзида мужассамлаштирган.

Лойиҳа иштирокчилари бугунги кунда 46 нафар илмий жамоадан ташкил топган бўлиб, жумладан, 40 ёшгача бўлган ижрочилар 33 нафар, 45 ёшгача бўлган ижрочилар 8 нафар, 60 ёшгача бўлган 5 нафар мустақил изланувчилар, магистр ва талабалар 14 бошдан ортиқ ҳайвон турлари устида ўз илмий-тадқиқот ишларини олиб боришмоқда.

Албатта, мамлакат келажаги, барча соҳалар ва ло­йиҳалар муваффақияти билимли, кенг дунёқарашли, замонавий фикрли, ўз касбининг усталари бўлган инсонларга боғлиқ. Шу боис юртимизда айнан таълим йўналиш­ларини, инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида олиб борилаётган таълим-тарбия жараёни ҳам талабаларимизнинг эртанги кун учун мустаҳкам пойдевор яратишларига замин бўлаётир.

Худайназар ЮНУСОВ,

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси,

чорвачилик ва биотехнологиялар

 университети ректори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 5 =