“Телефонсиз кун” акцияси
Ўқитувчи дарсга кеч қолиши асло мумкин эмас. Бугун саҳардан ижод уммонига шўнғиб, вақт ўтиб кетганини сезмай қолибман. Ўзиям, ишга зўрға улгурдим. Журналистика факультетига ҳаллослаб кириб келганимда дарсга киришга қўнғироқ чалина бошлади.
Кафедра мудиримиз “ишга вақтлироқ келиш керак” деган маънода қараб қўяр экан, ниманидир эслатди:
— Ректоратдан муҳим топшириқ келди, бугуноқ ҳал этиш керак, — деди қўлимга ишора қилиб. — Телеграмингизга қаранг.
— Минг бора узр, — дедим каловланиб. — Бугунни ўзим учун “Телефонсиз кун” деб эълон қилгандим…
— Тушунмадим?! — ҳайрон бўлди мудиримиз.
— Шаҳримизда “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилгани эсингиздами? Шунга ўхшаб мен ҳам ўзим учун чоршанбани — “Телефонсиз кун” деб қабул қилдим…
— Телефонингиз қани? — мудирнинг энсаси қотгани юзида акс этиб турарди.
— Уйга ташлаб келдим!..
— Йўғ-э… Нега?
Дарсга отланаётган қувноқ устозимиз Аҳмаджон ака гапимга ойдинлик киритди:
— Бир замонлар телефоннинг ўзи янгилик эди, энди телефонсиз юриш — ундан каттароқ янгилик! Инсоният неча минг йиллар телефон нималигини билмаган. Мобиль телефонсиз юриш гаштини энди Тўлқин домла айтади!
Ижтимоий тармоқларда фаол устоз Дадахон аканинг гапи қизиқ бўлди:
— Дониш домланинг телефонсиз юриши “Кун мўъжизаси”га айланади!..
Сермулоҳаза устозимиз Шавкат ака ширингина жилмайиб изоҳ берди:
— Домланинг шунақа “янгилик”лари доим тилларда достон бўлиб кетади!..
Профессор-ўқитувчилар бир лаҳзалик суҳбатдан ҳузур қилиб кулганча аудиторияларга – дарсларига тарқалишди.
Зийрак талабаларим “Телефонсиз кун” акцияси ҳақида эшитиб, аввалига ишонқирамай қарашди. Битта маҳмадонароғи сездирмасдан секингина телефон рақамимни териб кўргани юзида акс этиб турарди. Ҳозир гўё қўйнимда ёки сумкачамда телефоним жиринглаб кетса-ю, аудиторияни бошларига кўтариб хохолашса… Чиндан ҳам телефонсиз келганимга ишонч ҳосил қилишгач, ҳаммаси ҳайрон қолишди.
— Устозларнинг ҳар бир сўзи, саъй-ҳаракатларини сабоқ сифатида қабул қилинглар, — дедим тагдор қилиб. — Сиз лоақал дарсда телефонсиз ўтиришга ўрганинг. Мобиль телефонларни анави столга обориб қўйинглар.
Бурчакдаги столга 25 та мобиль телефон териб қўйилди.
— Мабодо сизга телефон зарур бўлиб қолса нима қиласиз? — ийманибгина сўради Умия исмли талаба қиз.
— Жаа зарил бўп қолса, бирортасиникидан фойдаланиб тураман, — дедим худди шуни мўлжаллаб қўйгандек.
— Савол берсам майлими? — одоб билан сўради Дилнура деган талаба қиз. — Мабодо фарзандларингиз сизни ахтариб қолишса, нима бўлади?
Шу тобда юрагим шув этса-да, сир бой бермасликка ҳаракат қилдим:
— Улар учун ҳам бир синов-да… — дедим бошқа жўялироқ гап тополмай. — Зарил бўлсам, ўзлари топиб олишади!..
Шу гапни айтаётиб, очиғи, вужудим титраб кетди. Чиндан ҳам фарзандларим излаб қолишса нима бўлади? Ўз оилалари билан бахтиёр яшаётган қизим ва икки ўғлим оналаридан айрилиб қолганларидан бери олтмишдан ошган отасига худди ёш боладан хавотир олгандек ҳушёр қараб юришини биламан. Мабодо телефонларига жавоб бермасам, уйимга боришлари аниқ. Эшигим очилмаса, ишхонамга излаб келишар…
Сўнгги фикрдан таскин топдим. Ҳар қалай, “қидирув”га беришдан аввал бир бора ишхонамизга ҳам келиб суриштиришар…
Дарсимиз телефонсиз тинч ва жуда зўр ўтди!
