Амриқолик қўшниларим

Ишдан қайтсам, хотиним гап топиб қўйибди: ёнимиздаги ҳовлига янги қўшнилар кўчиб келаётган эмиш. Яна қаердан денг, нақ Амриқодан.

— Қўйсангчи, қаердаги гапларни топасан-а?

— Ишонаверинг, аллақандай уюшмами, жамиятнинг йўлланмаси билан урф-одатларимизни ўргангани келаётган эмишлар.

— Ана, энди қўшнилар билан ҳам таржимон орқали гаплашамизми? Ё имо-ишора билан тиллашармикинмиз?

— Ким билади дейсиз, дадаси, унча-мунча инглизчаниям ўрганиб юрардингиз, шекилли-а?

— Э-э, ҳарбийдан қайтгач, бир қизиқувдим. Коммерцияга илашгандан кейин ҳаммаси қоп кетди.

— Дом культурадаям чет тилини ўргатадиган курс очилган, деб эшитгандим. Мен ҳам қатнаб турганимда бўларкан-а?

— Ке, кўп бошимни қотирма. Бир гап бўлар. Амриқодан келган одамларнинг сен билан валақлашиб ўтиргани вақтиям бўлмайди.

— Ҳар қалай, амриқолик қўшниларимиз савдо ишлари билан Дубайга қатнайдиган тижоратчининг хотини инглиз тилиниям билмас экан, деб кулишмасин, дейманда. Бўлмаса, сизга текканимдан бери телевизорнинг программасидан бошқа нарса ўқиганим йўғ-а.

— Бўладиганидан гаплашайлик. Уй-пуй, ҳовли-повли, кўча-кўйни супуриб-сидириб, уборка қип қўйинглар.

— Бўпти, бўпти. Барибир кўнглим ғаш-да. Улар-ку, хўпу хўп, биз билан дарров гаплашгани вақтлари бўлмас, лекин уларни кўчириб келаётган ўзимизникилар қўшнилариниям бир проверка қип қўяйлик, деб қолишса-чи? “Катта мачитнинг ҳовузи”ни инглизчасига нима дейди, деб қолишса, қандай жавоб бераман? Бўтақорада шоли кўп экилади, “гуруч” инглизчасига нима дейилади, деса-чи? Ўлай агар, ҳеч нарса билмайман. Ўзиям сизга текканимдан кейин жуда отсталий бўп кетдим-да.

— Бўлди энди. Ўзи илгари ҳам оғзинг қани, деса, қулоғингни кўрсатардинг.

Хотинларнинг миш-мишидир-да, бизнинг қишлоқда амриқоликка нима бор, деб ўйлагандим. Йўқ, хотинимнинг гапи чиппа-чин бўлиб чиқди.

Эртасига тушликни уйда қила қолай деб келсам, дарвозамиз олдида юзлари ҳам, сочлари ҳам сап-сариқ, бошига дўппи қўндирган болакай ўғлим билан копток ўйнаяпти. Узун лозим, атлас кўйлак кийган, малла сочлари рўмоли четидан кўриниб турган аёл қўшни дарвоза олдини супурар, ўзига қуйиб қўйгандай ўхшаш ўзбекона кийинган қизчаси елим челакда водопроводдан сув олиб сепаётган экан.

Машинадан тушиб, икки қадам юришим билан кутилмаган ҳол юз берди. Дунёнинг нариги бурчагидан келган аёлнинг она тилимизда назокат ила саломлашувидан сезилар-сезилмас энтикиб кетдим. Уйга кириб, суюнчили хабарни айтай десам, хотиним аллақачон янги қўшни билан танишиб олиб, хурсанд бўлиб ўтирган экан.

Икки кун ўтгач, ишхонада телефонга чақиришди. Туманга боғланадиган телефон бошқа хонада бўлганлиги учун “Тинчликмикин?” деб ўйлаб ҳаллослаб чиқсам, гўшакдан хотинимнинг овози эшитилди:

— Алло, дадаси… Ану янги қўшниларимиз сизни “қаерда?” деб сўрашаяпти. Ҳеч тушунтиролмаяпман… “Дежурство”ни ўзбекчасига нима дейди?.. “Навбатчилик”? Ҳа, бўлди. Хайр.

