“Сўйласин минг йиллик мўйсафид тарих, Бу дўстлик билганми шубҳа, гумонни…”

Ўзбек ва озарбайжон дўстона муносабатлари, адабий алоқалари хусусида

Дарҳақиқат, ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасида асрлар давомида шаклланган миллий давлатчилик, маданият, илм-фан борасидаги дўстона қардошлик ва қондошлик муносабати, адабий алоқалар хусусида тўхталар эканмиз, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ўзининг “Озарбайжон” шеърида бу дўстликнинг бутун тарихий ва замонавий аҳамиятини тўлиқ очиб берганлигини эътироф этмоқ керак. Шунинг учун ҳам Озарбайжонга қилган сафар таассуротлари, тарихий ришталар, бугунги давлатлараро ва адабий алоқалар тўғрисидаги мулоҳазаларимиз, кузатишларимизни баён қилар эканмиз, ҳар бир фикр ифодасида беихтиёр унга таянишга интилади киши. Ҳатто Озарбайжон номини тилга олганда, эшитганда қалбимизга илиқлик югуради. Бу тафт моҳиятида асрлар давомида сайқалланган дўстлик, қондошлик, жондошлик, меҳр, самимият, дийдорга талпиниш, адабий алоқалар устувордир.

Турон, Туркистон, Ўзбекистон деган муқаддас номлар озарбайжонликлар учун қанчалик қадрли бўлса, Озарбайжон, Ганжа, Қорабоғ сингари манзилу маконлар биз ўзбеклар учун ҳам шу қадар азиздир.

Бугун Ўзбекистон халқи Озарбайжоннинг ютуқларидан, Қорабоғдаги ўзгаришлардан қанчалар хурсанд бўлсалар, озарбайжонликлар янги Ўзбекис­тонни бунёд этиш борасидаги ютуқлардан, буюк тарих ва маданиятга эга бўлган халқимизнинг дунёвий эътирофи, ўзлигини англаш жараёнларидан шунчалик мамнундирлар. Буни аллақачон юртимизда машҳур бўлиб кетган Озарбайжон шоири Акиф Бағирнинг “Ўзбек келаётир…” шеъридан ҳам туйиш мумкин:

…Асраб наърасини, янгроқ сасини —

Қадим Хоразмнинг хазинасини,

Икки ярим, уч минг йиллар наридан

Опичлаб Авесто дафинасини,

Ўзбек келаётир тарих қаъридан!

Бир қанот — Алпомиш, бир қанот — Широқ,

Бир ён — Алп Эр Тўнға, енгилмас тупроқ.

Ўт олиб мангулик самандаридан,

Тўмарислар қалбин ёритган чироқ —

Ўзбек келаётир тарих қаъридан!

Чиқариб нурафшон йўлга карвонин,

Бошига кўтариб тенгсиз сарбонин,

Куч олиб истиқлол зафарларидан,

Яна юлдузларга тақаб нарвонин,

Ўзбек келаётир тарих қаъридан!

Йўл бўшат, дилларда музлаган армон!

Йўл бўшат, менсимай хор қилган нодон!

Яна минг йилликнинг тонготаридан,

Йўл бўшат, замона! Йўл бўшат, жаҳон! —

Ўзбек келаётир тарих қаъридан!

 

Тошкентдан учган самолаёт маълум вақт ўтгандан кейин аста пастлай бошлади. Пастда кўм-кўк Касбий денгизи. Ҳазар сувлари улкан мовий лавҳдек, унда қуёш жилвалари ўйнарди.

Гўё Низомий Ганжавий девонидан бир варағи учиб кетган-у шу водийга қўнган, уни фақат юксакдан кўриш, ўқиш мумкин. Тайёрамиз Касбий денгизи устидан учиб ўтиб, қирғоқда нафосат кўзгусидай бўй кўрсатиб турган Боку шаҳрига қўнмоқда эди.

“Биз қўнишга тайёрмиз!” деган эълон янгради. Менинг бетоқат юрагим эса ундан ҳам тезроқ учаётгандек. Беихтиёр кўз олдимда Низомий Ганжавий, Муҳаммад Фузулий, Имомиддин Насимий, Мулла Паноҳ Воқиф сиймолари намоён бўлгандек туюлди. Қулоғимга Узейир Ҳожибейлининг машҳур куйлари эшитила бошлади. Беихтиёр тилимга машҳур озарбайжон шоири Самад Вурғуннинг сатрлари келди:

Кўп ўтганман бу тоғлардан,

Турна кўзли булоқлардан,

Эшитганман узоқлардан

Жимжит оққан Оразларни,

Синаганман дўсту ёрни…

Ўлмас кўнгил, ўлмас асар,

Низомийлар, Фузулийлар,

Қўлинг қалам, сийнанг дафтар,

Айтгил, дилда ниманг бордир,

Айтилган сўз ёдигордир…

Эл биларки, сен манимсан,

Юртим, элим, масканимсан,

Онам — туғма Ватанимсан!

