Илон заҳрининг фойдаси

Баҳром АКБАРОВ
Муаллиф ҳақида:
Баҳром АКБАРОВ — Тошкент вилоятида туғилган.
Унинг болаларга аталган “Мўъжизалар оламига саёҳат” номли илк китоби 1997 йилда нашр этилган. “Митти ботир” номли эртак китоби рус ва немис тилларида дунё юзини кўрган. Болаларга аталган “Кичкинтойлар китоби” (1,2,3), “Ҳуснихатим чиройли”, “Хаёлимдаги ҳикоялар”, “Ғалати синов”, “Бибиқжоннинг жасорати” (ўзбек ва рус тилларида), “Баҳайбат калтакесаклар” номли китоблар муаллифи. 2024 йил “Меҳрибонлик” номли ҳажвий ҳикоялар китоби чоп этилган.
2009 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
(“Меҳрибонлик” туркумидан)
Хотинлар пулнинг ҳидини қаёқдан билишади, ҳайронман. Шу сабабли улардан пул беркитишнинг иложи йўқ! Аммо сўраганда пул бериш азоб. Пул бермасликнинг йўлини топиш машаққат. Пулни ўзингизда олиб қолиш эса санъат! Олиб келинган пулни санаш — роҳат! Бугун ишончим комилки, ҳар соҳада устаси фаранг хотиним пул сўраши аниқ. Чунки ойлик бериладиган кунни у жуда яхши билади. Шу сабаб пул бермаслик мақсадида уйга атайлаб қовоғимни уйиб, ўзимча тўнғиллаб кириб бордим. Хотиним аҳволимни кўриб, табиийки, пул сўролмади. Вақт аксига олиб имиллаб ўтарди. Хотиним у деб кўрди, бу деб кўрди, рўйхушлик бермай чойимни ичганимча газета ўқиб ўтиравердим. Охири бўлмади. У энди бошқача, ўзига хос йўл излай бошлади.
— Ҳа, оғзингизга толқон солиб келдингизми? Индамайсиз? Гап эшитган бўлсангиз, ишхонада эшитгансиз, мунча қовоқ-димоқ қилмасангиз? Мундоқ оила бошлиғига ўхшаб кулиб ўтиринг. Биз ҳам хурсандчиликда овқатланайлик.
“Мени лақиллатиб бўпсан”, дегандек индамадим. У яна аврашга ўтди:
— Нима бало, жуда қаттиғидан текканми дейман? Тошбақа тухумига термилгандек газетдан кўзингизни узмай ўтирибсиз. Жа, ўша “Hurriyat”ингизда нималарни ёзишибди? Биз ҳам ўқийлик.
Индамасдан газетани узатдим. Газета саҳифаларига кўз югуртираётган хотинимнинг юзлари бирдан ёришиб кетди.
— Буни қаранг, адаси, сиз бу газетани бекорга яхши кўрмайсиз. Хотинларни авраш соҳасида кобрага ўхшатишибди.
— Шундайми? — дедим минғирлаб.
— Сиз нима деб ўйлайсиз, хотинлар ростдан ҳам илонга ўхшаб аврашадими-а?
— Билмасам, — дедим ичимдан хурсанд бўлсам-да.
— Нечук билмай қолдингиз? Жа, “ҳамма нарсани биламан. Онам мени доно қилиб туққан”, деб мақтанардингиз-ку!
Хотинимнинг саволлари қайси томонга кетаётганини билмай бошим қотди.
— Газетада ёзишса ёзишгандир. Менга нима?..
— Оҳо, — деди у бироз кулимсираб. — Журналистлар ҳақиқатни ёзишади деган сизми ё менми?
— Айтган бўлсам айтгандирман.
Хотиним ланж жавобимдан қониқмади. У энди ростакамига ҳужумга ўта бошлади.
— Бу фикрга сиз қандай қарайсиз? Фақат тўғрисини айтинг. Ижобийми, салбийми?
Нима дейишга ҳайрон эдим.
— Гапиринг, нега индамайсиз?
Шунча дағдағадан кейин боплаб аламимни олмоқчи бўлдим.
— Ижобий! — дедим қатъий.
— Тушунарли, — деди у негадир бироз енгил тин олиб. — Сизнингча ҳам хотинлар эрини илонга ўхшаб аврайди ва заҳрини сочади. Шундайми?
— Худди шундай! — дедим ниҳоят ғолиблик сари қадам ташлаб. — Боядан бери заҳрингни сочиб, дағдаға қиляпсан-у! Индамай мўмин-қобил бўлиб заҳрингни ютиб ўтирибман-ку! Яна сенга нима керак? — сўзимни тантанали ва мағрур оҳангда тугатдим-да, унга ўқрайиб қарадим.
Хотиним бу гапдан хафа бўлиш ўрнига нима учундир чиройли кулиб қўйди. Ҳайронлигим ошди. Аслида, унинг жаҳли чиқиши керак эди.
— Ҳа, энди ўзингизга келяпсиз. Мана энди асосий саволга ўтсам бўлади. Сиз доимо ҳалол луқма ейишни яхши кўрасиз-а?
— Бу нима деганинг? Албатта, яхши кўраман ва ҳаётимда доимо шунга амал қилганман! Бунга шубҳа қилмасанг ҳам бўлади!
— Бу жуда ажойиб ва кўнглимдагидек жавоб бўлди! Энди иккинчи саволимни эшитинг. Сизга турмушга чиққанимга неча йил бўлди?
“Ҳа, энди қўлга тушдинг, энди сени боплайман”, — дея ўйладим ва ҳеч иккиланмай уни қари кўрсатиш мақсадида бир неча йилларни қўшиб:
— Қирқ йил! — дедим.
— Адашмадингизми?
— Нега адашай? Аслида, ундан ҳам кўпроқ бўлса керак, — дедим ғолибона.
— Жуда соз! — деди у чеҳраси янада очилиб. — Гапни чўзмайман. Боядан бери беркитиб ўтирган ойликни чўзинг.
— Қанақа ойлик?
— Олган ойлигингизни айтяпман. Рўзғорга, ўғлимга, ўзимга қанча нарса олишим керак. Қани, имилламай чўзинг-чи?
— Нега энди сенга пул беришим керак? Қайси кўрсатган кароматинг учун пул тўлайман?
Гапим шунчалик дадил чиққанидан хурсанд эдим. Ғолибона юришим давом этаётган эди.
— Мана бу сиз севган газетангизда бир кило илоннинг заҳрининг жаҳон бозоридаги нархи қанча доллар туришини ёзишибди. Сиз журналист сифатида “Hurriyat”га ишонасиз. Ҳар йили мени, яъни илоннинг заҳрини озгинадан бўлса ҳам ютган бўлсангиз, ҳисоблаб чиқаверинг. Ўзингиз айтганингиздай, фақат ҳалол луқма егансиз. Менинг ҳаққимни тўланг. Қирқ йиллик заҳарларимнинг ҳаққини тўланг! Ойлик-пойлигингиз ўзингизга сийлов. Тушундингизми?!
Хотиним бир қўлини белига қўйиб, иккинчисини ҳаққимни беринг дегандек чўзиб илжайиб туриши ҳушимни бошимдан учирди. Унинг бу галги заҳри ҳам ўзига фойда берди ва менинг ғолибона юришимга нуқта қўйди…