Она юртнинг олтин овози

Уни қўшиқлари орқали танидим. Тўғриси, ижтимоий тармоқларга унчалик ишқибоз эмасман. Кун бўйи телефонга тикилиб ўтиришга вақтим ҳам йўқ. Баъзан туғилган куни баҳонасида бир-бирини кўкларга кўтариб мақтайдиганларга кўзим тушса, энсам қотади. Айрим манфаат дардидагилар мақтовни ошириб юборганини кўриб асабим бузилган пайтлар кўп бўлган. Баъзилар зиёфати-ю, бир жойга бориб, роҳатланиб ҳордиқ чиқарганининг кимга кераги борлигини билмаса керак.
Кўпчилик интернетда ўтириш маданиятидан бебаҳра бўлгани учун китоб ўқиш ҳам эсдан чиқиб кетаяпти. Ундан самарали фойдаланилса, яхши томони ҳам кўплиги маълум. Қўшни юртда бўлган бир танловга кўзим тушиб қолди.
Катта зал. Ҳакамлар ўтирибди. Танлов баҳонасида ўз санъатларини кўрсатмоқ ва беллашмоқ мақсадида турли жойлардан келганлар бирин-кетин саҳнага чиқишаяпти. Ўша танловда иштирок этган Ўзбекистон вакилининг қўшиғи қизиқтириб қолди. Қайтариб қўйдим. Танишув:
— Мен — Адолат Исмоилова. Ўзбекистонданман. Мақсадим — бу лойиҳада қатнашиб, финалгача бориш.
— Яхши, бизни нима билан лол қолдирмоқчисиз?
— Мен рэп ё эстрада қўшиқлари билан ҳеч кимни ҳайрон қолдирмасам керак. Ундай куйлайдиганлар кўп. Аммо бизнинг миллий бойлигимиз бор. Ўзим яхши кўрган миллий жанрдаги қўшиқлардан айтсам, қизиқроқ бўлар.
— Қаерда ишлайсиз?
— Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамблида.
— Орзуларингиз?
— Жуда кўп.
— Агар сиз танлов учун ажратилган 250 минг рублни олсангиз нима қиласиз?
— Оилам, турмуш ўртоғим ва уч фарзандим билан саёҳатга чиқардим.
— Сизга муваффақият тилаймиз. Қани бўлмаса, ҳайратга солинг бизни.
Катта зал. Жимжитлик. Қўлда ликопча билан Адолатнинг бир ўзи микрофон олдига яқинлашади. Ҳамма: “Бу қиз ликоп билан нима каромат кўрсатаркан?” — деб ҳайрон.
Баногоҳ… Авж пардага чиқади.
— Оҳ, қандай овоз бу… — деб ҳаяжонини босолмайди ҳакамлардан бири.
Баногоҳ учради от ўйнатиб
бир дилрабо ёлғиз…
“Ошиқларим ичра, вале сен ҳам асиру
мубталолиғда жудо ёлғиз…”
Жоооооооооон…
Бу ноладан сўнг катта залдаги томошабинлар олқишлаб, қарсак чалиб юборди. Адолат тўхтаб қолса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, хотиржам. Қўшиқ тугагач, ҳакамлар тилга кирди:
— Адолат, кўплаб давлатлардан келган санъаткорларнинг қўшиқларини эшитганмиз. Мақом айтиб, гўзал овозингиз билан ҳам ютиб кетаркансиз.
Мақом — бу қалб мусиқаси. Сиз бугун қалбингизни очдингиз. Раҳмат!
— Адолат, овозингиз одамни эсанкиратиб қўяркан. Ҳеч қачон мақом эшитмаганман. Бугун шундай ажойиб жанр билан таништирганингиз учун хурсандман.
Ҳакамлардан бири Сетора Фармонова:
— Бизнинг гўзал қизларимиз мақом ижро этганида, уларга мусиқа асбоби керак эмас. Уларнинг овози — жонли мусиқа. Ҳақиқий алла. Санъаткор қизлар мақом айтганида илоҳий кучга дуч келасиз. Иқтидор Аллоҳдан. Бундай иқтидор эгалари ҳар доим ҳам туғилавермайди. Жуда чиройли ижро. Гўзал чиқиш. Мен ўрнимдан туриб олқишламоқчиман. Фахрландим. Сиз Ўзбекистоним санъатини жуда чиройли кўрсата олдингиз!
— Раҳмат!
— Нега йиғлаяпсиз?
— Хурсандчиликдан…
Улар опа-сингиллардек қучоқлашиб, саҳнада турибди. Олқишлар, қарсаклар тинмади. Залда ўзбекнинг бир гўзал қизи ўзи ижро этган мақоми билан барчани сеҳрлаб қўйгандай манзара…
Адолат билан ана шундай танишганман. Аслида, бу манзарага “Танишув” деб ном берса бўларкан.
