Юртим, чашми қароғим ўзинг

Эркатош ШУКУРОВА

Муаллиф ҳақида:

Эркатош Шукурова — 1952 йили  Каттақўрғон туманида туғилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Шоиранинг “Ишқли дунё”, “Эй, дил”, “Мезон қўшиқлари”, “Намозшомгулим”, “Ранглар оралаб”, “Соғинч ранги”, “Муҳаббат деган юртлардан” сингари ўнлаб китоблари чоп қилинган.

ЮРТИМ

Тонг нафаси жонимни элтар,

У куйлайди, шуълалардан маст.

Гуллар хушбўй ифорин тутар,

Қуёш нурин тўйиб ичар дашт.

Юртим, чашми қароғим ўзинг,

Боғларингдан томиб турар бол.

Сувда оққан олманг тутай деб,

Сочин сувга ташлар мажнунтол.

Топганини тўйга йиғар эл,

Бешик устин сочқилар тутар.

Ўнта бўлса ўрни бошқа, деб

Шоирларинг ашъорлар битар.

Қора-қура болакайларинг

Кураш тушиб, қийқирар шодон.

Улар ёвқур Алпомиш бўлиб,

Олтин тақиб, бўлар чемпион.

Эшигига қулф тушмаган эл,

Борин тутар жумла-жаҳонга.

Меҳмон учун қўй сўяр ўзбек,

Сайёҳ келса Ўзбекистонга.

Юртим!

Ўзин шоир билган дил,

Васфинг айлаб, қўшиқлар битсин.

Осмонларинг абадул-абад,

Оналарнинг алласи тутсин!

ВАТАН

Келинчаксан, эркалатган

Кўзмунчоқли боласини.

Гуллар экиб, ифорларга

Тўлдирган уй, хонасини.

Аждодларим бизга тутган

Юракдаги туғросисан.

Бетакрорсан, ягонасан,

Она Ватан, она Ватан!

Ғанимларга талатмагай,

Буғдой эккан даласини.

Шойи, атлас қилиб кияр

Пилласин ҳар толасини.

Дунёларда топилмагай

Сендек беҳишт, сендек чаман.

Бетакрорсан, ягонасан,

Она Ватан, она Ватан!

 

Эркатошинг суяр, жўшиб

Ватанини — онасини,

Авлодларга ёзиб қўяр

Хонишини, номасини.

Лозим бўлса сенга фидо

Бўлсин ширин жону бу тан.

Бетакрорсан, ягонасан,

Она Ватан, она Ватан!

АЁЛ

Сочларининг толасида гадолари адашган,

Қошларининг қаросида адолари адашган,

Юзи гул, сочи сунбул — дарёлари адашган,

Ўсмалари, кўзларига сурмалари ярашган,

Аёл!

 

Қирлардаги қизғалдоқ қалбида яшнаб турар,

Боғлардаги атиргул қаддида яшнаб турар,

Булбуллар, қумрилари тилида яшаб юрар,

Қалдирғочлар чуғурлаб бахтини тилаб турар,

Аёл!

 

Қуёш уйғотар уни субҳидамда эркалаб,

Саболар сочин силар, дарпардаларин ўйнаб,

Қозонида лаззатли ризқи туради қайнаб,

Дилбандлари чуғурчуқ — қувнашар яйраб-қувнаб,

Аёл!

 

Шукр ила кутиб олар отаётган ҳар тонгни,

Бахтга тўкис ҳовли-ю жаннатдек хонадонни,

Дуолар ила қўллар юртим деган сарбонни,

Авлодларга етказиб обод Ўзбекистонни

Аёл!

ЗАЪФАРОН КУЗ

Заъфарон куз…

Заъфарон юрак.

Изиллайди совуқ шамоллар.

Жунжикаман,

Довул қоқади

Юрагимда аччиқ армонлар.

Тарс ёрилиб кетади анор,

Ўртаганда соғинч азоби.

У — юрагим, бағри қон бўлган,

Муҳаббатнинг азобли ёди.

Юрак — анор, юрак — қизғалдоқ,

Теракларда изғиган шуъла.

Заққум майи мени ўлдирар,

Қонларимда кезиб жимгина.

Армон… Армон. Қип-қизил олов,

Оташ бўлиб куйдирар жоним.

Қалбим қири, дашт, саҳросида,

Лайли бўлиб тентир армоним…

Оҳ, Лайли бўлиб тентир армоним…

 

ҚЎРҚДИМ

“Худодан қўрқмаган одамдан қўрқдим”

Омон МАТЖОН

Қўрқдим,

Жим юрган у жимдан қўрқдим,

Жим оққан у оқимдан қўрқдим,

Кўкламда қиш — иқлимдан қўрқдим.

 

Қўрқдим,

“Дўстим” тутган жомидан қўрқдим,

Бедаво дард комидан қўрқдим,

Бевақт қазо — шомидан қўрқдим.

 

Қўрқдим,

Ёлғонларни маржондек тизган,

Фисқ-фужури юрагинг узган,

Ҳаловатинг макр-ла бузгандан қўрқдим.

 

Қўрқдим,

Доим ташна бўлиб хунингга,

Яйраб кулган ёмон кунингда,

Оғу қўшган зилол сувингга,

Соя бўлиб юргандан қўрқдим.

 

Қўрқдим,

Устоз дея шохли шайтонни,

Сотиб динни, сотиб иймонни,

Дон деб сотиб юрган сомонни,

“Худодан қўрқмаган одамдан қўрқдим”.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 16 =