Сайлов: Такомил тараққиётга хизмат қилади

Янги Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётининг тизимли равишда демократик андозаларга ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириб келинаётгани фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини кенг ва тўла таъминлаш борасида сифат ўзгаришларини амалга оширишга хизмат қилмоқда.

Бунда сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнларига рақамли технологияларни жорий этишга доимий эътибор қаратилаётгани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Гапни мамлакатимиз жамоатчилиги ва халқаро кузатувчилар ўртасида шаклланган ушбу ибратли фикрдан бошлаганимнинг сабаби бор. Бундай адолатли эътирофлар кишининг кўнглини ўстиради. Эртанги кунга умид ва ишончингни, азиз Ватанинг, заҳматкаш халқинг билан фахрланиш туйғуларингни янада мустаҳкамлайди.

Биламизки, сайлов участкаларида сайловчилар рўйхати илгари қўлда, яъни қоғоз-қаламда шакллантирилган. Янги Ўзбекистонда бу борадаги барча жараёнлар замонавий ахборот технологиялари зиммасига юклангани ғоят қувончли иш. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимининг сўнгги йилларда ўтказилган сайловларда муваффақиятли қўлланилгани шулар жумласидандир.

Буни бугун мамлакатимизда улкан сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига кўрилаётган қизғин ҳозирликда ҳам кўриш мумкин.

Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари беш йил муддатга сайланади. Амалдаги Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга депутатлар сайлови 2019 йили ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Демак, Олий Мажлис қуйи палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови 2024 йил 27 октябрь, якшанба куни бўлиб ўтади.

Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодексида белгиланган муддатлардан келиб чиқиб, 26 июлдан Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампаниясига старт берилиб, календарь режа тасдиқланди.

Ушбу сайловларда Конституциямиз ва халқаро сайлов стандартларига биноан мамлакатимизнинг олий давлат вакиллик ва қонун чиқарувчи органи ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг таркиби янгиланиши таъминланиши алоҳида таъкидланади.

Қайд этилганидек, ушбу сайловлар Конституциямизда белгилаб берилган мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтказилаётганлиги муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилади.

Депутатларнинг 75 нафари бевосита мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар ўзларига мақбул номзодларга овоз бериш йўли билан, қолган 75 нафари эса, пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланишади.

Сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилди. Жумладан, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилди, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгиланди. Бундан ташқари, депутатликка номзод сайланиши учун сайловчиларнинг нисбий кўпчилиги овозини олиши белгиланди. Унга кўра, номзод тегишли сайлов округида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз тўплаган тақдирда депутат бўлиб сайланиши мумкин бўлади ва шу орқали такрорий овоз беришни ташкил этиш талаб этилмайди.

Сайлов Янгиланган Конституция мус­таҳкамлаган кучли парламентаризм ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилган шароитда ўтади. Хусусан, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 14 тадан 18 тага кўпайтирилди. Парламентнинг ижро этувчи, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кенгайтирилди. Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиши бекор қилинди. Давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида аввал ҳокимлар ваколатида бўлган 33 та ваколатлар маҳаллий Кенгашларга ўтказилди.

Бўлиб ўтадиган сайловларда Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутати, Сенатнинг 56 нафар аъзоси, Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Жўқорғи Кенгеси 65 нафар депутати, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, 208 та туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари сайланади. Шунга кўра, 30 мингга яқин номзодлар, 90 минг­­га яқин уларнинг ишончли вакиллари сайлов жараёнида фаол иштирок этиши ҳамда 120 мингдан ортиқ сайлов комиссиялари аъзолари ташкилотчи сифатида, 70 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий (халқаро) кузатувчилар иштироки кутилмоқда.

Сайловнинг мамлакат ҳаётидаги алоҳида ўрнини эътиборга олиб, ушбу жараёнда фуқароларни кенг жалб этиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан 27 октябрдаги сайлов “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида ўтказилиши эълон қилинди.

Оммавий ахборот воситалари бу йилги сайловлар ҳақида сўз юритар экан, миллий сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллашаётганига  алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилди.

Эндиликда Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловини ўтказувчи комиссиялари тизими Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари,               Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссияларидан иборатдир.

Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 29 май куни қабул қилинган  “Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссияларини тузиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз тарихида биринчи марта вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари тузилди.

Миллий сайлов комиссияларимиз тизимида янги ва муҳим бўғин бўлган ушбу комиссиялар вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида тузилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ ҳудудий сайлов комиссияларининг ваколатларини Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси амалга оширади.

Сайловнинг яна бир муҳим янгилиги — “E-saylov” ахборот тизимининг ишга туширилгани. Ушбу тизим орқали сайлов комиссияларининг сиёсий партиялар, номзодлар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари билан деярли 60 турдаги муносабатлари тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади.

