Муаззамхон Ғофурова: “Ёшлик куйлайди, ёшлик ўйнайди”

Муаззамхон Ғофурова — ХХ асрнинг 80-90 йилларидаги ўзбек миллий рақс санъатининг истеъдодли, ёрқин юлдузи. Умрбоқий мумтоз мусиқа меросимиз қудратини ўз рақслари воситаси билан бутун дунёга намойиш эта олган раққоса. Муаззамхон ўз ижоди билан миллий рақс санъатимиз тарихида Ҳалима Комилова, Мукаррама Турғунбоева, Қундуз Миркаримова, Қизлархон Дўстмуҳаммедова, Маъмура Эргашева, Рушана Султонова каби севимли маликалари сафидан ўрин олди. У ўзининг мафтункор ўйинлари, ҳаё-ибога тўлиқ сеҳрли рақсий ҳаракатлари билан минглаб ўзбек қизлари қалбида миллий куй-қўшиқ ва миллий рақс санъатига қизиқиш уйғотди. Ортиқ Отажонов, Шерали Жўраев, Нуриддин Ҳамроқулов, Ғуломжон Ёқубов, Нуриддин Ҳайдаров, Раҳматжон Қурбонов, Ғиёс Бойтоев, Юлдуз Усмонова, Охунжон Мадалиев каби ашулачилик дарғалари куйлаган қўшиқларга қанот бағишлади.
Марказий Осиё халқлари, миллатидан қатъи назар, ушбу жозибали рақсларни ҳамон муҳаббат билан томоша қиладилар. Муаззамхонни ҳамиша излайдилар, соғинадилар, нафосат ва гўзаллик шайдолари пинҳона мухлислик севгиларини ўз дуоларида изҳор этадилар. Бундай бахт ва омад эл суйган, тақдир эркалатган инсонларгагина муяссар бўлади.
Санъат мухлислари ҳануз унутмаган хилқат, соҳир хиромлари, латиф ҳаракатлари ўзига ярашган санъаткор, нимтабассумли нурли юзи минг-минглаб юраклар тўридан жой олган ўзбек қизи, замондошлари тасаввурида ёшлик ва гўзаллик тимсоли, миллий рақс санъатимизни жаҳон халқларига манзур эта олган моҳир раққоса Муаззамхон Ғофурова билан суҳбатни сиз муштарийларимизга ҳавола этдик.
— Муаззамхон, аввало, ўзингиз ҳақингизда, ота-она, устозларингиз, санъат дунёсига кириб келишингиз тўғрисида сўзлаб берсангиз.
— Мен 1965 йили Бувайда тумани маркази Янгиқўрғонда, ашула ва аския санъати макони бўлган, Расулқори Мамадалиев, Камолиддин Ҳамроқулов, Абдулатиф Холдоров, Шерқўзи Ғозиев каби машҳур ҳофизлар етишиб чиққан табаррук гўшада туғилганман. Отам рус тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлган. Шахмат ўйнашни севган, туман миқёсидаги мусобақаларда ғолиб бўлиб танилган. Онам оддий уй бекаси эди. Дадам шахмат ўйинига берилиб, рўзғорга умуман қарамаганлар. Шу туфайли онам аразлаб, мисоли бева аёл каби рўзғор ташвишини ўз бўйнига олган. Ёшлик чоғимда шу сабабли дадамни ҳурмат қилмаган бўлсам ҳам, ҳозир кечирганман. Чунки ўша пайтларда спортнинг нони билан кун кўриб бўлмас эди. Одамларнинг айтишича, дадамнинг истеъдодини рўёбга чиқарувчи муҳит бўлганда Гарри Каспаров каби машҳур шахмат устаси бўлиб танилган бўлур эди. Айтишларича, дадамнинг катта бобоси иморат қурувчи уста бўлиб, Хожа Муҳаммад Валий жомеъ масжидини қуришда бош уста вазифасини бажарган. Масжид деворига номи ёзиб қўйилган. Шундай қилиб, ота-онам бойтуманлик бўлишса ҳам Янгиқўрғонда яшаганлари сабабли, мен шу қишлоқда туғилиб ўсганман.
