Илм олсанг, болажон, сеники бўлар жаҳон!

Хуррам РАЙИМОВ

Муаллиф ҳақида:

Хуррам Райимов — 1950 йили Денов шаҳрида туғилган.

Болалар шоири. Унинг “Моҳитобоним”, “Қўш қанот”, “Бола билан капалак”, “Мен кичик кашфиётчи”, “Оқ тулпор”, “Сабр дарахти”, “Кўнгил муждалари”, “Қалбимдаги қуш”, “Инжа туйғулар”, “Мени шоир қилган муҳаббат” каби шеърий тўпламлари ва “Юрак ухламайди”, “Бахтли яшанг, одамлар” (ҳаммуаллифликдаги) публицистик китоблар муаллифидир.

Яқинда ўзининг қутлуғ ёшини нишонлаган шоир бир туркум шеърларини болажонларимиз учун туҳфа сифатида йўллабди.

Ҳунарли бўл, илмли,

Эй, болажон, болажон!

Илму урфон, ҳаракат

Дўстинг бўлсин ҳар қачон.

 

Илм кўпга қўшади,

Ҳунар кўкка кўтарар.

Жамики бойликлардан

Маърифат устун турар.

 

Чиниқтириб танангни,

Баҳсларда ғолиб юр.

Соғлом турмуш томонга

Ҳаётингни кескин бур.

 

Аҳлингни тўйинтиргин

Билим билан ҳамиша.

Ҳуснингга ҳусн қўшсин

Одоб, ахлоқ, андиша.

 

Ҳунарли бўлсанг, инон,

Қўлингда бўлар имкон.

Илм олсанг, болажон,

Сеники бўлар жаҳон!

 

БОЛАЛИК

 

Болалик — бойлигимиз,

Тонгдай чиройлигимиз.

Гулга ўхшашлигимиз,

Дилга туташлигимиз.

 

Човут ташлаб ўрларга,

Тирмашамиз қирларга.

Еллар бирла тушиб баҳс,

Ҳайратни айлармиз акс.

 

Қуёшдек кўкда порлаб,

Ўтар кун омад чорлаб.

Қушлар мисол учгаймиз,

Осмонларни қучгаймиз.

 

Барг ёзамиз ям-яшил,

Таскин топсин дея дил.

Кулгаймиз хандон-хандон,

Булбулдек яйраб, чандон.

 

Бизлар момақаймоқмиз,

Очилган қизғалдоқмиз.

Айтсак чиндан подшомиз,

Гул ҳаётга ошномиз.

 

ҲАМ ВАТАНГА, ҲАМ ЭЛГА

 

Бўш вақтларда сиз учун

Энг яқин дўст — бу китоб.

Йўлингизни ёритар,

Чарақлаб мисол офтоб.

 

Информатика фанин

Ўзлаштирса ким пухта,

Деёлмас уни ҳеч ким:

Билиминг саёз, сохта.

 

Спортда ғолиб бўлинг,

Кўтаринг юрт байроғин.

Сезасиз шунда аниқ

Кўнгилларнинг яйроғин.

 

Санъат турлари сизни

Кўтаради кўкларга.

Куй, қўшиқ ҳам рақслар

Қанот бўлар эркларга.

 

Такрорлаб машқлар,

Пешлаб туринг билимни.

Занглаб қолмасин улар,

Тоблаб туринг илмни.

 

Чизиб турли суратлар,

Илҳом сари шайланинг.

Шеър ёзиб, матн тузиб,

Ижодкорга айланинг.

 

Боболар насиҳати

Жўр бўлсин тилакларга.

Момолар маслаҳати

Қўр бўлсин юракларга.

 

Кўчат экса нуроний,

Челакчада сув қуйинг.

Тайёрланиб ҳаётга,

Меҳнатга меҳр туйинг.

 

Тежамкор бўлиб, вақтни

Совурмасангиз елга.

Суюк фарзанд бўласиз

Ҳам Ватанга, ҳам элга.

ТОШЧУМЧУҚ

Бу қушнинг зийнати кўп,

Ғайрати тўлиб-тошар.

Яқиндан танишганлар,

Тошчумчуқ деб аташар.

 

Кўринишдан нозик у,

Патлари оқиш-оқиш.

Тумшуқчаси қоп-қора,

Думи калта, митти қуш.

 

Мошдек бир жуфт кўзлари,

Оламга хушнуд боқар.

Чуғур-чуғур сайраши

Кўнгил шамларин ёқар.

 

Бу қуш шунчалар гўзал,

Бу қуш шунчалар нодир.

Тумшуғи қаттиқ жуда,

Тошни тешишга қодир.

 

КУЗ

Юзлари бўлиб қирмиз,

Ҳуснини айлаб кўз-кўз.

Айтиб бизга ширин сўз,

Олтинланиб келар куз,

Ёлқинланиб келар куз.

Токлардан шимириб бол,

Элу юртни этганча лол,

Яхшиликдан очиб фол,

Олтинланиб келар куз,

Ёлқинланиб келар куз.

Минг ишва, минг ноз билан,

Қўлда дутор, соз билан,

Енгилгина роз билан,

Олтинланиб келар куз,

Ёлқинланиб келар куз.

 

* * *

Гулга тўлган чаманларда,

Тотли гўзал замонларда,

Яшаяпмиз, қўлимизни

Чўзсак етар осмонларга.

 

Жарангдор хуш навомиз бор,

Навоийдек бобомиз бор.

Билмаганлар билиб қўйсин,

Кенг жаҳонга даъвомиз бор.

 

Уйғонишлар даври бугун,

Тўлғонишлар даври бугун.

Юксак билим, заковатга

Чулғанишлар даври бугун.

 

Ҳаёт — мисол улкан мактаб,

Бахтга чорлар доим матлаб.

Нур таратар йўлимизга,

Китоб бўлиб мисол офтоб.

 

Мақтовларга соврулмаймиз,

Ёлғон сўзлаб, қоврулмаймиз.

Гул Ватанга тиргак бўлиб,

Қанотлардан қайрилмаймиз.

 

Жисму танда ҳайрат кезар,

Қалбимизга олам менгзар.

Онгимизни, шууримизни

Одоб безар, ахлоқ безар.

 

Эллар бирла сирлашамиз,

Диллар бирла диллашамиз.

Жаҳон минбаридан туриб,

Тенглар бирла тенглашамиз.

 

Гулга тўлган чаманларда,

Тотли гўзал замонларда,

Яшаяпмиз, қўлимизни

Чўзсак етар осмонларга.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + eleven =