Айриларми кўнгил жондан,

Озарбайжон, Озарбайжон!

Юрт! Минг йиллар қўшиғисан,

Гўзалларнинг бешигисан,

Бахшиларнинг маъшуғисан,

Ўзинг қуёш қучоғисан,

Шеъру санъат ўчоғисан!

Озарбайжон ва Ўзбекистон. Бугун бу икки давлат ҳам тараққиётнинг ойдин йўлига чиқиб олди. Таъбир жоиз бўлса, бу икки қондош мамлакат қўлларини бир-бирларининг елкасига ташлаб музаффар йўллар сари бораётган қадрдонга ўхшайди. Бокудан Тошкент, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларига тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари йўлга қўйилгани, Самарқанд ва Ганжа, Хива ва Шуша, Бухоро ва Ланкарон, Қўқон ва Шеки шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзолангани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан Тошкентда бўлиб ўтган учрашув чоғида дўстона муносабатлар ҳақида тўхталар эканлар, бир жиҳатга алоҳида урғу бериб, “Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини бирлаштирувчи асосий қад­рият — бу маданиятдир”, дея таъкидлаган эдилар. Боку шаҳрида Алишер Навоийга, Тошкент шаҳрида Низомий Ганжавийга ҳайкаллар ўрнатилгани юксак эҳтиром асосидаги маданиятлараро мулоқотнинг ёрқин намунасидир. Ўзбекистон — Озарбайжон муносабатлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган Озарбайжоннинг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиевнинг 100 йиллигига бағишлаб Тошкент шаҳрида Ҳайдар Алиев сиймоси акс эттирилган ёдгорлик мажмуасининг бунёд этилиши, унда икки давлат раҳбарлари, ўзбекистонлик ва озарбайжонлик илм-фан, маданият намояндаларининг иштирок этиши, муҳим санага бағишлаб қатор маънавий-маърифий тадбирларнинг ўтказилиши шу қардош­ликнинг гўзал ифодасидир.

…Озарбайжон Ёзарлар бирлигининг 90 йиллиги муносабати билан ташкил этилган маданий-адабий тадбирлар дастури ўзига хослиги билан диққатимизни тортди. Унда Боку шаҳридаги маданий-маърифий муассасалар фаолияти билан танишиш, ўзида Озарбайжоннинг бутун тарихи, қадимий маданияти ва адабиётини мужассам этган Қорабоғга келиш, Шуша, Фузулий шаҳарларида бўлиш биз учун кутилмаган совға бўлди. Озарбайжон Ёзарлар бирлиги раиси, машҳур адиб Анар муаллим бошчилигида қатор туркий давлатлардан келган таниқли ёзувчи ва шоирлар, таржимон ва ноширлар, адабиётшунос олимлар, жумладан, туркиялик Атаол Беҳрамўғли, Меҳмет Пармақсиз, Омер Кучукмеҳмет ўғли, Имдат Авсар, Қозоғистондан Дуссанбай Кассеинов, Қирғизистондан Жолдосбек Монолдоров, Актўти Раимқулова ва бир қатор озарбайжонлик ижодкорлар иштирокида қизғин адабий суҳбатлар бош­ланди, ижодий алоқалар истиқболлари муҳокама қилинди.

Озарбайжон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевларнинг саъй-­ҳаракатлари билан юксак босқичга кўтарилди. Таъбир жоиз бўлса, том маънода залворли мазмун билан бо­йиди.

Худди кечагидек кўз ўнгимизда турибди: 2023 йил 24 август санасини бугун Озарбайжон халқи ҳам катта ҳурмат билан эслайди. Шу куни икки мамлакат етакчилари рафиқалари билан бирга байрамона тасмани кесиб, Қорабоғнинг Фузулий шаҳрида давлатимиз раҳбари Мирзо Улуғбек номидаги 1-мактабни тантанали равишда очиб берган эди.

Муҳтарам Президентимизнинг ташқи сиёсатида маърифатпарварлик, адабий алоқаларни ривожлантириш алоҳида ўрин тутади. 2021 йил 31 март куни ўтган Туркий кенгашнинг норасмий саммитида иштирок этар экан, Ўзбекистон Қорабоғ заминидаги ёдгорликлар, маданият ва маърифат масканларини қайта тиклашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини таъкидлаган эди.

Ўзбекистон Президентининг Озарбайжон халқига юксак эътибори, ўзбек халқининг қардош халққа меҳри ва эҳтироми сифатида Фузулий шаҳрида 960 нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий мактаб қурилиши озарбайжон халқини беҳад қувонтирди.

Хусусан, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг юксак ҳурмат билан айтган сўзлари юракларимизни тўлқинлантириб юборди: “Болалар, бу мактабни Фузулий шаҳрига биродарим, муҳтарам Шавкат Миромонович совға қилган. Биродаримни илиқ қарши олишингизни истардим.

Қорабоғнинг тикланишида хорижий давлатнинг илк совғаси ва биз бу биродарлик, ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш ишорасини юксак қадрлаймиз… Мактаб ўзбек халқининг буюк фарзанди Мирзо Улуғбек номи билан аталган бўлиб, у нафақат таълим маскани, балки дўстлик ва биродарлигимизнинг яна бир маркази бўлишига ишонаман”.

“Биз Ўзбекистон Президенти жаноб Шавкат Мирзиёевдан ва унинг тимсолида Ўзбекистон халқидан бу ажойиб мактабни қуриб, бизга бергани учун миннатдормиз. Мирзиёев жанобларидан Фузулий аҳлининг ўз халқига, ўзбек халқига бу миннатдорчиликларини етказишини сўраймиз”, деганди ўшанда мазкур мактаб директори Хажар Маҳмудова.

Сафаримиз давомида ушбу мактабни кўриш орзуси тинч қўймади. Биз тушган машина Фузулий шаҳрига яқинлашар экан, Мирзо Улуғбек номидаги ана шу илм масканини узоқдан танидим. Ана, ана, дея ҳайдовчига ўзим йўл кўрсатишга интилдим. Беихтиёр тилимга буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг улуғ олим ҳақида айтган машҳур байтлари келди:

Темурхон наслидин Султон Улуғбек,

Ки, олам кўрмади султон анингдек.

Ўзбекистондаги Президент мактаблари лойиҳаси асосида тикланган бу мактаб халқимизнинг меҳрини намоён қилиб турарди. Гарчи таътил пайти бўлса-да, мактаб посбонлари бизнинг Ўзбекистондан эканлигимизни билиб, алоҳида ҳурмат кўрсатди. Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактабда 40 та синфхона, 6 та лаборатория, 2 та информатика хонаси, 5 та функционал ўқув хонаси, мажлислар ва спорт заллари, ошхона, кутубхона мавжуд. Футбол майдони, дам олиш ва тадбирлар ўтказиш учун жойлар, югуриш йўлаклари ташкил қилинган.

Бизга мезбонлар катта ҳурмат билан бир неча кун аввал бу манзилда Шавкат Мирзиёев ҳам бўлганлигини фахр билан айтиб беришди. Ҳа, Президентимиз 6 июль куни Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг “Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали барқарор келажакни бунёд этиш” шиори остидаги норасмий саммитида иштирок этганди.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев ва ТДТ Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим ҳам қатнашган бу йиғилиш ҳақида Шуша ва Фузулий шаҳрида одамлардан кўп бора эшитдик.

Ўзбек ва озарбайжон адабий алоқалари озар халқининг буюк шоири Муҳаммад Фузулий тимсолида яна ривож топди. Муҳаммад Фузулий Алишер Навоийни ўзига устоз билиб, унга чексиз ҳавас билан ижод қилди, ғазалларига назиралар битди. Ўз навбатида қатор ўзбек шоирлари ҳам Фузулий шеъриятига юксак муҳаббат ила қарадилар. Олимларнинг таъкидлашларича, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Амир Умархон, Андалиб, Муқимий, Увайсий, Роқим, Султон Саййид Носирхон, Табиб Хоразмий, Садир Эркин каби мумтоз ўзбек шоирлари Фузулий ғазалларига назиралар битдилар.

ХХ аср ўзбек ва озарбайжон адабий алоқалари ҳақида сўз кетганда икки буюк халққа бирдек фарзанд саналган, ўртада ўзига хос адабий кўприк бўлиб хизмат қилган Озарбайжон фарзанди, ўзбек дилбанди — маърифатпарвар шоир, драматург, адабиётшунос ва забардаст таржимон Мақсуд Шайхзода номини ҳам ҳурмат билан тилга оламиз. Шоир “Тошкентнома” лирик достонида бундай ёзган эди:

Умрим бино бўлди Озарбайжонда,

Кечди болалигим у гул маконда.

Низомий ватани, Ганжа ўлкаси

Ўлкамга тўлдирди шеър ҳавосин…

 

Лекин шоирликнинг нозик толеи

Кулди Сирдарёнинг ҳавзаларида.

Ўзбек қуёшининг чин оталиги

Акс этди мастоба косаларида.

 

Ўзбек водийсида отимни сурдим,

Азиз йўлдошлар-ла ўтолдим, юрдим.

Йўқ, мен тақдиримдан эмасман хафа,

Шоирлик унвони бахтимдан туҳфа!..

