Мен, бу — менгина эмасман
ёки ҳамма нарсанинг жавоби бор…
Инсон яшар экан, доим интилишда, эришмаган нимасигадир эришиш учун ҳаракатда бўлади. Ўзини ўзи бунёд қилиб боради. Шу билан бирга у атрофдаги олам билан чамбарчас боғлиқ ҳолда яшайди. Бу боғлиқлик шу даражада мукаммалки, биз унинг бирор риштасини узолмаймиз. Бу бизга боғлиқ эмас, айни пайтда боғлиқ ҳам. Бунинг сабабини қуйида билиб олишга ҳаракат қиламиз.
Борлиқаро уч замон мавжуд экан, биз ана шу учала замонга ҳам тааллуқлимиз. Уч замон биргина бизнинг феъл-атворимиз, хатти-ҳаракатимиз, хулқ-атворимиз билан мавжуддир. Авваллари халқимизда етти пуштини суриштириш расм бўлган. Одамлар бир-бирлари билан қуда-анда бўлишаётганда бу удумга амал қилишган. Бунинг замирида моддий неъматлар билангина боғлиқлик эмас, балки улкан маънавий мазмун-моҳият ҳам ётади. Хўш, нега? Чунки ҳар бир инсон ўзи бир қутбдир. У ўтмиш билан ҳам, келажак билан ҳам боғлиқ. Халқимизнинг ҳикоятларига, ривоятларига қулоқ солинг, уларни теран мушоҳада қилинг, шунда буни англайсиз. Бизни қисман ўтмиш бошқаради, биз ҳам ўтмишга таъсир этамиз.
Биз келажакни бошқарамиз, айни пайтда келажак ҳам бизга таъсир этмай қолмайди. Аниқроқ қилиб айтганда, бизнинг ўй-хаёлларимиз, ниятларимиз, хатти-ҳаракатларимиз, одоб-ахлоқимиз ўтмиш аждодларимизга таъсир этади, шу билан бирга келажак наслларимизнинг ҳаётларига йўл ташлаб қўяди. Келажак насллар эса ана шу бизнинг ниятларимиз, ўй-хаёлларимиз, хулқ-атворимиз чизиб қўйган йўлдан юришга баъзан мажбур бўлиб қолади. Буни ҳар бир инсон ўз ҳаётини таҳлил қила туриб сезиши мумкин. Биргина мисол:
Талабалик йилларимда, (айни кучга тўлган, ўзимга сиғмайдиган ёшимда) бир куни курсдошларим билан ҳайвонот боғига айлангани бордим. Томоша қилиб юриб, йўлбарс ётган қафаснинг олдига келганимда ғалати бир ҳиссиёт мени қамраб олди. Йўлбарсни миниш, унинг жунларини маҳкам чангаллаб олиш хаёли ичимда шунақа кучли истакка айландики, қани энди қафас очилса-ю шу қафасга кириб йўлбарсга ташлансам. Ўша пайтдаги бу ҳиссиёт қанчалик бемаъни эканлигини ўзингиз сезиб турибсиз. Аммо не қилайки, кўнглимда бу истак жуда кучли эди. Бу ҳиссиёт менда қаёқдан пайдо бўлди? Орадан йигирма йиллар ўтиб, бу саволга жавоб топгандай бўлдим. Анча кексайиб қолган тоғамни зиёрат қилгани боргандим. Узоқ суҳбатлашдик. Узоқ ўтмишда ўтган боболаримиз ҳақида гапира туриб, тоғам олтинчи бобоси ётган жойга ҳеч зиёрат қилгани боролмагани ҳақида ўкиниб гапирди. Ўша бобоси Ўзганда Қиличбурҳон ота қабристонига қўйилганини менга уқтирди. Маълум бўлдики, ўша аждодимиз қайсидир ҳукмдорнинг ов бошиси бўлиб, кўпинча тўқайларда қуруқ қўл билан йўлбарс овлар экан. Ёши ўтиб қолган пайтида йўлбарс билан олишиб ҳалок бўлган экан. Вужудим титраб кетди. Демак, ўша узоқ аждодимнинг нияти, ўй-фикри талабалик чоғимда менда зуҳур қилган экан-да?!
Биз ўтмиш аждодларимизга қандай таъсир этамиз? Буни англаш учун халқ ҳикоятларига қулоқ солинг. Афсонаю ривоятлар, ҳикоятлар замирида айни ҳақиқатлар мавжуд.