Бирор талаба телефон ўйнаб жиғимга тегмади, баҳона қилиб ташқарига чиқиб кетмади, маърузамни эътибор билан тинглаб, баҳс-мунозара қилишди!
— Бугун кўп нарса олдим, — деди Абдулазиз исмли талаба сўзларини саволга улаб. — Энди ҳар чоршанба сиз учун “Телефонсиз кун” бўладими? Бу акция соат неччида тугайди?
— Ярим тунда, — дедим худди режа асосида ҳаракат қилаётгандек. — Соат 00.01 да телефонимни қўлимга олиб кўра бошлайман!..
— Устоз, бу акцияга биз ҳам қўшилсак бўладими? — Бахтиёр исмли талаба телефонига ишора қилиб режасини айтди. — Келгуси чоршанбада биз ҳам телефонни ётоқхонага ташлаб келамиз!..
Талабамнинг бу гапига нима деб жавоб беришга дудуқланиб қолдим. Шу тобда ўзимдан ўтаётганини ўзим билардим… Жўяли жавобим шу бўлди:
— Қолганини ҳаёт кўрсатади! Қани, аввал келгуси чоршанбага эсон-омон етиб олайлик-чи…
* * *
Туман Кенгаши депутати бўлганимдан бери мен бечорага тиним йўқ. Дарсдан чиқибоқ режам бўйича депутатлар Кенгаши томон югурдим. Икки-уч чақирим жойга пиёда боришга ўрганиб қолганман. Таксига ўтирай десам, “пробка”да қолиб кетиш жонга теккан…
Ахборот сиёсати бўйича доимий комиссия йиғилишига зўрға улгурдим. Котибият бошлиғи Давронжон мени кўргач, юзи ёришди:
— Комиссия раиси нега кеч қолаяпти, дея хавотирга тушгандим, — деди у соатига қараб. — Хайрият, улгурдингиз. Бошқа депутатлар сиздан ўрнак олса арзийди. Бугунги комиссия йиғилишини телевидениега “съёмка” қилишаркан. Бу ҳақда телеграмингизга ёзиб қўйгандим, шу пайтгача қарамадингиз…
— Сизни огоҳлантирмаганим учун маъзур тутинг, — дедим унинг кўзига тик қараб. — Бугунни ўзим учун “Телефонсиз кун” акцияси деб эълон қилдим.
— Бу нима деганингиз?
— Ҳар чоршанба куни телефонимни қўлимга олмайман, — дедим ўзимни бамайлихотир кўрсатиб. — Эрталаб очиб қараганим ҳам йўқ. Энди ярим тунда кўришим мумкин…
Котибиятимиз бошлиғи қўлидаги телефонидан рақамлар тера бошлади. Чамаси, менга қўнғироқ қилди. Натижа бўлмагач, мийиғида кулиб қўйганча навбатдаги топшириқни айтди:
— Доимий комиссия йиғилишидан кейин сиз депутат бўлган маҳаллага бирга боришимиз керак, — деди қатъий оҳангда. — Олий Мажлисдан телефон қилишди, Қонунчилик палатаси депутатлари кечроқ “Университет” маҳалласи ва Талабалар шаҳарчасига келишаркан…
Телевидение мухбирлари йиғилиш жараёнини тасвирга олгач, интервью бердим. Бугун фуқаролик позициясида собит туришимиз зарурлиги ҳақида жўшиб сўзладим.
Кейин мени депутат қилиб сайлаган маҳалла томонга югурдик. Бундай пайт мобиль телефоним орқали сурат ва видеога олишимга ўрганиб қолишган баъзи аёллар жимгина ўтирганимга ҳайрон бўлиб қарарди. Талабалар ётоқхонасида психолог бўлиб ишлайдиган бир маҳмадона жувонча секин луқма ташлади:
— Видеога олмайсизми?
Машҳур ҳинд киносида Гита ва Зита ролини ижро этган актрисага жуда ўхшайдиган ўша жувончага ҳам бугун “Телефонсиз кун” деб эълон қилганимни пичирлаб тушунтирдим. Ҳар чоршанба тонгдан ярим тунгача телефонимни қўлимга олмаслигимни айтганимда, у ошиқчасига бурнини жийирди. Сўнг ёнидаги оқ рўмолли дугонасининг қулоғига пичирлади. Дугонаси мен томон ялт этиб қараб қўйганидан улар қандайдир режа тузаётганларини кўнглим сезди…
Суҳбатдан сўнг Олий Мажлис депутатлари билан бирга маҳаллани айланиб, янги бунёд этилаётган биноларни, таъмирланаётган йўлакларни кўздан кечирдик.
