Қалбимизга бир назар

Ривоят қилишларича, бир улуғ одамнинг хотини жуда ёмон аёллигини ҳамма биларкан. Лекин у киши бу ҳақда ҳеч кимга шикоят қилмас экан. Улуғ инсоннинг сабр-қаноатига ҳайрон қолганлар охири сўрашибди:

— Аёлингизнинг феълу атвори чидаб бўлмас даражада ёмонлигини ҳамма билади-ю, бу ҳақда ҳеч гапирмайсиз. Дилингизни ёрсангиз, енгил тортасиз…

— Мен нима учун бошқаларга ўз хотинимдан шикоят қилишим керак? — деб сўзловчининг гапини бўлибди у.

Лекин унинг оиласи барибир бузилибди, эр хотинидан ажралишга мажбур бўлибди. Одамлар жуда қизиқувчан-да, яна унинг оғзини пойлашибди. Аммо жавобини бергандан кейин ҳам у аёл ҳақида лом-мим  демасмиш.

— Аввал хотинингиз бўлгани учун барчага маълум ёмонликларидан ҳам оғиз очмасдингиз. Энди у сизга бегона, қутулганингизга шукур қилиб гапирмайсиз ҳам…

Одамларнинг бу луқмасига доно инсон:

— Мен нима учун ўзимга бегона бўлган аёл ҳақида ножўя сўз айтишим керак? – деб жавоб берган экан.

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда худди кинофильмдек намойиш этилаётган эри Россияга ишлаш учун кетган ёш аёлнинг бегона эркак билан зино қилгани воқеаси… бошқалар нима дейди, билмайман, назаримда, биз – айрим катталарнинг ҳам қалбидаги иллатларни очиб қўйди.

Аввало, ҳаёт тажрибаси бору йўқ бўлган турли ёш, турли тоифа вакиллари тўсиқларсиз очиб кўриши мумкин бўлган ижтимоий тармоққа ёш аёлнинг ётоқхонасида деярли яланғоч ўтирган эркакни асосий объект қилиб кўрсатиш ахлоқ-ҳаё қоидаларимизга умуман тўғри келмайди. Кимдир бу ҳолатни: “Мана шундай бузуқларни шарманда қилиб кўрсатиш керак”, деган фикрда бўлса…  Миллий қадриятларимизда ҳатто оталарнинг ўз қизлари, ака-укаларнинг туғишган опа-сингиллари ёнида ички ёки калта-култа кийимларда юриши ҳам оқланмайди. Зеро, бунақа ориятсизлик қизлару аёллар кўзидан, қалбидан андиша, номус пардасини кўтаради. Бетини қотиради.

Видеолавҳадаги гап-сўзлар ичида “Биз уни ўзимиз пойлаб юргандик… Мана энди тутиб олдик” деган гаплар эшитилади. Ён-атрофингдаги одамларга бундай муносабат йўлдан озаётган, нотўғри қадам билан жар ёқасига яқинлашаётган, билимсизлиги ё бошқа сабаб билан соғлиги, тинчлиги, бойлиги, обрўйини йўқотиб бораётган кишига нисбатан: “Қани, кутиб турайлик, нима аҳволга тушаркин. Кейин боплаб адабини берамиз ёки томошасини кўрамиз”, деган каби эмасми? Ўзигаю бошқаларга яхшилик истаганлар хато, камчилик, ёмонликни кўрган, сезган заҳоти уни йўқотишга, маддалаб кетмаслигига таъсир қиладилар, керак бўлса, ёрдам берадилар. Бу, иншооллоҳ, тарозуда тош босадиган бағрикенгликнинг, шафқатлиликнинг, инсонсеварлик, миллатсеварликнинг ифодаси бўлган фазилатдир. Ахир, ёмонлик, бидъат, бузуқлик, бузғунчилик каби иллатлар жамиятда барҳам топиши учун ҳамиша курашга тайёр бўлмаган қалбнинг ўзи бу ғиллу ғашликлардан озода, деб айтиш мумкинми?

Видеодаги овоз, муҳокамалардан гуноҳ содир бўлган хонага шу оила аъзоларидан тортиб қўшнию қариндошлар вакиллари ҳам йиғилгани билиниб турибди. Воқеада иштирок этаётган ички ишлар ходимининг кўз ўнгида одамлардан бири зинокорни уриб кетди, ҳуқуқ-тартибот идораси ходими бунга ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Яна… энг кўп ўйлантирган, тўғрироғи, алам қилган жиҳати… Кейинги бир йил ичида ички ишлар ходимлари томонидан  тутиб олиб қамаб қўйилган (аниқ сабаби уларнинг ўзи билан тупроққа кўмилди) бир неча фуқароларнинг ўлиги чиқди. Улардан биргина мисол: ижтимоий тармоқларни ларзага солган воқеа: Фарғона вилоятининг туманларидан бирида касалманд онасининг тикилиб термулган ўғли, кекса отахоннинг белига қувват бўлиб турган ёлғизгина набира (мактабда ўқишдан ташқари вақтларида косибдан ҳунар ўрганаётган) – ўн тўрт ёшли болани 17 минг сўмлик майда-чуйда егуликларни пул тўламай олиб чиқиб кетаётгани учун дўкон сотувчиларининг мурожаати билан  ички ишлар ходимлари қамаб қўйишган, икки кундан кейин унинг мурдасини қайтариб беришган.

Ўшанда ўсмирнинг 17 минг сўмлик ўғирлик устида қўлга тушгани ҳақидаги гаплар ижтимоий тармоқда хўпам айланди. Унинг фожиали ўлими сабаблари… тўғри, нинаниям бесўроқ олиш мумкин эмас. Лекин ҳаёт-да, озгина меҳру инсонийлик билан суриштирилса, сабаби ўрганилса, ўсмирнинг камбағал оиланинг фарзанди эканини, (балки) ўша пайтда қорни очу чўнтаги қуп-қуруқлигидан билиб-билмай нотўғри қадам қўйганини тушуниш мумкин эди. Зеро, у эрка-тантиқ, бебош эмас, етишмовчиликда улғайиб, ёш бошига ҳам ўқиб, ҳам ҳунар ўрганаётган фарзанд, набира бўлган дейишмоқда. Бир норасида, ҳаёти синовда кечаётган онанинг суянчиғи пул топиб инсоф топмаганлар, мансаб топиб меҳру мурувват, шафқату одамгарчиликдан мосуво бўлганлар сабаб ўлиб кетди. Қўни-қўшнилар, маҳалла, мактаб жамоаси жим, жим… Бузуқчиликлар атрофида аридай ғужғон бўлиб, уни кузатиб, томоша қилиб, элу юртга овоза этамиз-у, оғир ижтимоий фожиаларни муҳокама, таҳлил қилиш, уларнинг ҳаётий илдизларини қуритиш учун эҳтиёжимиз, журъатимиз йўқлиги, ҳеч бирлашмаслигимиз алам, юрагингни қон қилади…

Ҳадиси шарифда айтилишича, мўмин инсон токи жаннатга кирмагунча яхшиликка тўймас экан.

Муҳтарама УЛУҒОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + 20 =