Орадан ҳеч қанча ўтмай, талаффузидаги жиндай сезилар-сезилмас ғализликни демаса, соф ўзбек тилида гапирадиган назокатли, хушсухан амриқолик аёлни қишлоғимизда деярли ҳамма танийдиган бўлиб кетди. Эри бўлса маҳалланинг тўйидан ҳам, маъракасидан ҳам қолмайди. Бир маросимда офтоба билан чилопчинни олиб, оқсоқолларнинг қўлига сув қуйиб қолса бўладими?..

— Баракалла, ўғлим, — деди оқсоқоллардан бири ҳайрон бўлиброқ қараб. — Танимайроқ турибман, сен қайси маҳалладансан, болам?

— Чикагодан.

— А-а?.. Бизда унақа маҳалла йўқ эди-ю…

Ана шунда янги қўшним келишининг сабаби-ю, дастлабки таассуротларини ўзбекона лутф билан баён қилиб, оқсоқолларнинг ҳам дуосини олди.

Уч-тўрт кундан кейин хотиним яна бир гап топди.

— Тўтихонлар маҳаллага ош бермоқчи эмиш.

— Тўтихонинг ким?

— Анави янги қўшниларимиз-да. Ўзларигаям, болаларигаям аллақачон ўзбекча исм қўйиб олишган. Эри сиз билан маслаҳатлашмоқчи. Детсаддан келаётсам, поворотда турган экан.

— Кимларни таклиф қилганимиз маъқул? — деди. — Ҳар қалай, сиз бу ернинг паст-баландини биласиз…

— Биз, одатда, ҳув анави перекрёсткадан банянинг олдигача айтамиз.

Қўшним ҳеч нарса тушунмади.

— Ҳаммомни денг, — эслатди хотиним.

Дарров гапимни ўнгладим.

— Чорраҳадан ҳаммомгача.

Шундагина гапимни англаган Қоравойнинг юз-кўзида табассум зоҳир бўлди.

— Участкавойниям айтиб қўйинг, — дедим.

— Кимвой, — ҳайрон бўлиб сўради у.

Яна тилимни тишладим.

— Ҳа, анови нозиримизни айтаман-да.

Бунақа ҳоллар тез-тез такрорланадиган бўлиб қолди. Ўз юртида соф ўзбек тилини ихлос билан ўрганган қўшниларимиз учун четдан кириб қолган сўзлар гуручдан чиққан тошдек ғашга тегарли таъсир қиларди. Сал ўйлаброқ гаплашмасак, бўлмайдиганга ўхшайди. Ҳар гал гапимни англатишга қийналганимда, хижолатдан тер босади. Биз ўзимиз сезмаган ҳолда бундай қоришиқ сўзлар билан гаплашишга кўникиб кетганимизни вақт ўтиши билан тушуниб ҳам қолишди. Лекин жилмайиб туриб беозоргина танбеҳ бериб, гапимни тузатиб қўйганларида, ичдан зил кетаман. Рус мактабида ўқиган, кўп қаватли уйда ўсган хотинимни-ку асти қўяверасиз.

— Қанақа одамлар ўзи, а? “Обед” десанг, тушунмаса. “Домкультура”ни билмаса. “Оптом”и нимаси, деганига ўлайми?.. Нақ давлениям кўтарилиб кетади-да!

— Қўй, қизишма, аяси. Ахир айб ўзимизда-ку. Мен ҳам аввалига шу келиб-келиб хориждан кўчиб келганлардан танбеҳ эшитаманми, деб ғашим келди. Аммо сал ўзимни босиб ўйлаб кўрсам, улар икки юз процент… э, йўғ-э, фоиз ҳақ экан. Тилимизга бўлган ҳурмати боис уларга ихлосим бениҳоя ортиб кетди.

— Тўғри айтасиз, — деди хотиним ҳам сал ҳовуридан тушиб. — Баҳонада унча-мунча нарсани ўрганиб ҳам олаяпман. “Сковородка”нинг ўзбекчаси “това” эканлигини ўйламаган эдим. “Соска”нинг сўрғич, “билет”нинг чипта эканлигиниям энди билдим. Бир жиҳатдан шу қўшниларимизнинг келганиям яхши бўлдими, деб ўйлаб қоляпман, дадаси.

— Нимасини айтасан, аяси, — дедим мен ҳам кулиб. — Амриқолик қўшниларимиз биздан урф-одатларимизни, биз эса улардан ўз она тилимизни ўрганаяпмиз…

Ҳабиб СИДДИҚ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + seventeen =