Ундан кейин Адолат “Овоз” танловида ҳам иштирок этгани, юртимиз санъатининг машҳурлари қай даражада ҳайратланганлигини кўпчилик кўрган бўлса керак.
Сени Лайли-ю Раънодек,
Ажойиб дилрабо дерлар.
Мени Мажнуну шайдодек,
Кўйингда бир гадо дерлар…
Бориб сўрдим табиблардан:
Бу дардга даво борми?
Табиб айтар: Эй нодон,
Бу дардни бедаво дерлар…
Абдулаҳат най чалаяпти. Найнинг навоси билан қўшиқ бирлашиб кетгандай. Найи билан бир бўлиб, борлиқни унутган буюк созанда йиқилиб тушмасин-да, деган ўйга бораман. Адолат куйлаяпти.
Қани Лайли, қани Мажнун,
Қани Ширин ила Фарҳод?
Алар ўтди бу оламдин,
Бу олам бевафо дерлар.
Ҳа, кўз тегмасин. Ўта ширали овоз! Адолат билан ана шундай ноласи баланд қўшиқлари орқали танишдим.
…Бундан бир неча йил аввал ўзбек санъат оламида ҳозирги осмонни тўлдирган юлдузлардан кескин фарқ қиладиган бир юлдуз пайдо бўлди. У ҳам Андижондан эди. Дилнура Қодиржонова. Унинг қўшиқлари ҳақиқий шинавандаларни ҳайратга солганди. Тезда миллионларнинг назарига тушди. Сарвқомат деганлари шундай бўлса керак. Катта саройлардаги яккахон концертлар. Улкан саҳналардаги чиқишлари. Камтарлиги, ўйчан ҳолда одамларни тинглаши… Айнимади. Баъзиларга ўхшаб “юлдузлик касали”га чалинмади. Ўз санъатининг зўрлигини билса-да, ҳеч нарсани билмагандай юрганди. Ўзбекнинг катта адиби, раҳматли Жамол КАМОЛ ўзбек санъати майдонига ноёб овоз кириб келганини ҳаяжонланиб айтганларини эшитганман. Аммо кўз тегди. Ўлим деганлари айирди. “Қўшиқлардан изланг мени”, деганича бу фоний дунё билан жуда эрта хайрлашди. Ўлим олдида бандаси ожиз.
Шундан сўнг: “Унинг ўрнига ким келаркан?” — деган саволлар ҳам пайдо бўлди. Ахир ўзбек санъати — оққан дарё…
Ниҳоят, ширали овози билан ҳозирча мингларнинг назарига тушаётган Адолат исмли қиз пайдо бўлди. Унинг нафаси, ижро услуби, нолалари, жарангдор овози… Дилнурани эслатмайдими? Саҳнада ўзини сираям аямай авж пардаларга чиқиб кетишлари-чи? Мақом учун туғилган бу санъаткорнинг пайдо бўлганлигини кўплар сезгандай. Нега сезгандай?..
Шу ерда Адолатхонни озгина “танқид” қилсам. Қозоғистондан келибоқ, ўша ҳаяжонли тасвирни нега мамлакатимиздаги барча давлат ва нодавлат телеканалларга тарқатмаган? Ўша телеканалларда ишловчи масъуллар уни тушунмаганмикан? Адолат тортингандир. Шундай бўлгач, ўзлари излаб топсалар, осмон узилиб ерга тушармиди? Ярқ этган ҳақиқий иқтидор эгасини юзага чиқариш, қўллаб-қувватлашни қачон ўрганамиз? Бундай мактаб яқин тарихимизда бўлганини кўпчилик билади. Адолатхон ҳам ўзини четга олмасдан ҳаракат қилиши керакка ўхшайди. Баъзан ижобий маънодаги “нокамтарлик” ҳам зарур экан-да. Ўзинг учун ҳаракат қилмасанг, лоқайд томошабинлар кўпайиб кетиши мумкин. Бунинг устига кўролмаслик дардига йўлиққанлар ҳам йўқ эмас. Ўша дард миллатимиз гулларини бевақт сўндирганидан қачон хулоса чиқарамиз? Мақтанишни эса ўрни бўлса, бўлмаса қотирамиз.