Ахборот тизими бошқа электрон платформалар билан интеграция қилинган бўлиб, сайловдаги кўпгина тартиб-таомиллар инсон омилисиз тўлиқ автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади.

Мазкур тизимда 400 мингга яқин сайлов жараёни иштирокчилари, жумладан, сайлов комиссиялари аъзолари, депутатликка номзодлар, кузатувчиларга оид катта маълумотлар базаси шаклланади. Ахборот тизимидан 32 минг нафар сайлов жараёни иштирокчилари профессионал тарзда фойдаланишади. Фойдаланувчилар билан 40 турдаги SMS-хабарномалар орқали мулоқот ўрнатилади.

“E-saylov” ахборот тизимида фуқаролар учун ҳам сайловга оид ахборотларни олишда бир қатор қулайликлар жорий этилган. Хусусан, ахборот тизими сайловчилар ва сайлов участкаларига оид статистик маълумотларни олиш, барча турдаги сайловлар бўйича депутатликка номзодлар ҳақида ахборотга эга бўлиш, интерактив хариталарда депутатликка номзодлар ва уларнинг таржимаи ҳоли билан танишиш имконини беради.

“E-saylov” ахборот тизими сайловларни технологик ва очиқлик жиҳатдан мутлақо янги босқичга олиб чиқмоқда. Ушбу янги тизим жорий йилда Халқ депутатлари Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар кенгашларидаги бўшаб қолган депутатлик ўринларига ўтказилган сайловларда муваффақиятли синаб кўрилган.

Гап ушбу янги, ғоят қулай тизим ҳақида борар экан, бир мисол. Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида сиёсий партияларнинг ваколатли вакилини рўйхатга олишга доир масала кўриб чиқилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига биноан депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ўзининг ваколатли вакилини тайинлашга ҳақли.

Ваколатли вакилни рўйхатга олиш Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади. Унга кўра сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошлангани расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

Шу боис, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар раҳбарлари ўз ваколатли вакилларини тайинлаб, уларни рўйхатдан ўтказиш учун илк бор “E-saylov” ахборот тизими орқали Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олиш жараёнлари “E-saylov” ахборот тизими орқали амалга оширилди ҳамда ваколатли вакилларга мандатлар электрон шаклда тизим орқали берилди.

Бу барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти, уларнинг сайлов жараёнлари иштирокчилари билан ўзаро муносабатлари тўлиқ рақамлаштирилганидан далолатдир. Эндиликда сайлов тартиботларидаги бюрократия, ортиқча вақт сарфи ва ҳужжатлар ҳаракати қисқартирилди.

Марказий сайлов комиссиясининг яқинда ўтган брифингида алоҳида таъкидланганидек,  мамлакатимиздаги барча даражадаги сайлов комиссиялари ўз ишини ҳамиша очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига биноан ташкил этиб келмоқда. Сайловда фақат овоз бериш яширин! Бунинг яққол далили – Марказий сайлов комиссияси ҳузурида Матбуот маркази фаолиятининг йўлга қўйилганидир. Матбуот марказининг ҳудудий бўлинмалари ҳам ташкил этилади.

Сайлов кампанияси бошланган кундан буён Марказий сайлов комиссиясининг барча тадбирлари олдидан комиссиянинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида оммавий ахборот воситалари учун тадбир бўладиган кун ва вақт ҳақида хабар бериб борилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари эса ушбу тадбирларни тезкорлик билан ёритишга  ва атрофлича шарҳлашга киришмоқда. Ҳозиргача турли жанрлардаги юзлаб материаллар эълон қилинди ва улардан миллионлаб одамлар, шу жумладан, хорижда ҳам баҳраманд бўлди. Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган тарихий ўзгаришларга нафақат юртдошларимизнинг, балки халқаро жамоатчиликнинг ҳам катта қизиқишидан далолатдир.

Мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни, жумладан, сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини  сиёсий партияларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари, журналистлар, жумладан, хорижлик журналистлар кузатиб боради.

Ўз давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигини нишонлашга ҳозирлик кўраётган мамлакатимиз миллий сайлов тизимида амалга оширилаётган бундай ҳаётбахш ўзгаришларнинг барчаси мамлакатимизда инсон қадрини янада юксалтиришга йўналтирилган кўлами кенг, дадил ислоҳотлар бераётган юксак самаралардир.

Марказий сайлов комиссияси холис ва мус­тақил конституциявий орган сифатида бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларни миллий қонунчилик, халқаро сайлов стандартларига тўла мувофиқ ҳолда очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш бўйича барча чораларни кўрмоқда.

Равшан БУРХОНОВ,

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати етакчи маслаҳатчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × two =