Тамаддун бешиги

Сурхон диёри сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда

Алпомишлар юрти деб аталмиш Сурхондарё замини жуда қадим ўтмишга эга, керак бўлса, ҳар бир тоши мозийдан сўзлайдиган ҳикматли юртдир. У не-не ҳодисларнинг гувоҳи бўлмаган, бу гўзал юртни ишғол қилмоқ ниятида не-не жаҳонгирлар от суриб бостириб кирмаган дейсиз?

Аммо ҳеч бир босқинчи Сурхон элининг қаддини бука олмади, не-не хунрезликларни, азобу уқубатларни бошдан кечирса-да, асло ўзлигини йўқотмади, йўқ бўлиб кетмади. Бу ҳақда Кастелия қироли Генрих IIIнинг  Амир Темур саро­йидига элчиси Руи Гонзалес де Клавихо бу ҳақда жуда қимматли маълумот ёзиб қолдирган:

“…Термизга киргач, ҳамма вақт ҳар хил нарса сотилаётган майдонлар ва гавжум кўчалар орқали ўтиб, узоқ вақт юриб, ўз манзилимизга етиб келдик…”

Дарҳақиқат, ана шундай ўтмиши жуда-жуда олисларга бориб тақаладиган Сурхон диёри бугунги кунда ҳам янги Ўзбекистоннинг энг диққатга молик ва гўзал гўшасидир. Бу юрт бугун бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб қилаётгани бежиз эмас.

Дарвоқе, спорт мамлакатни қанчалик тез жаҳонга танитса, туризм ҳам бугун давлатнинг дунёда борлиги ва ўз ўрнига эга бўлиб бораётганини кўз-кўз қилишда спортдан қолишмайди.

Хабарингиз бор, яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ва соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқот ўтказилди.

Унда Давлатимиз раҳбари бугун туризм имкониятлари кенгайиб, хорижий сайёҳларнинг эътибори мамлакатимизга қаратилаётгани ва шу соҳада фаолият юритаётган инвесторлар ҳудудга инвестиция киритишга интилаётганини алоҳида таъкидлади. Шу ўринда туризмни янада ривожлантириш борасида Сурхондарё вилоятининг имкониятлари кундан-кун ортиб, сайёҳлар айни воҳага интилаётганига урғу бериб, биргина “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали ўтказилаётгани натижасида қадим ва навқирон Сурхондарёга сайёҳлар оқими 4 карра кўпайганлигини таъкидладилар.

Тарихи узоқ минг йилликларга бориб тақаладиган, мозийнинг жуда олис даврлариданоқ тарихий қадамжолари, улкан меъморий ёдгорликлари, бой маданий мероси билан дунё халқларининг ҳайрати ва ҳавасини уйғотиб келаётган Сурхондарёнинг довруғи кундан-кунга бўй кўрсатиб, жаҳон майдонида нафақат савдо-иқтисодий, инвестицион жозибадорлиги, балки туризм салоҳиятини ҳам намойиш этиб келмоқда. Сурхондарёнинг ҳар бир ҳудудида ўзига хос туризм ўчоқлари мавжудки, бундай масканларга ташриф буюрган киши воҳадан кетгиси келмай қолиши аниқ.

Яратганнинг инояти ила инъом этилган бетакрор табиат, сўлим гўшалар, қадим-қадриятларни ўзида муштарак этган турмуш тарзи, маданий ва тарихий ёдгорликлар, туристлар учун яратилаётган шарт-шароит ва диққатга сазовор объектларга олиб борувчи замонавий инфратузилма — буларнинг бари Сурхон воҳасининг бой тарихини кўз-кўз қилиш ва шу орқали сайёҳлар оқимини ҳудудга жалб этиш баробарида ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш, халқаро алоқаларни кенгайтириш мақсад қилинган.

Биргина “Бойсун баҳори” фольклор фестивалининг ўзиёқ вилоят нуфузини етти иқлимга таратмоқда, маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг диққатини Сурхонга жалб этмоқда, десак муболаға бўлмас.

Шу йилнинг 1-7 май кунлари юксак бадиий савияда ўтказилган халқаро фольклор фестивали доирасида сўлим тоғлар қўйнидаги Бойсун туманидаги “Бибиширин” маҳалласида замонавий туристик маскан барпо этилди. Бу ерда беш қаватли, тўрт юлдузли муҳташам меҳмонхона, йирик саҳнага эга амфитеатр, ҳудудлар қўрғонлари учун жой, этноспорт майдончалари ва бош­­қа инфратузилма иншоотлари барпо этилди. Ўтовлар ўрнатилиб, Термиз шаҳри, туманлар ва вилоят ташкилот, муассасаларининг 21 та қўрғони ташкил этилди.