Туман марказидаги 1-ўрта мактабда 5-синфгача ўқиб, кейин 6-синфдан бошлаб Тошкент хореография мактаб-интернатида, ўзбек гуруҳида таълимни давом эттириб, 1983 йили 11-синфни битирганман. Шуни айтишим керакки, мен 6 ёшимдан бошлаб саҳнада рақс тушишни бошлаганман. Хореография мактаби ўқувчиси пайтимдаёқ турли тадбирларда доимий қатнашганман, ёшлар ўртасида ўтказилган кўрик-танловлар совриндори бўлганман. 1985 йили Москвада бўлиб ўтган санъаткор ёшлар фестивалида Ўзбекистон рақс санъатини 15 республикадан келган тенгдошларимга намойиш этиб, олқишларга сазовор бўлганман. Шунинг учун кўп ўтмай, Ўзбекистон давлат филармонияси таркибидаги “Лазги” ансамблига ишга таклиф этилдим. Ансамблда 24 ёшимгача, яъни турмушга чиққунимгача, 6 йил танаффуссиз ишладим.
— Сиз рақсни кимдан ўргангансиз, бунчалар қизиқиш сизда қандай пайдо бўлган?
— Ёшлигимда бувиларимнинг суҳбатини эшитиб, чилдирма чалиб, ашула айтишларини кузатиб катта бўлганман. Уйимиз деворида аёллар доираси — гижбанг чилдирма доимо осиғлиқ турарди. Маҳалла аёллари йиғилди дегунча ашула айтиш, ўйинга тушиш авжига чиқарди. Бувиларим мени ҳам ўйинга таклиф этар, рақсимни кўриб, хурсанд бўлишар, чин дилдан қувонишар эди. Улар айтган ашула ва лапарларни ёдлаб олардим. Кейин ҳеч ким йўқ пайтларда ҳам ўзим ашула айтиб, ўзим ўйинга тушар эдим. Бу менга Тошкентда рақс мактабида ўқиган вақтимда жуда асқотган. Тўғриси, менинг рақсга бўлган муҳаббатим, аввало, миллий ашула ва мусиқаларни севишимда, сўз санъатини қадрлашимда бўлса керак.
— Билишимизча, сизга илк бор рақс ўргатган устоз моҳир балетмейстер Шокир Аҳмедов бўлган. Аммо Умаржон ака деган педагог ҳам сизга мураббийлик қилган экан. Бунинг ўзи ҳам бир тарих бўлса керак. Айниқса, одам ўзига илк бор яхшилик қилганни бир умр унутмайди.
— Ҳа, Умаржон домла туман маданият бўлими ходими эдилар. Бир куни онам мени маданият уйига олиб борди. “Мана, сизга мақтаган қизим Муаззамхонни олиб келдим, қандай рақсга тушишини кўринг”, деди.
Умаржон домла стол устига қўйилган магнитофон тугмасини босди. Расулқори Мамадалиевнинг “Қизболага атлас кўйлак ярашмайдими?” ашуласи янгради. Улар мени ўйинга тушишга ундашди. Бир оз тараддудланиб туриб, ашула оҳангига мос рақсга тушиб кетдим. Рақсимни кўриб, Умаржон ака ашулани тўхтатиб, бошқа кассета ўрнатди. Санобар Раҳмонова ижро этган “Даврамизда қуёш порлар, нурлар тараб, ёр-ёр” ашуласини қўйиб берди. Бу ашулага ҳам мос рақсга тушдим.
Умаржон домла онамга: “Мушаррафхон, бу қизингизда ўзгача талант бор, келажакда рақс санъати юлдузи бўлади! Сиз йўқчиликдан нолиманг, ғам чекманг, Муаззамхонга ўзим ҳомийлик қиламан. Керак бўлса, Тошкентга, хореография мактабига олиб бораман. Муаззамхон туманимиз довруғини келгусида республикамизга ёяди”, деди. Менимча, “Чашма”да иштирок этишимда ҳам Умаржон домланинг тавсияси бўлган.
