Мақсадсиз ҳаёт, жонсиз мулоқот

Фан ва технологиялар соҳасида кутилмаган янгиликлар юз бераётган шиддатли замонимизда кўпчилик ҳаётий мақсади ва бу мақсадга олиб борувчи воситаларни ажратолмаётгани яққол сезилмоқда. Яшашдан мақсади нималиги ҳақида жиддий ўйлаб кўришга фурсат тополмайдиган кишилар ҳам кам эмас. Яхши яшашни, машина олишни, данғиллама уй солишни орзу қилганлар эса, ниятига етиш йўлида кўпроқ пул топиши лозимлигини яхши билишади. Аммо машиналарнинг янгидан-янги русумлари ишлаб чиқарилаётгани унга тинчлик бермайди, қайта-қайта машина алмаштиришга мажбур. Афсус­ки, у ҳатто электромобиль сотиб олганда ҳам ўзини хотиржам ҳис этолмайди. Чунки бу, барибир улов, инсоннинг чинакам орзусига етиш йўлида (транспорт) восита, холос.

Яна кимдир, айниқса, ёшлар сўнгги русумдаги телефон сотиб олишни орзу қилишади. Кейинги вақтларда метрога тушганда ёки автобусга чиққанда атрофга қарасангиз, йўловчиларнинг деярли барчаси телефондан кўз узмай ўтирганига гувоҳ бўласиз. Беихтиёр ёнингиздаги ёши элликлардан ошган кишининг телефонига кўз ташлайсиз: кап-катта киши телефонда нарда ўйнаб кетяпти. Унинг нариги ёнидаги талаба қизнинг қўл телефонида янгича урфдаги либослар — чиройли кийинган қизлар сурати айланади. У қаршисида қари кампир тик турганини сезмайди, у тарафга қарамайди: айни вақтда хаёли жуда қизиқарли машғулот билан бандлиги боис ўзидан катталарга жой бўшатиш малол келади. Эшик олдида қулоғига “наушник” таққан йигитча бир қараганда худди ўзи билан ўзи гап­лашаётганга ўхшайди. Хуллас, ҳамма қандайдир қизиқарли ўйин ва томошалар гирдобида. Ҳа, замонавий телефонлар одамларни ўзи билан ўзини овора қилиб қўйгани бор гап. Телефонда китоб ўқиб ўтирган йўловчилар ҳам бор, аммо улар онда-сондагина дуч келади.

Телефоннинг таъсир ва хизмат доираси тобора кенгайиб бораётгани барчага маълум. Бундан йигирма йил аввал унда фақат гаплашиларди, ўн беш йил олдин хабар юбориш имконияти пайдо бўлди, ўн йил олдин интернет орқали исталган ахборотни олиш, ҳатто телекўрсатувларни кўриш мумкин бўлди ва телевизор кўрувчилар сони кескин камайиб кетди.

Телефон беғараз дастёрга айланди. Ҳатто бир замонлар эшикма-эшик юриб тўйга айтишдек миллий удумларимиз четга сурилди: телефон орқали битта хабар юборилса, бас. Демак, миллий урф-одатлардан бири кундалик турмушимиздан чиқариб ташланди.

Бундай йўқотишлар ҳақида истаганча ёзиш мумкин.

Энг хавотирлиси, телефонга дўст тутинган ёшларимизда мулоқот юритишга, муомала маданиятини сақлашга сабр-­тоқат қолмаётгани сезилмоқда. Шунинг­дек, кузатувларга кўра, ҳуснихат, шеър ёдлаш ва ифодали ўқиш, газета, китоб мутолаа қилиш сингари фазилатлар (эндиликда фазилат десак ҳам бўлади!) ҳам барҳам топаётгандек кўринади. Чунки мияси турли керакли-кераксиз, турли мавзудаги ахборотларга, фильмларга тўлиб-тошган ўқувчи ва талабалар шеър ёдлашга қийналади. Асосийси, вақт тополмайди. Қолаверса, шеърни телефонга қараб ўқиб беришдан уялмайди.

Мен ҳозирги ёшларни айблаш фик­ридан йироқман. Улар оталар яратган муҳитда ўсиб-улғаймоқда. Бундан минг йил бурун аллома бобомиз Юсуф Хос Ҳожиб замонасидаги ёшлардан нолиб, охирзамон бўлди, шекилли, деб ёзган экан. Оталар ва болалар орасидаги зиддиятлар давом этаверади. Бу тарихий жараён. Фақат миллий ўзига хосликларни ҳар қандай шароитда ҳам болалар оталаридан мерос қилиб олишлари лозим. Бу мероснинг асосий қисми, албатта, ибрат, мулоқот ва суҳбатлар орқали авлоддан-авлодга ўтади.

Шу ўринда телефоннинг салбий таъсирларини ўрганиш борасида бизда қандайдир имкониятлар мавжудлигини таъкидлаш жоиз. Биздан олдинроқ телефон, смартфон, интернет ва бошқа техник воситаларни ихтиро этиб, амалга киритган илғор давлатлар тажрибасини ўрганиш, хулоса чиқариш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш мумкин. Яъни, хорижликлар шундай ахборот инқилобини содир этиб нимага эришди ва бунинг оқибатида нималардан маҳрум бўлишди? Албатта, бу борада илмий ёндашувга эҳтиёж катта. Айниқса, фалсафа, социология, этика-эстетика сингари соҳалар жамиятда юз бераётган ўзгариш­ларга ўз муносабатларини билдиришсин. Бу масала компьютер ва смартфонга кўп қараш оқибатида келиб чиқадиган кўз касалликларининг олдини олиш йўлида тадқиқот олиб бораётган офтальмолог вазифасидан кўра муҳимроқдир.

Йилдан-йилга ижтимоий муаммолар доираси кенгайиб бораётганини таъкидлаган ҳолда яна юқоридаги фикрга қайтамиз. Бизда воситалар мақсадга айланиб қолмаяптими? Инсон умрини елга совурадиган эрмаклар кўпайиб кетмаяптими?

Ҳумоюн АКБАРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × three =