Табиат юзидаги чандиқ
Мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, табиатимиз хилма-хиллигини янада бойитиш ва бу борада фуқароларнинг экологик маданиятини ошириш давлат аҳамиятига молик масалалардан ҳисобланади. Бутун дунёда ва мамлакатимизга қўшни бўлган минтақаларда тобора кучайиб бораётган экологик муаммоларнинг таъсирини камайтириш, уларга қарши курашиш долзарб масалага айланиб улгурганини инобатга оладиган бўлсак, атроф-муҳитга нисбатан нотўғри ва ноқонуний муносабатда бўлганларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш суд органларига яна бир карра масъулият юклайди.
Акмалжон Хамрақулов “Норин-Фарғона” ирригация тизими бошқармаси бошлиғи ва ҳудуддаги экологик вазиятга бевосита жавобгар мансабдор сифатида Ўзбекистон Республикаси “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 37-моддасида, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга фақат санитария мақсадларида кесиш ҳамда биноларни, иншоотларни ва коммуникацияларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш билан боғлиқ ҳолда кесиш тартибида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган қарорига кўра йўл қўйилишидан яхши хабардор бўлган. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг 5-бандида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 30 октябрдаги 5863-сон Фармони билан жорий этилган мораторий даврида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига йўл қўйилмаслиги кўрсатилган бўлса-да, бу талабларга риоя қилмасдан, қимматбаҳо дарахтларни кўчириш ва кам қимматли дарахтларни кесиш бўйича Экология бошқармаларидан рухсатнома олиниши лозимлигини била туриб, бунга риоя қилмай, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, 2022 йил 25 ноябрда “Улуғбек барака инвест” МЧЖ билан тузилган 1-сонли пудрат шартномасида пудратчи ташкилотга канал четида бўлган дов-дарахтларни сақлаб қолиш бўйича мажбурият юклашни “хаёлидан фаромуш” айлаб, жараённи назорат қилмай, лойиҳа-смета ҳужжатларига дарахт тўнгакларини қўпориб ташлаш мажбуриятини юклаб, иш бажарилишига рухсат берган.
Оқибатда “Улуғбек барака инвест” МЧЖ томонидан “Бағдодмахсуссувпудрат” МЧЖ билан тузилган ижара шартномасига асосан ижарага олинган экскаваторлар ёрдамида иш ҳажмининг амалга оширилиши натижасида Катта Андижон каналининг ичида ўсиб турган қимматбаҳо 8 туп чинор, 1 туп қайрағоч дарахтлари, кам қимматли 444 туп тол, 136 туп жийда, 19 туп тўранғил, жами 608 туп дарахт оғир техникалар ёрдамида қўпорилиб, ўсимлик дунёсига 1.740.027.000 сўм, яъни жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабабчи бўлган. Катта Андижон канали четидаги муҳофаза ер майдонларини ижарага олган фуқароларга юборилган огоҳлантириш хатларида, канал четида бўлган дов-дарахтларни сақлаб қолиш бўйича мажбуриятни юкламасдан, уларнинг иш жараёнини назорат қилмасдан, тегишли рухсатнома олмасдан ушбу фуқаролар ва номаълум шахслар томонидан Катта Андижон каналининг 24,7 км қисмида ўсиб турган қимматбаҳо турдаги 5 туп чинор дарахти, кам қимматли турга мансуб 22 туп жийда, 241 туп тол, 8 туп тўранғил, жами 276 туп дарахтнинг остидан кесилишига, 328 туп тол дарахтининг ўсишдан тўхтамайдиган даражада шикастлантирилишига, ўсимлик дунёсига 1.456.080.000 сўм миқдорида зарар, жами бўлиб 3.196.107.000 сўм зарар етказилишига сабабчи бўлган.
Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг кассация инстанциясининг 2024 йил 4 июндаги ажрими билан ўзгартирилган, жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судининг 2024 йил 26 февралдаги ҳукмига кўра, Ҳамрақулов Акмалжон Омонжон ўғлига Ўзбекистон Республикаси ЖК 205-моддаси 2-қисмининг “а” банди ва 198-моддасининг 3-қисми билан ЖК 59-моддасининг 2 ва 8-қисмлари ва 61-моддаси тартибида 1 йил 3 ой давлат ташкилотларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил 7 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Аммо минг афсуски, тегишли жарималарга тортилган ва қонунда белгиланган жазо қўлланилган бўлса-да, она табиатга етказилган зарар шу билан жойига тушиб қолмайди. Энг ачинарлиси шундаки, бундай экологик жиноятни айнан атроф-муҳитни, ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилишга ҳам жавобгар ҳисобланган айрим раҳбар шахслар томонидан содир этилганидадир. Бу қилмишни эса асло хаспўшлаб, кечириб бўлмайди. Буни бир сўз билан айтганда, ўз вазифасига, ишига, она табиатга хиёнат деб аташ мумкин.
Бекзод ҲАЙДАРОВ,
Фарғона вилоят судининг
судьяси.