— Сиз “Лазги” ансамбли таркибида жуда кўп концертларда қатнашгансиз, Ортиқ Отажонов, Феруза Солиҳова, Раҳматжон Қурбонов, Қўзибой Отажонов каби санъаткорлар билан ишлагансиз. Хорижий мамлакатлардан АҚШ, Япония, Марокаш, Германия, Исландия, Россия, Қозоғистонда бўлгансиз. Ўша саёҳатлар пайтида эсингизда қолган энг ҳаяжонли воқеалардан сўзлаб беринг.
— 1985 йили Россиянинг Находка оролига концертга бордик. Денгизда Россия кемаси билан Япония кемаси бирлаштирилган. Бизнинг кемага япон санъаткорлари ташриф буюришди. Мен “Доира” рақсини ижро этдим. Ўттизта зарбли асбоблар жамланмасини чаладиган моҳир япон ижрочисига менинг рақсим маъқул бўлди, шекилли, номимни тилга олиб, роса мақтовлар ёғдирди. Фалакнинг гардиши билан “Лазги” ансамбли таркибида Японияга, Токио шаҳрига бордик. Концертга ўша моҳир мусиқачи ҳам келди. Бир пайт “Муаззам” деб ҳузуримга югуриб келди. Ортиқ Отажонов: “Ё, алҳазар, Муаззамни японлар ҳам танир экан-а!” деб ҳайратланиб кетди. Менинг рақсимни завқ билан томоша қилдилар. Япон мусиқачиси бир неча совға-саломларни битта ўзимга ҳадя қилди.
Эсда қолган иккинчи муҳим воқеа: Америкадаги ватандошлар таклифи билан у ерга борганимизда, машҳур хонанда Муҳаббат Шамаева (менга ва бошқа ёш санъаткорларга қарата): “Тановар”, “Лазги”, “Фарғона рубоийси”, “Ушшоқ”, “Бозургоний”, “Феруз” каби мумтоз ашулаларни ижро этишдан, ёшларга ўргатишдан, уларга қўйилган миллий рақсларни ижро этишдан асло тўхтаманглар, илтимос, ахир бу мангу мерос, ўзбек халқининг мислсиз бойлиги, дунёда мавжудлигидир. Биз Америкада мана шу куй-ашулалар ва ўзига хос рақслар лаззати билан нафас оламиз”, — дедилар. Бу илтижо менинг қалбимда мангуга сақланиб қолди.
— Сизнингча, мусиқа ва ашуланинг рақсдаги аҳамияти қандай?
— Биласизми, мени рақсга туширган бу — куй ва ашула, сеҳрли мусиқа асбобидан таралган дилрабо куйлар, ҳофизларнинг жўшқин нолалари. Мен, аввало, мусиқа ва ашулани жон қулоғим билан тинглайман. Ижро мени сеҳрлайди, байтлар маъноси ҳисларимни жунбишга келтиради, сўнг унинг мазмунига мувофиқ рақсга тушаман. Деярли барча рақсларимнинг ашуласи сўзларини, куйлари йўлларини ёддан биламан. Ичимда куйлаб туриб, ўйнаганман.
Кўпчилик мендан “Рақс нима?” деб савол беради. Бу худди “Қуёш нима, сув нима?” деб сўрашдек гап. Рақс инсоннинг куй-ашулага мос равишда ўз жисмоний ҳаракатлари билан ўй-фикрини, дил муддаосини изҳор қилиши, илтижоси, илтифоти, ҳаётга шукронасидир. Куй-қўшиқ онг орқали руҳни беқарор қилади. Тана эса руҳнинг изнига бўйсуниб, ўйнайди. Бу ўйин томошабинда ўзгача ҳиссиёт ҳосил қилади. Томошабин бу куй-қўшиққа ўзи бу даражада ўйнай олмаслигини англаб, раққосага тан беради. Натижада раққоса билан томошабин ўртасида завқ-шавқ пайдо бўлади. Яъни шавқ раққосадан, завқ эса томошабиндан. Рақсга туша билиш инсонга берилган ноёб инъом.
