Сабрнинг таги…

Сабрнинг таги олтин, дейдилар. Лекин сабрнинг ҳам муддати бўлиши керак-да. Агар ниҳояси бўлмаса, сабр ва тоқатдан нима фойда?
Маълумки, Сурхон воҳасининг ҳамма қишлоқ ва маҳаллаларига табиий газ қувури етиб бормаган. Айниқса, энг чекка тоғли ҳудуд бўлган Шеробод ва Олтинсой туманлари аҳолисига шу пайтгача суюлтирилган газ ўртача ҳисоблаганда, 50-60 километрдан ташиб бериларди.
Масалан, Шеробод тумани қишлоқ аҳлига Музработдан баллонларда пропан газ ташиларди. Сабаби, туманда суюлтирилган газ сақлаш омбори (станцияси) йўқ эди. Қўшни тумандан Оқтош, Вандоб, Хўжаикон, Қизил олма, Киршак, Қорабоғ каби маҳалла ва қишлоқлар аҳлига газ баллонларини етказиш учун етмиш-саксон километр йўл босишга тўғри келади. Бу эса ортиқча вақт, сарф-харажатдан ташқари, маҳсулот таннархига ҳам таъсир қиларди. Айрим чекка қишлоқ хонадонларига қишнинг қировли кунларида ҳафталаб маиший газ баллонлари етиб бормасди. Бунинг оқибатини тушунтириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Олтинсойлик соҳа ходимлари эса газ баллонларини Денов ва Бойсун туманидаги омборлардан тўлдириб хонадонларга етказишарди.
Ниҳоят, сабрнинг олтинга айланганига икки ой бўлаяпти. Эндиликда аҳоли хонадонларидан олинган маиший газ баллонлари шу куннинг ўзида тўлдирилиб эгасига етказилаяпти. Аҳоли бундай қулайликдан хурсанд, газ ташиб берувчилар эса ортиқча сарф-харажатдан, вақт йўқотишдан, одамларнинг ҳақли шикоят ва эътирозларидан қутулишди. Иккинчидан, Шеробод ва Олтинсой туманларида янгидан қурилиб ишга туширилган иккита суюлтирилган газ сақлаш омборлари туфайли саксон минг истеъмолчига сифатли хизмат кўрсатилмоқда. Бошқача айтганда, агар ҳар бир хонадонда ўртача тўрт нафар жон истиқомат қиладиган бўлса, уч юз йигирма мингдан ортиқ инсоннинг бу борада кўнгли хотиржам бўлди.
Яна сабрнинг таги олтин, деган ҳикматнинг моҳиятини қарангки, ярим аср деганда Шеробод ва Олтинсойда замонавий талабга жавоб берадиган суюлтирилган газ сақлаш омбори бунёд этилиб, аҳолига бинойидек хизмат кўрсатилмоқда.
Сафар ОМОН,
“Hurriyat” мухбири.
СУРАТЛАРДА: Янги қурилиб фойдаланишга топширилган суюлтирилган газ омбори фаолиятидан лавҳалар.