Ниҳоят, уйга қайтаётганимда қоронғи туша бошлаганди.
Ерости йўлига зиналардан бир-бир қадам ташлаб туша бошладим. Метро бекатида турган тумонат йўловчиларга назар солдим. Деярли ҳаммаси мобиль телефонига ёпишиб қолган. Одамлар шу технологиядан фойдаланишни шунчалик ўзлаштириб олганлари бир жиҳатдан жуда яхши, зарур хабарларни ўқишлари ундан ҳам яхши. Иккинчи жиҳати бироз хавотирли. Интернет ва “Youtube”да одамнинг онгини заҳарлаб ташлайдиган гап-сўзлар ҳам кам эмас-да…
Мобиль телефон бизга етиб келмаган даврларни яхши эслайман. Кўча-кўйда, метрода кўпчиликнинг қўлида газета-журнал ёки китоб кўрардингиз. Одамларнинг дунёқараши, савияси шунга яраша эди-да…
Ҳозирги кетишда одамларнинг савияси қай даражада бўлиб қоларкин?..
Ёшлар китоб, газета-журнал ўқимаяпти, деб зорланамиз. Хўш, катталар ўқияптими? Ўзим-чи? Интернет ва “Youtube”дан кўз узолмай қолганим рост-ку… Телефонсиз бир кунга ўтган аср йўловчисига ўхшаб қолдим…
* * *
Мобиль телефоним ҳақида энди бафуржа ўйлай бошладим. Уни қандоқ йўқотиб қўйдим ўзи? Эрталабки воқеа-ҳодисалар хаёлдан ўта бошлади. Уйим эшигини апил-тапил қулфлаб, метро томон югурдим. “Миллий боғ” бекатида ўта тиқилинч вагонга зўрға кирганимда, оёғим бетига бир парча тошдек нарса тақ этиб тушгандек бўлди. Тиқилинчда оёққа қарашнинг иложи йўқ эди…
Беруний бекатида метродан чиққач, қора камзулимнинг ички чўнтагига қўл суқиб, юрагим шув этди: чўнтак таги йиртилиб кетибди-ку! Демак, боя оёғимга тақ этиб тушган нарса телефоним экан-да, деган ўйга бордим…
Тумонат йўловчилар орасида ортга қайтиб телефонимни излаш бефойда эканини яхши биламан. Бу ёғи дарсга кеч қолаяпман… Йўрға отдек факультет томон илдам-илдам қадам ташлар эканман, хаёлимда мингта нарса чарх уриб айланарди.
Телефоним йўқолганини эшитганлар нима деб ўйлашади? Биров бировга ичи ачирмиди?..
Баъзи ичиқоралар қанчалик ҳузур қилишларини тасаввур қилаяпман…
Ижтимоий тармоқларда чиқишларимни кўриб, куйиб юрганлар “баттар бўл!” дейишини биламан… Ҳатто дўстларим ҳам енгил тортсалар, ажабмас…
Пластик карталардаги пулимчи нима бўлади? Мобиль телефонимни топиб олган кимса пулларимни ечиб олса-я?..
Ўғлим: “Пароль қўйиб берай”, деганида, “Менга ортиқча ташвиш бўлади”, деб қайтаргандим. Ана энди ўзингдан кўр, нодон домла…
* * *
Мобиль телефоним йўқолганини сир тутганим яхши бўлди.
Ўзим учун ҳар чоршанбани — “Телефонсиз кун” деб эълон қилганимга кўпчиликни ишонтира олдим! Қўлимда телефон йўқлигини кўргач, ишонмай бўладими?..
Метродан чиқиб, Миллий боғ ёнидаги кимсасиз йўлак бўйлаб одимлай бошладим. Тошкентнинг бетакрор гўзаллигини кўриш ва ҳис этиш учун бир бора мобиль телефондан воз кечиб, ён-атрофга боқиш керак экан! Эрталаб Талабалар шаҳарчаси тароватидан баҳра олган бўлсам, ҳозир ҳу нарида савлат тўкиб турган “Тошкент-сити”нинг осмонўпар биноларига, берироқда Адиблар хиёбонига боқиб сармаст эдим…
Бироқ шу тобда чироқлар йўлимни минг чароғон этмасин, барибир ичим ёришмасди. Раҳматли умр йўлдошимдан айрилиб қолгандан буён қанчалик ёлғизланиб қолган бўлсам, мобиль телефоним йўқолиб қолганида янада ўзимни ёлғиз ҳис қила бошлагандим. Уйим томон яқинлашар эканман, юрагим қанчалик ҳувуллаб қолганини сўз билан ифода этолмайман.