Мустабид тузумнинг қатағон сиёсати, бадарға ва тақиқлар, камситилишу изтироблар Мақсуд Шайхзода иродасини бука олмади, унинг қалами жасорат ила ёзишдан тўхтамади. Таъбир жоиз бўлса, у “Жалолиддин Мангуберди” тарихий драмасида Жалолиддин тилидан икки буюк халқ ватанпарварлиги ва озодлик учун кураши, иймон-иродасини намоён этди. Қорабоғда вайроналар ичра янгидан бунёд бўлаётган Шуша ва Фузулий шаҳарларини кўриб, Мақсуд Шайхзода руҳи кезиб юргандай, шаббодалар орқали ўлмас шоирнинг Жалолиддин Мангуберди тилидан битган машҳур сатр­ларини такрорлаётгандай туюлди:

…Кўкларданми, сувданми ё ер тагидан,

Балки саҳро бағридан, тоғ этагидан

Бир кун пайдо бўламан шу юрт, шу ерда,

Юрт шайдоси кўринмас ғурбатда — гўрда.

Ким юртдан ёвни қувса, мендирман ўшал,

Улуғвор ниятларга кор қилмас ажал!

“Адабий дўстлик — абадий дўстлик!” Давлатимиз раҳбарининг аллақачон ижодкорларнинг дастуриламалига, шиорига айланиб кетган бу ибораларида мангу ҳаёт ҳақиқати мужассам. Негаки, айнан адабиёт, санъат, маданият нафақат турли миллатлар шоирлари, балки улар мансуб бўлган халқлар кўнгилларини-да бир-бирига боғлайди. Ўзбек ва озарбайжон халқлари дўстлиги замирида ҳам, шубҳасиз, даҳо аждодларимизнинг бир-бирларига эҳтироми ва ишончи ётади.

Самад Вурғуннинг машҳур сатрларини эсланг-а:

Кўнглим ўтар Қорабоғдан,

Гоҳ у тоғдан, гоҳ бу тоғдан,

Оқшом пайти кўп узоқдан —

Кўкка учсин бахт овози,

Қорабоғнинг жаранг сози.

Ҳа, бугун бу сўзлар Қорабоғга ярашади. Уруш келтирган вайроналар аро янги замонавий шаҳар ва қиш­лоқлар, турар-жой бинолари, кўркам маҳаллалар қад ростламоқда.

Шуша шаҳри “Қорабоғ дурдонаси”, “Кавказ санъати маркази” ва “Озарбайжон мусиқаси бешиги” номлари билан маълум. Шаҳар бир қатор таниқли фан, маданият ва санъат арбоблари ватанидир. 2021 йилдан буён Шуша Озарбайжоннинг маданий пойтахти ҳисобланади, 2023 йилда эса туркий дунё маданий пойтахти деб эълон қилинган. Жорий йилда Хива шаҳри ва Шуша шаҳри ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди.

Яқинда Президентимиз бу шаҳарда бўлганида, Шушада ўттиз икки йил ичида биринчи марта қурилган турар-жой мажмуасига ташриф буюрди. 23 та бинодан иборат уй-жой мажмуасининг умумий майдони қарийб 8 гектарни ташкил этади. 2021 йилда тамал тоши қўйилган муаззам масжид қурилиши ҳам жадал олиб борилмоқда.

Шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича жуда катта ишлар бошланган. Биз ҳам давлатларимиз раҳбарлари юрган йўллардан бориб, Шушадаги муаззам Гавҳар Оға масжидини зиёрат қилдик. Ҳақиқатда таъкидланганидек, Шуша, Фузулий шаҳарларида ҳаёт барқарор ҳолатга қайтмоқда, Президент Илҳом Алиев раҳбарлигида Қорабоғни қайта тиклаш ва ривожлантириш, аҳолининг фаровон турмуши учун қулай шароитлар яратиш бўйича жуда катта бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Шушада икки кун давомида “Хорабулбул” меҳмонхонасида бўлдик. Тонгдан қушлар, булбуллар садоси остида кўз очдик. Мен нонуштадан сўнг қардошларимизга Шушада камолга етган машҳур шоир Мулла Паноҳ Воқиф ғазали асосида Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраев айтган “Турналар” қўшиғини қўйиб бердим. Ҳайратли нигоҳлар, майин шаббода, ям-яшил тоғлар, мовий осмон, буларнинг барчаси қўшиқ билан уйғунлашиб кетгандай эди. Мен меҳмон ва мезбонларнинг ҳайратли нигоҳларига жавобан Воқиф шеърияти ўзбек халқи учун қанчалар севимли ва қадрли эканлиги тўғрисида айтиб бердим.

