Ватан – Ҳақ юракка чизган харита

Мансур Жумаев

Муаллиф ҳақида:

Мансур Жумаев — 1991 йил Миришкор туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таҳсил олган (2012–2016). “Оқ орзуларим” (2017), “Ҳайрат қўшиқлари” (2021), “Ҳазрати ишқ” (2024) каби шеърий китоблари чоп этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ­аъзоси.

* * *

Қувонасан

сен севган калом

сендан бошқа кимгадир ёқса,

ё сен севиб ўқиган китоб

сендан бошқа кимнидир ёқса,

сен ёқтирган ранг

сендан бошқа

кимгадир хуш келса, қандай соз;

қувонасан

кимгадир ёқса

сен ёқтирган бирорта либос,

сендан бошқа кимдир

сен севган

оҳангларга қулоқ тутса жим,

қувонасан

сен севган юртни

жон-жонидан севса кимда-ким,

бошқалар ҳам,

кузми, қиш-қиров,

севсин

севган халқингни,

бор гап…

Фақат

чидолмайсан

сендан бошқа биров

кўнгил қўйса

сен суйган ёрга.

 

2023 ЙИЛ ХУЛОСАСИ

Топганимни йўлга харж қиламан мен,

Онам дийдорини важ қиламан мен.

Каъба тавофидир она дийдори,

Бир йилда ўн марта ҳаж қиламан мен.

 

БУ ЕРЛАРДА

Қўлга босиб иягин,

ўйга толган одамнинг

титроқлари гуллайди;

руҳдаги ўт,

сув,

ҳаво,

тупроқлари гуллайди;

кўксидаги меърожбахш

буроқлари гуллайди;

юлдуззор кўкка солган

ўроқлари гуллайди;

кўнгил — кўҳна дастурхон,

қуроқлари гуллайди…

жўралар,

бу ерларда

қўлга босиб иягин,

ўйга толган одамнинг

томир отиб тирсаги,

бармоқлари гуллайди.

 

БЕШИНЧИ МУСОФИР

(Муҳаммадали Ғаффоровга бағишладим)

Шимол ўлкасига тун чўкди бенур,

кўнгил ўлкасида порлаб чиқди кун:

ахир Яккабоғда уйғонган шуур

барфин ўрмонларда топмовди якун.

 

Уйғонди,

тўлғонди:

соғинч,

илҳом,

шеър.

Бу тун бутун шеърдир —

кўнгил тўқ эди.

Олтига уч метр вагон-контейнер

ичра ундан бўлак шоир йўқ эди.

Вужудини шимол аёзи чимдиб,

ухламай шеър ёзиб ўлтирарди Шарқ,

ногоҳ гумбурлади нимадир,

тинди,

ногоҳ совуқ тунни ўртаб ўтди барқ.

 

Узоқ-яқиндаги шуълалар ўчди,

темир бошпанани тарк этди зиё,

чироқсиз вагонни қаҳратон қучди

ва совий бошлади қонлар ҳам гўё.

 

Темир бошпанани дақиқа сайин

ишғол қилар экан совуқ аёз, қиш,

тўртта ҳамхонасин уйғотиб тайин,

шеър ўқиб бергувчи шоирга олқиш!

 

Совуқ контейнерни илитмади шеър,

турдилар,

юрдилар,

сакрадилар боз,

машқ ҳам қилдилар,

тепиндилар ер…

на чироқ келди-ю

на тинди аёз.

 

Совуқ санчиларкан бамисоли ўқ,

музлаб қолмасин деб қўл,

оёқ,

дил,

онг…

шу тун тўрт мусофир ухлагани йўқ,

шу тун шеър эшитиб оттирдилар тонг.

 

Бешинчи мусофир шеър ўқийди, шеър,

ҳар бир шеър гўё бир парча чўғ эди;

олтига уч метр вагон-контейнер

ичра ундан бўлак шоир йўқ эди.

 

Ниҳоят, тонгга ҳам етдилар омон,

ниҳоят, иш-ишга тарқади бари,

фақат иш жойига келмади шу тонг

қўшни вагондаги ҳамқишлоқлари.