Залворли эшикда калитим шақир-шуқур қилаётган пайт ичкарида мобиль телефон жиринглаётганини эшитиб, юрагим ҳапқириб кетди! Хайрият, уйда қолган экан-ку!
* * *
Ҳақиқий томоша кейин бошланди.
Ижодхонамга отилиб кирганча телефон тугмасини боссам, кимдир атай жим турибди. Рақамига қарасам: “Нўл”. Одатда, юқоридан казо-казолар, пири комиллар шунақа “Нўл”дан телефон қилишарди. Бу ким бўлдийкин?
— Алё, эшитаман, — дедим оҳиста.
Бунга жавобан икки-учта шўх-шодон аёлнинг қаҳқаҳаси эшитилди:
— Ва-ҳа-ҳаа…
— Кимсиз? — дедим беихтиёр юзимда табассум ўйнаб.
— “Телефонсиз кун” акцияси тугадими? Ярим оқшомгача қарамайман, деган эдингиз-ку?!
Товушидан танидим: бу ўша маҳмадона жувончанинг ўзгинаси!
— Ҳурматингиз учун телефонни кўтардим, — дедим бошқа гап тополмай. — Депутатлар билан суҳбат маъқул бўлдими?
— Ҳаммасидан қизиқроғи — “Телефонсиз кун” акциянгиз маҳаллада дув-дув гап бўлаяпти, — деди яна қаҳ-қаҳ отиб у. — Ўзи, хаёлга келмаган гапларни топиб юрасизде…
Шу пайт ўртага деканимизнинг ўқув ишлари бўйича муовини Абдунур домла туша бошлади:
— Алё, эшитаман, — дедим шартта унга уланиб.
— “Телефонсиз кун” акцияси ўтказаётганингиз ҳақида эшитиб қолдим, — деди ўйчанроқ овозда. — Душанба, сешанба, чоршанба кунлари назорат кучли бўлишини яхши биласиз, ундан ташқари, малака ошириш марказидан сўраб туришади. Ўша кунлари қўлингизда телефонингиз бўп турсин, келишдикми?
— Келишдик, — дедим тинчгина. — Раҳбарларимиз гапи биз учун қонун!
Суҳбат тугамасдан ўртага деканимизнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича муовини Равшанжон домла туша бошлади:
— Алё, эшитаман, — дедим энди унга уланиб.
— “Телефонсиз кун” ғояси зўр бўлибди! — Равшанжон домла одатига кўра кўнглимни кўтариб гапирди. — Қанийди, шу акцияни талабалар доим давом эттиришса!..
— Албатта, — дедим дилим ёришиб. — Баъзи талабаларга маъқул бўлди. Биз ҳам телефонимизни ётоқхонага ташлаб келамиз, дейишди!..
— Бу яхши-ку-я, — деди Равшанжон домла энди ҳақиқий мақсадга ўтиб. — Биласиз, кўп тадбирларимиз пайшанба, жума, шанба кунларига белгиланган. Ундан ташқари, университетга бириктирилган мактабларга, лицей ва маҳаллаларга бирга боришимиз керак! Демоқчиманки, ўша кунлари қўлингизда телефон бўп туриши шарт! Акцияни бошқа кунга белгилашингиз мумкин…
Яхшигина маош бериб турган университетимиз раҳбарларининг гапини икки қилиб бўладими? Деканимиз ўринбосарларига бир хилда “Хўп бўлади!” дейишдан бошқа жавобим йўқ, албатта!
— Хайриятки, ихтиёримда якшанба бор, — дедим дилимдагини тилимга чиқариб. — “Телефонсиз кун” акциясини дам олиш кунига кўчирдик!
Равшанжон билан хайр-хўшлашишга улгурмасимиздан Давронжоннинг рақами кўринди. Дарҳол у билан боғландим:
— Эшитаман…
— Маҳаллада депутатлар билан учрашув ҳокимга ҳам маъқул бўлибди, — деди у хушнуд бир кайфиятда. — Бунинг учун туман депутатлар Кенгаши котибияти сизга алоҳида ташаккур билдиради.
