Шаропова

Stethoscope head lying on medical forms on clipboards closeup while medicine doctor working in background. Health care, insurance and help concept. Physician ready to examine patient

Онам раҳматли тез-тез оғриб турар, салгина тоби қочса, бизни дарҳол: “Бор, болам, Олмос ўғлимни чақириб кел!” дея икки мингинчи йиллардаги қишлоқ врачлик пункти шифокори Олмос Қурбоновнинг уйи­­га жўнатар ва азбаройи ихлос қилганидан ўша шифокорнинг бир дона таблеткаси ва чамаси ярим соатча давом этадиган мароқли суҳбатидан сўнг дарҳол тетиклашиб, яна рўзғор ишларига унаб кетар эди. Афсус, Олмос Қурбоновнинг умри қисқа экан, узоқ яшамади. Тириклик оламини жуда эрта тарк этди. Онам бу шум хабарни эшитиб, армон қилиб йиғлади. “Энди мен оғриб қолсам, ким дардимга шифо бўлади?”, дея куйинавериб, охири тўшакка михланиб қолди

Онамнинг қазосидан сўнг орадан 12 йил ўтиб, мен иш жараёнида инфарктга учрадим. Аввалига 8 кун Тошкент вилоят шифохонасининг жонлантириш бўлимида даволандим. Кейин яна 24 кун давомида алоҳида режимда ётдим. Уколлардан, ошқозонни куйдириб юборадиган дори-дармонлардан шунчалик безиб кетдимки, шифохонадан қочиб кетишга мажбур бўлдим. Тошкентдан Самарқандга келгунча йўлда учраган беш-олтита шифохонага кириб, қайта-қайта муолажа олишимга тўғри келди. Олти-етти ой роса азоб тортдим. Юрак хуружи таъсиридан тўлиқ халос бўлиш учун йиллар давомида Самарқандда ва Хоразмда ва яна Тошкентда узоқ даволандим. Барибир аввалги соғлиғимни, тетиклигимни ҳеч ким қайтариб беролмади. Ноилож, ўзимни тақдирнинг қўлига ташладим.

Янглишмасам, 2022 йилнинг кузида нафас олишим қийинлашиб, юқори қон босими билан Иштихон тумани марказий шифохонасининг терапия бўлимига келдим. Шифокорлар дарҳол даволанишим зарурлигини уқтириш баробарида розилигимни сўраб ўтирмасдан алоҳида хонага ётқизиб ташлашди. Тўғриси, жойлашган хонамнинг шароитини кўриб, кўнг­лим хира тортди. Шифохонанинг олд эшигидан кирган бўлсам, ҳеч кимга билдирмасдан ён томондагисидан чиқдим ва тўғри шу яқин-­атрофда фаолият кўрсатаётган “Эстетика мед” хусусий шифохонасига кириб бордим. Беморлар жуда кўп экан. Рўйхатхонадаги ҳамшира мени тепасига “Шаропова” деб ёзилган эшик томонга йўллади.

Бироз кутдим. Навбатим келгач, анчагина нозик дид билан жиҳозланган хонага киришим баробарида кўнглим ёришди. Бир қарашдаёқ ҳар қандай беморнинг диққат-ихтиёрини тортиб оладиган чаққонгина шифокор ўрнидан туриб, самимий илтифот билан ўтиришга жой кўрсатди. Салом-аликдан сўнг муддаога ўтдим. Шууримда кутилмаган табиий ихлос, умид, ишонч пайдо бўлди шу кез. “Мана энди эгасига тушганга ўхшайман-ов”, деган хаёлга бордим. Аммо қўлимда бугунга қадар ўнлаб шифохоналарда даволанганим тўғрисидаги муолажа ҳужжатлари бўлса-да, атай кўрсатмадим. Ўзимча, шифокорга бу ҳам бир синов деб ўйладим. Малакали кардиолог бўлса, касалимни ўзи билиб олар деган маънода иш тутдим.

