Тунги олишув
(Бўлган воқеа)
Бу воқеани ёшлигимда раҳматли отамдан эшитган эдим.
Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари…
Иккинчи жаҳон урушида оёғидан яраланиб, ногирон бўлиб қайтган отамни хўжалик раиси ҳузурига чақириб шундай дейди: “Эшмуҳаммад ака, биласиз, хўжалигимизнинг чорваси тоғда, яйловда. Ферма мудиримиз эса оғир касал бўлиб ётибди. Шунинг учун вақтинча фермани ўзингиз бошқариб турасиз. Биринчи қиладиган ишингиз — эртага чўпонлар олдига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олинг. Уларга озиқ-овқат етказинг!”
Шундай қилиб, кечга яқин янги мудир ферманинг пешонаси қашқа қорабайир отини миниб, Ғўбдинтоғ этакларига йўл олади. Йўл олис эмасми, манзилга етмай туриб қоронғи тушади.
Тўртала оёғига янги нағал қоқилган от тоғ ёнбағридаги адирликдан бир маромда кетиб борар, иккала кўзи гўшт-ёғ, нон, озиқ-овқатга тўла хуржун устига ўтириб олган отажонимиз қандайдир ашулани ўзича хиргойи қилиб борарди.
Кутилмаганда, от бирданига тўхтаб қолади. Бу шунчалик тез содир бўладики, от соҳиби ҳатто эгардан учиб кетай деди. Аммо тезда ўзини ўнглаб олди-да, орқасига қаради. Беш-олти қадам нарида ниманингдир шарпаси сезилгандай бўлди, лекин қоронғиликда ҳеч нарса кўринмасди.
Шунда қишлоқ одамларининг бу ерларда оч бўрилар изғиб юриши ҳақидаги гапларини эслади-ю, отамнинг эти увишди. Беихтиёр энгашиб, этик қўнжидаги пичоғини суғуриб олди.
Шу пайт қорабайир қўққисдан олдинга қараб чопиб кетди. Энди чавандоз ҳам жиловни тортмас, отни ўз ихтиёрига қўйиб берган эди.
Шу зайлда қарийб 3-4 чақирим келадиган масофани босиб ўтган от бирданига таққа тўхтади. Эшмуҳаммад беихтиёр яна орқага қаради. Қаради-ю, қўрқувдан оёқларигача музлаб, пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди. Орқада катталиги нақ эшакдай келадиган бўри кўзлари ёниб отнинг думидан маҳкам тишлаб турарди. Чавандоз олдинга қарашга улгурмай, қарсиллаган товушдан қалқиб кетди. Қорабайир пайтини топиб, орқа оёқлари билан ёвуз жондорга кучли зарба берган эди. Шу кетганича қарийб ярим соат югурган от ўз соҳибини эсон-омон манзилига етказиб борганида, вақт ярим тунга яқинлашиб қолган эди…
Чўпонларга бўлган воқеани айтиб, озиқ-овқат, зарур топшириқлар берган отамиз эрталаб орқага, қишлоққа қайтади.
Йўлда кетаётиб, тундаги олишув содир бўлган жойга яқинлашар экан, бозорга бораётган одамларнинг йўл четида тўпланиб, ниманидир томоша қилаётганини кўрди. Уларга яқинлашиб отдан тушиб, одамлар орасидан ўша ёққа қаради.
Қараса, улкан ёлдор кўк бўри тупроққа қоришиб ётарди. Йиртқичнинг пастки жағи от тепкиси зарбидан синиб, осилиб қолган, бир кўзи соққасидан бутунлай отилиб чиқиб кетган, оғзидан оққан қон эса чуқурчада халқоб бўлиб қотиб қолган эди…
Оқсоқоллар бу ишни ким қилганини ўзларича тахмин қилишар, бири олиб, бири қўйиб ўша номаълум қаҳрамонни олқишлашарди.
Уларнинг айтишларича, бу бўри, асосан, тунда ов қилиб, анчадан бери шу атрофдаги қишлоқ аҳлига катта зарар келтирган. Молу қўйларни-ку қўяверинг, ҳатто иккита одамнинг ҳам умрига зомин бўлган экан.
Отам ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан даврадан сирғалиб чиқади-да, Қорабайирнинг ёнига келиб, унинг бўйнидан қучоқлаганча беихтиёр йиғлаб юборган экан.
Ёр МУҲАММАД