Икки кун давомида жуда кўп жойларда бўлдик. Қайтадан тикланган Шуша шаҳар маъмурияти биноси олдидаги майдонда буюк санъаткорлар Булбул, Узейир Ҳожибейли, Нотавон Хуршидбону ҳайкалларини зиёрат қилдик. Шуша шаҳар қалъаси, Нотавон қасри харобалари, Иса булоқ, буюк санъаткор Булбул уй музейида бўлдик. Гавҳар оға масжиди ёнидаги мўъжаз музейда озарбайжонлик машҳур миниатюрачи рассом М.М.Навваб ижодий намуналари ичида Соҳибқирон Амир Темурнинг улуғвор суратини кўриб ифтихорландик. Ва ниҳоят иккинчи кун тушдан кейин Мулла Паноҳ Воқиф зиёратига отландик. Кўм-кўк тоғлар бағрида ўзига хос меъморий кўринишда бунёд этилган шоир мақбарасини кўриб, беихтиёр бир неча вақт муқаддам шоирнинг ўзим таржима қилган шеъридаги сатрларни эсладим:

Умидим борки, ҳеч ким бу қора кун

                                                    измида қолмас,

Бу олам ўзга ранг топгай,

                                  ахир бу чархи даврондир.

 

Макон тутди деса Воқиф, инонманг,

                                                     Шуша тоғинда,

Манзилим Лаъли-гулрангли

                                   тоғу тош ичра пинҳондир.

Алоҳида таъкидламоқ жоизки, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги адабий алоқалар йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Озарбайжонга сафаримиз давомида озар халқи ўзбек адабиёти, санъати, мусиқасига қанчалик катта баҳрамандлик ҳисси билан қарашига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Қарангки, бизда ҳам шундай, бирор бир ўзбек хонадони йўқки, Низомий, Фузулий, Воқиф нафаси кирмаган, бу халқ куй ва қўшиқлари севиб эшитилмаган бўлсин.

Бундай яқинлик, бундай маънавий бирлик, албатта, кўп асрлик илдизларга эга. Аждодларимиз ўртасидаги меҳр-оқибат, адабий ришталар бугун ҳам эъзоз ва эътиборда. Бугун ўзбек ўқувчиси Наби Ҳазрий, Халил Риза, Маммад Ораз, Бахтиёр Ваҳобзода, Қобил, Кабир Наврўз, Юсуф Самадўғли, Ағамали Содиқ, Анар, Элчин, Фикрат Хожа, Залимхон Ёқуб, Ҳидоят, Ҳусейн Курдўғли, Мамад Аслан, Рамиз Равшан, Рустам Беруди, Салим Бабулла ўғли, Юнус Ўғуз, Феруз Мустафо ва бошқа озарбайжон шоир ва ёзувчиларини яхши танийди. Бунда Ғафур Ғулом, Миртемир, Зулфия, Жуманиёз Жабборов, Тўхтасин Жалолов, Усмон Қўчқор, Ойдин Ҳожиева, Маматқул Ҳазратқулов, Тоҳир Қаҳҳор каби кўплаб ўзбек таржимонларининг меҳнати катта.

Озарбайжонга сафаримиз давомида мезбонлар бугунги адабий алоқалардан мамнун эканликларини чуқур ҳурмат билан билдирган ҳолда Усмон Қўчқорнинг озарбайжон адабиётидан таржималарини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Ўзбек шоирининг Мирза Жалил, Муҳаммад Ҳоди, Ҳусайн Жовид, Жаъфар Жабборли ва бошқа мумтоз ижодкорлардан таржималари эътирофга лойиқ. Хусусан, Ҳусайн Жовиднинг “Иблис”, “Амир Темур”, “Шайх Санъон” асарларининг таржималарини Ўзбекистон адабий муҳити қанчалик илиқ қарши олгани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир.

Биз ҳам Ўзбекистонда ўзбек адабиёти, хусусан, Алишер Навоийнинг Озарбайжондаги моҳир таржимони сифатида Халил Риза Улутуркка катта ҳурмат билан қараймиз. Айниқса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзоси Рамиз Асқарни хотирлаб ёд этар эканмиз, уларнинг Алишер Навоий ижодидан қилган таржималари, хусусан, “Хамса”нинг озарбайжон тилига тўлиқ ўгиришдаги буюк хизматлари, ўзбек адабиёти бўйича қилган муҳим тадқиқотларини эслаймиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Рамиз Асқарга “Дўстлик” ордени берилиши абадиятга юз тутган адабий дўстликнинг юксак эътирофи бўлди.

Яна Алишер Навоий ижодининг Озарбайжондаги тадқиқотчиси ва тарғиботчиси, таниқли олима, филология фанлари доктори Олмос Улви номини ҳам катта мамнуният билан тилга олсак арзийди.

Бугунги кунда озарбайжонлик тўрт нафар таниқли ижодкор Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзолари ҳисобланади. Ўзбекистонлик икки ижодкор эса Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоларидир.