Эртаси куни дастлабки текширув ҳамда таҳлиллар натижаларига зимдан эътибор қиларкан, Шаропова мулойимлик билан: “Ака, юрак билан ҳазиллашиб бўлмайди, ётиб даволанишингиз шарт. Ҳеч қанақа баҳона ахтарманг. Соғлиғингиз керак бўлса, биринчи галда бугундан бошлаб зарарли одатларни ташлайсиз”, деди. Билимига, қобилиятига, талабига қойил қолдим. Юрагимнинг орқа томонида инфарктдан кейин қолган чандиқни, юз метр юриб-юрмай ҳаллослаб қолишимни, кун ботиши арафасида қон босимим кўтарилишини, шовқин-суронга тоқатим йўқлигини, тез-тез асабийлашиб туришимни, ҳаттоки шу кунга қадар қанақа овқатларни истеъмол қилиб келганимни ҳам рўйирост аниқлаганига ҳайрон қолдим. Шифокорим сўзида қатъий турди. Муолажаларни бош­лаши билан ҳаёт тарзимни бутунлай ўзгартиришим лозимлигини қайта-қайта уқтирди. Мен учун алоҳида тартиб белгилаб, кунлик назоратни кучайтирди. Орадан бир ҳафта ўтиб-ўтмай, соғлиғимда, руҳиятимда жиддий ўзгариш бўлаётганлигини ҳис қила бошладим. Қушдек енгиллашдим. Биргина мен эмас, атрофимда бўлган бошқа беморлар ҳам ушбу шифохонага келгач, бир ҳафта ичида ўзини бардам ҳис қила бошлаганлигини, қатор йиллардан буён фақат шу ерда муолажа олишни давом эттираётганлигини айтиб, Шароповани дуо қилаётганлигига кўп марта гувоҳ бўлдим.

Меҳрибон, лекин жиддий шифокор

Шифохонада ҳар куни эрталаб, чамаси, тўрт-беш нафар шифокор беморларни бирма-бир тиббий кўрикдан ўтказишади. Улардан бири хулосаларни, натижаларни алоҳида дафтарга қайд этиб боради. Бошқаси муолажа жиҳозларини, дори-дармонларни тартиблаб, тахлаб кетаверади. Табиийки, кўпчилик беморлар ўзлари учун асосий ишни бажарадиган Шароповани ҳавас ва ҳурмат билан кузатишади. У ҳар битта беморнинг ёнига ўтириб дардини эшитади. Эринмасдан алоҳида суҳбатлашади, маслаҳатлар беради. Ҳамшираларнинг муносабатлари, учраши мумкин бўлган муаммолар ҳақида сўрашни ҳам канда қилмайди. Ширинсуханлик билан бир зумда ичингизга кириб чиқади.

Айтсам, ким ишонади, ким ишонмайди, билмадим-у, лекин бу ерга янгидан келган беморларнинг ҳайратига сабаб бўладиган воқеалар жуда кўп. Масалан, ҳеч ким Шароповага исмини айтиб мурожаат қилмайди. Аксарият беморлар дўхтир ёки опажон, синглим, қизим дея муносабатга киришади. Фақат мен зарурат бўлганда фақат Шаропова деб чақираман. Шуниси қулайроқ мен учун. Унинг исмини сўрашга ботина олмаган пайтларим ҳам кўп бўлган. Баъзан ўйланиб қоламан. Шифокорга нисбатан бундай муносабатларнинг боиси нимада?

