Меҳрибонлик
Баҳром АКБАРОВ
Шохидамас, баргида
— Адаси, сиз яхши кишисиз-а?! – деди хотиним эркаланган оҳангда.
— Йўқ! – дедим атайлаб жаҳл билан.
— Яхши киши бўлақолинг…
— Яхши киши бўлишимни хоҳлайсанми?
— Ҳа…
— Унда мендан янги кўйлак учун пул сўрама.
— Вой, шунақами? – деди у бир зумгина бўшашиб. Сўнг дарҳол қўшиб қўйди. — Ўғлингиз учун-чи?
Бу савол жуда қалтис эди.
— Майли, – дедим бироз ўйланиб. — Ўғлим учун бўлса, сўрайқол, фақат ойнинг ўртасида, пешиндан кейин сўра. Эркак киши эрталаб пул бермайди. Пулнинг баракаси учиб кетади. Биласан-а?
— Дадаси, мени ҳеч нарса билмайди, деб ўйлайсизми? – деди хотиним нима учундир хурсанд бўлиб.
Орадан кунлар ўтди. Шанба куни пешиндан кейин хотиним гапимни эсимга солди.
— Бугун ўғлингиз учун пул берарсиз-а, – деди у кулимсираб.
— Албатта, айтилган сўз – отилган ўқ. Ўғлим учун бўлса майли. Неча пул берай?
— Уч юз минг сўм.
— Мана, ол, олавер. Ўғлимга бўлса тўрт юз минг берганим бўлсин!
Хотиним пулни санаб олган заҳоти кўзларида қувонч порлади. Унинг шодлигидан ҳайрон бўлганча сўрадим.
— Айтгандай, ўғлинг шунча пулни нима қиларкан?
— Нима қиларди? Онасига кўйлак олиб беради, – деди у.
Биринчи ҳикоя
Кечки пайт ишдан келсам, хотиним ёзаётган ҳикоям қўлёзмасини қўлимга тутқазди-да, сўради:
— Нима бу?
— Нима бўларди, ёзаётган ҳикоям…
— Нега энди 18 ёшга тўлмаганлар ва хотинлар ўқимасин, деб сарлавҳа қўйгансиз? Ўғлингиз ўқиб қолса нима бўлади?
— Ҳеч нарса!..
— Ҳеч нарса деганингиз нимаси? Мен уни папалаб катта қилаётган бўлсам. Сизнинг ишқий саргузаштли ҳикоянгиз бола тарбиясига ёмон таъсир этмайдими? Балким, … жойлари ҳам бордир.
— Бор. Бор! – дедим жаҳл билан. — Сабаби воқеа тун ярмида содир бўлади.
— Ана айтмадимми! – дея ғазаб билан гапида давом этди у. — Бундай ҳикояларингизни уйда қолдирманг. Ишхонангизга олиб кетинг. Билдингизми?
— Билдим! Ўзи ўқиб кўрдингми?
— Ўқиб зарил кептими? Айтдингиз-ку мазмунини.
— Қани, бир ўқиб кўр-чи.
— Ўқимайман!
— Ундай бўлса ўзимга бер. Ўқиб бераман…
Хотиним истар-истамай қўлёзмани қўлимга тутқазди-да:
— Уйда ўқиб берақолинг. Ўғлим эшитиб қолса бўлмайди, – деди жаҳлидан бироз тушиб.
— Майли, юр…
Хотиним ортимдан уйга кирди.
— Эшит.
У ҳикояни эшитиш мақсадида стулга яхшилаб жойлашиб олди.
Тун. Ой истар-истамай булутлар орасидан ўзини кўрсата бошлади. Кўча ой ёғдусидан ёришиб кетди. Севган ёри билан қўлтиқлашиб кетаётган йигит қизнинг қулоғига нимадир деб шивирлади. Қизнинг ёноқлари лоладай қизариб кетди. Шу пайт…
— Тўхтанг, – деди хотиним. — Мен эшикни қулфлаб қўяй.
Ҳайрон бўлганча унга қарадим. Хотиним айтганини қилди-да, диққат билан ҳикоя давомини эшита бошлади.
