Яшаш – тикан ичра юриб гул термак…
Маъмур Бозор Али
Муаллиф ҳақида:
Маъмуржон Бозоралиев (Маъмур Бозор Али) — 1957 йил 15 февралда Тошкент вилоятида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган.
Ҳозирда Нурафшон шаҳар “Машъал” газетасида бўлим бошлиғи вазифасида фаолият юритади.
Ижодкорнининг “Ҳаёт гули” (2001), “Бир парча нур” (2006), “Ҳаёт қўшиғи” (2016), “ Ҳурлик нашидаси” (2021) шеърий ҳамда “Юрт соғинчи” (2023) ҳикоялар тўпламлари, “Нурафшон шаҳри: қадим ўтишдан нурли келажакка” (ҳаммуаллифликда) бадиий публицистик асари (2022) нашр этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси. “Дўстлик ордени” соҳиби.
ҚИШЛОҚ ТОНГИ
Янги кун ташвишин қанотга ортиб,
Қушлар тарк этар шох-у бутоқни.
Ҳовлиқма хўрозлар томоғин йиртиб,
Уйқудан уйғотар сокин қишлоқни.
Тун бўйи мудраган супурги энди
Келинчак қўлида ўйнайди бурро.
Чилласи чиқмаган сулувни кўриб,
Кўчалар ўзига беради оро.
Кипригин очмаган гулни уйқуда
Шўх сабо эркалаб, бир ўпиб ўтар.
Повуллаб соғилган сутнинг рангидан
Тонгнинг ранги оппоқ оқариб кетар.
2000 йил, 4 декабрь
ҚОР ВА ГУЛ
“Хаттинг аро узоринг сабза ичида лола…”
Заҳириддин Муҳаммад Бобур.
Юз очибди бир чечак хушҳол,
Эрта кўклам қорлар қўйнида.
Биз учрашдик шундай, гўёки туш — лол,
Шум тақдирнинг кўр ўйинида.
Сен — ўша гул!.. Чиройга тўлиб,
Кўрк берасан ўсган жойингга.
Мен эса — қор, ишқингда эриб,
Сингиб кетгум сенинг пойингга.
2021 йил
КИМ ТИРИК ЭКАН…
Собиқ Шўро даврида ҳар хил “доҳийлар” ва инқилобчилар суратлари ҳамма жойга, шу жумладан, чойхоналарга ҳам осиб қўйилаверарди
Ўтганлар буюкми, оддийми аммо,
Тирикларга эрмак бўлишади жим.
Ана тўртта чойхўр эснаб шу дамда
Ўтганлар устидан чиқарар ҳукм.
Деворда суратлар турар чанг босиб,
Даврада-чи қизиб борар сафсата.
Ҳалиги тўртта чойхўр, денг, авжига олиб,
Боқийлик ҳақида сўқар фалсафа.
Тарих силсиласи, ўтмиш қаърида,
Не тақдиру қисмат кетмишдир қолиб.
Оддийгина қувонч ташвиши билан
Ким тирик экан — ўшадир ғолиб.
ҚАБРИСТОНДА
Бунда ҳукмрондир сукунат, тупроқ,
Кўпроқ надомат, кўпроқ “оҳ-воҳ”.
Худди бозор каби бандалар гирён,
Лек савоб сотилмас, олинмас гуноҳ.
БЕМОРХОНАДА
Бу ерда ўлимнинг шарпасин сезиб,
“Умр — азиз!” дея ўйлаб қоласан.
Йўқотган соғлиғинг баҳона бўлиб,
Ўз қадр-қимматингни билиб оласан.
ЎРТАМИЗДА ПАРДА ТОРТИЛГАН
Йўлакдан ўтасан гулдек товланиб,
Кўчалар айрилар ҳаловатидан.
Юракда ногаҳон ишқ оловланиб,
Термулиб тураман парда ортидан.
Қаршимдан тезгина кетасан ўтиб,
Бор-йўғи ҳам ўзи беш-олти қадам.
Қадаминг товуши юракка етиб,
Жозибага тўлар бир зумда олам.
Бир зум жозибага тўлади олам.
Борлиғинг — мўъжиза, сирли бир ҳилқат,
Дунённинг бисоти — чиройинг, ишқинг.
Ўртамизда парда тортилган фақат,
Фақат оламлар бор… нақ ўн саккиз минг.
2016 йил
МУНОЖОТ
Айтмасам, ҳеч бўлмайди,
Гоҳо музман, гоҳо чўғ.
Андиша йўл қўймайди —
Айтмоққа ҳам илож йўқ.
Айтолмайман, айтмайман,
Айтадиган сўзимни.
Ўзгаларни сақлайман,
Фидо қилиб ўзимни.
Тишга босиб тишимни
Титраяпман ғазабдан,
Қачонгача яшашар
Улар бизнинг ҳисобдан?!
Билгувчисан, Аллоҳим —
Бўлмас бир сўз дегани.
Энди ўзинг ҳукм қил,
Кўпнинг ҳаққин еганин.
2016 йил
АЖАБ
Бошимиз айланар ғавғо кўпидан,
Ҳар ким сўзлагай бор-у йўғидан.