 

Кеча —

ток станция портлаган маҳал,

чироқ,

иситкичлар ўчган ўша тун,

нариги контейнер аҳлини

ажал

олиб кетган экан бус-бутун…

 

Асли, бу гапларни не керак сўзлаб,

кечмиш ҳасратлардан озурда бўлмоқ?!

Демак, тақдир экан аёзда музлаб,

ғафлатда,

ҳасратда,

фурқатда ўлмоқ.

 

Ўкинмай,

ўксинмай бўларми бироқ,

бари ватандош-у

бари дўст-қарин.

Худо раҳмат қилсин

эл-юртдан йироқ

жон берган жувонмарг жонларнинг барин.

 

Не чора бор, ахир,

ким нима ҳам дер,

бариси навқирон,

ғайир йўқ эди,

лекин бу вагонда

уйғотиб,

шеър-пер

ўқиб берадиган шоир йўқ эди.

 

Ҳали ҳам совуқдир шимол, дўстларим,

ҳали ҳам бир ғафлат қувар эрларни…

Аёзда чироқсиз қолдирма, Тангрим,

шоири йўқ контейнерларни!

 

БИР ЮРАК ЮРТ

Бегона боғлардан топилмас маъно

Ўз боғим бағрида собит ва бурҳон.

Кўзим ойнасига чизилган маъво —

Кешдан то Қўнғирот,

Шошдан то Сурхон.

 

Водий — ўз бағримда гуллаган сафо,

Кечмиш кўзларимдан тоширган Ўкуз.

Ҳамдарду ҳамдаво, ҳам дард, ҳам даво —

Андижондан то Кат,

Сўхдан то Нукус.

 

Чўллар бу — нон берган кўҳна Осиё,

Боғлар бу — бол тутган дастурхон, ором.

Тупроқ ҳам, олов ҳам, сув билан ҳаво —

Самарқанд, Бухором…

 

Бир юрак юртимдан олмас арита

Бир йўл умримдаги минг жар, минг бурум.

Ватан — Ҳақ юракка чизган харита,

Ўчириб бўлмайди ўлмасдан бурун.

 

* * *

Ўзимни унутиб, чорладим сени,

билмадим бу дунё ўнгимми-ҳушим?

Азизам, кел, менга эслатгин мени,

азизам, кел, мени ёдимга тушир.

 

Кўнглим синиқларин кўзимдан тергин,

оғриқларим айтиб қўрқит, учунтир;

азизам, кел, мени изоҳлаб бергин,

азизам, кел, мени тушунтир!

 

Азизам, кел фақат, келсанг бас, тамом,

бус-бутун эгаллаб ол борлиғимни:

бир сен исботлашинг мумкиндир

ҳамон

бу дунёда мен борлигимни.

 

ЭЪЛОН

Кўзим —

кипригимга чандиб осилган

эълон ойнасидир севгим ёзилган.

Ато мерос касбим — кўнгил бутловчи,

ўттиз йил малака муҳри босилган.

 

Тилсим юрагимнинг шарҳи ўзингиз,

Тилсиз ўйларимнинг тарҳи ўзингиз.

Агар кўнглингизга дарз кетган бўлса,

Келинг!

Таъмирлайман.

Нархи — ўзингиз!

 

БИР САВОЛ

Бир кун тош ҳам тошга урилмайдими,

Ҳеч йўқ урилмоққа уринмайдими?!

Жоним, нигоҳимни ўғирлаган ким,

Қараб боқ кўзгуга, кўринмайдими?

 

Ҳамон кўнглингдан ҳол сўрганинг йўқми,

Ҳижрон ҳосилини ўрганинг йўқми?

Жоним, мен ўзимни йўқотиб қўйдим,

Кўнглинг томонларда кўрганинг йўқми?

 

* * *

Қушлар Ҳақ даласин донига борди,

Тоза руҳ ошиқнинг жонига борди,

Севган севилганнинг ёнига борди,

Мен сенинг ёнингга келдим, севгилим.

 

Жилға югургани каби дарёга,

Қўллар талпингани каби дуога,

Банда топингани каби Худога,

Мен сенинг ёнингга келдим, севгилим.

 

Изҳорга лойиқ вақт видога кетди,

Гадодан олганим гадога кетди,

Тан ерга кетди, жон самога кетди,

Мен сенинг ёнингга келдим, севгилим.