Шарқнинг бир машҳур арбоби бир қабила халқи чаладиган мусиқа асбобини кўриб, унинг нималигини сўрабди. Қабила вакили: “Бу фалон мусиқа асбоби, бу билан ақллар ўлчанур”, дебди. Қабилада бола туғилгандан кейин унинг олдига мусиқа асбобини яқинлаштириб, чалиб кўришар экан. Агар бола кўзини катта очиб, у ёқ-бу ёққа қараса ёки мийиғида кулса, бу бола соғлом экан, деб хотиржам бўлишар экан.
Африканинг қайсидир давлатида яшовчи қабилада бола касал бўлиб қолса, гулхан атрофида рақсга туширишар экан, бола терлаб-пишиб ўйнаб, чарчаб ухлаб қолар, уйғонгач енгил тортиб, тузук бўлиб қолар экан. Демак, рақс даволаш, руҳни енгил қилиш воситаси бўлиб ҳам хизмат қилади.
— Муаззамхон, сиз “Тановар”, “Муножот”, “Дилхирож”, “Лазги” каби мумтоз ашулаларимизга, доира садоларига ўзгача ихлос, муҳаббат ва эътиқод билан рақсга тушгансиз. Ушбу рақсларингиз билан дунё саҳналарида ўзбек санъати дурдоналарини намойиш этганингиз учун халқимиз меҳри, олқишига муяссар бўлгансиз. Буни ижтимоий тармоқларда намойиш этилувчи рақсларингизни томоша қилган мухлисларнинг дил сўзларидан ҳам билса бўлади. Бундай самимий сўзларни одамлар ҳар кимга ҳам ёзавермайди. Бу чинакам мухлислик, чинакам меҳр изҳорлари. Юзлаб мухлислар Муаззамхоннинг чақмоқдек чарақлаб, кейин кўринмай қолганидан афсус ва надоматларини ҳам баён этишган.
— Ҳамма мухлисларимга рақс санъатини севишгани, истеъдод учун қайғуришлари учун миннатдорчилик билдираман. Мен бир оддий раққосаман, оддий бир ўзбек қизиман. Ёшликда ўйнадик, тарихда нимадир қолди. Афсус, вақт орқага қайтмайди. Барибир “Ёшлик бизни ташлаб кетади”, бироқ дунёда “Меҳр қолур, муҳаббат қолур”.
Кейинги пайтларда фақат китоб ўқидим, билимсизлигимни англаб, ўз-ўзимни кашф этишга интилдим. Юртимни кезиб, пойи пиёда саёҳат қилдим. Тобора обод бўлиб, ҳар соҳада юксалиб бораётган Ватанимиз равнақидан, одамларнинг фаровон яшашидан чин дилдан қувонаман. Мени унутмаган, мени севган санъатсевар халқимга таъзим қиламан. Айни кунларда нафақага чиқиб, дўстларим билан ҳаёт завқини суриб юрибман. Икки ўғилнинг онасиман. Уй-жойим бор. Мухлисларим бор. Армоним йўқ.
Ватанимизда рақс санъатини ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. “Баҳор” ансамбли қайта тикланди. Мен таълим олган мактаб негизида Ўзбекистон хореография академияси ташкил этилди. “Хоразм лазгиси” инсоният номоддий бойликлари умумжаҳон рўйхатидан жой олди. Болалар рақсини янада ривожлантириш керак, ҳар томонлама камол топиш учун хизмат қилади. Ўғил-қизларимиз куйласин, ўйнасин. Ёшлик куйлайди, ёшлик ўйнайди. Ёшликда ҳамма нарса ярашади! Биз оналар уларни дуо қилайлик. Юртимизда фаровонлик устувор бўлсин!
Икромиддин ОСТОНАҚУЛОВ
суҳбатлашди.