Фестивалда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатларидан мартабали меҳмонлар, соҳа мутахассислари, санъаткорлар ва мухлислар иштирок этди. Миллий қадриятлар улуғланган шодиёнада 16 та хорижий давлат, жумладан, Бразилия, Беларусь, Бельгия, Буюк Британия, Италия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Португалия, Россия, Руминия, Таиланд, Тожикистон, Ҳиндистон ва Эрон давлатларидан 81 нафар, мамлакатимиздан 130 нафар ижодий жамоа аъзолари ва яккахон санъаткорлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 250 нафар, Сурхондарё вилоятининг туман-шаҳарларидан 1000 нафарга яқин фольклор иштирокчилари томонидан халқ оғзаки ижодининг энг гўзал наволари, миллий анъаналари юксак маҳорат билан тараннум этилди.

ЮНЕСКО, Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ), ТУРКСОЙ каби нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган фестиваль қадимий ва ҳамиша навқирон воҳанинг бой сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилишга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.

7 кун давом этган халқаро фольклор фестивалида 400 дан ортиқ хорижий қатнашчилар, 20 нафар юқори мартабали меҳмонлар, жами 50 та хорижий давлатдан 10 минг 200 га яқин хорижий сайёҳлар ташриф буюрди.

Ушбу маълумотлардан ҳам кўриниб турибдики, Сурхон диёрида туризм имкониятлари кенгайиб бормоқда. Мутасаддилар ҳам бевосита туризм воҳа келажагида ўзига хос ўрин эгаллашини алоҳида эътироф этиб, ушбу соҳани янада ривожлантиришга катта эътибор қаратишмоқда.

* * *

Сурхондарёда 600 га яқин маданий мерос объект­лари мавжуд бўлиб, ушбу туристик масканларнинг ҳар бирига сайёҳларни жалб этиш, туризм масканларини янада обод қилиш, шарт-шароитлар ҳозирлаб, саёҳатчиларнинг энг севимли масканига айлантириш муҳим масалалардан саналади.

Ўтган давр мобайнида туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, биргина 2023 йил вилоятга 32 та инвестицион лойиҳа жалб этилиб, 172,8 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш ва туристларга қулайликлар яратиш мақсадида 31 та Wi-fi нуқталари ташкил этилди ва “Ўзстандарт” асосида 15 та туманда жойлашган ёдгорликларга жами 28 та йўл кўрсаткич белгилари ўрнатилди.

Ҳудуддаги жойлаштириш воситалари сони 215 тага етказилди (шундан 58 таси меҳмонхона, 19 таси хостел, 138 таси оилавий меҳмон уйлари бўлиб, улардаги жами хоналар сони 1930 та ҳамда ўринлар сони 4228 тани ташкил қилади). Шунингдек, 91 та санаторий ва клиника бўлиб, уларда 3 300 дан зиёд койкалар мавжуд. Шу билан бирга, 58 та туроператорлик субъекти, 124 та туристик синфга мансуб автобус, 48 та автобус, 44 та микроавтобус, 2 та электромобиль, 3 та гидроцикль, 4 та моторли қайиқ ва бошқа транспорт воситалари сайёҳлар хизматига шай турибди.

Охирги 3 йил ичида туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган компаниялар сони 2-2,5 баробарга ошган. Жумладан, ўтган йили жами туристик корхоналар 260 тани ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб, уларнинг сони 275 тага етказилди.

Вилоятимизда жами 58 та туроператор ва турагентлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, шундан 2024 йил мобайнида 6 та сайёҳлик корхонаси (2 та туроператор, 4 та турагент) фаолияти йўлга қўйилган. Йил бошидан буён 5 та меҳмонхона, 4 та меҳмон уйи, 2 та хостел ишга туширилди.

Туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар негизида нафақат саёҳатчиларни ҳудудга жалб этиш, балки маҳаллий аҳоли вакилларининг ҳам туризм йўналишидаги қизиқиш ва имкониятларини кенгайтириш, шу йўналишда тадбиркорликни йўлга қўйиб, янгидан-янги иш ўринлари яратиш каби устувор вазифалар ҳам белгиланган. Негаки, қанчалик сайёҳлар ташриф буюрса, энг аввало, туроператорларга, меҳмонхоналар, шунингдек, улар учун миллий ва замонавий таомларни ҳозирлайдиган ошпазлар учун шу қадар хизмат кўрсатиш имкониятлари ошиб боради. Энг муҳими, юртимизнинг, диёримизнинг гўзал гўшалари, қадим қадамжолари билан дунёни янада кенгроқ танитиш имкони ошади.