Эҳтимол, бунга сабаб ўз касбига ўта жиддий қараши, беморлар билан маълум “чегара”да суҳбат қуриб, сўзлари, маслаҳатларидагина эмас, балки нигоҳида ҳам қатъийлик ифода этиб туришида бўлса керак. Майли, бу шифокоримиз ҳақидаги шунчаки таассуротлар. Энг муҳими, сўнгги икки ярим йил ичида ушбу хусусий шифохонада беш-олти марта даволандим. Камида ўттиз-қирқ бор текширувдан ўтдим. Ҳар гал борганимда исмини ўзидан сўрайман, дея хаёл қиламан. Қабулидан чиққанимдан кейин сўрашни унутганим лоп этиб миямга уради. Ушбу мақолани ёзиш учун дўхтирга учрашим баробарида “Шаропова, сиздан анча муолажа олдим, Оллоҳга шукр, дардим енгиллашди. Аммо ҳалигача исмингизни билмайман-эй. Тўғриси, биргина мен эмас, бошқа беморларингиз ҳам исмингиз кимлигини бир-биридан сўрагани-сўраган”, дедим. Шифокор жилмайди. Қўлимга бир парча қоғоз тутқазиб: “Ҳамида”, дея ёзаверинг газетангизга”, деди.

— Ҳа, демак, Ҳамида Шаропова сиз экансиз-да! Эшитган эдим. Учратганига ҳам шукур…

Бурч масъулияти

Тушликдан кейин шифохона ҳовлисида чекиб турувдим, Ҳамида Шаропова эшикдан чиқиб қолди. Эрталаб кўришганимиздан қатъи назар, яна саломлашди. Соғлиғимни сўраб, ёнимдан табассум ила ўтиб кетди. Қоронғи тушгач, жияним Азизбек менга у-бу нарса олиб келди. Чой ичдик, суҳбатлашдик. Шифохонанинг озодалигига, батартиблигига унинг ҳам чин дилдан ҳавас қилаётганлиги шундоққина юзида зоҳир бўлди. Гапнинг мавридини топиб: “Шаропова деганингиз яхши шифокорга ўхшайди-я, тоға?” деди нимадандир мамнун бўлиб. Мен оғзимни очишга улгурмай ёнимда ётган қирқ ёшлардаги шеригим жиянимга бош бармоғини кўрсатиб: “Шаропова зўр!” деди баралла. Гапининг давомида нега шу пайтгача бу шифохонага келмаганлигини ҳам афсус билан қўшиб қўйди.

Жияним ўрнидан қўзғалиб, кетишга ҳозирланди. Ҳовлига чиққанимизда: “Тоға, дўхтирингиз сиздан хафа. Зарарли одатларингизни ташлашга ваъда берган экансиз. Бугун чекаётганингизни кўрибди. Ўзингизга айтмаган бўлса ҳам, менга сиз ва соғлиғингиз ҳақида кўп нарсаларни гапириб берди. Айтганини қилинг-да”, деб бироз ўнғайсизланди.

Ичкарига қайтиб кирганимдан кейин жиянимдан эшитганларимни оқизмай-томизмай, қўшиб-чатмай шеригимга айтиб бердим. Шаропова чекаётганимни кўриб нега айнан ўзимга бирор гап айтмаганлигини, танбеҳ бермаганлигини жумбоқ сифатида таърифладим.

— Эй, қанақа журналистсиз ўзи?! — таъна қилди шеригим зарда билан. — Нимасини тушунмайсиз? Биринчидан, бу ҳурмат. Яъни шифокорнинг сизга нисбатан ҳурмати. Иккинчидан, бу ўта кетган ҳурматсизлик. Яъники шифокорга, унинг меҳнатларига, муомала маданиятига сиз томондан кўрсатилган ҳурматсизлик. Беморни ҳадеб тергайвермаслик, уни асраб-авайлаш шифокорларнинг бурчи-ку. Масалан, эрталабки кўрик давомида Шаропова иккаламиздан биримизга сиз фалон йилдан сўнг ўласиз, деса, табиийки, умримиз ўн-ўн беш йилга, балки, ундан ҳам кўпроққа қисқаради. Ўзимизни ўзимиз ботинан кемира бош­лаймиз. Биз бемормиз, бунинг устига, юрагимиз чатоқ. Дўхтир шуни тушунгани учун чекаётганингизда индамай ўтиб кетган…