Охиратни ҳеч ким ўйламас, гарчи
Ҳар кун кимдир учар ажал ўқидан.
2001 йил 10 август
ЖАВЗО
Қуёш қиздирмоқнинг ҳадисин олди,
Пуфлаб, ўйнаб оғзин куйдирди шамол.
Кунига неча бор тусланиб қолди,
Дала эркатойи — арзанда ниҳол.
Бир четда занг босиб ётиш пайтимас,
Ҳосил тақдирин ҳал этар ҳар он.
Бир зумга, шундоқ дала пойида,
Тик турган ҳолида мудрайди кетмон.
Қилт этмай турибди тутларнинг барги,
Деҳқонни сояда чорлайди ҳузур.
Ўз бахтидан масрур аёл сингари,
Далалар юзидан таралади нур.
2001 йил, май
ИШҚ ОТАШИ
Фақат замин узра тириклик —
Ҳеч ким воқиф эмас бу сирдан.
Минглаб олам ичра суюкли —
Фақат замин яшнагай нурдан.
Нур борки, бор ҳарорат, ором,
Асли олов — тириклик боши.
Инсон наслин эттиргай давом,
Илоҳий куч — ишқ оташи.
Қалб ишқ учун яралган азал,
Ишқсиз завол топмасин, ё раб!
Олов ёнса — гул мисол гўзал,
Агар сўнса — кул каби хароб.
2006 йил
ПОСАНГИ
Оламки бир сирни ниҳоний этмиш,
Кўр, гулнинг баданин тиконли этмиш.
Ўзининг муаллақ турмоғи учун
Яхшига ёмонни посанги этмиш.
ҚИШЛОҚ ЙЎЛЛАРИДА
Ҳаммаси жайдари, жўн бу ерларда,
Ғўдая кўрмагил сен алифчалик.
Жонинг сувдек эриб оқар терларда —
Кетмайди бу ерда олифтачилик.
2006 йил
Кенг дала бўйлари димоққа етар,
Майсалар эрмаклаб ўйнар кўзингни.
Қотиб қолган кўнглинг мум бўлиб кетар,
Хокисор сезасан энди ўзингни.
Йўллар етаклайди қўлингдан тутиб,
Топиб ҳам беради уруғ-наслингни.
Лойига қоришиб, чангларин ютиб,
Англай бошлайсан бунда аслингни.
2001 йил
САРАТОН КЕЧИКДИ
Ёмғирдан эзилган, задалар бўлган
Экинлар чиллани кутиб, ичикди.
Осмонни булутлар бўшатмас ҳамон,
Саратон кечикди, ёмон кечикди.
Эгатлар қатори текисмас, ола,
Яшил либосга буркана қолмас.
Пахтадан чарчаган, безиган дала
Очилган этагин беркита олмас.
Тушуниб етмайди табиат ишин,
Ниҳолни қийнайди бу оғир ҳолат.
Чопиқчи аёлнинг йиртиқ калишин,
Кўрганда чекади қаттиқ хижолат.
2002 йил 8 июнь
ИШҚ ЁР ЭРСА…
Самолар йиғлади оғир мунг тортиб,
Замин ҳам йиғлади тупроғин отиб,
Жоним-ай, мен сени қўйдим йўқотиб,
Ҳаёт ғавғосида.
Баҳорлар йитдилар, ўзгарди фасл,
Кун нурдан айрилди, қолганча ғофил.
Мен сени чорладим, жоним, муттасил,
Юрак нидосида.
Покиза туйғулар қайда адашди,
Қалбларга фироқни кимлар қадашди?
Сени — Лайло, мени — Мажнун аташди,
Севги саҳросида.
Фурсатнинг қўлига умрим тутқаздим,
Нелар бўлсам бўлдим, ўздан ўтказдим.
Жонни ютиб, жоним, сени ютқаздим,
Умр савдосида.
Гар келсанг, азизим, осмон кулгайдир,
Бу — ярим кўнгулнинг жоми тўлгайдир,
Жонларга жон битар, дардлар ўлгайдир,
Ошиқ сиймосида.
Ишқнинг мазҳабида ҳаёт мукаммал,
Икки олам — обод, иккиси — гўзал!
Гар ишқи ёр эрса, не эмиш ажал
Ёлғон дунёсида?!
2003 йил 20 июль
ТЎРТЛИКЛАР
Гоҳо ҳаёт болин кўраман тотиб,
Гоҳо ташвишни ҳам оламан сотиб.
Шиддаткор умримнинг сўқмоқларида
Ненидир топаман, нени йўқотиб.
* * *
О, ҳаёт — мураккаб, у эмас — эрмак!
Гуручнинг ичида тош билан курмак.
Жон чекмай бир лаззат топмадим асло,
Яшаш — тикон ичра юриб гул термак.
* * *
Тушларнинг ўнг келган таъбирин кўрдим,
Сукутнинг шовқинга сабрини кўрдим.
Тиригида хор-зор юрган банданинг
Гулларга бурканган қабрини кўрдим.
2016 йил