…Кутилмаган ҳодиса рўй берди. Йигит асфальт кўчада ётган катта харсанг тошга қоқилиб кетди ва ерга юзтубан йиқилишига бир бахя қолди. Қиз йигитни маҳкам ушлаб қолмаганда, балким йиқиларди. Йигит аста тошга қаради, уни йўл ўртасидан олиб ташламоқчи бўлди. Тош ёнига келди-да, хаёл суриб қолди. “Кўтара оламанми?” Оний лаҳзада ўтган фикр ёнига қизнинг айтган гапи қўшилди: “Сизга нима, ётаверсин!” Йигит иккинчи фикрга қўшилди… ва севган қизи билан қўл ушлашганча йўлида давом этди. Йигит эндигина 17 ёшга тўлган бўлиб, унинг фикрлаши шунга яраша эди…
Ҳикояни ўқиб бўлиб хотинимга қарадим. Унинг бояги жаҳдидан асар ҳам қолмаганди.
— Шуми? – дея ҳайрон бўлиб сўради у.
— Ҳа, – дедим кулгидан ўзимни зўрға тўхтатиб. — Ҳеч нарса тушундингми?
— Йўқ, – деди у. — Бунақа ҳикояни мен ҳам ёза оламан.
— Ана шунинг учун ҳам ҳикояга шундай сарлавҳа қўйганман…
— А?..
Иккинчи ҳикоя
Кечки пайт ишдан келсам, хотиним ёзаётган ҳикоям қўлёзмасини қўлимга тутқазди-да, сўради:
— Нима бу?
— Нима бўларди, ёзаётган ҳикоям…
— Нега энди яна “18 ёшга тўлмаганлар ва хотинлар ўқимасин” деб қўйгансиз? Ўғлингиз ўқиб қолса нима бўлади?
— Ҳеч нарса!..
— Ҳеч нарса деганингиз нимаси? Мен уни папалаб катта қилаётган бўлсам.
— Ўзи ҳикояни ўқиб кўрдингми?
— Ўқиб кўриб зарил кептими? Шундоқ ҳам биламан, – деди у жаҳл билан. – Қаёқдаги ошиқ-маъшуқлар ҳақида ёзган бўлсангиз керак-да.
— Ундаймас, хотин. Бу реклама.
— Реклама?
— Ҳа, реклама! Ҳозир ҳамма нарса рекламага муҳтож бўлиб қолди. Анув куни магазиндан олган нарсангни телевизорда мақтаяпти, деб олгандинг, эсингдами?
— Ҳа, эсимга тушди. Расво нарса экан. Етмаганига муддати ўтган, – деди у сал бўшашиб.
— Ана, кўрдингми? Ундан кўра, кел, ҳикоядан сенга ҳам ўқиб берай. Ўзинг хулоса чиқариб оласан.
Уйга кирдик. Хотин ҳикояни эшитиш учун стулга яхшилаб ўрнашиб олди.
— Эшит, – дедим унга қараб.
Тун. Ой истар-истамай булутлар орасидан ўзини кўрсата бошлади. Зим-зиё кўча ой ёғдусидан ёришиб кетди. Севган ёри билан қўлтиқлашиб кетаётган йигит қизнинг қулоғига нимадир деб шивирлади. Шу пайт…
…Кутилмаган ҳодиса рўй берди. Йигит асфальт кўчада ётган катта харсанг тошга қоқилиб кетди ва ерга юзтубан йиқилишига бир бахя қолди. Йигит тошга қаради-да, уни йўл ўртасидан олиб ташламоқчи бўлди. Тош ёнига келди-да, хаёл суриб қолди. “Кўтара оламанми?” Оний лаҳзада ўтган фикр ёнига бошқаси қўшилди: “Сенга нима, ётаверсин!” Йигит иккинчи фикрга қўшилди… ва севган қизи билан қўл ушлашганча йўлида давом этди. Йигит эндигина 17 ёшга тўлган бўлиб, унинг фикрлаши ва кучи шунга яраша эди…
Ҳикояни ўқиб бўлиб хотинимга қарадим. Унинг бояги жаҳлидан асар ҳам йўқ эди.
— Шуми? – дея ҳайрон бўлиб сўради у.
— Ҳа, – дедим кулгидан ўзимни зўрға тўхтатиб. — Ҳеч нарса тушундингми?
— Йўқ, – деди у. — Бунақа ҳикояни мен ҳам ёза оламан.
