Куз — мунис онамнинг хорғин сиймоси

Хуршид НУРУЛЛАЕВ

Муаллиф ҳақида:

Хуршид НУРУЛЛАЕВ — 1959 йили Тойлоқ туманидаги Сочакипоён қишлоғида туғилган.

1976 йили Самарқанд туманидаги 56-сон умумтаълим мактабини тугатган. 1976-1981 йилларда Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтида таҳсил олган.

Ҳозирги вақтда “Нуроний” жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

“Ёмғир ҳиди” (2005), “Туғён” (2006), “Муҳаббат мулки” (2008), “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир” (2014), “Ҳаммаси асабдан” (2014), “Муҳаббат бор” (2017), “Кўнгилдаги гаплар” (2017), “Беш фасл ва юрт васфи” (2018), “Бахтли бўлиш ўзимизга боғлиқ” (2019), “Кўнгил чашмасидан томчилар” (2021), “Тафаккур тасвири” (2022) номли китоблари чоп этилган. Асарлари тожик, инглиз ва ҳинд тилларига таржима қилинган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

КУЗ

Ситмоққа қийналар тонг туннинг чокин,

Саҳархез қушларнинг овози авжсиз.

Сойдаги қатра сув шунчалар сокин,

Шишадай тип-тиниқ, хаёлчан, мавжсиз.

 

Юкли келин каби кўк юзида доғ —

Бадарға булутлар қайтар самога.

Суйкалса ортидан эргашар япроқ,

Қовун ҳидидан маст юрган сабога.

 

Супада мурғагин босиб кифтидан

Мушук ялаб ювар унинг бетини.

Мунғайиб қолгандек айвон шифтида

Уста қалдирғочнинг нақшинкор ини.

 

Талончи шамоллар сочади қаҳрин,

Юлғичлик бошлайди еру азимда.

Бисотида борин — бериб баргларин,

Дарахтлар бош эгиб турар таъзимда.

 

Қовжираган майса келтириб раҳмин,

Қиров чор-атрофга тўшаб чиққан бўз.

Сарғичранг нимчасин кияркан замин,

Борлиққа қайтадан исм қўйилар — куз.

 

Куз — мунис онамнинг ҳорғин сиймоси,

Ажинин эслатар япроқсиз шохлар.

Кийишидан олдин оппоқ либосин,

Ёмғирда ювиниб олади боғлар.

 

* * *

Маҳзунлик юкини қалбга ортар куз,

Қорамтир либосин кийган булутлар.

Япроқсиз тераклар ғариб, бенуфуз,

Шохлари ҳурпайган жайрадек тутлар.

 

Мунғайиб кўз тикар қуриган ирмоқ —

Жар — туман йўлида ётган катта чоҳ.

Ёмғирда жилғага айланган сўқмоқ

Тош йўлдан юришни этади огоҳ.

 

Азобдан қораяр намозшомгуллар

Бераҳм қировнинг совуқ нишидан.

Тинимсиз тўзғийди хиёбон, йўллар

Бева хазонларнинг намойишидан.

 

Сўққабош чол каби хомуш тортар кун,

Оташдан мосуво қуёшнинг нури.

Фиғон — хазонлардан бурқсиган тутун —

Секин қуриб борар кузакнинг шўри.

 

Маҳзунлик юракни узоқ этмас тарк,

Алвидо, қалбимда инграб ётган сўз.

Тош қотган теракда титрар битта барг —

Сўнгги бор қўл силкиб турган каби куз.

 

* * *

Куз қариди — қуёш нурлари

Ёритса-да кунни, тафти йўқ.

Япроқ ерда ётар хўрланиб,

Ёмғир — булут отган сочма ўқ.

 

Куз қариди — саҳарда қиров

Оққа бўяр майса кокилин.

Шамол кўриб қаршисида ғов,

Синдирар бир дарахтнинг белин.

 

Куз қариди — кўринмас деҳқон,

Уйқу элтган шудгор ерларни.

Туман оёқ қўйиб дашт томон

Яширади кўздан қирларни.

 

Куз қариди — кўзин юмади

Юлдуз, баргни кўрмайин деб хор.

Хазонларга қўшиб кўмади

Кузни, туни билан ёққан қор.

 

* * *

Энг аввал япроқлар пайқади кузни,

Баргларнинг юзига хавотир қўнди.

Ёзи билан эмиб тоғлардан музни,

Барибир, жилғанинг ҳаёти сўнди.

 

Булутлар қораяр, недан бу завол?

Чидолмай гоҳида тўкар у кўз ёш.

Тилла тангалар, деб хазонни шамол,

Шошганча, ҳар ерга қила бошлар чош.

 

Чақмоқ — биз билмаган, балки, сирли сўз,

Англаб етолмаган таъна ё илинж.

Ернинг жамолини соғинган юлдуз

Булут баданига тортарми қилич?

 

Барглари тўкилган, антиқа дарахт —

Мевалар бўшатмас қўлини шохдан.

Қиш келган, узишга ҳали ҳам барвақт,

Мўъжиза — хурмолар жой олди боғдан.

 

Куз, маъюс нигоҳинг ўртади жонни,

Ахир саодат-ку кутилган якун.

Қай фасл бўлмасин, еру осмонни

Ҳар тонг қарши олсин келаётган кун.

 

* * *

Ҳаво бирам тоза, тўймайсан ютиб,

Сендан кўз узмайди Зомин тоғлари.

Ширин хаёлларнинг қўлларин тутиб,

Яйрайди умрингнинг айни чоғлари.

 

Арчалар бир муддат олган каби дам,

Чўққига чиқмоқчи — кўкни ўпгали.

Ирмоқлар сувига, уят бўлса ҳам,

Яланғоч харсанглар тўймас суйкалиб.

 

Ўзини ўнг-чапга урар йўл, гўё

Улкан кулранг илон ўрмалар дўнгга.

Тонг отган, кўрганинг наҳотки рўё,

Хира ой, қуш каби чўққига қўнган.

 

Шарманда бўларди гуллар ҳидласа,

Димоққа урилар ҳузурбахш ифор.

Юксак чўққиларга кўз тушган лаҳза

Кўксингга кўчгандек тоғлардан виқор.

 

Бу ажиб чиройга табиат она,

Тош, гиёҳ, дарахт, биз асли бир уруғ.

Барча эл-элатга замин ягона,

Ва қуёш — инсоният учун умум туғ.

 

Эзгу ўй уйғотди бу кўҳна маскан,

Буюк Ипак йўлин ҳикматин айтай.

Неча бор вайрона бўлса Самарқанд,

Йўл бирла уни эл тиклаган қайта.

 

Саҳролар ётса ҳам манзиллар аро

Йўл учун танланган хавфсиз, сўлим жой.

Йўли берк оламдан тушгайдир айро,

Йўл билан эл яқин, йўл билан юрт бой.

 

Буюк Ипак йўли бўлса бир шода,

Гавҳари Зоминдир, ўлмас жавоҳир.

Бул макон сарҳадин кезсанг пиёда,

Танангда бардамлик бўлгайдир зоҳир.

 

Мен яна қайтаман, шу қатъий ният

Кўнглимга ўрнашар метин ўй бўлиб.

Бағрингга келганлар топишсин сиҳат,

Уйига қайтсинлар қудратга тўлиб.

 

Сафарим қарийди, уйга йўл йироқ,

Ортимдан кўз тикиб қолади Зомин.

Оқ йўл тилагандек, икки ёнда тоғ —

Кафтларини очиб, қилгандек омин.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 1 =