УЧТА ҳудудда туристик зона

Вилоятда туризм соҳасига инвесторларни жалб қилиш мақсадида кичик туристик зоналар, туризм клас­терларини ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Сурхондарёнинг энг диққатга сазовор ҳудудлари танлаб олиниб, 3 та ҳудудда кичик туристик зоналар ташкил этиш кўзда тутилган. Жумладан, Бойсун туманида “Омонхона” қишлоғи, “Зовбоши” тоғли ҳудуди, “Дарбанд” қишлоғи ҳудудларини ўз ичига олган Бойсун кичик туризм зонасини ташкил этиш борасида ҳам бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Айни вақтда “Бойсун-Термиз қурилиш” МЧЖ томонидан Бойсун туманининг “Инкобод” маҳалласи, “Зовбоши” массивида 7,5 га ер майдонида туризм клас­тери ташкил этилган. Киритилган инвестиция миқдори 15 млрд сўмни ташкил этади.

Сариосиё ва Узун туманларида Хонжиза тоғ тизмалари ён бағирларида ҳамда Сариосиё тумани Сангардак қишлоғи ҳудудларида Сариосиё кичик туризм зонаси ташкил этилиб, ҳозирда дор йўли лойиҳасига старт берилди. Ушбу ҳудудда Сангардак — туризм қиш­лоғи мақомини олди. “Тўпаланг” миллий табиат боғи ҳамда Тўпаланг сув омбори ҳудудида экотуризм масканини ташкил этиш бўйича юмушлар қизғин кечмоқда.

Шунингдек, Шеробод тумани Шалқон қишлоғи, Хўжаикон туз кони ҳамда ҳудуддаги мевали боғларни ўз ичига олган Шеробод кичик туризм зонасини ташкил этиш ҳамда уларда замонавий меҳмонхона маж­муалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туризм аҳамиятига эга бўлган бошқа объектлар қуриш, замонавий муҳандислик инфратузилмаси объект­ларини ташкил этиш ҳам саёҳатчиларни воҳамизга жалб этиш ва улар учун муносиб шарт-шароит яратиш борасидаги муҳим йўналишларимиздандир.

Ушбу ҳудудда “Зараутсой маскани” МЧЖ томонидан экотуризм зонаси ва меҳмон уйлари, шунингдек, Хўжаикон туз кони ҳудудида давлат шерикчилиги асосида туристик масканлар ташкил этилмоқда.

“Туризм кўчалари” хизматга шай

Қувонарлиси, вилоятимизда жами 4 та туризм кўчаси ташкил этилган бўлиб, Бойсун туманидаги Олмазор кўчаси туризм кўчасига айлантирилиши натижасида 45 та хизмат кўрсатиш объекти ишга тушди ва 64 та доимий янги иш ўрни яратилди. Денов туманидаги Мустақиллик кўчаси туризм кўчасига айлантирилиши натижасида 70 та хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилди ва 91 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди. Шунингдек, Шеробод туманидаги Аҳмад Дониш кўчаси туризм кўчасига айлантирилиши натижасида 41 та хизмат кўрсатиш объекти ишга тушди ва 65 та доимий янги иш ўрни яратилди. Термиз шаҳридаги Навбаҳор ва Дилнаво кўчалари туризм кўчасига айлантирилиши натижасида эса 53 та хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилди ва 78 та доимий янги иш ўрни очилди.

Бундан ташқари, 211 та туризм инфратузилмаси яратилди (152 та Wi-fi нуқтаси, 57 та СГШ ва 2 та туризм ахборот маркази). 2024 йил учун вилоят доирасида жами 25 та оммавий туризм тадбирлари режалаштирилган бўлиб, 2024 йил июнь ҳолатига кўра вилоятда 11 та оммавий туризм тадбирлари ўтказилди. Шундан 6 таси халқаро тадбирлар ҳисобланади.