Ўтган замонда жуда фақир, ҳаммоллик билан кунлик нонини аранг топиб ейдиган бир йигит туш кўрибди. Тушида кўпгина одамлар дарё бўйида ўтиришганмиш, шуларнинг ичида унинг ота-онаси ҳам бормиш. Бошқа одамларнинг олдиларида турли-туман егуликлар бор эмиш-у, ота-онасининг олдиларида ҳеч нарса йўқ, оч ўтиришганмиш. Йигит отасидан бунинг сабабини сўрабди.
— Чунки сендан бизга ҳеч қандай эҳсон келмаяпти-да, — дебди отаси.
Йигит маҳзун бўлиб уйғонибди. Қандай қилиб бўлмасин эҳсон қилишни ўйлаб қолибди. У бир илмли, нуроний одамга маслаҳат солибди.
— Эҳсон қилишнинг қийин жойи йўқ, болам, — дебди нуроний, — чой ичгани ўтирганингда чиройли қилиб дастурхон ёз. Еган бир бурда нонингнинг савобини ота-онангга бағишла. Дастурхонда қолган нон ушоқларини покиза жойга қоқ, “қуш-қўноқлар еса, шунинг ҳам савобини ота-онамга бағишладим”, деб дуо қил. Шунинг савоби етарли бўлади.
Йигит нуроний айтганидай қилишни одат қилиб олибди. Бир неча фурсат ўтганидан кейин тағин туш кўрибди. Яна ўша одамлар дарё бўйида ўтиришганмиш. Ота-онасининг олдиларида ажойиб ноз-неъматлар бисёр эмиш. Йигит отасидан бунинг сабабини сўраса, бунча ноз-неъматлар унинг дуоси баракотидан келаётганини айтибди.
Бу шунчаки бир ҳикоят-да, деганлар адашадилар. Аслида, бу айни ҳақиқат. Бизнинг хатти-ҳаракатларимиздан, гап-сўзларимиздан ўтмишдошларимиз баҳраманд бўлиб турадилар.
Маҳаллада бир аёлнинг онаси вафот этди. Биламизки, аёлларимиз азани баъзан ҳаддан ошириб юборадилар. Шу аёл эртадан кечгача “онам”лаб йиғлашни одат қилиб олибди. Бўлса-бўлмаса онасини йўқлаб йиғлайвераркан. Қирқ кун деганда туш кўрибди. Тушида онаси бўғзигача сувга ботиб турганмиш. Аёл чирқираб онасини қутқармоқчи бўлса, онаси унга мушт ўқталармиш. “Сенинг бемаъни йиғиларинг мени сувга ғарқ қиляпти. Аҳволимни кўряпсанми? Мени бу аҳволга сен солдинг. Йиғининг ўрнига бир ҳовуч дуо қилмайсанми?” дебди. Ўшандан кейин Қуръон тиловат қилиб дуо қилишни одат қилган аёлнинг тушига яна онаси кирибди. Энди онаси оппоқ либос, оқ рўмолда эмиш, кўп одамлар билан бир ёққа кетаётганмиш. Қаёққа кетаётганини сўраса: “Ўзимдан кейин келганлар билан ҳажга кетаяпман-да, сенинг йиғиларинг мени қўйвормаётганди-да, мана энди бўшадим”, дебди. Бу ҳикояда ҳам айни мажозий ҳақиқат мавжуд эмасми? Халқ ичида бундай гап-сўзларни кўп эшитган бўлсангиз керак, албатта.
Эътибор берганмисиз, кексаларимиз кечаси тирноқ олма, тирноғинг ўтга тушмасин, деб уқтиришади. Тирноқ ўтга тушса, янги тирноқлар бужмайиб чиқармиш. Сиз шунга ишонасизми? Мен ишонаман. Бу ҳам айни рост гап. Лекин янги тирноқ билан ўтга тушган тирноқ орасида қандай боғлиқлик бор — мана шуниси сир. Фан буни изоҳлаб беролмайди.
Эътибор берганмисиз, баъзан обрўли, амалдор одамларнинг фарзандлари сал ножўя йўлдан кетиб қолишади. Бунга ким сабаб? Бунга ота-она сабаб. Чунки ота-онанинг хаёлидан қандай шайтоний хаёллар, қандай ёмон ўйлар, кибру ҳаво ўтганини худодан ўзга ҳеч ким билмайди. Ана шу хислатлар фарзандда зуҳур қилган. Баъзан оддий, кўп ҳам биров назарига илмайдиган одамларнинг фарзандлари зиёли, ўқимишли одамлар бўлиб етишади. Бунга ҳам сабаб ота-она эмасми? Улар зиёли одамларга ҳавас билан қарашган, фарзандларининг шу одамлардай илмли бўлишини астойдил исташган. Шунинг учун фарзандлар қонига илмга, маърифатга интилиш ҳисси ўрнашган. Собиқ шўролар даврида жуда кўп зиёли одамлар қатағон қилинган. Халққа аксар ҳолларда саводсиз, юқоридан нима топшириқ келса, шуни ўйламай-нетмай бажарадиган ёки ота-боболари кун кўрмаган одамлар раҳбар этиб тайинланаверган. Ана шулар халқнинг шўри бўлган. Порахўрлар, қинғир йўллар билан кун кўрувчилар, давлат мулкига кўз олайтирувчилар, мана, қаердан келиб чиққан! Бундай одамларни тўйдириб бўлмайди, чунки уларнинг қон-қонига очликдан қўрқиш каби шайтоний ҳиссиёт ўрнашиб қолган. Ана шу нарса, ана шу нафс уларни эгри йўлга бошлаб туради. Бундай инсонлар ҳаётда тўлиб ётибди. Улар учун инсон тақдири, юрт, эл тақдири ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Уларнинг қалбига эл дарди, ВАТАН дарди сиғмайди.
Юқоридаги гапларга ҳаётда мисоллар жуда кўп. Барчасида инсон онгидаги ўй-хаёлларнинг келажак наслларга таъсири намоёндир. Сизга баъзиларини мисол қилиб келтираман.
Бундан қирқ йиллар олдин туманимиздаги шифохонада номи машҳур бир шифокор ишларди. Яхши мутахассис эди. Қабулига одамлар кўп келарди. Лекин бир нуқсони бор эди: иши тушган одамга “бизга атаганингиз борми?” деб турарди. Бугун ўша одамнинг бир фарзанди бор. Кўринишидан туппа-тузук. Бироқ ҳеч қаерда ишламайди. Корхоналарнинг дарвозаларига бориб, ишга келаётган одамларнинг йўлини пойлайди. “Бизга атаганингиз борми, ака?” деб тиланчилик қилади. Энди ўзингиз айтинг, шу боланинг нуқсони ўша врачнинг феъл-атворидан келиб чиқмаганми?
Икки тенгдошимиз бўларди. Шу одамлар кўп шаҳвоний фильмларни кўришга ружу қўйиб қолдилар. Илмли одамлар бир неча маротаба насиҳат қилишди. Улар қулоқ солиш ўрнига ўзларининг йўлини тарғиб қиларди. Йиллар ўтди. Болалар улғайди. Ўша тенгдошларимиздан бирининг қизи яхши одамларга келин бўлди. Лекин шу қиз хиёнаткор хотин бўлди. Уни йўлдан қайтаришга кўп уриндилар. Афсус… Иккинчисининг эса ёлғизгина ўғли бор эди. Шу бола, нима бўлди-ю, бир касалликка чалинди. Кўп ўтмай вафот этди. Оталарнинг касофати болаларга урди. Шу тариқа ёмон ўй, ёмон фикр учун товон тўланди.
Ёки бўлмаса, яна бир нарсани айтсам: қишлоқда бир аёл бўларди. Эрига кўп бевафоликлар қилди. Умри бўйи кўп ҳунарлар кўрсатди. Эри жиловлай олмади, лекин унинг бутун қилмишларига сабр қилди шўрлик. Бугун ўша аёлнинг келини худди ўзидек бўлиб чиқди. Ана сизга – қайтар дунё!
Демак, ҳар бир қадамимиз учун жавоб беришимиз керак экан-да. Ҳар бир босган қадамимизнинг ажрини олаверар эканмиз. Аммо ниятларимиз, онгимиздан ўтган ўй-хаёлларимиз учун келажагимиз жазоланиб қолиши ҳам мумкин экан. Ҳаётдаги жуда улкан вазифамиз онгимизни, ниятимизни поклаш экан. Демакки, уч замон бизда, биз эса уч замонда зуҳур қилар эканмиз.
Собиржон ҲАКИМОВ