Ички туризм салоҳияти намойиш этилди
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги сўлим Сангардак қишлоғида ички туризм ярмаркаси, “Ош сайли” фестивали ҳамда миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси ўтказилди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва вилоят туризм бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир воҳанинг туризм объектларига аҳолини кенг жалб этиш, туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, туроператор ва тур-агентларни истеъмолчиларга танитиш, миллий таомлар ва миллий ҳунармандлик маҳсулотларини кенг оммага тарғиб қилишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ярмарка доирасида ички туризм йўналишида фаолият юритувчи туроператорлар, корхона, ташкилотлар “Тадбиркор билан тадбиркор” (B2B) учрашувлари, “Тадбиркор билан мижоз” (B2C) механизмлари асосидаги учрашувлар, республикамиз ҳудудларидан келган ички туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари билан давра суҳбатлари ташкил этилди, тажриба алмашди. Вилоятдаги ҳамкорлари билан сайёҳлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш учун келган қўшни тожикистонлик тадбиркорлар ўртасида ҳам ўзаро манфаатли шартномалар имзоланди.
— Сурхондарё бой туристик салоҳиятга эга воҳа, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари, туризм бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев. — Ҳудуднинг археологик, зиёрат, агро, эко, тиббиёт, гастрономик каби туристик масканлари, айниқса, кейинги йилларда дунё сайёҳларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Санаторий, театр ва музейларга келувчилар сони ортмоқда. Воҳанинг жаҳонга машҳур гўзал масканида ўтказилган ушбу тадбир ҳам келгусида вилоятга сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади.
Шу куни иштирокчилар Сангардак туризм қишлоғида гастрономик сайёҳлик йўналишларидан бири миллий таомлар тайёрлаш бўйича қизиқарли мусобақаларни кузатди. Моҳир ошпазларнинг маҳорат дарсларидан баҳраманд бўлди. Шунингдек, пурвиқор тоғлар қўйнидаги “Сангардак” санаторийси ҳудудида миллий қадриятларимиз акс этган турли кўргазмалар, ҳунармандлик маҳсулотлари ва миллий сувенирлар ярмаркаси намойиш этилди. Меҳмонхона, санаторий, театр ва музейлар тақдимотлари билан танишди. Олтинсой туманидаги “Султон шарбати” вино заводининг хорижга ҳам довруғи кетган табиий ва мазали шаробини татиб кўрди.
Журналист ва блогерлар учун Сариосиё туманидаги диққатга сазовор жойлар, зиёратгоҳ ва дам олиш масканларига уюштирилган пресс-тур ҳам таассуротларга бой бўлди.
Театр томошалари, таниқли санъаткорлар, тожик, рус ва туркман миллий маданият марказлари ижрочиларининг қизиқарли концерт дастури барчада катта қизиқиш уйғотди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири