Моддият эпидемияси
Урф-одатлар, қадриятлар, анъаналар, биз эъзозлайдиган туйғулар, инсонийлик ҳақида гап кетганда, негадир улар қишлоқда сақланиб қолиши керак, деб ўйлаймиз. Кўпчилигимиз ўша ерларда ҳалиям бор, деган хаёлдамиз. Аслида, қишлоқ ҳам бугун бошқа ҳудудлар сингари ўзгариб, йилдан-йилга ўзгача қадриятларни ўзлаштириб, кези келганда, ўзиникини бой бериши мумкин бўлган ҳудудга айланмоқда. Яъни, нима бўлганда ҳам, биз юз йиллардан бери қадрлаб келаётган қадриятлар шаҳарларда тамоман йўқолиб, қишлоқда асраб қолинади, деган фикр бугуннинг манзарасига тўғри келмайди.
Бунга мисоллар кўп бўлса-да, баъзиларини алоҳида таъкидлагимиз келди.
Тўр кимники?
Қишлоқда гап тез тарқалди: фалончининг ўғли таълим соҳасида яхшигина ишга ўтибди! Биров хурсанд бўлди, бизнинг қишлоғимизданам шунақа обрўли одамлар чиқаяпти, деб. Яна кимнингдир энсаси қотди. Кимдир оқ йўл тилади, хуллас, бу хабарга эътиборсиз одамнинг ўзи йўқ эди. Қизиғи кейин бўлди. Мансабга ўтирган фалончининг отаси бир умр одмигина ҳаёт кечиргани учун уйлари ҳам эл қатори, оддий қишлоқ уйларидан бири эди. Кўп ўтмай, уй бузилиб, қайта қурилди. Катта, кенг дарвозахонадан аввал оддийроқ, кейин янаям қимматроқ, ҳашаматлироқ машиналар жой эгаллай бошлади. Шаҳарга фақат икки-уч марта, уям бўлса, даволаниш учун борадиган фалончининг онаси умр йўлдоши билан қишни шаҳарда ўтказадиган бўлди. Кийимлар, ўзини тутиш ўзгара бошлади. Қишлоқдагилар ҳам қайси маърака бўлмасин, уларни беихтиёр тўрга ўтқазадиган бўлишди.
Фалончининг онаси энди бошқа аёлларга гап бермайди. Ўғлига қанақа совғалар келаётганидан тортиб, машинасини қачон янгисига алмаштиришигача. Бошқа аёллар ҳам онанинг оғзига кўзини тикиб, шундай ўғил тарбиялаганига ҳавас қилиб ўтиришади. Лекин негадир ҳеч ким ушбу тизимда ойлик-маошнинг ҳаминқадар бўлишига қарамай, бунча ҳой-ҳавасни қисқа фурсатларда амалга ошираётган амалдорнинг пулни қаердан олаётганини ўйлаб кўрмайди. Тўғрироғи, ўйлайди, ҳатто биладиям, лекин бундан нафратланмайди. Аксинча, ўша оилага яқинроқ бўлишни истайди, кўпроқ мулозамат кўрсатади. Энг ёмони, фарзандларини ҳам шундай бўлишга ундайди. Таълим тизимида кичик бир жойнинг раҳбари шунча ўзгариб кетдими, нега ахир, бу бизнинг болаларимизнинг ҳақи-ку аслида, дея фикр қилмайди.
Бир пайтлар қишлоқнинг оқил кексалари сал бўлса-да, ўзлигини йўқотган қишлоқдошларини изза қилган бўлса, бугун уларни кўтар-кўтар қилади. Танбеҳ берган одам бутун қишлоқ ичида бир зумда “ичи қора”га, “душман”га айлантириб қўйилади.
Қуйидаги мисолни эса суҳбатдошим ўзи айтиб берди.
Отамнинг даккиси
Отам бизни бир умр ҳалол меҳнати, ўқитувчилиги ортидан катта қилди, тарбия берди. Китоб-қаламга меҳр уйғонишига отам сабабчи бўлган. Вилоятнинг чекка тумани бўлгани учун узоқроқ мактабга қатнардик. Лекин китоб масаласида муаммомиз бўлмасди. Чунки эсимни таниганимдан бери уйимизда мўъжазгина кутубхона бўларди. Отам ҳар доим бизга ёшимизга қараб, китоб танлаб берарди, уни мароқ билан ўқиб чиқардик. Баъзи китобларни ўқишга рухсат бермасди. Биз астойдил тиришиб, отам айтган ишларни бажарганимизда, бу китобларга қийинчилик билан эришардик. Яъни, ҳозирда ота-оналар боласи китоб ўқиса, мукофот берса, биз китоб ўқиш учун кўпроқ ишлашимизга тўғри келарди. Кутубхонамиз уйимизнинг энг салобатли, ҳамма ҳам яқинлашишга рухсат бўлмаган бир жой эди. Табиийки, отамнинг бундай тарбияси билан ҳаммамиз мактабда яхши ўқидик, олий таълим муассасаларида таҳсил олдик.
