Форобийдан бизга қадар
…Бунга телевидение орқали ёки саҳнада гувоҳ бўлгансиз. Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов ғижжакни сайратиб юборади, созанда шу қадар нағма билан, ғижжакни гоҳ тиззасига қўйиб, гоҳ елка қисмига чиқариб чаладики, куйдан беҳад таъсирланасиз. Мақом ансамбли созлари таркибида чалинадиган ушбу чолғу оҳанги шу даражада дилтортарки, тинглаган сайин оҳанг сизни ўзига тортиб кетгандек бўлади.
Маълумотларга кўра, ғижжакнинг яратилиши султон Маҳмуд Ғазнавий замони, яъни Х-ХI асрларга тўғри келади. “Зийнат-ул-мажолис” (“Зийнатларнинг мажлиси”) 1-антологиясида келтирилишича, ғижжакни илк бор буюк олим ва мусиқашунос Aбу Наср Форобий ихтиро этиб, давраларда куй чалган, тингловчиларни ҳайратда қолдирган. Ривоят қилишларича, Форобий Рай шаҳрида Соҳиб ибн Aббод саройида вазир шарафига ўтказилган зиёфатда ўзи ихтиро этган чолғу билан куй ижро этиб, барчани йиғлатган, кулдирган, ҳаяжонга солган.
Ушбу чолғу ўтмишда “ғипжак” номи билан аталиб, созгарлар замон талабига мослаштириб ясаган. Йиллар ўтгани сари ғижжак такомиллашиб борган. Дарвеш Aли Чангий ўзининг мусиқий рисоласида ушбу чолғуни чалиш билан шуғулланган устоз Зайтуний-Ғижжакийнинг тенги йўқ созанда эканлигини, мақомнинг турли пардаларида чиройли куйлар басталаганлигини эътироф этади. Aлишер Навоий ҳазратлари ғижжакни “…у чўзиқ нолалар чекиб, ёлборади”, деб таърифлайди.
Саид Aҳмад Ғижжакий (ХIV-ХV аср) ҳақида Зайниддин Восифий “Бадоеъ-ул-вақоеъ” асарида шундай дейди: “Созандалар пешвоси Aҳмад Ғижжакий ғижжагининг тоси (косаси)дан таралаётган нафис оҳанг фалакдаги шарқ қуёши заррин жомидан таралаётган нурга муносибдур. Жаннат ҳурлари ғижжак камони учун ўз анбарин соч толаларини кестирурлар”. Дастлаб ғижжак икки торли бўлган, Заҳириддин Муҳаммад Бобур даврида созгарлар унга учинчи торни қўшган. “Бобурнома”да қайд қилинишича, ўша замоннинг машҳур созандаси Қулмуҳаммад Удий ғижжакка учинчи торни тортиб, ўзининг ажойиб ижрочилик маҳоратини намойиш этган.
Ғижжак тут, ўрик, нок, ёнғоқ дарахтидан ўйма усулда тайёрланиб, косаси устига балиқ териси қопланади. Коса билан даста ёғоч ёки темир ўқ орқали зич қилиб бирлаштирилади. Харраги косанинг дастаси билан туташган жойига яқинроқ, яъни тери усти (мембрана)га ўрнатилади. Юқори харрак фил суяги, қаттиқ ёғоч ёки пластмассадан ясалиши керак. Баъзи созгарлар эстетик завқ бағишлаши учун чолғуни садаф, фил суяги, пластмассадан фойдаланган ҳолда чиройли нақш билан безатади.
Дастаси, қулоқлари ва харраги мустаҳкам ёғочдан қилингани учун ғижжак юз йил, ҳаттоки ундан ҳам кўпроқ хизмат қилиши мумкин. Созгар битта ғижжак ясаши учун ойлаб сабр-тоқат билан эринмай ишлайди. Абдунаби Абдуғафуров, Асқаржон Эргашев, Абдумалик Мадримов, Азамат Исломов каби қўли гул усталар ясаган ғижжаклар янги авлодга мансуб созгарлар учун намуна бўлиб хизмат қилиб, қўлдан қўлга ўтмоқда. Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти доценти Набижон Қодиров бу ҳақда ўз фикрлари билан ўртоқлашади:
— Ғижжак ўн бир қисмдан иборат чолғу: бош қисм, қулоқлар ўрнашадиган жой, қулоқлари, юқори харрак (шайтон харрак), даста, торлар, коса, тери (мембрана), харрак, тор илгич, таглик (сихча). Чолғу камонли созлар оиласига мансуб, унда куй камон орқали ижро этилади. Камон тузилишига қараб скрипка ва анъанавий ғижжакка хослиги билан фарқланади. Ҳозирги вақтда асосан, скрипка камонидан кенг фойдаланилмоқда. ХХ асрнинг биринчи ярмида чолғушунос олим, ўзбек халқ чолғулари оркестри асосчиси, таниқли дирижёр А.Петросянц раҳбарлигида созгар усталар ўзбек миллий чолғуларини қайта ишлаб, янада такомиллаштиради. Қадимий чолғу асбоби Европа академик ижрочилиги талабларига мослаштирилгач, унинг товуш кўлами янада кенгайиб, ҳозирги шаклини олган. Унинг даста қисми скрипканикига ўхшатиб ишланган. Бу ғижжакда анънавий ва акдемик услубда бирдек куй ижро этиш имкониятини беради.
Мақом тароналарини тинглаганда, беихтиёр тебраниб, куйдан мутаассир бўламиз. Мақом ансамблида ҳар бир миллий чолғунинг ўрни бор, Масалан, танбурнинг ўрнини ғижжак босолмайди. Ғижжак иштирок этмаса, мақом куйларига хос қочирим, безак, нолани бошқа созлар тўлиқ ифодалаб бера олмайди. Ўзбек мақом санъатида Х асрдан бошлаб ғижжакнинг ўз ўрни бор.
Тўхтасин Жалилов, Ғанижон Тошматов, Комилжон Жабборов, Дони Зокиров ва бошқа устозларнинг ғижжак ижрочилигидаги анъаналарини Aбдуҳошим Исмоилов давом эттирмоқда. У ғижжак имкониятларини теран идрок этади, дутор, рубоб, танбурнинг сир-синоатларидан бохабар бўлгани боис, ғижжакнинг “ичига” кира олди. Бу мусиқа асбобини ўзлаштириш қанчалик мураккаб бўлмасин, созандада ижро этиш имкониятининг устунлиги бунга асло монелик қилмаган. Устоз Фарғона-Тошкент мақом йўлида миллий оҳангларни моҳирона қўллайди, штрихларни меъёрида беради, асар мазмунини чуқур ифодалайди, товушнинг тордан “қочишига” йўл қўймайди, камонни тор узра нозиклик билан юргизади.
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида ёш ғижжакчиларни тайёрлаш, улар маҳоратини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Таълим жараёни учун тақдим қилинган дарслик ва қўлланмалар ёш созандаларнинг назарий билимини оширади, албатта. Мазкур олий таълим даргоҳи бакалавриат ва магистратура босқичларида ёш ғижжакчиларга пухта билим берилаётир. Назарий машғулотлар ҳафтасига икки маротаба бир соатдан якка тартибда ўтилади. Малакавий амалиётни ўташ учун улар мусиқа, санъат йўналишидаги таълим муассасалари ва ансамблларга юборилмоқда.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,
журналист.