 

Кўнглимиз Вомиқдир, Узрога қочгай,

Шайхимиз Санъондек тарсога қочгай,

Худойим қувган қул Худога қочгай,

Мен сенинг ёнингга келдим, севгилим.

 

КЎЗЁШ ВА ЖАННАТ

Қиз йиғлаб бораркан титраниб, қақшаб,

отанинг пойига бошин уришга,

ота ҳам йиғлади болага ўхшаб,

боласин кузатди жаннат қуришга.

 

Бир ўғлон онага кўзёш ичирди,

кўзёшин симириб, чой берди она.

Йиғлади,

йиғлашди,

қучди,

кечирди,

бағридан — жаннатдан жой берди она.

 

Сен узр сўрадинг қўлимдан тутиб,

қолмасин, дедим мен, кўнгил сингани,

кечирдим, банданинг айбидан ўтиб,

жаннатга киритган Худо сингари.

 

Унутмоқ, кечирмоқ давлатин олдим.

Барчамиз қаламмиз.

Муҳаббат — паргор.

Ерда ўз жаннатин топишдан олдин

ҳамма ҳам бир сидқи йиғлаши даркор.

 

Мен ҳам оқ қоғозга ҳар тун йиғлайман,

ҳар тонг ўз жаннатим сўрайдирман жим.

Мен ҳам ўз дилимга гоҳи сиғмайман,

Сен ҳам ўз дилингдан жой бер, Севгилим!

 

БИР ДАРД БИЛАН ОҒРИДИ КЎНГЛИМ…

Ғамнинг яйдоқ отига миндим,

Югани йўқ, узангиси йўқ.

Бир дард билан оғриди кўнглим,

Лекин сира тузалгиси йўқ.

 

Бир дард билан кўзларим бедор.

Сен ҳам бедор изтироб тилан.

Кел, иккимиз бўлайлик бемор,

Кел, яшайлик битта дард билан.

 

Кел, кўзимда ошиён яса,

Кел, кўнглимга кўз тиккил, ўғри.

Мен яшаган қайғуни яша,

Мен чалинган дард билан оғри.

 

Сен қуш бўлсанг, бағрим — ос (и) мон,

Сен — нилуфар, кўзёшларим — кўл.

Ютқизмайин десанг, ёрижон,

Мен чалинган дардга таслим бўл!

 

Озодликдир унга тутилмоқ,

Унга қуллуқ қилиш тамкиндир.

Бу дарёдан чўкиб қутулмоқ,

Таслим бўлиб енгиш мумкиндир.

 

Қоқ юракка қадалган дард бу,

Бир умрни айлар чирпирак.

Икки дилга аталган дард бу,

Енголмайди уни бир юрак.

 

ГЕНДЕР ТЕНГЛИГИ

1

Най бир қамиш, навосиз қолса,

Яшаш ҳам дард, давосиз қолса.

Кетмагил, мен — Одам, сен — Ҳаво,

Одам ўлар ҳавосиз қолса!

 

2

Жавоб кутмай соғиндим, севдим,

Зори бўлдим, зўрим бўлди у.

Маликамсан, қулингман, девдим,

Хожа бўлдим, чўрим бўлди у.

 

ОНА ТИЛИМ

Одам сўрамаса, ҳаёт тутмас бол,

От чопмаса, шамол ўпмас ёлини.

Бир бор кўрганмисиз тилдан қолган чол

Ва тили чиқмаган гўдак ҳолини?

 

Тил билан тирикдир ер узра ҳар ким,

Унингсиз вужудга бахт ҳам сиғмайди.

Тилдан қолган бобо инграйди сим-сим

Ва тили чиқмаган гўдак йиғлайди.

 

Ойнага тўш урган нотавон қушдай,

Безабон эл чиқмас озод ҳовлига.

Ё тилдан қолган чол ҳолига тушгай,

Ё тили чиқмаган гўдак ҳолига.

 

Менинг она тилим, сен сабаб изҳор

Қилолдим севгимни — уйғоқ нафасман:

Демак, тилдан қолган чолмасман зинҳор,

Ё тили чиқмаган гўдак эмасман!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 13 =