Ёшликда олган билим, заковатимиз туфайли бугун вилоятнинг энг нуфузли бошқармаларида ишлаяпмиз, шукур. Авваллари отам биз билан фахрланар, доим қишлоққа борганимизда насиҳатларини айтиб, неваралари билан китоб ҳақида суҳбатлашардилар. Лекин кейинги йилларда негадир қишлоқда вазият ўзгарганини ҳис қиляпман. Одамлар уй қуриш, уни безатиш, турли автомобиллар сотиб олишга берилиб кетди. Бунинг нимаси ёмон, одамларнинг турмуш тарзи яхшиланяпти, дерсиз. Албатта, менам аввалига шундай фикрда эдим. Лекин энди атрофга назар ташлар эканман, кўп қадриятларимизни бой бериб қўймаяпмизми, деб ўйлаб қоламан.
Келинг, фикримни бироз бошқачароқ тушунтирай. Бундан ўн йиллар аввал қишлоққа борсак, қишлоқ катталари тўй-маъракаларда нима иш қилаётганим, марказдаги аҳвол-руҳият, сиёсат ҳақида суҳбатлашарди. Яхши суҳбатлар бўларди, ўзим ҳам улардан кўп нарса олардим. Лекин кейинги йилларда бу суҳбатлар мавзуи тобора торайиб бормоқда: фақат бойлик, ҳашаматдан гапириш урфга кирди. Кимнинг қанақа машина олаётгани, қанақа уй қураётгани, қандай тўй қилаётгани каби маиший мавзулар обдан гаплашиляпти ҳозир. Қишлоқда туғилиб-ўсиб, марказда ишлаётганлар мени яхши тушунади. Бугун қишлоқдан чиқиб, шаҳарда ишлаяпсанми, ота-онангни кўришга келганингда, албатта, тагингда энг сўнгги русумдаги автомобиль бўлиши керак. Шундагина обрў-эътиборга эга бўласан. Акс ҳолда, ҳеч кимсан, ҳеч нимага эришмагансан. Бу ҳолатни кузатиб, кўнглимдан ўтганларини таҳлил қилиб юрган пайтларим эди. Бир жияним уйланадиган бўлиб қолди. Оилам билан баҳоли қудрат совға-салом олиб, қишлоққа йўл олдик. Машинам оддий, эл қатори. Аввал ота уйига бориб, ҳол-аҳвол сўрашдик, ундан-бундан гаплашдик. Суҳбат давомида отамнинг бир гапи юрагимга наштардек тегди. “Сен ҳам фалончининг болаларига ўхшаб “Трекер”ларда келсанг бўлмайдими, болам? Ўшалардан кам жойинг йўқ-ку ахир. Обрўли жойда ишласанг, наҳотки шунча пайтдан бери эски “Нексия” миниб юрасан?!” дедилар. Шу инсон менинг отамми, дея ҳайратда қолдим. Ўзлари бир умр бизга ҳалол луқма едирган, ҳалолликни бош мезон қилиб тарбиялаган, бизларни ҳам шундай бўлишга ундаган инсон — отамдан бу сўзларни кутмагандим. Отага қарши фикр билдириш ножоизлиги бизда одоб даражасида шаклланиб қолган. Аммо шундай бўлса-да: “Ота, наҳотки шу гапларни сиз айтаётган бўлсангиз?!” дедим.
Кейин ўйлаб қолдим, йўқ, бу сўзларни отам эмас, йилдан-йилга қишлоқларга ҳам касаллик даражасида кириб бораётган ҳашамат эпидемияси гапираётган эди. Қандай бўлмасин, “Tracker”, “Malibu” миниб, қишлоқдошларининг кўзига “қаҳрамон” кўринаётган ва уларни беихтиёр қишлоқнинг тўрига олиб чиқаётган одамлар айтаётганди бу сўзларни. Минг йилдан бери одмилик, ҳалолликка сиғингудай одамларни ҳам домига тортиб кетаётган моддият гапираётганди бу сўзларни…
Гулруҳ МЎМИНОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.