Хорижликларнинг қизиқиши бошқача

Туризм йўналишидаги халқаро алоқаларимиз ҳам йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Шу йилнинг январь-февраль ойларида Япония давлати пойтахти Токио шаҳрида “Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳияти” номли тарғибот дастури амалга оширилди ва Япониянинг бир нечта сайёҳлик агентлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Апрель-май ойларида эса Сурхондарё — Пекин ҳамда Сурхондарё — Венгрия ўртасида инвестициялар, саноат, савдо ва туризм ҳамкорлиги истиқболлари мавзусидаги форумларда ҳам бир қатор манфаатли келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 28-29 февраль кунлари вилоятимизда Сурхондарё-Япония инвестицион форуми ташкил этилган бўлиб, ўтган инвестиция форумида вилоят ҳудудига хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича муҳим келишув ва муҳокамалар ўтказилди. Жумладан, Япониянинг Токио, Нагоя ва Хоккайдо вилоятлари вакиллари билан Сурхондарё вилоятига сайёҳларни жалб қилиш бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди. Бунинг натижасида жорий йилнинг якунига қадар вилоят ҳудудига қўшимча равишда 200 минг нафар хорижий сайёҳ жалб қилиниши режалаштирилиб, жами ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сонини 750 минг нафарга, шунингдек, туризм экспорти ҳажмини 150,0 млн АҚШ долларига етказиш режалаштирилган.

Туризм ва манфаатли инвестиция

Инвестиция форумида воҳалик 50 дан ортиқ тадбиркорлар қатнашиб, жами 650,0 млн АҚШ доллари миқдоридаги 18 та йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишув шартномалари имзоланди. Хусусан, Сурхондарё-Япония технологик университетини ташкил этиш ҳам лойиҳалар қаторидан жой олган.

Шу билан бирга, 14 та лойиҳага 316,0 млн АҚШ доллари миқдорида пул тикувчи маҳаллий инвесторлар жалб қилиниб, бу борада келишув шартномалари имзоланди.

Шунингдек, жорий йил 1 июнь ҳолатига кўра, вилоят ҳокимлиги, туроператор ва меҳмонхоналар томонидан 8 та хорижий давлат (Хитой, Туркия, Сингапур, Япония, Жанубий Корея, Венгрия, Эрон ва Тожикистон) вакиллари ва туризм соҳасидаги тадбиркорлари билан яқин алоқалар ўрнатилиб, туризм соҳасида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, қолаверса, кириш ва чиқиш туризмини кўпайтириш бўйича муҳокамалар ўтказилди.

Туризмга инвестиция жалб қилиш йўналишидаги мазкур расмий учрашувларда турли соҳалар бўйича шартномалар имзоланган бўлиб, эришилган келишув-шартнома талабларини ўз муддатларида амалга ошириш мақсадида назорат режаси ишлаб чиқилиб, Туризм қўмитасига тақдим этилди.

Шу йилнинг ўзида икки бор вилоятимиз ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигидаги вилоят делега­цияси Хитой давлатида бўлди. Ташрифлар давомида нафақат Хитой давлати иқтисодий компания вакиллари билан, балки сайёҳлик агентликлари раислари ва сайёҳлик компаниялари президентлари ҳамда бош ижрочи директорлар билан ҳам икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Музокаралар давомида Хитой давлати етакчи сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида брошюраларни чоп қилиш, кенг тарқатиш, Термиз ва Хитой шаҳарлари ўртасида чартер рейсларни ташкил этиш, хорижий сайёҳларни қабул қилиш имкониятлари ва шарт-шароитлари билан таништириш мақсадида 2024 йилда Хитой сайёҳлик компаниялари вакилларидан иборат делегациянинг Сурхондарёга ташрифини ташкил қилишга келишиб олинди.

Шунингдек, Япониянинг “H.I.S.Co.Ltd.” сайёҳлик компанияси билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга бағишланган видеоролик суратга олиш, зиёрат, гастрономик ва экотуризм йўналишлари бўйича янги “туризм контентлари”ни ишлаб чиқиш, мамлакатимиз учун ишлаб чиқилаётган туризм маршрутларига Термиз шаҳрини киритган ҳолда брошюралар тайёрлаш бўйича келишувларга эришилди.

Эътиборлиси, Япониянинг “Alpha Gakuin” инс­титути билан ҳамкорликда жами 30 кишидан иборат мактаб ва мактабгача таълим муассасалари мудирлари ҳамда директорларини япон тили ва Япониядаги боғча ҳамда мактаблардаги ўқитиш системасини ўргатиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу лойиҳа 2024 йил 1 июндан 2025 йил май ойига қадар давом этади. Курс якунлангандан сўнг мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг мудирлари ва директорлари Япония давлатига малака оширишга юборилади. Ло­йиҳадан асосий кўзланган мақсад — Япония таълим системасини ўзимизда жорий этишдир.

Ўтказилган оммавий ҳамда халқаро тадбирлар натижасида вилоятга жами 20 минг нафар сайёҳ ташриф буюриб, шундан 4 минг нафари хорижий сайёҳларни ташкил этди.