— Кўрдингми рекламанинг кучини? Ана шунинг учун ҳикояга шундай сарлавҳа қўйганман. Алмойи-жалмойи ҳикояни сен ҳам қизиқиб эшитдинг. Яшасин реклама! Билдингми?
— Э…
КОМПЕНСАЦИЯ
Телевизорда уруш ҳақидаги ҳужжатли фильм кўриб ўтиргандик. Хотиним томдан тараша тушгандек савол бериб қолди.
— Дадаси, дикторнинг бир гапини яхши билолмадим. Компенсация тўлайди деганини қандай тушуниш керак?
— Етказилган зарар ёки қилинган харажатларни қоплашга сарфланадиган товон пули. Тушундингми? – дедим билағонлигимни намойиш қилиб.
— Тушундим, дадаси, тушунмай ўлибманми? Қилинган харажатларга тўланадиган пул дедингизми? Ундай бўлса, тунов кунги…
Гап қайси томонга кетаётганини ўйлаб ҳам ўтирмадим. Чунки хотин нима демоқчилиги менга аён эди.
— Товон пули уришаётган давлатлар орасида тўланади. Эр-хотин орасида товон пули тўланмайди, – дедим қатъий оҳангда.
— Шунақами?
Хотиним нима учундир бу гапдан қувониб кетди.
— Нима, боядан бери қулоғингга танбур чертяпманми? – дедим ёлғондан жаҳл билан.
— Бундай сўзларингиз танбурнинг ноласидан-да ёқимлироқ.
— Нечун?!
— Бу гапингиздан кейин тунов куни менга олиб берган нарсаларингизнинг пулини тўламайдиган бўлдим. Чунки ўзингиз айтганингиздек, эр-хотин орасида компенсация пули йўқ!.. Тушундингизми?
— Нима?
ТОШ ОТА
Илк баҳорнинг шанба оқшомларининг бирида дарахтларни буташ билан овора эдим. Анчагина олифтанамо кийиниб олган ўғлим ёнимга келди-да:
— Ҳорманг, дада. Қарашиб юборайми? – деди.
— Боядан бери қаёқдайдинг? Иш тугаганда келганингни қара.
Ўғлим гапимга асло хафа бўлмай жилмайиб туриши мени жаҳлдан туширди.
— Бирон гапинг борми?
— Дада, фақат тўғрисини айтинг. Ота ўғил бўлган яхшими ёки она ўғил?
Мен унга бошқатдан разм солдим. Бу йил учинчи курсда ўқиётган болам камдан-кам савол берарди. Шу пайт ичкари уйнинг эшиги очилиб, хотиним биз томон келаётганини кўрдим-да, атайлаб баланд овозда:
— Она ўғил бўлиб нима каромат топардинг? Албатта, ота ўғил бўлганинг яхши-де, – дедим ўзгача виқор билан ва бу гапим хотинимга қандай таъсир қилдийкан, дегандек унга зимдан қараб қўйдим.
— Раҳмат, дада. Сизнинг айтганингизни қиламан. Ота ўғил бўламан! – деди ўғлим йўғон овозда.
— Баракалла, ўғлим! Ота ўғил бўлсанг ҳар доим олқиш оласан. Етмаганига пул ҳам оласан.
Нима учундир ийиб кетганимдан чўнтагимдан ўғлимга бир талай пул ҳам бериб юбордим.
Бу қилиғимни кузатиб турган хотиним ўзини кулгидан тўхтатолмади.
— Сен нега куляпсан? – дедим ҳайрон бўлганча унга қараб.
— Ота ўғил сизни яхшигина пулга туширди-я!
— Сенга нима?!
— Мендан пул сўровди, бермовдим. Бугун ҳам чойхонаси бор экан. Лекин роса қойиллатди. Ҳам чойхонасига пул олди, ҳам рухсат. Қойилман, онасининг ўғли! Гоҳида мана шундай “ота ўғил” бўлиб ҳам туравер.
Хотиним жилмайиб турган ўғлимнинг елкасига уриб қўйди:
— Баракалла, ота ўғил! Тош отангдан пулни боплаб олдинг, энди бемалол чойхонангга бориб келавер. Фақат жа кечга қолмагин, хўпми, ўзимнинг ўғилгинам!