Озарбайжон Ёзарлар бирлигининг 90 йиллигига бағишланган тадбирлардаги чиқишларимизда, биз озар адибларига 2022 йилда илк бор ўзбек тилида чоп этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуаси ҳақида сўзлаб бердик. Гарчи бу китоблар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Озарбайжонда тақдимот қилинган бўлса-да, улар туркий тилли давлатлар адабиётида муносиб ўринга эга бўлган 1 100 нафардан зиёд муаллифларни ўз ичига олган бу нодир мажмуа ҳақидаги сўзларимизни ниҳоятда катта қизиқиш билан тингладилар.

Мажмуада Озарбайжон адабиётига 16 жилд ажратилгани, Озарбайжон адабиёти Низомий Ганжавийнинг ғазаллари ҳамда “Лайли ва Мажнун” достони билан бош­ланиши, Озарбайжон мумтоз адабиётининг йирик вакиллари Насимий, Маҳсатий Ганжавий, Хоқоний, Ҳайрон хоним, Хуршидбону Нотавон, Фузулий шеъриятидан намуналар, шунингдек, озарбайжон драматур­гияси асосчиси Ҳусайн Жовид драмалари, Юсуф Чаманзаминли, Мамедсаид Ўрдубодий, Мирза Иброҳимов романлари, Самад Вурғун, Бахтиёр Ваҳобзода, Халил Ризонинг шеър ва достонларига алоҳида эътибор берилганлигини катта муҳаббат билан қарши олдилар.

Мажмуа учун Саидазим Ширвоний, Муҳаммад Ҳодий, Собир Алиакбар ғазаллари, Аҳмад Жавод, Сулаймон Рустам, Олмос Йилдирим, Микаил Мушфиқ, Расул Ризо, Наби Ҳазрий шеърлари махсус таржима қилингани, замонавий озарбайжон адабиёти вакиллари Анар, Собир Рустамхонли, Рамиз Равшан асарлари алоҳида жилдларда тақдим этилгани катта мамнуният билан эътироф этилди.

Ҳақиқатда ҳам бу мажмуа қардошларимиз ҳайратига сабаб бўлди. Унда яна Озарбайжон замонавий адабиётининг Бунёдзода Улвий, Салим Бабулла ўғли, Акбар Қўшали, Ғанира Пошшаева каби шоирлар, Фируз Мустафо, Илғор Фаҳмий каби ёзувчиларнинг ҳикоялари киритилган, жами 100 га яқин озар ижодкори асарлари жамлангани билан ҳам ноёб ҳисобланади.

Адабий алоқаларимиз кўламига назар ташлайдиган бўлсак, бу дўстона муносабатлар йилдан йилга ривожланиб, кенгайиб, янги мазмун билан бойиб бораётганини кўрамиз. Тошкентда бўлиб ўтган “Озарбайжон маданияти кунлари”, Озарбайжон халқ ёзувчиси Анарнинг “Албатта учрашамиз”, ёзувчи ва публицист Исмат Кучиевнинг “Ҳайдар Алиевнинг ғалабаси” номли китоблари тақдимоти ниҳоятда қизғин ўтди. Навоий шаҳрида “Мумтоз шеърият” халқаро фестивали, Бухоро шаҳрида “Туркий тилли давлатлар ёш ижодкорларининг анжумани” доирасида ҳам қардош озарбайжонлик ижодкорлар фаол иштирок этдилар. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган буюк озар шоири Фузулий таваллудининг 530 йиллигига бағишланган адабий-маърифий Халқаро анжуман чинакам адабиёт байрамига айланиб кетди.

Озарбайжонда бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданияти кунлари”, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Хайриддин Султоннинг “Одамлардан тинглаб ҳикоя” китобларининг озарбайжон тилига таржимаси асосида Баку шаҳридаги адабий тадбирлар ниҳоятда сермазмун ўтди. Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида “Мажлиси фаромушон”, “Мулла Паноҳ Воқиф шеърияти” халқаро шеърият фестивалларида ўзбек адиблари фаол иштирок этдилар.

Озарбайжоннинг Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт музейи директори, таниқли олим, филология фанлари доктори, академик Рафаэль Ҳусейиновнинг музей экспонатлари билан танишишда бизга ҳамроҳлик қилгани, олимнинг Алишер Навоий ижодига ўзгача юксак ҳурмати кўнглимизни янада чароғон этди. Айниқса, музей директори қабулхонасида Алишер Навоийнинг муаззам сиймосини кўриш қалбимизни янада тўлқинлантирди.

Ҳазар коса бўлсин, яъни жоми Жам,

Сипқаргил, шарафла давру давронни…

Биласизми, Қорабоғга боришда ҳам, келишда ҳам бир жиҳат алоҳида эътиборимизни тортди. Бу халқ тилида “Зафар йўли” деб аталадиган йўллардир. Деярли ҳар бир қадамда Қорабоғ озодлиги йўлида шаҳид кетган озарбайжоннинг мард ва жасур ўғлонларининг суратлари ўрнатилган. Баъзан бу йўллар ўнлаб километрларга чўзилади. Қайси кўча, қайси овул, қайси тоғ дараларидан ўтманг, у жойларда “Шаҳидлар ўлмас, Ватан бўлинмас!” деган муқаддас шиор остида ўша ҳудуд озодлиги учун жонини бахшида этган зобит ва аскарларнинг суратига кўзимиз тушди. Биз ҳам “Зафар йўллари”дан ўтар эканмиз, шаҳидлар ҳаққига дуолар қилдик. Ўзбек жадидларининг пешвоси Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганидек, “Ҳақ олинур, берилмас!” Айни шу лаҳзалар кўз олдимга озарбайжоннинг Ватан учун қурбон бўлишга шай бўлган мард, жасур ватанпарвар фарзандларини тарбиялаган тоғдек иродали оналари келди. Қўйнида Ватан байроғи билан шаҳид кетган ўғлонлари кўз олдимдан ўтди. Беихтиёр Самад Вурғунниг мангу сатрларини такрорладим:

Агар сендан тонар бўлсам насибим оҳу зор ўлсин,

Баҳорим қишга айлансин,

                                       чечаксиз бир диёр ўлсин…

Қорабоғда бошланган улкан бунёдкорлик ишларини кўриб дилимиздан шундай ўйлар ўтди: Иймоним комил, буюк озарбайжон халқи яқин йиллар ичида Воқифлар, Нотавонлар, Узейир Ҳожибейлар, Булбуллар яшаб ўтган муқаддас Шуша шаҳрини озарбайжоннинг энг гўзал ва обод масканига айлантирадилар.

Шушада ўтган оғир синовлар ҳақида ўзаро суҳбатлашиб ўтирар эканмиз, Анар муаллим бир лаҳза маҳзун ўйлар гирдобида қолди. Бироздан сўнг қалтираган овозда шуларни таъкидлади:

— Биз нафақат уруш изтиробларини, балки азобли маънавий оғриқларни ҳам дилдан ўтказдик. Асрлар давомида Озарбайжон қалбининг муқаддас бир парчаси бўлган Қорабоғга қадам қўя олмадик, улуғларимиз зиё­ратидан бебаҳра бўлдик. Ватан ичра гўзал бир Ватан бўлган — Қорабоғнинг оғриқларига малҳам бўла олмадик. Бу қанчалар изтиробли… Шукурки, бугун биз нафақат Озарбайжоннинг, балки юрагимизнинг бир парчаси бўлган Қорабоғда ўтирибмиз…

Анор муаллимнинг кўзларида ёш йилтиради. Аммо унинг овозидаги ўктамлик замирида музаффар Озарбайжон намоён эди…

Шушадан Боку шаҳрига қайтар эканмиз, тинчлик, фаровонлик, мустақиллик, Ватан сарҳадларининг дахлсизлиги, деган сўзларнинг қадри ва аҳамиятини дард ила янада теранроқ ҳис қилгандай бўлдим. “Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!” деган улуғ шиор қон-қонимизга сингиши, бунинг учун барча илмий-ижодий-тарбиявий имкониятларни ишга солиш қанчалар муҳим эканлиги ҳақида ўйладим.

Озарбайжон Ёзарлар бирлигининг 90 йиллигига бағишланган тантанада икки давлат дўстлиги, Президентларимиз, буюк аждодларимиз, халқимиз ўртасидаги асрий муносабатлар, жумладан, адабий алоқалар ҳақидаги фикрлар озарбайжон зиёлилари томонидан қизғин кутиб олинди.

Озарбайжон Ёзарлар бирлиги раиси, оламшумул адиб Анар муаллимни қайтадан кашф этгандек бўлдим. Улкан тоғдек салобатли, виқори ўзига ярашган, лекин ниҳоятда очиқ дил, самимиятли бу инсон билан бир неча маротаба учрашгандим. У ҳақда сўз кетганда, уни ниҳоятда босиқ, унча мунчага кулмайдиган киши сифатида тасвирлар эдилар. Озарбайжонга кетишда кўпларнинг саломларини Анар муаллимга олиб бордим, етказдим. Хусусан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раи­­си Сирожиддин Саййид, филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев, “Гулистон” журнали бош муҳаррири ўринбосари, таниқли устоз адибимиз Маматқул Ҳазратқулов ва бошқалар қизғин саломларини етказишимни сўрашганди. Саломлар соҳибига етказилди, ўз навбатида жавоб саломлари ҳам олиб келинди. Тошкентга қайтгач, Маматқул Ҳазратқуловга қўнғироқ қилиб, Анар муаллимнинг саломларини етказар эканман: “Маматқул ака, Анар муаллимни кулмайди, дейишарди, у киши биз билан Шушага кичик автобусда бирга бориб келдилар, кўп суҳбат қилдик. Ана шу жараёнларда у кишининг кўзларига ёш қалқиб маҳзун бўлганини ҳам, кулганини ҳам кўрдим”, — дедим. Шунда Маматқул ака: “Мен ҳам Анар муаллимнинг бир марта овози титраб ичдан йиғлаганини кўрганман”, дедилар ҳамда ўша воқеани айтиб бердилар:

“Анча йиллар аввал Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган халқаро адабиёт анжуманига келганларида Самарқанд шаҳрига ҳам бордик. Мен у кишига ҳамроҳлик қилдим. Ҳазрати Дониёр мақбараси зиёратида бўлдик. Булоқ бошида мен у кишига айтдим: “Анар муаллим, Самарқанд бу қутлуғ замин, қолаверса, бу булоқ хосиятли, кўнглингиздаги энг улуғ ниятларингизни айтиб ичинг, кўрасиз, албатта ижобат бўлади”.

Шунда Анар муаллим бирдан маҳзун тортди, овози титради, кўзларига ёш келди:

— Менинг яккаю ягона орзуим — Қорабоғнинг Озарбайжон бағрига қайтишини кўриш, Яратган мени, халқимни ана ўша буюк бахтга мушарраф этсин…

Ўшанда ҳамма ихлос билан “Омин” дея бу муборак дуога қўшилганди”.

Деярли бир ҳафта давом этган сафаримиз давомида Туркиядан, Қозоғистондан, Қирғизистондан келган адиб­лар, озарбайжон ёзувчилари, маданият ва санъат вакиллари билан дўст-қадрдон бўлиб кетдик. Бу тадбирларда Анар муаллим деярли биз билан бирга бўлди. У кишининг ички маданияти, меҳмоннавозлиги кишини ҳайратга соларди. Лекин эътиборимни тортган яна бир жиҳат, у кишининг Ўзбекистонга, Президентимизга, ўзбек халқи, адабиётига бўлган чексиз ҳурмати бўлди. Буни Қорабоғда ҳам, якуний зиёфат дастурхони атрофида ҳам алоҳида урғулаб, эҳтиромини билдирдилар:

— Мен яна бир бор ўзбекистонлик дўстларимизга ўз ҳурматимни билдирмоқчиман. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёв бугун мамлакатни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқди. Айниқса, давлат раҳбарининг адабиётга бўлаётган эътибори ибратлидир. Бунга Ўзбекистонда бўлганимда ўзим гувоҳ бўлдим. Қолаверса, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни туркий давлатлар кенгашига аъзо қилди. Сафимиз янада мус­таҳкамланди. Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нафақат озарбайжон ва ўзбек халқи, барча туркий халқлар дўстлиги ва биродарлигини мус­таҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқдалар. Ўзбекистон Президенти Фармони билан мени “Дўстлик” ордени билан тақдирладилар. Мен бундан ниҳоятда мамнунман. Илоҳим, қалбимиз, қаламимиз ҳамиша эзгуликка, яхшиликка, халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилаверсин.

…Боку аэропорти. Турли миллатга мансуб йўловчилар. Самолётга чиқиш эълон қилинди, уларга назар ташлайман: асосан, Ўзбекистонга учаётган йўловчилар орасида ёш болалилар бор экан. Қайсидир бола йиғлади, уни барча бир бўлиб қўлидан келганча овутишга тушди. Кимдир ўйинчоқ, кимдир ширинлик тутди. Болаларнинг ота-оналарига қарайман, бир қарасанг, озарбайжонга, бир қарасанг, ўзбекка ўхшайди. Ҳар қалай, бу болаларнинг бахти бор, уларнинг ўзбек ва озарбайжон халқи уйғун бахтини ифода этиб турган ота-оналари билан бирга Озарбайжонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам иккитадан бобоси ва бувиси бор.

Тайёрамиз осмонга кўтарилди. Пастда Касбий денгизининг мовий сатҳи, Боку шаҳрининг осмонўпар бинолари… Сал ўтмай оппоқ булутлар қўйнида олдинга интилдик… Тайёра ойнасидан Ўзбекистон манзаралари, Тошкентнинг иссиқ дийдори намоён бўлди. Кўзларимда ёш ҳалқаланди. Соғинибман, Ватан соғинчи муқаддас! У бу дунёдаги энг қутлуғ насибамиз! Сафар давомида кечган воқеалар кўз олдимдан ўтар экан, беихтиёр: “Яна дийдорлашгунча хайр, Озарбайжон!” дея устоз Абдулла Ориповнинг ушбу сафарномамизга “жон бағишлаган” “Озарбайжон” шеъридаги қадрдон сатрларни такрорладим:

Мен сендай мезбонни топмоғим гумон,

Сен ҳам тополмассан мендай меҳмонни.

Минҳожиддин МИРЗО,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг

биринчи ўринбосари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 3 =