Эллин маданияти — очиқ музейда

Воҳада туризмни ривожлантириш мақсадида олдимизга бир қатор режа ва мақсадларни қўйганмизки, йил давомида вилоятимизга келаётган хорижий туристларнинг сонини 500 мингтага, маҳаллий турист­лар сонини 1 миллион 800 мингтага ҳамда туризм экспорти ҳажмини 100 млн долларга етказиш белгиланган. Шунингдек, туризм ва ёндош хизмат кўрсатиш соҳаларида 23 та янги инвестиция лойиҳаси доирасида 510 млн доллар инвестиция маблағлари ҳамда 48 та янги меҳмонхона лойиҳалари доирасида 45 млн доллар инвестиция маблағлари жалб қилинади ҳамда 1 550 та иш ўрнини яратиш режалаштирилган. Йил якунига қадар 35 та объектга 195 та йўл кўрсаткич ва муҳофаза белгилари ўрнатилиши, ҳудуддаги жойлаштириш воситалари сонини 1 бараварга ошириш чораларини кўриш, бунда меҳмонхоналар сонини 60 тага, оилавий меҳмон уйларини 150 тага, хостеллар сонини 20 тага етказиш орқали улардаги ўринлар сонини 5 000 тага етказиш режалаштирилган.

Қолаверса, Бойсун туманида эллин маданияти ёдгорлигига оид Узундара қалъасида очиқ осмон остидаги музей ташкил қилинади.

“Hilton” қад кўтармоқда

Туризм йўналишида амалга оширилаётган ишлар кўлами сайёҳларни жалб қилишга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилаётганидан далолатдир. Сурхон диёрига ташриф буюрган саё­ҳатчи ҳам дам олиши, ҳам тиллоларга тенг тарихимиз билан танишиши, ҳам очиқ осмон остидаги музей, экотуризм масканлари қўйнида бунёд этилаётган санаторийларда, соғломлаштириш мас­канларида саломатлигини тиклаб, катта таассурот билан ортига қайтиб кетиши ва келаси сафар ўзи билан бир олам саёҳатчиларни ҳудудга етак­лаши керак.

Айни шу мақсадда Омонхона ҳудудида махсус ўрганиш ишларини ўтказиб, ҳудудда 5 та соғломлаштиришга ихтисослашган меҳмонхона қуриш ишлари амалга оширилади. Вилоятнинг салоҳиятли ҳудудларида 10 та туризм қишлоғи ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Термиз шаҳар ва барча туманлар марказларида 15 та туну кун ишловчи туризм кўчалари ташкил этиш режалаштирилган. Натижада 1000 тага яқин хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилиши ва 2 минг та доимий янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда.

Шу йилнинг декабрь ойида Термиз халқаро гас­трономик фестивали ўтказилиши ҳам режалаштирилган бўлиб, ушбу тадбирга Тожикистон ва Қирғизистон республикалари вакиллари иштирок этиши ва кўплаб сайёҳлар ташрифи кўзда тутилмоқда.

“Интер Инжиниринг” компанияси (Сингапур) томонидан Термиз шаҳри, “Тупроққўрғон” МФЙ ҳудудида 150 млн долларлик замонавий “Hilton” меҳмонхонаси ва “Конгресс ҳолл” қурилиши бошланган бўлиб, ушбу лойиҳа амалга ошиши натижасида 300 та янги иш ўрни ташкил этилади.

Бир сўз билан айтганда, Сурхон диёрида туризмни ривожлантириш учун ҳали жуда кўп ишлар амалга оширилмоғи керак, аммо ҳукумат қарорлари, амалга оширилаётган йирик ислоҳотлар, халқаро миқёсда ҳамкорликнинг янги уфқлари кенгайиб бораётганининг ўзиёқ мамлакатнинг энг жанубий минтақасида туризмнинг келажагига оптимистик қарашга имкон беради. Сурхондарёмиз табиат инъом этган жойлашуви ва географик иқлими билан ҳам чинакамига туризм ўчоғи бўлиб ер юзида сайқал топганига ҳеч шубҳа йўқки, қайси ҳудудга борманг, ўша жойда ёдгорликлар, дам олиш масканларига, туризм объектларига рўбарў келаверамиз. Маданий ва тарихий жойларнинг қачон аҳамияти ошади? Қачонки, аввало, ўзимиз яхши анг­ласак, бориб ўз кўзимиз билан кўриб, мириқиб дам олиб, ҳар биримиз саёҳатчига айлансак, ана шундагина биз бошқаларни ҳам воҳамизга таклиф қила оламиз.

Жўрабек ТЎРАЕВ,

Сурхондарё вилояти

ҳокимининг ўринбосари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 2 =