— Раҳмат, — дедим ўзим ҳам шу учрашувдан қониқиш ҳосил қилиб. — Энг муҳими, халқимиз рози бўлса, бас!
— Ҳокимимизнинг битта гапи эсдан чиқмасин, — деди Давронжон бу ёғига сиёсийроқ тус бериб. — Якшанба ва байрам кунлари — халқ учун! Депутатлар ва ҳокимлик ходимлари айнан шу кунлари маҳаллаларни айланиб юришимиз, ҳаммаёқ топ-тоза туриши учун ҳашарлар уюштиришимиз, одамларнинг муаммоларини ўрганишимиз ва энг зарур ишларни тегишли мутасаддилар билан бирга ҳал этиб боришимиз зарур. Шунинг учун айнан якшанба кунлари телефонингиз ишлаб турсин. Бугунгига ўхшаб “Телефонсиз кун” акцияси, деб ўтирманг. Телеграмга ҳам қараб туринг. Сизни излаган пайтда тополмай қолмайлик…
Раҳбарларимизнинг эл манфаатини кўзлаб айтган топшириқларига “хўп” дейишдан бошқача жавоб бўлиши мумкинми?..
Суҳбат поёнига етгач, телефонимга қарадим: кун бўйи 22 киши телефон қилибди. Баъзилари 5-6 марталаб сим қоққан…
“SMS” ва телеграмда келган хатларни ўқий-ўқий тун ярмидан оққан маҳал кўзим илинибди. Қолгани тушга уланди. Телефоним йўқолиб қолганмиш. Одам деган тушида ҳам шунчалик сиқиладими? Телеграмдаги нозик гаплар, пластикдаги пулларни ўйлаб роса хунобим ошармиш. Шу пайт қаҳ-қаҳ кулги эшитилди. Ортимга қарасам, Зита ва Гитага ўхшайдиган маҳмадона жувонча жилмайиб турибди. Қўлида қадрдон телефоним! Қаердандир топиб олган, шекилли.
— Бер, — деб қўл чўздим.
— Ҳоо, бериб бўпман! — дермиш маҳмадона жувонча телефонимни роса айлантириб ўйнаб. — Битта қўшиқ айтиб берсангиз, кейин оласиз.
— Мен қўшиқ айтолмайман, — дебман зўрға ўзимни ўнглаб.
— Бунақа қилиб айтасиз, — дея у диконглаб бир ажнабийча қўшиқни хиргойи қила бошлади. — “Сан тул, ман тул, гал манга банд бўл, олорииим, молорииим”…
Аттанг, етолмай қолдим, у ўйнаб-ўйнаб бир эшикка кириб кетди.
Бино пештоқига қарасам, катта-катта ҳарфлар билан “БАХТ УЙИ” деб ёзиб қўйилган экан…
Шу топда ҳайрият, телефоним жиринглаб, уйғониб кетдим.
Гўшакдан Рамзиддин аканинг хавотирли товуши эшитилди:
— Ҳозир дарсингизга ректорат ўқув бўлимидан Топилдиев кирар экан, — деди кафедра мудиримиз огоҳлантириб. — “Ишчи режа”, маърузалар жойида бўлсин…
— Хўп, хўп, — дедим зўрға ғўлдираб.
Ўзимни ўнглаб соатга қарасам, дарс бошланишига бир бахя қолибди…
Оёқни қўлга олиб ишхонам томон югурдим. Йўл-йўлакай чўнтагимни пайпаслаб кўрсам, телефоним чўнтагимда. Эҳ, телефонсиз ақалли бир кун ўтказишнинг иложи йўқ экан-да. Қизиқ, телефон ихтиро қилинганига унча кўп бўлгани йўқ. Бундан 35-40 йил аввал шу зорманда йўқ эди, ҳамма биб-бинойидек юрар эди-ку. Энди бўлса…
Майли, замонангдан ўргилай, бугун телефон шу қадар “ҳаёт-мамот” масаласи бўлиб кетганига ўзим ҳайрон эдим. Яна “Телефонсиз бир кун” деган акция ўтказаман деб юрибман-а. Акция эмас, аския қилишим ҳеч гап эмас экан… Лекин барибир бу “ташаббусим”дай қайтганим йўқ. Ўйлаб тирибман, ахир, ахир одам телефонсиз ҳам яшаши мумкин!
Тўлқин ЭШБЕК