Ўйлаб кўрсам, ҳамхонамнинг гаплари тўппа-тўғри. Шифокорнинг ҳар бир гапи, маслаҳати, ўзини тутиши, ички маданияти, одоб-ахлоқи, қўйингки, ҳаттоки қадам товушлари ҳам беморга энг фойдали дори-дармон сингари таъсир қилар экан. Қилиғимдан уялдим. Чекишим Шароповага нисбатан ҳурматсизлик бўлса, бундан буён чекмаганим бўлсин, дея роса афсусландим…

Қалб тўкислиги

Узоқ даволанишлардан сўнг тушунганим шу бўлдики, шифокор қалбининг тўкислиги, унинг муомала ҳарорати жамият ва ҳар қандай жамоа учун кони фойда экан. Беморнинг оёққа туришида ҳам бунинг алоҳида аҳамияти бор. Мен Шаропованинг феълида ҳам худди шундай хислат — қалб тўкислиги борлигини анг­лаб етдим чоғи, унга нисбатан ихлосим янада ортди. Шундан ўзимни тутиб олишим осон кечди. Туман марказий шифохонаси томонга йўлим тушса, албатта, “Эстетика мед”га кириб, бу шифокорни бир кўриб ўтмасам, кўнглим яримлигича қолаверади. Ундаги самимият, меҳр, касбга фидойилик, йиллар давомида тўпланган тажриба, беморга нисбатан чексиз ҳурмат-эътибор мени соғлом инсон сифатида қайта оёққа туришимга сабаб бўлди. Шифокорларга нисбатан муносабатимни бутунлай ўзгартириб юборди.

Яхшиямки, туман марказий шифохонаси терапия бўлимининг олд эшигидан кириб, ён томонидан чиқиб кетганим. Тортиб турган экан-да, терапиядан чиқиб тўғри “Эстетика мед”га кириб борибман. Яхшиям, шу куни Шаропова ўз хонасида экан. Яхшиям, мен келгунимча ҳеч ким бу шифокорнинг кайфиятини бузмабди. Ва яна минг бора ташаккурки, Шаропованинг шифокорлик касбини танлаганига! Айни паллада нафақат менинг, балки менга ўхшаган минг-минглаб беморларнинг шуурида Шаропова тўғрисида илиқ фикрлар, самимий туйғулар ҳамда эътирофлар кунига кўп марталаб чарх уриб айланишига заррача шубҳа қилмайман. Шаропова ҳаётда “Сенинг дардинг — менинг дардим” дея қайнаб, ошиб-тошиб ишлайдигандан. Гапнинг сарасини айтганда, бундай шифокорни ҳамма жойдан топиш мушкул. Улар бир жамоанинг, туманнинг, қолаверса, бир мамлакат ва миллатнинг фахри, ифтихори саналса ажабмас.

…Шифохонага ҳамма умид билан даво истаб келади. Яратганимиз шоҳидки, ҳамманинг ҳам умиди бирдек ушалавермайди. Шифохона эшигидан илтижо билан мўралаган бемор борки, Шаропова сингари хушфеъл, изланувчан шифокорнинг қўлига тушсам дейди. Афсус­ки, бу ҳам ҳаммага насиб қиладиган имконият эмас.

Яна ўйлаб қолдим. Онам раҳматли қишлоғимизнинг ўртасида жойлашган қишлоқ врачлик пунктининг собиқ бошлиғи Олмос Қурбоновга йиллар давомида бежиз ихлос қилмаган экан. Аслида, Олмос Қурбоновгина онажонимнинг қалбига йўл топа олганини яқинда тушуниб етдим.

Мен ҳам худди онам сингари бугун фақат Шароповага ихлос қиламан. Соғлиғим масаласида бор умид ва ишончим мана шу шифокордан.

Қўлингиз дард кўрмасин, Ҳамидахон Шаропова!

Борингизга шукур.

Нормурод МУСОМОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − 1 =