Шу ерда бир сабоқ. Грузинларда ёрқин иқтидор эгалари бўлмиш уч қиз бор. Бири ўта ақлли, ширали овозга эга. Иккинчиси шўх. Ўйнаб кетаверади, эшак етаклаб оладими-ей. Грузин қишлоқларида юриб хониш қилганида, эчкибоқар кампир билан бирга қўшиқ айтади. Барча ҳаракати табиий. Учинчиси қўлидаги мусиқа асбобини қойилмақом қилиб чалади. Лекин ўта босиқ. Қилпанг-жилпанг қилишмайди. Жиддийлигиям бор. Учовлон бир ансамбль. Биргалашиб, ўз миллати санъатини оламга олиб чиқаяпти, ўзга миллат одамлари қалбини санъатнинг сеҳрли кучи билан забт этаяпти. Ана миллатпарварлик, миллат санъатини кўз-кўз қилиш, эъзозлаш. Бу уч қиз грузин миллатининг қадимий дурдоналарини тўплаб, ўзга миллат вакиллари ҳақиқий санъатни яхши кўриб тинглаши учун тил билиш шарт эмаслигини ҳам исботлаб қўйди. Зериксам, уларнинг қўшиғини эшитиб, роҳатланаман. Бу эрка қизларнинг мухлисига айланганман. Бизнинг мақомда ҳам жуда катта куч бор.
Демак, бизнинг ўзгалардан ўрганишимиз керак бўлган кўп жиҳатлар борлигини ҳам тан олмоғимиз керак. Барча телеканалларда ўз халқининг вакили бўлмиш ярқ этган ҳақиқий иқтидор эгасини қўлловчилар бўлганидами? Бизнинг яқин тарихимизда ана шундай одамлар бўлган. Адолатга ўхшаганлар ҳар куни ҳам пайдо бўлавермайди, туғилмайди. Эй, маданият вазирлигидаги жаноблар, тушининг!
Адолатхонга айтар яна бир гапим шуки, кўп қиррали санъаткор бўлиш ёмон эмас. Диркиллаб ўйнатадиган эстрадами ёки бошқа жанрдаги қўшиқларни айтиш қўлингиздан келаркан. Лекин сиз қўшиқ айтганда баъзи ҳолларда узрку, ярим-яланғочлар ўйнаб турса… нимагадир буниси ёқмагандай бўлди. Қарашларим шахсий, албатта. Айниқса, Тошкентда “бирров” деганлари бор. Кетма-кет тўйга бориб, навбат кутиб туриш сизга ярашмайди. Ундайлардан баланддасиз! Улар айтаверсин. Тўйлар орқали Тўйчибой ва Тўйчихонлар бўлаверсин. Мақом арабча сўз бўлиб, “жой” деган маънони беради, деган сатрларга кўзим тушганди. Сизнинг жойингиз мақомда. Ёш бўлсангиз ҳам санъат йўлида кўплардан юқорироқдасиз, шундай давом этинг. Берта Давидовалардай буюклар борлигини унутманг!
Мамлакатимизда мақом санъати ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бу борада Президентимизнинг эътиборларини ҳамма кўриб турибди. Ахир спорт қатори санъат ҳам миллатини танитишда катта қудратга эга. Шунинг учун ҳам кенг йўл очилаяпти. Мана шу йўлда эркин юриш насиб этсин. Аллоҳ берган ноёб овозни асранг! Сиз ўткинчи, карнай ҳофизалардан эмассиз. Саҳнага чиқиб авжини олганингизда, залда ўтирганлар “дод” деворганини, қарсак чалиб ўз қизининг ютуғини кўрган отадай самимий табриклаганларини кузатдим. Булар бошланиши. Ҳали ҳаммаси олдинда. Кўп нарса ўзингизга ҳам боғлиқ. Тинимсиз ижод, ўқиш, ўрганиш…
Адолатхоннинг олган мукофотлари ҳақида ёзиш ниятим йўқ эди. Лекин бир қувончли хушхабар мажбур қилди. Куни кечагина Зоминда бўлиб ўтган халқаро мақом фестивалида у “Йилнинг энг яхши мақом йўналиши хонандаси” номинациясига эга бўлибди. 2009 йил “Ниҳол” мукофотини олган. Ўша йили “Шарқ тароналари” халқаро фестивалида лауреат бўлган. 2021 йил “Шуҳрат” медали билан тақдирланганди. 2022 йили “Ўрта Осиё овози” кўрик-танловида “Ўзбекистоннинг олтин овози” деб тан олинган.
Бу айримлар бир-икки қўшиғи билан шинавандалар таниган санъаткор қизни “Ўзбекистоннинг олтин овози” деб осмонга кўтариб юборибсиз, дейдиганларга жавоб… “Олтин овоз” сўзини улардан кўчирдим… Сал шубҳага борадиганлар Адолатнинг қўшиқларини эшитсин. Бундай гўзал овоз, ажойиб иқтидор албатта, Ўзидан. Яратганнинг инояти бу. Шу юртнинг бир фарзанди сифатида ғурурландим, фахрландим. Севиндим. Барибир Ўзбекистон — Аллоҳ хушлаган юрт-да. Эл қалбидан жой олгувчи иқтидорларни бераверар экан. Бунга Муножат Йўлчиева, Дилнура Қодиржоновадан сўнг Адолат Исмоиловани тинглаб, яна бир бора амин бўлдим.
Анваржон АБДУВАЛИЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.